Қайднома

Қидирув

Аҳмад Убайдуллаев : «ОФК мундиалга чиқишимизни хоҳламаганди»

Аҳмад Убайдуллаев : «ОФК мундиалга чиқишимизни хоҳламаганди»

  31.07.2019 05:04
  0
  1019
Аҳмад Убайдуллаев : «ОФК  мундиалга чиқишимизни хоҳламаганди»

Ҳар йили 11 август яқинлашар экан, қалблардан алланечук ҳислар ўтади. Боиси, 1979 йилнинг худди шу санасида Тошкент - Донецк - Минск маршрути бўйлаб учаётган ҳаво лайнери Днепродзержинск районида қарши йўналишдаги самолёт билан тўқнашиб кетиши оибатида ҳалокатга учради. Улар орасида шонли «Пахтакор»нинг 17 аъзоси ҳам бор эди. Шу куни Минскка парвоз қилиши керак бўлган айрим футболчилар жароҳат туфайли Тошкентда қолишганди. Жумладан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Аҳмад Убайдуллаев ҳам. Ўзбек футболига Ислом Тўхтахўжаев, Шерзод Аъзамов, Фозил Мусаев, Даврон Мирзаев каби кўплаб иқтидорларни тарбиялаб берган мутахассиснинг қилган ишлари таҳсинга сазовор. Яқинда Аҳмад Убайдуллаевнинг хонадонида бўлиб, қатор мавзулар юзасидан суҳбат қурдик.

- Аҳмад ака, суҳбатимизни «Пахтакор» билан боғлиқ хотираларингиздан бошласак... Бу клуб сиз учун бегона эмас ахир.

- 1971 йили мени «Пахтакор»га, аниқроғи, ёшлар жамоасига таклиф қилишди. Сергей Арутюнов ва Акмал Азизхўжаелар бу жамоадаги илк устозларим саналадилар. 14-15 ёшимда кундузги машғулотларга қатнашишни бошладим, орадан икки йил ўтиб, бизнинг ёш тоифамиздаги жамоа биринчи лига йўлланмасини қўлга киритди. Бу орада мен ва бир неча футболчилар - Константин Баканов, унинг укаси Борис Баканов, қаюм Тўлаганов каби йигитлар ўринбосарлар жамоасига жалб этила бошладик. 1977-1978 йилларга келиб, асосий жамоа таркибидан ўрин олишга муяссар бўлдим. Минскка учмаганим сабаби - оғир жароҳатга йўлиққандим. Ўша йили Киевда ўтказилган халқаро спартакиадада Россия терма жамоасига қарши кечган учрашувда оёғим лат еганди. Кейинчалик бу жиддий бўлиб чиқди. Мен, Тўлаган Исоқов, Анатолий Могильний улар билан парвоз қилмадик.

- Дарҳақиқат, Тўлаган Исоқов ўша машъум воқеадан сўнг футбол билан буткул хайрлашди...

- қайсидир маънода бу фожиа унга оғир ботган бўлса керак. Билганим, у «Динамо Москва» билан баҳс­да оғир жароҳат олганди. Мен Москва шаҳрида 7 ойга яқин даволандим. Тўлаган эса қисқа муддатда Тошкентга қайтди. Сўнг уни «Пахтакор»га мураббий этиб тайинлашди.

- Ҳалокатдан кейинги тикланиш жараёни ҳақида, ўша воқеаларга гувоҳ бўлган шахс сифатида қандай фикр билдирасиз?

- Жамоани қайта қуриш учун уч йил муддат берилди. Билсангиз, Собиқ иттифоқ пайтида биринчи, иккинчи лига мусобақалари ташкил этиларди. У ерда истеъдодли футболчилар жуда кўп, уларнинг ўзи билан яхлит жамоа тузиш мумкин эди. Бироқ мураббий ва футболчиларнинг аксарияти хориждан таклиф этилди. Тезроқ натижа қайд этиш йўлида кучли легионерлар келиб қўшилди. Зураб Церетели, Чивадзе, кейинчалик Андрей Якубик келди. Менимча, уларсиз ҳам яхши жамоа ташкил қилиш мумкин эди. Футбол интернат-мактаблари яхши фаолият олиб борар, у ерда тажрибали мутахассислар меҳнат қилишарди. Ҳозир ёшлар билан нав­қирон ва тажрибасиз мураббийлар ишлашяпти. Мен билан бирга тўп сурган Лазиз Мақсудов, Акмал Азизхўжаевлардан кўп нарса ўргандим.

- Мураббийлик фаолиятингиздаги илк жамоа - «Умид» нима учун тарқалиб кетди?

- «Умид»ни Спорт қўмитаси қошида Эркин Абдураимов билан бирга очгандик. Дастлаб жамоа номини «Пахтакор-79» деб қўймоқчи бўлдик, сўнг фикр ўзгарди. Биринчи йили жамоани юқори лигага олиб чиқдик, кейинчалик кўп нарса ўзгариб кетди. Шунда ҳам ишсиз қолганим йўқ, 1991-1994 йиллар мобайнида севимли клубим «Пахтакор»да ёрдамчи мураббий сифатида ишладим. Устига-устак, олимпия терма жамоаси ҳам менинг ихтиёримда бўлди. Икки ишни бир вақтда уддалай олмаслигимни тушундим. Сўнгра менинг олдимга Самар-қанднинг «Динамо» клубини олий лигага олиб чиқиш вазифаси қўйилди. Иккинчи даврада мазкур жамоани қабул қилиб олдим ва 5-ўриндан 1-поғонага кўтарилдик. Вазифани аъло даражада уддаладик.

- Авваллари «Чиғатой» футбол мактабининг мавқеи жуда баланд бўлганди...

- Дарҳақиқат, юртимиздаги энг яхши футболчилар шу мактаб тарбияланувчилари саналарди. Ўзим ҳам маълум вақт у ерда ёшларга футбол сир-асрорларини ўргатганман. Миржалол қосимов, Шуҳрат Мақсудов, Андрей Акопянц, Марат Бикмаев каби футболчилар шу ердан етишиб чиққан. Кейинчалик футболга бўлган эътибор янада кучайди, замонавий футбол академиялари фойдаланишга топширилди. 2000 йилдан кейин менга ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасини ишониб топширишди. «Чиғатой» футбол мактаби ўқувчилари терма ўзаги қилиб олинганди.

- Максим Шацкихнинг Украинада порлашида Валерий Лобановский бош сабабчи деб ўйлайсизми?

- Макс - туғма истеъдод соҳиби. Уни олимпия терма жамоасига ҳам жалб этганман, кўз олдимда катта бўлган. Умуман, 2001 йили ОТЖда қўл остимда ёмон жамоа йиғилмаганди. Максдан ташқари Анвар Солиев, Улуғбек Бақоев... Виктор Борисовга ажойиб жамоани топширгандим.

- Термада ишлаган мураббийларга четдан босим, тазйиқлар бўлиши табиий. Сиз ҳам шундай ҳолатга тушганмисиз?

- У қадар жиддий босим бўлмаган. Фақат, ижобий натижага эришган мураббийни ишдан олиш хунук ҳолат эди. Авваллари футболимизда нопрофессионаллар фаолият юритишди. Улар футболни тушунмаганга яраша, мураббийликка футбол ичида юрган, ўз ишининг усталарини, халқ манфаатини барча нарсадан устун қўядиган мутахассисларни жалб қилишлари керак эди. Агар шундай бўлганида, биз аллақачон Олимпиада ва жаҳон чемпионатига чиққан бўлардик. Шахсан мен тарбиялаган йигитлар олимпия ўйинларида иштирок этишга ҳақли эдилар. 2012 йили БАА билан «Жар» стадионида ўтган баҳсда деярли барчаси ҳал бўлган, бизни ҳатто дуранг ҳам қаноатлантирарди. Ўшанда Абрамовнинг Иван Нагаев, Шерзод Каримовларни нима сабабдан таркибга киритмаганини ҳали-ҳануз тушунмайман. Умуман олганда, Анзур Исмоилов, Азиз Ибрагимовлар тўп сурган терма ҳам Пекин Олимпиадасига жуда яқин келганди.

- 2008 йилги U-19 терма жамоасининг муваффақияти сири нимада эди? Ўша жамоани кимдан қабул қилиб олгандингиз?

- Тўғрироғи, уларни мен тарбиялаганман. Кўпчилигини аввалдан билиб, кўриб келганман. Санъат Шиховни Хоразмдан, Шерзод Каримов, Ислом Тўхтахўжаевни Фарғонадан жалб этганман. Мен бу футболчиларни кичкиналигидан билардим. Юрий Саркисян «Менинг футболчим қандай қилиб термада пайдо бўлиб қолди?» деб ҳайрон бўлганди, «Икки футболчи Тошкентда ўйнамайди», деб шарт қўйган. Мен Саркисянга тўғри тушунтирдим: «Сен ўз клубингда хўжайинсан, бу ерда эса мен жавобгарман». Суннатилла Мамадалиев, Ислом Тўхтахўжаев, Иван Нагаевларни 10 йил давомида пишитиб, терма даражасига қадар олиб чиқдим.

- БААдаги Осиё чемпионати ярим финалида Хитой билан баҳсда Дониёр Усмоновнинг четлатилиши, Мурод Холмуҳаммедовнинг пенальтилар сериясидаги қаҳрамонлиги... Муродни дарвозага қўйиш қарори кимдан чиққан?

- Тўғриси, яширмайман, бизнинг жаҳон чемпионатига йўл олишимизни ОФК мутасаддилари хоҳлашмаган. Кичик мундиалга асосий даъвогарлар Эрон, Саудия Арабистони ва БАА саналарди. Мусобақа давомида ҳакамлар бизга нисбатан жуда кўп адолатсиз муносабатда бўлишган. Бу иш саралашданоқ бошланган. Таи­ланд билан баҳсда Фозил Мусаевнинг тоза голини ҳисоблашмади. Хитой билан учрашувда Бенжамин Уильямс 90}4-дақиқада Дониёр Усмоновни асоссиз четлатди. Мурод дарвозага ўз хоҳиши билан турганди, ўшанда. Мен Фозилни мўлжаллаётгандим. Санъат Шихов тўртинчи зарбани аниқ ижро этганида, ҳеч қандай қаҳрамонликка ҳожат қолмасди. Финалдан олдин Ўзбекистоннинг ғалаба қозониш имконияти юқори баҳоланганлиги жамоамизга хотиржамлик берди, шекилли, ўйин тўлиқ мезбонлар назорати остида ўтди. Балки йигитларимизда толиқиш бўлгандир...

- Маълумотларга қараганда, бир қатор шогирдларингизга «Ростов»дан чорлов бўлган экан...

- Ҳа. Буни инкор этмайман. Лекин ҳали улар хорижда тўп суришга тайёр эмасдилар. Даврон Мирзаевни «Пахтакор» «Рубин»га сотиб катта хатога йўл қўйди. Натижада у бошқа майдонда кўрингани йўқ. Шерзод Каримов масаласида қурбон Бердиев шахсан ўзим билан боғланган. Мен унинг ҳали етилмаганлигини айтдим, у тўғри тушунди.

- 1989-1990 йилларда таваллуд топган авлоднинг бари клубларда ўз ўрнига эга. Аммо кейинги авлод ҳақида бундай дея олмаймиз.

- Шогирдларимнинг қарийб ҳаммаси катта футболда. 1994 йилда туғилганлар-чи, қани ўша Мексика қаҳрамонлари? қай бири бирор клубда узоқ вақт тўп сура олди, айтинг-чи? Сардор Собирхўжаев, Муҳсин Убайдуллаевлар барқарор ўйинашмоқда, холос. Энди эътибор беринг, Шерзод Каримов, Шерзод Аъзамов, Ислом Тўхтахўжаев, Санжар Шоаҳмедов, Сардор Мирзаев, Жавлон Иброҳимов, Иван Нагаев... Ҳаммаси юқори даражада тўп суряпти.

- Дарвоқе, Иванда нима учундир йилдан-йилга сермаҳсуллик пасаймоқда. Тез-тез жамоасини ўзгартиряпти...

- Нагаев жуда камбағал оила фарзанди бўлган. Отаси ичкиликка ружу қўйган, онаси беэътибор эди. Ҳатто еган таомини ҳам билмаган. Уни «Чиғатой» базасига жойлаштирдик, ёрдам пули ажратдик, ҳамма шарт-шароитлар яратилди. У доим назоратим остида бўлган. Футболчи ўз устида ишлашдан тўхтамаслиги даркор. Иван олдинги даражасига қайтади, албатта.

- Айни пайт япониялик 18 ёшли Такефусе Кубо «Реал Мадрид» асосий таркиби билан шуғулланяпти... Бизда ҳам шу тизимни такомиллаштириш мумкинми?

- Албатта, мумкин. Лекин бизда «Реал Мадрид» даражасидаги ўйинчи кам. Таклифлар бўлади, лекин клублар футболчини қўйиб юборишмайди.

- Ҳозирда Суперлигамизда кўплаб ёш мураббийлар ишлашяпти. Улуғбек Бақоев, Илҳом Мўминжонов, Бахтиёр Ашурматов... Уларнинг фаолиятини қандай баҳолайсиз?

- Мўминжонов дисквалификацияда. Менга Бақоевнинг бошқариш услуби ёқади. У даставвал яккакурашлар билан шуғулланган, шунинг учун курашишни яхши кўради, енгилишни истамайди, характери бор мураббийлар сирасига киради. Улуғбек ҳали яна ўсади. Шунингдек, Темур Кападзедан ҳам ажойиб мураббий чиқади, миллий терма жамоада ишлаган пайти салоҳияти кўринди. Унда фалсафа ва тактика уйғунлашган.

- ЎФАнинг янги раҳбарлари фахрийларга эътиборни кучайтириш мақсадида ассоциация қошидаги кенгашни қайта ташкил этишга қарор қилишди. Ушбу воқеага муносабатингиз қандай?

- Хурсандман, қувонарли ҳолат сифатида қабул қилдим. Биз ҳам устозларимиз, катталардан ўрганганмиз. Фахрийлардан ҳам ўрнак олиш, маслаҳатларини тинглаб туриш зарар қилмайди. Ва ниҳоят, футболимиз тепасига футбол ичидаги, спортнинг ушбу турини яхши тушунадиган инсонларнинг келиши халқда ишончни уйғотди.

- Ўтган йили «Анди-жон»да ишладингиз, кейин эса кўринмай қолдингиз.

- Узоқ танаффусдан ке-йин жамоани кучлилар сафига қайтардик. Ҳозир оилам даврасида ҳордиқ чиқаряпман.

 Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz