Қайднома

Қидирув

УНИТИЛМАС НОМЛАР.....

УНИТИЛМАС НОМЛАР.....

  28.07.2019 05:38
  0
  367
УНИТИЛМАС НОМЛАР.....

Бу футболчиларнинг ўйини нафақат юртимизда, балки бутун МДҲ давлатларида ҳам ҳамон ёрқин хотиралар билан эсланади. Бугун ўша шонли жамоа - «Пахтакор-79» ҳақидаги туркум мақолани давом эттириб, машъум сана - 11 августда ҳалокатга учраганларни яна ёдга оламиз.

ШУҲРАТ ЭШБЎТАЕВ

Шуҳрат Эшбўтаев 1959 йили Навоийда таваллуд топган. У ёшлигидан чаққонлиги билан ажралиб турарди. Футболдаги биринчи мураббийи Арофат Зарбеев бўлган. Ушбу инсон Шуҳратнинг футболчи бўлиб етишишига катта ҳисса қўшган. Навоийдаги футбол мактабидан сўнг уни Республика спорт интернатига таклиф қилишади. Бу ерда у тажрибали мутахассис Гурам Дараселия қўл остида шуғулланади. Мураббийнинг тавсиясига кўра, «Пахтакор» мураббийлари Эшбўтаевнинг ўйинларини кузатишади ва 1978 йил уни ўринбосарлар жамоаси таркибига жалб этишади. Усталар жамоаси сафида Шуҳрат йўқолиб қолмади. Кетма-кет жамоасига муҳим учрашувларда яхши ўйинлари билан ёрдам берди. Натижада 1979 йили у асосий таркибга жалб этилди. Дебют баҳсини 1 июнь куни Ворошиловградда «Заря» жамоа­сига қарши ўтказди. Ўшанда у 46-дақиқада Юрий Загуменних ўрнига тушиб, 20 дақиқадан кейин мезбонлар дарвозасини ишғол қилди. Эътиборлиси, бир кун олдин ўринбосарлар баҳсида ҳам у гол урганди. 13 июнда Тошкентда «Арарат» билан беллашувда асосий таркибда дастлабки дақиқалардан майдонга туширилди. Шу тариқа у тезлик билан асосий таркибдан ўрин олди. СКАга қарши Ростовда кечган ўйинда Эшбўтаев икки бор мезбонлар дарвозасини ишғол қилиб, «Пахтакор»га ғалаба келтирди. У биринчи ва охирги ўйинини «Заря»га қарши ўтказгани эътиборга молик. Тошкентда 3:1 ҳисобида «Пахтакор» ғалабаси билан тугаган баҳсда Шуҳрат охирги марта майдонда ҳаракат қилди.

Ўша пайтда Шуҳратнинг укаси Ихтиёр ҳам «Пахтакор» ўринбосарлари сафида тўп сурарди. Ихтиёр 9 август куни Минскка жўнаб кетган ва асосий жамоани ўша ерда клубдошлари билан меҳмонхонада кутиб ўтиришган. Акасининг ҳалок бўлгани ҳақида хабарни у Минскда эшитган.

Бўйи узун бўлмаса-да, абжир, чаққон, дриблинг ва аниқ зарбага эга Шуҳрат Эшбўтаев «Пахтакор»даги қисқа фаолияти давомида ишқибозлар меҳрини қозониб улгурганди. Шуҳратдан кейин Эшбўтаевлар оиласидан футболчилар чиқиши давом этди, улар Навоийда мураббий ва футболчи сифатида ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшишда давом этишди.

КОНСТАНТИН БАКАНОВ

Ҳамиша «Пахтакор»га содиқ қолган ярим ҳимоячи Константин Баканов чап қанот ярим ҳимоясида ишончли ўйин намойиш қиларди. У 1954 йили Тошкент шаҳрида туғилган. «Пахтакор» стадионига яқин ҳудудда истиқомат қилгани учун ёшлигиданоқ футбол тўгарагига қатнашни бошлаган. 1966 йили Тошкентда рўй берган зилзиладан сўнг ўқувчилар бошқа шаҳарларга жўнатилган. Ўшанда Баканов Москвага жўнаб кетган ва ўша ерда ҳам футбол билан шуғулланишда давом этган. Унинг биринчи мураббийи Акмал Азизхўжаев ҳисобланади. Москвада икки йил ўқигач, Константин Тошкентга қайтади. У ўзи туғилган шаҳарни ҳар ердан яхши деб санарди ва «Динамо Москва» футбол мактабидан тушган таклифга эътибор қаратмайди. 1971 йили «Пахтакор» мураббийи Вячеслав Соловьёв уни «Пахтакор» ўринбосарлари сафига таклиф этади. Асосий таркибга аста-секинлик билан жалб қилинган Баканов ўзини йўқотиб қўймади. Бироқ оғир жароҳат туфайли фаолиятида нақ 4 йиллик танаффус қилишга мажбур бўлди. 1976 йили сафга қайтган Костя мураббий Анатолий Башашкиннинг ишончини оқлади ва биринчи лигада қатнашган «Пахтакор» таркибида 36 ўйинда 11та тўп киритишга эришди. 1977 йили у жамоа билан биринчи лигада муваффақиятли иштирок этиб, олий лигага чиқишга эришади. Юқори табақада илк мавсумда 24 баҳсда 7та гол уради. Унга ўша пайтлари ЦСКАдан катта қизиқиш бўлган, бироқ Баканов «Пахтакор»ни тарк этишни хаёлига ҳам келтирмаган. Машъум фожиа юз берган 1979 йили у 18 учрашувда майдонга тушганди.

Бакановлар оиласи футболга мо-йиллиги билан ажралиб турган. Борис Баканов узоқ йиллар Ўзбекистон ва қозоғистон клубларида тўп сурган. Акаси билан рўй берган ҳалокатдан сўнг Борис футболни ташламоқчи бўлади, аммо онаси бунга кўнмайди. Константиннинг ўғли Сергей Баканов эса узоқ йиллар «Трактор» жамоаси ҳимоячиси бўлган. «Навбаҳор» ва «қизилқум» жамоаларида ҳам ўйнаган. Олий лигада 15 мавсум ўтказган Сергей имкон қадар отасининг йўлидан боришга интилди. Ўзбекистон чемпионатида ҳурматга сазовор ҳимоячилардан бирига айлана олди.

Константин Баканов оғир жароҳатдан сўнг яна катта футболга қайт-гани, ўзи учун севимли клубда ўйнагани, унга содиқ қолгани билан доимо мухлислар қалбида қолади.

ВИКТОР ЧУРКИН

Ҳужумчи Виктор Чуркин ўз номини футболимиз тарихида қолдира олган футболчилардан бири ҳисобланади. 1952 йил қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида таваллуд топган Виктор ёшлигидан футболга қизиқади ва укаси Юрий билан бирга Виктор Плясунов қўл остида миллионлар ўйини билан шуғулланишади. Ҳар иккисининг иқтидори вақт ўтгани сари кўпчиликда илиқ таассурот қолдирган. 18 ёшидаёқ Виктор Чимкентнинг «Металлург» жамоасига қабул қилинган. Бу клуб у иккинчи лига беллашувларида майдонга тушишни бошлаган.

1971-1975 йиллар оралиғида Чуркин ҳарбий хизматга чақирилиб, Ростовнинг СКА клуби шарафини ҳимоя қилган. 1971 йили СКА билан Собиқ иттифоқ кубоги финалида «Спартак»ка қарши майдонга тушган. Ростов жамоаси таркибида беш мавсумда 29та гол муаллифига айланган. 1976 йилда эса у фаолиятини «Пахтакор»да давом эттиришга қарор қилди. Унга «қайрат»дан ҳам таклиф бўлган, бироқ Чимкент Тошкентга яқинроқ жойлашгани сабабли Виктор «Пахтакор» учун ўйнашга қарор қилади. Биринчи лигада ўтказилган дастлабки икки мавсумда у 15та тўп киритишга эришди. 1978 йили «Пахтакор» сафида 20 беллашувда 5та гол уради. 1979 йилги мавсумда эса шунча тўпни 17 учрашувда киритиб улгурганди.

Ҳужумдаги дриблинглари, чаққон ва ақлли ўйини Чуркинни бошқалардан ажратиб турган. Укаси Юрий узоқ йиллар мобайнида Россия ва Ўзбекистон клублари таркибида ўйнади. Футбол сари машаққатли йўл босиб ўтган Виктор эса айни фаолияти чўққисида авиаҳалокат туфайли ҳаётдан кўз юмди.

ЮРИЙ ЗАГУМЕННИХ

Чап қанот ҳимоячиси Юрий Загуменних кучли иродаси билан оғир жароҳатдан кейин ҳам футболга қайта олганди. У 1947 йили Россиянинг Владивосток шаҳрида туғилган. Ота-онасидан эрта жудо бўлган Юра ва укасини махсус ўқув юртига қабул қилишади. Ўша ерда ўқиш жараёнида улар бўш вақт бўлиши билан футбол ўйнашарди. Загуменнихнинг катта футболга кириб келишида Валентин Саенко ва Александр Кочетковнинг ҳиссаси катта бўлган. Кочетков унга деярли отадек бўлган. 17 ёшидаёқ бу мураббий уни Владивостокнинг «Луч» жамоасига қабул қилган. Аста-секинлик билан машғулотдаги маслаҳатларни ўзлаштириб борган Юра тез орада асосий таркиб футболчисига айланди. Тўпни яхши бошқариши, аутдан тўпни жуда узоққа етказиб бериши, охиригача ўйнаши ва таслим бўлмаслиги каби жиҳатлар Загуменнихни бошқалардан ажратиб турарди. Уч мавсум тўлиқ асосий таркибда ўйнагач, 1970 йили Собиқ иттифоқ кубоги учрашуви доирасида «Зенит» билан баҳсда ажойиб ўйин намойиш қилгандан ке-йин унга «Зенит»дан таклиф тушади. Бунга жавобан Юра фақат асосий таркибдан жой кафолатланган тақдирда ўтишини маълум қилади. Охир-оқибат «Зенит» унинг шартига кўнади. Кейин-ги беш мавсумда у «Зенит»да чап қанот ҳимоясидаги ўрнини ҳеч кимга бериб қўймади. Ажойиб ҳаракатлари билан барчанинг олқишига сазовор бўлди. 1972 йили Собиқ иттифоқнинг энг кучли 33 футболчилари рўйхатидан ўрин олди.

1975 йили Загуменних машғулотда умуртқасидан жиддий жароҳат олди. Мураккаб операциядан сўнг унга иккинчи гуруҳ ногиронлигини беришди. 7 ой мобайнида Юра тўшакка михланиб ётди. Бироқ у таслим бўлишни хаёлига келтирмади - имкон бўлиши билан ётиб, ўтириб, эмаклаб машқ қилишни бошлади. Аста-секинлик билан оёққа турди ва югуришни бошлади. Унга фақат ўтириб ишлаш кераклигини айтишган бўлса-да, катта футболга қайтди. Аммо «Зенит»да унга рад жавобини беришди. Бу пайтда Александр Кочетков «Пахтакор»ни бошқараётганди. қадрдон мураббий уни Тошкент-га келишга кўндирди. Албатта, икки йил футбол ўйнамаган Юрани олиб келишда Кочетков жамоа раҳбариятини амаллаб кўндирганди.

Загуменних 1977 йили «Пахтакор» сафида 37 ўйинда 4та гол муаллифига айланиб, жамоанинг олий лигага қайтишига катта ҳисса қўшди. 1978 йили юқори лигада 28 учрашувда 2та тўп киритишга муваффақ бўлди. Жамоага жуда тез киришиб кетиши билан Загуменних мураббийларда муаммо туғдирмасди. Тошкент­да ҳам қисқа вақт ичида у ишқибозлар ёқимтойига айланди. 1979 йили у 15та баҳсда иштирок этиб улгурганди. Ўша йили ёзда Юрий Морозов уни «Зенит»га яна таклиф этган ва Загуменних йиғинда иштирок этганди. Олег Базилевич эса Юрани қўйиб юборишга рози бўлмаганди. Минскка йўл олиш чоғида Юрий Загуменних жамоадошлари билан бирга авиаҳалокатга учради.

Бугунги кунда Владивостокда ҳар йили Юрий Загуменних хотирасига бағишланган мусобақалар ташкил этилади. Унинг ушбу ҳудуд футболида тутган ўрни жуда юқори баҳоланади. «Зенит» тарихида эса у энг кучли 55 футболчи рўйхатига киритилган.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz