Қайднома

Қидирув

Камолиддин Мурзоев: «Тақдиримдан нолимайман»

Камолиддин Мурзоев: «Тақдиримдан нолимайман»

  28.07.2019 03:31
  0
  660
Камолиддин Мурзоев: «Тақдиримдан нолимайман»

Футболчининг азалий ва бош душмани - жароҳат. Афсуски, у гоҳида характери кучли ўйинчилар устидан ҳам ғалаба қозонади. Яъни айрим иқтидори баланд футболчилар айнан жароҳат туфайли эрта кунда четга чиқишга мажбур бўлишади. Мисол учун, бир неча йил олдин «Бун-ёдкор»даги ажойиб ўйинлари билан назарга тушган ва терма жамоамиз мураббийлари эътирофига сазовор бўлган Саҳоб Жўраев футболчилик фаолиятини анча эрта тугатишдан ўзга чора тополмаганди. Энди эса яна бир собиқ «қалдирғоч» - Камолиддин Мурзоев ҳам тинимсиз жароҳатлар ортидан бутсаларини михга илиш хусусида якуний тўхтамга келди. Нима, ҳужумчи майдонга қайтиш умидини буткул йўқотганмиди? Камолиддин билан суҳбатимиз айни шу масалани қамраб олди.

 

- Камолиддин, аввало, катта футболдан эртароқ кетишингизнинг асосий сабабига озгина тўхталсангиз...

- Эътибор учун раҳмат. Сабабга келсак, узлуксиз жароҳатлар панд берди. Бундай шароитда талаб даражасида тўп суриш жуда оғир. Барчасини обдон ўйлаб кўриб, ўзимни ортиқча қийнамасликка қарор қилдим. Эҳтимолки, майдонга қайтсам бўларди, аммо юқори савияда ўйнашимга кўзим етмади, барибир. Хуллас, бутсаларимни михга илиш вақти келганини тушундим. Ўйлайманки, бу масалада тўғри йўл тутдим.

- Ортга назар ташлаб, футболдаги йўлингизни таҳлил қилган бўлсангиз керак. Хўш, Камолиддин ўз фаолиятини қандай баҳолайди?

- Бир бошдан гапирсам, 2003 йил Бекободнинг «Металлург» ўринбосарлар жамоаси сафига қўшилдим. Яъни илк профессионал шартнома остига имзо чекдим. Бу катта футбол томон ташланган биринчи қадамлар эди. Фаолиятимдаги кескин бурилиш нуқтаси эса «Машъал» клуби билан боғлиқ. 2006 йили олий лига доирасидаги баҳсда илк марта Муборак жамоаси бошланғич таркибидан жой олдим. Қолаверса, 19 ёшда «Пахтакор»га қарши кечган Ўзбекистон кубоги финалида иштирок этдим. Табиийки, бу мен учун ўзига хос ҳаяжонли ўйин бўлганди. Шу баҳс орқали катта футболда ўзимга нисбатан ишонч ҳис этдим. Қарангки, орадан 13 йил ўтиб, энди АГМК сафида кубок финалида яна «Пахтакор»га қарши майдонга тушдим. Оддий айтганда, фаолиятимни кубок баҳсида бошлаб, биллур совринни ютиш билан якунладим, ҳисоб. Умумий олганда, миллионлар ўйини ичида ўтган давр шахсан ўзим учун мазмунли кечди. Тўғри, турли ҳолатларни бошдан кечирдим - ўсиш, пасайиш... Асосийси, 15 йиллик фаолиятим давомида 3 марта мамлакат чемпиони бўлдим, кубок турнири ғолибига айландим. Қолаверса, бир неча марта кумуш ва бронза медалларига эга чиқдим. Яна Осиё Чемпионлар Лигаси, ОФК кубоги каби турли халқаро мусобақаларда муносиб тўп суришга интилдим. Европа Лигаси саралаш босқичида қатнашиб, гол урганим ҳам унутилмас воқеадир. Шундай экан, нолишга асосим борми? Ҳа, битта томони ўхшамади - миллий жамоада ёрқин из қолдиролмадим.

- Вақтида Европада ўз ўрнига эга Киев «Динамо»си кўригида ҳам қатнашган эдингиз...

- 2007 йили аввалига агентлар қизиқиш билдиришди. Ўша вақт «Машъал»да ўйнардим. Орадан кўп ўтмай, Киев клуби вакиллари «Машъал» раҳбарияти билан алоқага чиқиб, мени 6 ой муддатга ижара келишуви асосида олишди. Ҳозир ўйлаб кўрсам, ўшанда бундай келишувга розилик бериб, хато қилган эканман. Ахир хорижга илк марта чиққан ёш футболчи ярим йилда бор потенциалини тўлиқ намойиш этолмайди-ку. Мослашиш жараёни маълум вақт талаб қилади, барибир. Фикримча, футболчи янги клубда камида тўлиқ бир мавсум имконият олсагина ўзини кўрсатиши мумкин. Қолаверса, мен борган пайт «Динамо»да  катта ўзгаришлар рўй берди, жумладан, бош мураббий лавозимига россиялик Юрий Сёмин тайинланди. Хуллас, барчаси бир бўлдию, ортга қайтишимга тўғри келди. Шунга қарамай, бу жамоадаги даврдан ёрқин таассуротлар, ажойиб хотиралар қолди.

- «Бунёдкор» сафига қўшилганингиз тақдир тақозосими ёки қилинган меҳнатлар самараси?

- Ҳа, менга Тошкент клубининг энг юлдузли таркибидан жой олиш насиб этди. Ривалдо, Денилсон, Ристич... Ўша вақтдаги умумий ҳолатни сўз билан ифодалаб беролмайман. Шуниси аниқ, ҳар қандай натижа ортида улкан машаққат ва меҳнат ётади. Эҳтимол, қайсидир маънода омад ҳам кулиб боққандир...

- Аслида соф ҳужумчи саналсангизда, кўпинча орқароқда ҳаракатлангансиз. Бу нима билан боғлиқ эди?

- Мураббийлар табиий равишда ҳамиша футболчининг жамоага кўпроқ фойдаси тегадиган жиҳатларини излашади. Ҳаттоки, ҳимоячини ҳужум чизғида синаб кўришлари ҳеч гап эмас. Аксарият жамоаларда зиммамга асосий вазифа сифатида ҳужум ташкил этиш тушган. Шунинг учун бўлса керак, голларим сони у қадар кўп эмас. Чунки бевосита дарвозага зарба йўллаш эмас, балки жамоадошларимни яхши вазиятга олиб чиқиш ҳақида ўйлардим. Биласиз, ҳужумчи ортида тўп сурадиган футболчи тезроқ ҳимоядан чиқиб, олдиндаги жамоадошларини тўп билан таъминлаши керак.

- Ёшликда футбол бобида олдингизга қўйган орзуларга нечоғли эришдингизми?

- Ният ва орзу - инсонга хос хислат. Албатта, ҳар биримиз яхши ниятлар билан баланд чўққиларни забт этишни хоҳлаймиз. Агар биттасига эришсак, янги бир маррани кўзлаймиз. Қисқаси, инсон ҳамиша янада кўпроғига эришишни ўйлайди. Энди ўзимга келсак, футболдан ҳеч вақо ютмай кетишим ҳам мумкин эди. Умуман, ёшликдаги орзуларга эришдим, ҳисоб. Дейлик, легионер мақомида ҳам ўйнадим, миллий терма жамоа либосида майдонга тушдим, оз бўлсада. Фаолиятимга баҳо бериш эса бошқалар ҳукмига ҳавола. Айтишадику, сен ҳақингда ўзинг гапирма, атрофингдагилар фикр билдиришсин.

- Ўз интервьюларингиздан бирида Самарқанд «Динамо»сини  фаолиятингиздаги энг яхши клуб сифатида таърифлагансиз. Қизиқ, бунда нимага асослангансиз, қайси мезон бўйича баҳо бергансиз?

- Асосийси шуки, Самарқандда анча сермаҳсул ўйнадим. Ҳар ҳолда, 13та ўйин учун 9та гол - чакки натижа эмас. Бироқ жамоа аҳил бўлсада, ўша йили биринчи лигага тушиб кетди. Футболда ғалаба ва мағлубият ҳамиша ёнма-ён юриши барчага маълум. Айтишим жоиз, ҳар доим жамоа манфаатларини ўзимникидан устун қўйганман. Демоқчиманки, индивидуал совринлардан кўра, жамоавий ғалабаларни кўпроқ қадрлайман. Ахир сиз тўхтамай гол урсангизу, жамоангиз нуқул ютқазаверса, бундан нима наф?

- Устозларингиз, мураббийларингиз берган энг эсда қоладиган ўгитни айта оласизми?

- Шу пайтга қадар кўплаб таниқли мураббийлар билан бирга ишладим. Уларнинг ҳар биридан миннатдорман. Зеро, мураббий борки, шогирдларига ҳаёт йўли давомида асқотадиган ўгитлар беради. Бас, ҳозир муайян бир ўгитни алоҳида ажратиб кўрсатолмайман.

- Қозоғистон чемпионатидаги фаолиятингиз чакки чиқмаган, бироқ қўшни мамлакатда кўп ушланиб турмагансиз...

- Ҳа, «Иртиш» жамоасида ёмон мавсум ўтказмадим, менимча. Дейлик, Европа Лигаси саралаш босқичида учинчи раундга қадар бордик. Ички чемпионатда эса сўнгги турларгача бронза медалига даъвогарлик қилдик. Фақат шуниси борки, мавсум давомида жамоанинг молиявий муаммоларга юз тутиши халақит берди. Ҳар ҳолда, якунда бирор соврин ютолмаганимизда, моддий масалалар таъсири катта бўлганди.

- Футбол туфайли орттирган дўстларингиз ҳақида нима дея оласиз?

- Футбол барчани бирлаштиришга қодир спорт тури эканлигига тўла амин бўлдим. Тушунарлики, фаолиятим давомида жуда кўплаб дўстлар, танишлар орттирдим. Демак, мени миллионлар ўйинига рўбарў қилган қисматимдан хурсандман. Мураккаб паллаларда дўстларимнинг далдалари, ишончлари ўзгача куч-қувват бағишлаганини ҳам алоҳида таъкидлашим жоиз. Ўйлайманки, футбол орқасидан йўлга қўйилган дўстона алоқаларимиз кейинчалик ҳам давом этади. Айниқса, мухлислар билан ўртамиздаги илиқ муносабат сақланиб қолишидан умидворман.

- 2012 йилги ОЧЛ. Чорак финал. «Жар» стадиони. «Бунёдкор» - «Аделаида Юнайтед». Драматик тус олган ўша учрашув ҳақида сўз очилса, аввало, нимани эсга оласиз?

- Ўша мавсум жамоамиз учун аъло даражада ўтганди. Тўғри, ОЧЛ финали остонасида аламли тарзда тўхтагандик. Ундан аввал жуда кучли саналган Австралиянинг «Аделаида Юнайтед» клубига қарши кечган баҳс кечагидек эсимда. Якунда чиройли ғалабадан барчамиз  чинакамига роҳатланган эдик. Очиғи, финал ҳуштаги янграгач, кейинги раундга чиққанимизга ўзимиз ҳам ишонолмагандик. Ҳозиргача ўша ўйинни эсласам, Алибобо Раҳматуллаев томонидан «овертайм»да урилган гол кўз олдимга келади. Афсуски, ярим финалда жамоамизга бирозгина омад етишмади. Ваҳоланки, «Бурирам Юнайтед»ни бемалол ютсак бўларди. Эҳ, агар Таиланд клубини енгганимизда, ОЧЛ финалини юртимизда ўтказиш имконияти юзага келарди.

- Яна бир афсусланадиган томони,  ўта иқтидорли Алибобо Раҳматуллаев кейинчалик эътибор марказидан тушиб қолди.

- У ҳали-ҳамон футбол ичида. Билишимча, Қозоғистон чемпионати биринчи лигасида иштирок этувчи жамоалардан бирида тўп сурмоқда. Ҳаётнинг ўзига яраша баланд пасти бор. Алибобо нега кутилган даражага чиқолмагани хусусида ҳеч нарса деёлмайман. Фақат унинг ҳали футболимизга наф келтиришига умид боғлашим мумкин, холос.

- Яқинда жаҳон чемпионати-2022 иккинчи саралаш босқичига қуръа ташланди. Ўзбекистон термаси жой олган гуруҳ ёқдими? Сизнингча, ҳозирги жамоамиз унда 1-ўринни эгаллашга қодирми?

- Албатта, қодир. Гуруҳда биринчи бўлишимиз шарт ҳам. Бунинг учун бизда имконият етарли. Аслида миллий жамоамизда Осиёдаги ҳеч бир термадан кам жойи йўқ. Менимча, қуръа ҳам яхши натижа тақдим этди. Ўйлайманки, Эктор Купернинг ўзи ҳам бу гуруҳда 1-ўриндан бошқасини тан олмаса керак.

- Айни пайт нималар билан бандсиз? Режаларингиз қандай? Балки ўзингизни мураббийлик соҳасида синаб кўрарсиз...

-  Яқинда ЎФАнинг мураббийлик курсларида ўқиб, «С» лицензиясини олдим. Шунингдек, янги ташкил этилган Футболчилар уюшмасида ишлаяпман. Мақсадимиз - футболчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга маънавий, юридик, моддий ёрдам кўрсатиш. Энди буёғига майдонда бўлмасада, унинг ташқарисида футбол ривожига ҳисса қўшишни хоҳлайман.

 А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz