Қайднома

Қидирув

«Пахтакор»-79 - қувончим, дарду ғамим…»

«Пахтакор»-79 - қувончим, дарду ғамим…»

  01.08.2019 01:23
  0
  377
«Пахтакор»-79 - қувончим, дарду ғамим…»

(«Пахтакор»-79 ҳужумчиси Тўлаган Исоқов эсдаликларидан)

«Улар жуда ёш кетишди... Ўшанда биз кимлардан маҳрум бўлгандик, қандай бетакрор жамоадан мангу ажралиб қолгандик - буларни кейинроқ англадик... Улардан ғоят истеъдодли футбол мутахассислари, профессионал мураббийлар, футбол амалиётчилари етишиб чиқиши мумкин эди... Уларнинг қисмати шундай якун топгани кишига алам қилади. Мен уларни номма-ном атаб чиқишим мумкин. «Пахтакорчилар» ҳақида бетўхтов кўп гапиришга ўзимни ҳақли деб биламан, чунки биз бирга ўйнар, бирга дам олар, бўш вақтларни бирга ўтказар, яшар эдик... Қисқаси, биз жонажон ака-укалардек бўлиб кетгандик, бизлар якдил ва шунчаки дўстона жамоа эдик...»

Бетакрор ўзбек футбол мактаби

Футболдан хабардор бўлган одам «захирадаги ўриндиқ» иборасини дарров тушунади. Бу шуни англатадики, борди-ю бир ўйинчи жароҳат олгудек бўлса, уни камида шунга тенг футболчи билан алмаштирилади. Худди шу нарса ғалаба калити ҳисобланади. 70-йилларнинг ўрталарида «Пахтакор» мураббийлари Якушин, Аркадьев, Келлер, Елисеев, Соловьёв, Кочетков, Базилевич ва бошқалар «пахтакорчилар»нинг «захирадаги ўриндиғи»ни кучайтиришга эришдилар ва бошқа мамлакатлар мураббийлари тажрибасидан турли тактикаларни синаб кўрдилар. «Пахтакорчилар» Собиқ иттифоқда биринчилардан бўлиб синалган 1-4-2-4 тактикасини қўлладилар ва ажойиб ютуқларга эришдилар. «Пахтакор»нинг ўз ўйин тактикаси, ўз бетакрор усуллари бор эди, бу анъана авлоддан-авлодга ўтиб ва тўлиб келаверди. Ўйин андазаси Украина, Грузия, Озарбайжон, Молдова, Болтиқбўйи ва Арманистон мактаблари ўйинидан фарқ қиларди.

60-йилларнинг бошида «пахтакорчилар» мураббийи А.Келлер бразилча усулни қўллаб, ҳужум тактикасини мустаҳкамлади. Ҳатто қўшни Ўрта Осиё республикалари ҳам тақлид қила олмадилар, у ўзбек футбол андазасидан кучли фарқ қилар эди. Ўшанда унинг ажойиб ижрочилари Г.Красницкий, С.Стадник, Б.Абдураимов, О.Моторин, А.Азизхўжаев, Л.Мақсудов ва бошқалар эди. Агар эсингизда бўлса, 70-йилларда В.Соловьёв ҳам ҳужум тактикасидан амалда фойдаланиб кўрди, аммо унинг янада замонавийроқ кўринишидан Киевнинг «Динамо» жамоаси устози В.Лобановский унумлироқ фойдаланди. Муваффақият ҳам унга тез ёр бўла қолди.

«Пахтакорчилар»нинг олдинги чизиғида бирданига уч ҳужумчи - Фёдоров, Хадзипанагис ва Исоқов иштирок этишди, уларнинг ортидан эса ярим ҳимоячи Михаил Ан бошчилигидаги иккинчи эшелон келарди. Бу ҳатто Москва, Ленинград, Киев, Тбилисининг номдор жамоаларини ҳам ҳанг-манг қилиб, довдиратиб қўярди. 1975 йилда киевликлар тактикасини қўллаб, биз аввал Киевда 1:0, кейин эса Тошкентда 5:0 ҳисобида ғалаба қозондик! Дарвоқе, киевликлар таркибида ўша йили Собиқ иттифоқ ва Европа чемпионати совриндорлари тўп суришганди.

Ўша йилларда бизда ўзбек футбол мактаби етиштириб чиқарган жуда кучли ҳужумчилар ва бир вақтнинг ўзида майдонга уч, гоҳо тўрт нафардан ҳужумчини олиб чиқишга қодир жасоратли мураббийлар бор эди. Афсуски, энди фақат биргина ҳужумчи билан ўйнаш одат тусига кирган - шу боис ҳам футбол ўз жозибадорлиги ва фусункорлигини йўқотиб бормоқда, томошабинлар ўриндиқларининг ярмидан кўпи одамсиз ҳувиллаб туриши шундан гувоҳлик беради.

Ўзбекистонда истеъдодли футболчилар, кучли ҳужумчилар бор, бизда бой тажриба тўпланган ва ундан тўғри фойдаланиш керак.

Иттифоқ маҳалларидаёқ кўплаб ўзбек спортчилари мамлакат ёшлар ва ўсмирлар термаларида тўп суришган, жаҳон, Европа чемпионлари бўлишган. Красницкий, Абдураимов, Доценко, Бектошев, Фёдоров, Ан сингари ҳужумчилар эса Собиқ иттифоқнинг турли термаларига қабул қилингандилар. Ўзбекистон термасига бугун айнан шундай футболчилар етишмайди.

Биз Евроосиё чемпионатида қатнашганмиз

Ўтмиш ҳақида хаёлга толиб, шундай хулосага келдимки, биз ўшанда кучли Евроосиё чемпионатида иштирок этгандик. Агар жўғрофий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бу ҳақиқатан ҳам шундай эди. Биз Собиқ иттифоқнинг Европа қисмида жойлашган таниқли футбол жамоалари билан куч синашган, улар билан баб-баравар кураш олиб боргандик. Европаликлар биз - осиёликлар билан ҳисоблашишга мажбур эдилар. Ўша вақтларда бирорта Осиё жамоаси ўзбекистонлик футболчилардан олдинга ўтиб кетолмасди - бизнинг «Пахтакор» ҳар доим номдор итальян, швед, чех, француз, булғор, немис клубларига муносиб қаршилик кўрсата оларди.

Европа чемпионатларида «Пахтакор»-79даги дўстларимдан Михаил Ан ва Владимир Фёдоров ҳам Собиқ иттифоқнинг миллий, олимпия ва ёшлар термаларида ғолибона жанг қилган эдилар. Бу ҳақиқатни тан олмоқ керак. Футболнинг европача усули руҳан бизга яқин, неча ўнлаб йиллар давомида европача футбол ўйнаб келгандик ва шу билан кучли эдик.

«Пахтакор» - Ўзбекистон фахри!

«Пахтакор» футбол жамоаси ўзбек халқининг фахри ҳисобланади. 70-йиллар бошида бутуниттифоқ эстрада саҳнасида ёрқин ва бетакрор «Ялла» гуруҳи пайдо бўлди ва Собиқ иттифоқнинг кўплаб аҳолиси меҳрини қозонди. Шу гуруҳ асосчиларидан бири - менинг дўстим Шаҳбоз Низомиддинов эди. Шаҳбоз қўшиқ айтишни дўндириб қўяр, турли чолғу асбобларини «сайратиб» юборар эди. Бундан ташқари, у қўшиқ басталар, шеърларини ўзи ёзарди.

Унинг бир нечта сатрларини ёдимда сақлаб қолганман: «Ўзбекистонни дунёга танитган «Ялла», «Баҳор», «Пахтакор»! Дарҳақиқат, айнан «Ялла», «Баҳор» ва «Пахтакор» ўзига хос, бетакрор қўшиқ, рақс ва чиройли ўйинлари билан жонажон она-Ватанимизни нафақат Иттифоқда, балки чет элларда ҳам маълуму машҳур қилиб юборган эдилар.

Бу ишга озгина бўлсада ҳисса қўшганимдан фахрланаман. Стадионга футбол мухлислари билан биргаликда Малик Қаюмов, Ботир Зокиров, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Ғани Аъзамов, Сойиб Хўжаев, Эргаш Каримов, Бахтиёр Ихтиёров, Али Асқар Фатхуллин ва бошқа кўплаб санъат усталарининг қадамранжида қилиши бизга қанот бағишлаб, руҳимизни кўтарар эди. Уларнинг барчаларини билардик ва шу боисдан чиройли ўйин кўрсатишга ҳаракат қилардик. Футбол ҳар доим халқимизнинг севимли спорт тури бўлиб келган.

Катта футболга йўл

Мен ўзбек классик мусиқаси муҳитида ўсиб-улғайганим учун болалигимдан сал бўлмаса машшоқ бўлиб кетаёзганман. Опам - Ўзбекистон халқ артисти Малоҳат Исоқова ҳар доим ота-онамга менинг санъаткорларга хос овозим борлигини, мендан дурустгина опера солисти чиқиши мумкинлигини бот-бот уқтирарди. Биз Эски Жўвадаги «Спартак» стадиони ёнгинасида истиқомат қилардик. Отам ўзбек мусиқаси ва маданиятининг катта билағони эди, мумтоз санъатимизни жуда севарди. Уйимизга Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Юнус Ражабий, Ориф Алимахсумов, Наби Раҳимов, Олим Хўжаев, Аббос Бакиров, Таваккал Қодиров, Қаҳрамон Дадаев, Мукаррама Турғунбоева ва бошқалар тез-тез ташриф буюришарди. Мен мана шу мусиқа муҳитида ўсган эдим ва ёшлик йиллариданоқ чолғу асбобларини чалар ва ўзбек қўшиқларини ижро эта олардим.

Ёшлигимни эслар эканман, шуни комил ишонч билан айта оламанки, айнан «Спартак» футбол мактаби менинг катта футболга кириб келишимга туртки бўлган. Мен жуда шўх бола эдим, тўп тепавериб сира кўчадан бери келмасдим. «Спартак» стадиони ёнгинамизда бўлгани сабаб биз, маҳалла болалари ўша ерда тўп тепиб вақт ўтказардик. Худди кутганимдай бўлди ҳам - футбол ҳаётимнинг мазмунига айланди. Менинг биринчи мураббийим Маъруф Акбаров бўлган эди.

Кўп ўтмай Шавкат Мақсудхўжаевнинг назарига тушдим. У 1965 йилда Г.Титов номидаги Республика спорт-интернатнинг биринчи директори этиб тайинланганди. Мен ёш бўлишимга қарамай, ўшанда кечки мактабда ўқир, ота-онамга ёрдам бериш учун акам билан қурилишда ишлар эдим. Интернатда янги мураббийим Яков Аранович бўлган эди. Сухумида Иттифоқдош республикалар спорт интернатлари жамоалари орасида Бутуниттифоқ чемпионати бўлиб ўтганда ўйинимга Собиқ иттифоқ ёшлар термаси бош мураббийи Евгений Иванович Лядин яхши баҳо берди ва кўп ўтмай мен Собиқ иттифоқ ёшлар термаси таркибига киритилдим.

Жамоамиз Анқарада ўтказилиши керак бўлган Европа чемпионатига тайёргарлик кўраётганди. Ўртоқлик учрашувларидан бирида оғир жароҳат олдим ва Туркиядаги финал даврасига учиб боролмадим. Ваҳоланки, ўшанда Европа чемпионлари бўлган эдик.

Буюк мураббий ва устоз

«Пахтакор» олий лигаси усталар жамоасига 1966 йилда қабул қилинган эдим, ўшанда энди 17 ёшга киргандим. Ажойиб мутахассис, олий футбол мураббийларидан бири Михаил Иосифович Якушин менинг катта футболдаги биринчи мураббийим бўлди. Бутун футбол фаолиятим биргина клуб номи билан боғлиқ - «Пахтакор» жамоасида 13 йил тўп сурдим ва шу вақт давомида чинакам «пахтакорчи»-ватанпарвар анъаналарига содиқ қолдим. Яширишга ҳожат йўқ, кўплаб бошқа етакчи футболчилар каби менга ҳам мамлакатнинг анча номдор клубларидан ҳавасни келтирадиган таклифлар тушарди, аммо ҳар доим ўз жамоамга содиқ қолавердим. Бунда суюкли мураббийим Михаил Якушиннинг маслаҳатлари ва отамнинг доноларча ўгитлари ёрдам берарди.

Зўрлар учун таҳдид эдик

«Пахтакор» Собиқ иттифоқ чемпионатида ярқ этиб кўринмаган, деган гап юради. Бир жиҳатдан тўғридир... Тошкент жамоасининг энг катта ютуғи Собиқ иттифоқ чемпионатидаги 6-ўрин (1962, 1982) ва Собиқ иттифоқ кубоги финали (1968) бўлди. Бироқ тан олиш керак, 70-йиллар охирида «Пахтакор»да ғоят истиқболли, клуб тарихидаги энг кучли жамоа вужудга келди. Шуни таъкидлаш кифояки, 78-йилги мавсумда тошкентликлар «зўрлар таҳдиди» совринини ютиб олдилар, бу сов-риндорлар иштирокидаги ўйинларда энг кўп очко олган жамоаларга тақдим этилади. Ана шу машъум 1979 йилда Ўзбекистон пойтахти жамоаси ўзининг афсонавий куч-иродасини намоён этиб, мавсумнинг бўлажак музаффарларига қарши дадил ўйин кўрсатди.

Олтин медаллар соҳиби - «Спартак» ғалабани тутиб қололмади ва дуранг натижа билан қаноатланди - 1:1. Александр Корченовнинг узатмасидан сўнг Ринат Дасаев қўриқлаётган дарвозани ишғол қилдим. Вице-чемпион «Шахтёр» (Донецк) ҳам учрашув давомида қўлга киритган мувозанатни сақлаб қололмади. Менинг нозик узатмамдан кейин Виктор Чуркин чиройли гол урди - 1:1. Киевнинг «Динамо» клуби эса 45 минг томошабин кўз ўнгида мағлуб бўлди. Валерий Лобановский жамоаси дарвозасига ғалаба тўпини 86-дақиқада яна ўша Виктор Чуркин киритди - 1:0. Жамоа яхши ўйнади! Ким билсин, ўша «Пахтакор»-79 қанақанги юксакликларга кўтариларди-ю...

1974 йилда Собиқ иттифоқ чемпиони - Киевнинг «Динамо»си рақиб дарвозасига жами 49та тўп киритди! Ўша йили 8-ўринни эгаллаган Тошкентнинг «Пахтакор» клуби эса 45та гол урди. Жамоамиз қудрати қандайлигини намоён этиш учун бундан яхши кўрсаткич борми? Ўшанда Миша Ан 11та, В.Фёдоров, В.Хадзипанагис ва мен 9тадан тўп киритгандик. Ўша йили «пахтакорчилар» рақиб дарвозасини ишғол қилиш бўйича иккинчи бўлишганди. Бу биринчи галда мураббийимиз В.Д.Соловьёвнинг хизмати эди. У бизга ишониб, эътиборимизни ўйинга қаратди, жамоа руҳини кўтарди. Эътибор қилинг-а, ўзбек футбол мактаби тарибияланувчилари асосий таянч эдилар. Ҳолбуки, ўша йили Б.Абдураимов, В.Ворюхин, А.Иванков каби ёши улғайиб қолган ўйинчилар ўйнашган эди.

Киев «Динамо»сига

сабоқ бўлди

Биз учун омадсиз бўлган ўша йили Киевнинг «Динамо»си устидан қозонилган ғалаба эсимда қолган. Ёзда биз Киевда ўйнадик. Ўшанда В.Д.Соловьёв инсульт бўлиб қолганди ва узоқ муддатгача ўйиндан чиққанди. Унинг ўрнига вақтинчалик Геннадий Красницкий мураббийлик қилди. Киевликлар эса катта нарсаларни режалаштирган ва шунга шайланиб келаётгандилар. Аммо «Динамо»нинг 40 минг мухлиси ўз севимли жамоаларининг «Пахтакор»дан йирик ҳисобда мағлубиятга учраганига бевосита гувоҳ бўлишганди. 60-дақиқада Миша Ан чиройли тарзда тўп оширди, менда эса тўпни дарвозабон бошидан ошириб, бўш дарвозага йўллаш қолганди, холос. Ўйиндан кейин қувончимиз ичимизга сиғмай, стадионни тарк этар эканмиз, бир-биримизни ғалаба билан табриклардик.

Мана шу йиллар давомида биз киевликлар учун энг ноқулай рақиб бўлиб қолгандик. Мен кўпинча Блохиннинг асабийлашаётганини кузатардим. Ўша йили улар Собиқ иттифоқ ва Европа чемпионатларининг барча унвон ва совринларини қўлга киритишганди. Охирида журналистлар Олег Блохиндан ноқулай ҳимоячи борасида сўрашганида, у шундай жавоб берганди: «Мен учун ноқулай ҳимоячилар йўқ, мен учун ноқулай жамоа бор, бу - «Пахтакор».

«Матч-реванш» ўхшамади

Киевдаги ғалаба тасодифий эмаслигини кузда, мавсум охирида Тошкентда «Динамо»ни ютиб исботладик: ҳисоб музаффарона эди - 5:0! Ўшанда бизнинг ажойиб тўртлигимиз - Ан - Фёдоров - Хадзипанагис - Исоқов алоҳида ажралиб турганди. Киевликлар уйларидаги мағлубият аламини олишга қасд қилишган ва ўз майдонларида тасодифан енгилиб қолишганини исботламоқчи бўлишганди. Ўйин жанговар тус олишини билардик. Ўшанда Михаил ва мен киевликлар дарвозасини икки мартадан ишғол қилдик, яна бир гол В.Хадзипанагис ҳисобига ёзилди. В.Фёдоров муттасил гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ўтиб, бир нечта ҳимоячини чалғитиш билан овора бўлди, биз эса у яратган қулай имкониятлардан унумли фойдаландик. Ўйиндан кейин, билмадим, ҳазилми ёки чинми, Блохин Фёдоровдан хафа эканини билдириб, «Биринчи лигага тушиб кетиш аниқ бўлиб турганда бунчалик уриниб-чиранишлар шарт-ми?» деган экан. Бунга Фёдоров кесатиқ билан шундай жавоб қайтарган: «Тушсак тушибмиз-да, аммо мана бу ўйин - бизнинг фойдамизга ҳал бўлди».

Ўшанда эсимда, киевликларнинг тошкентликларга ютқазгани турлича баҳоланган экан. Уларни сотиб олган ҳам дейишибди. Ҳолбуки, киевликларга ҳар бир очко олтин баҳоси бўлиб турганди. Қандай бемаънилик! Мен яна бир карра масъулият ила таъкидлайманки, ҳеч қанақа «енг ичида» иш бўлган эмасди - йигитлар ўз олдига аниқ мақсад қўйганди ва қаттиқ саъй-ҳаракатлару аниқ мўлжалли амаллар билан мақсадларига етдилар. Чунки биз бир оила эдик.

Зафар қучиб, биринчи лига сари...

Албатта, ўша йили нотекис ўйнаганимиздан ва мавсум охирида биргина очко етмай қолиб, биринчи лигага тушиб кетганимиздан қаттиқ афсусландик. Ўзбекистоннинг ёш ва «дангалчи» жамоаси москваликларнинг ғашини келтириши азалдан маълум эди. Яна шундай тусмол ҳам бор эдики, марказ Тошкентнинг ўзидан жуда узоқда жойлашгани туфайли биринчи лигага тушиб кетишини маъқул кўрган эмиш. Одамлар нима деса деяверсин-у, аммо ўша йили биз олий лигани тарк этдик...»


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz