Айни дамдаги пешқадам жамоа- "Пахтакор" икки нафар ўз тарбияланувчиси билан шартнома муддатини узайтирди. Аниқроқ айтсак, Владимир Козак 2021 йил охиригача, Достон Иброҳимов эса 2022 йил ёзигача «шерлар» шарафини ҳимоя қилишади. Ҳар иккиси «Пахтакор» академиясидан чиққан ва клуб тизимида узоқ йўл босиб ўтган. Шунингдек, «Пахтакор» ва Драган Черан ўртасидаги шартнома муддати 2 йилга узайтирилди. Жорий мавсум тўпурарлик маҳоратини намойиш этаётган сербиялик футболчи жамоа сафига 2018 йилнинг ёзида қўшилганди. Энди у 2021 йил охиригача «Пахтакор»да қолади. Иккинчи давра стартидан олдин «Жар» стадиони анжуманлар залида «Пахтакор» футболчиларига ўйин қоидаларига киритилган ўзгаришлар тўғрисида маълумот берилди. ЎФА Ҳакамлар департаменти вакили жумладан, пенальти тепишда голкипернинг камида бир оёғи дарвоза чизиғи устида бўлиши, ҳужум уюштираётган жамоа вакили қўлига тўп текканда жарима зарбаси белгиланиши, жарима зарбаси ижроси олдидан тепувчи томон вакиллари «жонли девор»дан камида 1 метр нарида туришлари, мураббийларга карточка кўрсатилиши каби қоидаларни видеолавҳалар воситасида тушунтирди.
«Локомотив»
Амалдаги чемпион иккинчи давра олдидан ўз таркибига қўшиб олган футболчиларни таништирди. Давралар оралиғида Остон Ўрунов, Ариагнер Медина Смит, Жавоҳир Эсонқулов, Жавоҳир Соҳибов, Иброҳим Ғанихонов, Тоҳир Рафаэлов каби футболчилар «Локомотив» таркибига қўшилишди. Таништирув маросимида клуб бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов ва футболчилар иштирок этишди. Жавоҳир Эсон-қулов эса тиббий кўрик туфайли тадбирга етиб келолмади. Дастлаб Тўлабек Акрамов ўзгаришлар ҳақида маълумот берди: «Жамоамиз одатда ёзги танаффус вақти хорижда йиғин олиб борарди. Аммо бу сафар давралар оралиғи қисқа бўлганлиги, шунингдек, асосий футболчилар январь ойидан буён дам олишмагани туфайли ўз қароргоҳимизда шуғулланишни маъқул кўрдик. Машғулотлар ва ўртоқлик ўйинларида мураббийлар футболчиларнинг жисмоний ҳолатига алоҳида эътибор қаратишди. Жамоамизни Филипп Райевац, Азиз Ҳайдаров ва Ҳусниддин Ғофуров тарк этишди. Улар ўрнини ёш футболчилар билан тўлдирдик. Мураббийлар штаби билан келишган ҳолда, таркибни ёшартириш, тўғрироғи, тажриба ва ёшлик шижоатини мужассамлаштиришга ҳаракат қилдик. Эътибор беринг, Остон Ўрунов 2000 йили туғилган. Унинг қандай имкониятларга эгалигини барча кўриб бўлди. Шунингдек, умидли Тоҳир Рафаэлов 2002 йили туғилган - у илк профессионал шартномасига имзо чекди. Иброҳим Ғанихонов ҳам энди 19 ёшга тўлди. Никарагуалик Ариагнер Смит Медина 20 ёшда. Бу каби ёшлар билан жамоа асосини янада мустаҳкамлашимизга ишонаман. Жавоҳир Эсонқулов ва Жавоҳир Соҳибов каби тажрибали йигитлар ҳам жамоа салоҳиятини оширадилар, албатта». Шундан сўнг янги футболчиларга «Локомотив» либослари тақдим этилди:
Остон Ўрунов - 6-рақам
Жавоҳир Соҳибов - 15-рақам
Ариагнер Медина Смит - 22-рақам
Тоҳир Рафаэлов - 40-рақам
Иброҳим Ғанихонов - 18-рақам
Жавоҳир Эсонқулов - 21-рақам
Шундан кейин футболчилар ҳам қисқача фикр билдиришди.
Остон Ўрунов: «Ўтган йили ҳам қишда «Локомотив»дан таклиф тушганди. Аммо ўшанда трансфер амалга ошмади. Шундан кейин «Навбаҳор»да яна 6 ой ўйнаб, «Локомотив»га ўтишга қарор қилгандим. «Навбаҳор» билан хайрлашиш осон бўлмади. Клуб раҳбарияти ва мухлисларига раҳмат айтмоқчиман. Бу жамоада ўсишга эришиб, келажакда Европага кетишни истайман. «Локо» бу йўлда трамплин вазифасини бажара оладиган клублардан бири ҳисобланади».
Жавоҳир Соҳибов: «Оғир жароҳатдан кейин «Сўғдиёна» сафига қўшилгандим. Самвел Бабаян таклифи билан «Локо»га келдим. Агар рақобатдан чўчиганимда, футбол ўйнамасдим. «Пахтакор»дан кетишимга ҳам рақобат эмас, жароҳат сабаб бўлганди. «Локомотив»да ўзимни кўрсатиб, олдинги жисмоний ҳолатимни тиклашдан умидворман».
Иброҳим Ғанихонов: «Бунга қадар «Пахтакор»да ўйнаганман. Дебютимдан кўп ўтмай, жароҳатландим. Тузалиб, сафга қайтганимдан кейин менга етарлича имконият берилмади. Мана, Самвел Бабаян таклифи билан «Локомотив»га келдим. Энди бу ерда ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан, албатта».
Тоҳир Рафаэлов: «Фаолиятимни Янгиер академияси жамоасида бошлаганман. Самвел Бабаян «Локомотив»га таклиф қилгач, сира иккиланмадим. «Локо» - илк профессионал клубим. Янги жамоадошларим билан тезда чиқишиб кетсам, бас. «Локомотив»да ўйнаш мен учун фахр».
Медина Смит: «Локомотив»ни Ўзбекистондаги энг яхши клуб сифатида биламан. Клуб тизими, инфратузилмаси футболчи сифатида ўсиш учун энг идеал ҳисобланади. Ҳали ёшман, майдонда боримни беришга тайёрман. Самвел Бабаян билан «Спартак» (Юрмала)да бирга ишлаганман. Унинг услуби жуда ёқади. Ўйинчиларга нисбатан муносабати, ўйлаганларини етказиб бериши, профессионаллик каби хислатлари ҳурматга сазовор».
«Бунёдкор»
Давралар оралиғида бошқа клублар қатори «Бунёдкор»да ҳам бир қатор ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, бугунги кунга қадар жамоа 4 нафар футболчи билан хайрлашди. Уларнинг иккиси мавсумнинг иккинчи қисмини ижара асосида бошқа клубда ўтказади. Яна 2 нафар футболчи билан эса келишилган ҳолда, шартнома бекор қилинди. Демак, Сардор Азимов «Андижон» ва «Бунёдкор-2»да ўйнаган Аббос Жумақулов «Бухоро»да ижара муддатини ўташади. Биринчи даврада айнан ижара келишуви бўйича «Бунёдкор» ихтиёрида бўлган Сергей Прохоров «Локомотив»га қайтди, Нодир Мавлонов эса «Навбаҳор» билан шартнома тузди. Давралар оралиғида Минскда ўқув-машғулотлар йиғинини олиб борган «Бунёдкор» сафида 3 нафар хорижлик футболчи кўрикдан ўтди. Якунда улардан иккиси билан шартнома тузилди. Булар - россиялик Дмитрий Островский ва украиналик Евгений Чумак. Ҳар икки футболчи ярим ҳимояда ҳаракатланади, фақат бири қанотда, иккинчиси марказда. Дмитрий Островский 21-рақамни олган бўлса, Евгений Чумакка 24-рақам топширилди.
«Сурхон»
Термиз клуби ўз таркибини маҳоратли футболчилар билан тўлдиришда давом этмоқда. Жамоа хусусан, Азамат Исроилов билан шартнома тузди. У Суперлига биринчи даврасини «Бухоро»да ўтказганди. Аввалги мавсум эса АГМКда ўйнаган. «Сурхон» яна 4 нафар футболчи билан келишувга эришди. Булар - Элдор Бойматов, Асрор Ғофуров, украиналик Микола Агапов ва бразилиялик Педро. Элдор Бойматов биринчи даврада «Қизилқум», Асрор Ғофуров эса «Андижон»да ўйнаганди. Ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида бразилиялик Педро жамоада олиб қолинди. Бразилиялик яна 3 нафар футболчи - Лукас, Салес ва Дуглас билан эса дўстона хайрлашилди. Шундай қилиб, «Сурхон»да 4 нафар легионер қолди: Дарко Станоевич ва Владимир Бубанья (Сербия), Микола Агапов (Украина), Педро (Бразилия). Жамоа яна бир қатор футболчилар билан шартнома расмийлаштиришни режалаштирмоқда.
«Сўғдиёна»
Жиззах клуби давралар оралиғида 3 нафар янги футболчини ўз сафига қўшиб олди. Жамоа машғулотларида иштирок этган Жасур Ҳасанов, Иван Нагаев ва Шерзод Файзиев билан расман шартнома тузилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
«Динамо»
«Динамо» стадиони ёритиш тизими қуввати нисбатан пастлиги боис, Самарқанддаги учрашувлар барвақтроқ бошланарди. Суперлига клубларини лицензиялаш талабларида стадион ёритиш тизими қуввати 1500 люксдан кам бўлмаслиги ва ўйинларни кечки вақт ўтказиш имконини бериши шартлиги белгилаб қўйилган. Шунга мувофиқ, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ташаббуси билан «Динамо» стадионига қўшимча равишда Philips брендига тегишли янги ёритгичлар олиб келинди ва уларни ўрнатиш бошланди. Мавсум бошида клуб раҳбарияти ПФЛга маълум қилганидек, «Динамо» иккинчи давра доирасидаги уй учрашувларини мухлислар учун қулай саналган кечки вақтда бошлашни режалаштирган.
АГМК
Олмалиқ клуби иккинчи давра ўйинлари бошланишидан аввал янги футболчиларга ўйинчилик рақамлари туширилган либосларни тақдим этди.
Жамоа сафини тўлдирган таянч ярим ҳимоячиси Эркин Бойдуллаев, грузиялик ҳужумкор вингер Элгужа Григалашвили, беларуслик ҳимоячи Владислав Касминин ҳамда черногориялик мудофаа чизиғи вакили Игорь Зонич бош менежер Мухтор Қурбоновдан либосларни қабул қилиб олишди. Демак, Эркин Бойдуллаев АГМКда 3-рақам остида ўйнайди. Элгужа Григалашвили эса «7»ни танлади. Марказий ҳимоячилар - Владислав Касминин 77-рақамни олган бўлса, Игорь Зоничга «88» рақамида топширилди.
«Андижон»
Александр Хомяков бошчилигидаги жамоа давралар оралиғида ўз сафига бир қатор футболчиларни қўшиб олди. Жумладан, «Раш-Милк» вакили Бахтиёр Қосимов билан расман шартнома тузилди. Шунингдек, биринчи даврада «Бухоро»да тўп сурган Роббим Ҳасанов ҳам расман «Андижон» футболчисига айланди. Шунингдек, Тожикистоннинг «Истиқлол» жамоасидан таклиф этилган Жалил Кимсанов ҳам «бургутлар» таркибида ҳаракат қилади. Шунингдек, «Шўртан» вакили - ярим ҳимоячи Қаҳрамон Баҳодиров иккинчи даврани «Андижон»да ўтказади. Футболчининг машғулотлардаги ҳаракатлари Александр Хомяковга маъқул келди ва у билан шартнома расмийлаштирилди.
«Бухоро»
Клуб матбуот хизмати 5 нафар футболчи билан шартнома тузилганини расман эълон қилди. Аввалига Асилжон Бегимқулов, Бобур Омонов, Сардор Сулаймонов каби футболчилар билан келишувга эришилганди. Орадан маълум вақт ўтиб, Мурод Бобожонов ҳамда Аббос Жумақулов ҳам расман «Бухоро» аъзоларига айланишди. Ушбу футболчилар иккинчи даврада жамоага ёрдам беришдан умидворлар.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20