Қайднома

Қидирув

40 йиллик сир: Қиролича қайси клуб ишқибози

40 йиллик сир: Қиролича қайси клуб ишқибози

  31.07.2019 03:37
  0
  556
40 йиллик сир: Қиролича қайси клуб ишқибози

1952 йилнинг 6 февралида Георг VI тромбоз хасталиги туфайли вафот этди. Орадан икки кун ўтиб, унинг 25 ёшли қизи қасамёд қабул қилиб, Елизавета II бўлди. Оддий халққа қиролича унча ёқмасди: атрофдагилар кўз ўнгида кам кўринар (гарчи авваллари айрим тадбирларда отасининг ўрнига чиқиш қилган бўлсада), расм-русумларга катта эътибор қаратар, ўзининг айтишича, одамлардан кўра тулпорларни кўпроқ яхши кўрарди. Отаси - Буюк Британиянинг Иккинчи жаҳон урушидаги кураши рамзига айланган шахс билан солиштирганда, Елизавета ҳар жабҳада ютқазарди. Бундай имиджни дарҳол ўзгартириш керак эди.

Мазкур ҳолатда тож кийдириш маросими санаси ёрдам берди. Муҳим тадбир 1953 йилнинг 2 июнига - тахт вориси тайинловидан деярли бир ярим йил ўтган пайтга белгиланди. Бунда эски анъаналарга амал қилинди: аввалги ҳукмдорнинг ўлимидан сўнг мотам тутилиши шарт.

Шу муддат ичида қиролича ва унинг атрофидагилар янги монарх сиймосини яратиш устида бош қотиришди. Асосий вазифа ўзгармаганди: Елизаветани одамлар билан яқинлаштириш лозим.

Бунинг учун тож кийдириш маросимидан роппа-роса бир ой аввал ўтказилган Англия кубоги финали айни муддао эди. «Уэмбли»да «Блэкпул» ва «Болтон Уондерерс» клублари тўқнаш келишди - 100 минг томошабин ичида қиролича ва унинг эри Филипп ҳам бор эди. Мамлакатнинг асосий стадионида ўтган баҳсни аренадаги мухлислардан ташқари илк марта телевизор қаршисидаги ишқибозлар ҳам кузатишди: ВВС вакиллари бўлажак қироличага тож кийдириш маросими арафасида британияликларнинг ёппасига телевизор сотиб олишаётганидан хабар топгач, мазкур ўйинни трансляция қилишни маъқул кўришди.

«Блэкпул» 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Ғолибларга кубок ва фахрий жетонларни шахсан Елизаветанинг ўзи топширди. Гувоҳларнинг таъкидлашларича, қиролича анча хушмуомала бўлган, футболчиларга луқма ташлаган, улар билан алоҳида сўрашиб, табассум ҳадя этган.

Ғоя нооригинал - бу каби сценарийни Англия бундан 16 йил аввал ҳам кўрганди. 1937 йилнинг 1 май санасида Георг VI рафиқаси Елизавета (ушбу қироличанинг онаси) ҳамроҳлигида «Уэмбли»да ўтказилган Англия кубоги финалига ташриф буюришган, у ерда совринларни топшириб, жилмайганча омма олдида яхши кўринишга интилишган. Ўйин монархга тож кийдириш маросимидан икки ҳафта аввал ўтказилганди.

Елизавета II иштирокидаги кейинги йирик ташриф орадан 13 йил ўтиб содир бўлди. 1966 йили жаҳон чемпионати туманли ўлкада ўтказилди. Мазкур турнир ушбу мамлакат учун юз йилликнинг энг муҳим ва муваффақиятли воқеасига айланди. қиролича бундай йирик мусобақани ўтказиб юборолмасди. У иккита ўйинга ташриф буюрди: Уругвайга қарши кечган очилиш учрашуви ҳамда Англия ва ГФР ўртасидаги финалга. Сценарий ўша-ўша: қиролликдаги жуфтлик трибунада, табассум, соврин топшириш.

Кейинги 40 йил одатий кўринишда ўтди: футболга бориш учун муҳим сабаб йўқ эди, шу боис Елизаветанинг номи асосан машҳур футболчи ва мураббийларни рицарлик мақоми билан сийлаш жараёнида тилга олинарди.

Аммо стадионга келмай, омма олдида кам кўриниш берсада, қиролича мавзуси футболда кўп муҳокама қилинди. Шу йиллар мобайнида журналистлар тинч туришмади: футбол мамлакати қироличаси футболни яхши кўриши керак. Аммо саройдаги манбалар тушунтириш беришди: ҳа, у бир клубга мухлислик қилади, аммо унинг номини айтолмайди. Ахир ҳар қандай ошкора майл негатив муносабатларга сабаб бўлиши мумкин.

Шу боис Елизавета сукут сақлаш ва ёввойи гап-сўзларга эътибор қаратмасликни маъқул кўрди. Миш-мишлар, дарҳақиқат, кўпинча ёввойи кўриниш оларди. The Sun нашрининг ёзишича, қиролича «Миллуол» ўйинларига хуфёна тарзда ташриф буюраркан. Лондон шарафини ҳимоя қиладиган ушбу клуб содиқ фанатлари ва Тедди Шерингемнинг фаолиятига ибтидо ясагани билан машҳур.

Нашрнинг таъкидлашича, қироллик автомобилининг орқа ойнасига ёпиштирилган қоғозда миллуоллик мухлисларнинг шиори ёзилган: «Бизни ҳеч ким севмайди, аммо биз учун бу аҳамиятсиз».

Daily Mirror ушбу маълумотни инкор этиб чиқди: ҳамкасблар ҳаммасини адаштириб, нотўғри тушунишган. Аслида, номи ошкор этилмаган сарой ходими «Миллуол»га мухлислик қилади, қиролича эса уларнинг азалий рақиби - «Вест Хэм» ишқибози.

Елизавета, нашрнинг қайд этишича, «Вест Хэм» билан Англия кубоги ва Кубок эгалари кубогида зафар қучган буюк мураббий Рон Гринвуднинг муваффақиятидан хурсанд бўлган. У Рон билан бир неча марта учрашиб, унинг ўқимишли эканлигидан лол қолганини таъкидлаган.

Елизавета ва «Вест Хэм»нинг алоқадорлигига шаҳзода Гарри туфайли яна бир сабаб топилди. Ворис вояга етганида мазкур клуб футболкасини кўтарганча суратга тушди. Чунончи, нашрларда Гарри «Аптон Парк» стадионига ташриф буюрганда, жамоа либосини унга клуб вакиллари топширишгани ҳақида ёзишганди.

«Миллуол» ҳам, «Вест Хэм» ҳам Лондоннинг энг нотинч ҳудуди - Ист Энд шарафини ҳимоя қилишади. Урушгача бу ерда фашистлар ва анархиячилари ҳукмронлик қилишган, сўнгра Осиё ва Африкадан келган минглаб муҳожирлар ҳамда маҳаллий фабрикалардаги ишчилар яшашган. Бу ерда Гай Ричи «қарта, пуллар, икки ствол» ва «Катта пул» фильмларини суратга олган - ушбу ҳудудда яшовчилар бундай воқеаларга тез-тез гувоҳ бўлишларини таъкидлашган. Бу ҳам қироличанинг севимли клуби шу ердан эканлигига бош сабабдир.

Елизаветанинг муайян жамоага мухлислик қилишига энг салмоқли (айни пайтда) исбот 2007 йили пайдо бўлди. «Арсенал» ниҳоят, янги стадионини қуриб битказди - очилиш маросимини атайин 2006 йилнинг октябрига белгилашди, шу тариқа клубнинг 120 йиллиги ҳам кенг нишонланди. Йирик тадбирга қироличани ҳам таклиф этишди, аммо Елизавета соғлиғи ёмонлигини айтиб, келмади. Унинг ўрнига «Эмирейтс»га эри Филипп ташриф буюрди. Орадан бир неча ой ўтиб «Арсенал» вакиллари Букингем саройига таклиф қилиндилар.

«қиролича белидаги оғриқ сабаб «Арсенал»нинг янги стадиони очилиш маросимида қатнаша олмаганидан хафа бўлди, - деди Елизаветанинг вакилларидан бири. - Шу боис Ҳазрати Олиялари тантанали зиёфат уюштириб, шу тариқа лойиҳанинг барча иштирокчиларига қилган меҳнатлари учун ташаккур билдиришни, шунингдек, янги одамлар билан танишишни хоҳлади».

Мисли кўрилмаган воқеа: илк марта бутун бошли футбол клуби қироличанинг қабулида бўлди. Арсен Венгер, Тьерри Анри ва жамоа 40 дақиқани саройда ўтказишди. қиролича футболчилар билан хотиржам суҳбатлашди, сарой тарихидан сўзлади ҳамда Анрининг серқирра иқтидорини эътироф этди.

қироличада 19 ёшли Сеск Фабрегас ёрқин таассурот қолдирганди: «У менинг кимлигимни жуда яхши билар экан, - деганди Фабрегас испан радиосига берган интервьюсида. - Биз бироз суҳбатлашдик, Испания қироли ҳақида гаплашдик. Сўнгра у анчадан буён «Арсенал»га ишқибозлик қилишини айтиб, бизни кўрганидан хурсанд эканлигини таъкидлади».

Бу гаплар Англияда маълумот бомбаси сингари «портлади». Нашрлар яна саройдагиларни безовта қила бошлашди. The Sun яна суриштирув ўтказди: газетанинг маълумотига кўра, Ҳазрати Олиялари 50 йилдан ортиқ вақт мобайнида «Арсенал»га мухлислик қилган. Бундай муҳаббат унга ажойиб вингер Денис Комптоннинг иқтидоридан ҳайратда қолган онасидан мерос экан. Денис «Арсенал» либосида атиги 54та ўйин ўтказган (уруш ва соғ-лиқдаги муаммолар халал берган), бироқ 1948 йили чемпионликни, 1950 йилда эса Англия кубогини қўлга киритишга улгурган.

«Эмирейтс»нинг очилиш маросими билан боғлиқ маълумотлар ҳам топилди: 1936 йили Елизаветанинг тоғаси эски «Хайбери» стадионининг ғарбий трибунасини шахсан очиб берган экан.

Мазкур маълумотни ҳам қиролича эътибордан четда қолдирди, худди унинг «Глазго Рейнжерс»га ишқибозлик қилиши ҳақидаги хабарлар инкор этилгани сингари. Глазго парламенти аъзоси Иэн Дэвидсон Букингем саройига уюштирилган экскурсия пайти шотланд жамоаси суратини кўрган. Мазкур фотолар бинонинг юқори қаватларида - одатда ташриф буюрувчилар кирмайдиган хонада кўзга ташланган.

«Бу суратнинг қачон олинганини билмайман. Аммо унинг «Рейнжерс» экани аниқ - уларни либоси ва фото тепасидаги ёзув орқали танидим, - деганди Дэвидсон.

Афсуски, у ўша хонага суратни ким жойлаштирганига аниқлик киритмади. Эҳтимол, сабабчи Филипп ёки қироличанинг фарзандларидан бири бўлгандир. Аммо «Рейнжерс» фанатлари ушбу маълумотдан ғоя ясаб, севимли жамоаларини «қироличанинг йигитлар» деб номлай бошладилар.

Севимли клуб ҳақида барча саволларга қироличанинг ўрнига унинг Букингем саройидаги вакили жавоб қайтарди: «Ҳукмдорликни бошлаганидан буён қиролича миллий кубок ва жаҳон чемпионатлари финалларига ташриф буюрди. Унинг Англия термасига мухлислик қилиши аниқ. қолганини билишимиз шарт эмас».

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz