Қайднома

Қидирув

Асадбек Собиржонов: «ОМАДГА ЕРИШИШ УЧУН МЕҲНАТ ҚИЛИШ КЕРАК»

Асадбек Собиржонов: «ОМАДГА ЕРИШИШ УЧУН МЕҲНАТ ҚИЛИШ КЕРАК»

  27.07.2019 01:47
  0
  183
Асадбек Собиржонов: «ОМАДГА ЕРИШИШ УЧУН МЕҲНАТ ҚИЛИШ КЕРАК»

Coca Cola Суперлига-2019нинг дастлабки даврасида аксарият клубларда бош мураббийлар алмашди. Бу айрим жамоаларга ижобий таъсир кўрсатгани бор гап. Дейлик, Улуғбек Бақоев «Сўғдиёна»ни мураккаб вазиятдан олиб чиқиб кетди. «Навбаҳор»да эса Деян Журжевичнинг ишига ҳали тўлиқ баҳо беришга эрта. Тожикистонлик таниқли мураббий Муҳсин Муҳаммадиев ҳам аста-секин «Бухоро» ўйинини изга солишга астойдил интилмоқда. Унинг қўл остида иқтидорли футболчилар тўпланган. Ҳар ҳолда, Достон Ибрагимов миллий терма, Асадбек Собиржонов эса олимпия жамоасига номзод футболчилар саналади. Иккинчи даврага қизғин ҳозирлик кўраётган «Бухоро» жамоасининг навбатдаги машғулоти якунига етгач айнан Асадбек Собиржоновни суҳбатга тортдик.

- Асадбек, жамоада айни вақтда қандай муҳит ҳукмрон? Турнир жадвалидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, вазият сизлар учун қай даражада оғир?

- Ҳозирги ҳолатимиз айрим жамоаларга нисбатан яхши. Биринчи давранинг сўнгги туридан кейин турнир жадвалида бироз кўтарилдик. «Андижон» билан баҳс олти очколик ўйин бўлди, дея оламан. Ички муҳит аъло даражада. Кўтаринки кайфиятда машғулотлар олиб борилмоқда. Ҳамма ўз ишига профессионал тарзда ёндашяпти.

- Кам кузатиладиган ҳолат: турнир жадвалидаги деярли ярим жамоаларда мураббий ўзгарди. Лекин айримларининг амалга ошираётган ишлари ҳали намоён бўлаётгани йўқ. Бу борада Муҳсин Муслимович қандай ўзгаришларга қўл урди?

- Ушбу мутахассис келганидан сўнг клубда катта ҳажмдаги ўзгаришлар амалга оширилди, демаган бўлардим. Боиси, мураббий келганига кўп бўлгани йўқ. Ислоҳотларга босқичма-босқич қадам қўйилади.

- Ёзги трансфер ойнаси вақтида «Бухоро» таркибига бир қатор легионер футболчилар қўшилиши давом этяпти. Уларнинг маҳаллий футболчилар билан чиқишиб кетиши қандай кечяпти?

- Албатта, янги муҳитга мослашиш осон эмас. Умуман олганда, барчаси режалаштирилгандек бўляпти. Кунига икки маҳалдан машғулотлар ўтказилмоқда. «Бухоро» иккинчи даврада аввалгидан кучаяди.

- Адашмасам, Суперлигада дебют мавсумингизни ўтказяпсиз... Аслида футбол билан шуғулланишни неча ёшдан бошлагансиз?

- Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида болаликдан футболга ошно тутинганман. Отам мендаги иқтидорни пайқаб, махсус футбол мактаб интернатига олиб борган. У ерда Эргаш Шералиев ва Музаффар Бекназаров қўл остида шуғулланишни бошлаганман.

- Сизда рўй берган ҳолат барча болаларда учрайди. Лекин улар ярим йўлда ортга қайтиб, бошқа соҳани эгаллашади...

- Ақлимни таниганимдан бери футбол билан биргаман. Усиз ҳаётимни тасаввур қилиш қийин. Мен учун футболдан азизроқ бўлган спорт тури йўқ ҳисоби. Айримлар футбол қатори теннис, дзюдо, карате кабиларни ҳам мукаммал ўрганишади. Аммо мен учун фақат футбол қизиқ.

- Мағлубиятга учраган чоғингизда руҳий тушкунликдан қандай чиқасиз?

- Ҳа, мағлубият футболнинг бир қисми. Иложи борича эътибор бермасликка ҳаракат қиламан. Ўзимни чалғитишга уринаман.

- Воқеалар ривожи бундай тус олишини кутганмидингиз?

- Йиқилишимни билганимда, тагимга ёстиқ қўйиб олардим (кулади). Ҳеч ким мағлубиятга учрашни, жамоаси пастки ўринларда юришини хоҳламайди. Натижаларда Бахтиёр Ашурматовни айбламаган бўлардим. Майдонда тўп сурган биз. Мавсумни ёмон бошламадик, аммо кейинчалик бирин-кетин зарур очколарни бой бердик.

- Олимпия терма жамоасига номзодлардан бирисиз... Бу сизга қўшимча масъулият ва куч бериши табиий...

- Мисрга қарши кечган ўртоқлик учрашувларида якуний таркибга киритилишимни кутмагандим. ОТЖда тўп суриш сиздан уч-тўрт карра кўпроқ масъулиятни талаб қилади. Биринчидан, Ватан номидан майдонга тушасиз, қолаверса, мураббий, оилангиз, дўстларингиз ишончини оқлашингиз лозим.

- Европа футболида амалга ошаётган трансферларни кузатиб бор­япсизми?

- Ҳа. Менга «Барселона»нинг трансфер сиёсати ёқяпти. Клуб ўзи учун фойдали футболчиларни харид қилди. Де йонг ва Гризманн ҳар қандай жамоани кучайтиради. Испания Примераси бошланиши билан «Барселона» иштирокидаги баҳсларни қолдирмасдан томоша қиламан.

- Ўзингизни омадлилар сафига кирита оласизми?

- Ҳа, албатта. Агар омадим келмаганида турли ёшдаги терма жамоалардан таклиф олмасдим, «Бухоро» шарафини ҳимоя қилмаётган бўлардим. Бу имкон ҳаммага ҳам берилавермайди. Айниқса, футболда омадга кўп нарса боғлиқ. Шуни унутмаслик керакки, омад келиши учун меҳнат қилиш ҳам лозим.

А.Искандаров суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz