Қайднома

Қидирув

Инқилобчи муғомбир ёхуд барчаси Роман Абрамович ҳақида

Инқилобчи муғомбир ёхуд барчаси Роман Абрамович ҳақида

  01.08.2019 03:33
  0
  827
 Инқилобчи муғомбир ёхуд барчаси Роман Абрамович ҳақида

Лондон уни хушламай қарши олди, илк кунлардан бошлаб уни тинмай танқид қилишди, аммо у пинагини бузмаган ҳолда ўз билганидан қолмади. Таажжубки, танқидлар салмоғи кучайгани сари унинг жамоаси оёққа тура бошлади. Шу тариқа инқилобчи муғомбир нафақат ўз клуби, балки АПЛ муҳитини тубдан ўзгартириб юборди. қуйидаги материал «Челси»нинг амалдаги соҳиби Роман Абрамович ҳақида.

Абрамовичга қадар «Челси» нималарга эга эди?

«Аристократлар»нинг аввалги соҳиби Кен Бэйтс клубга 21 йил раҳбарлик қилди. У 80-йиллар ўрталарида 2-дивизионда тўп сураётган жамоани рамзий 1 фунт эвазига харид қилиб, сезиларли ўзгаришларни амалга оширди. Аввалига жамоа АПЛнинг доимий аъзосига айланди, кейин узоқ йиллик машаққатларни енгиб, шахсий стадионига эга бўлди. Бунгача аренанинг маълум қисми кўчмас мулк савдосига ихтисослашган компаниянинг тасарруфида эди.

Аста-секин «Челси» ЕЧЛ қатнашчилари орасидан жой олди. Тўғри, муаммолар ҳам оз эмасди. Безориларга қарши курашда Бэйтс трибуналарни тиканли симлар билан муҳофаза қилишга мажбур бўлди. Лекин баъзан ўта ажабланарли қарорларни қабул қиларди: мавсумнинг ҳал қилувчи босқичида у иккинчи поғонада бораётган жамоанинг бош мураббийи Рууд Гуллитни бошқарувдан четлатганди. Охир-оқибат, Бэйтс «Челси»ни қарз ботқоғига чўктирди ва сотиб юборишдан ўзга чора топа олмади.

Россиялик бизнесмен эса бу пайт­да ўзга режалар билан банд эди. Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, у Россия клубларидан бирини харид қилиш ниятида эди. Бироқ «Торпедо» ва ЦСКА вакиллари билан тил топиша олмай, нигоҳини туманли ўлкага бурди. Швейцарияликлар кўмагида АПЛнинг иқтисодий ҳолатини ўрганди, агент Пини Захави эса клуб танлашда ёрдам берди. Лекин шунда ҳам «Челси» Абрамовичнинг эътиборидан четда эди.

Роман Абрамович илк вариантлардан бири сифатида «Арсенал»га оғиз солди. Аммо мутасаддилар «тўпчи-лар»нинг сотилмасликларини маълум қилишди. Бошқа бир маълумотга кўра, «Арсенал» вице-президенти Дэвид Дин россиялик бизнесмен таклифидан кўнгли тўлмаганини билдирган. Оқибатда миллиардер «Тоттенхэм»ни нишонга олган. Лекин жамоа жойлашган туманнинг нотинч эканлиги унга мақбул бўлмаган. Хуллас, қисқа вақт ичида «Челси» Абрамович учун сўнгги вариантга айланди. Бэйтс 140 млн. фунт сўради, харидор эса савдолашишни ҳам эп кўрмасдан, қўл ташлаб қўя қолди.

Томонлар ажойиб келишувни амалга оширган бўлсаларда, Англияда уни кескин қарши олишди. «Бу - шармандалик. Бэйтс «Челси» мистери эди. Клубни сотиш мумкин, бироқ харидорни синчиклаб ўрганиш лозим эди» - бу ВВСнинг баҳоси. «Клуб биз етарли даражада билмайдиган кишининг мулкига айланди. Аввал бу борада керакли маълумотга эга бўлиб, кейин бир қарорга келинганида яхшироқ бўларди», - деди собиқ спорт вазири Тони Бэнкс. ВВСнинг яна бир вакили Дэйв Поттингер эса қуйидагича фикр билдирди: «Энди «Челси»нинг тақдири чинакамига хавотирли. У жамоани бешбаттар қарзга ботиради».

Келишув расман имзоланганидан кейин нуфузли нашрларнинг бирида фақат Абрамовичга эмас, россиялик олигархларга бағишланган улкан мақола чоп этилди. Унда «Челси»нинг келажаги хусусида «даҳшатли» ибораси ишлатилди, мақола эса дабдабали «пул қаердан келди?» деган савол билан ниҳоясига етганди. Чунки муаллифлар «Челси»нинг харидига сарфланган маблағ Россия президентининг муруввати эвазига келгани, унинг келишувга алоқадорлиги шаъма қилинганди. «Кўклар»нинг радикал кайфиятдаги мухлислари янги соҳибни нафрат билан кутиб олишди: «Бизни сотиб ололмайсан!» Улар қаттиқ янглишган эдилар.

Роман Абрамович рисоладагидек жамоани харид қилганди, Клаудио Раньеридек малакали мутахассис, жаҳон чемпиони Эммануэль Пети ва Эйдур Гудьонсен ҳамда Будевен Зенден каби савияли ўйинчиларга эга жамоани. Айтганча, шу футболчилар «Челси»дан ташқари «Барселона»да ҳам қимматли тажриба тўплашга улгуришганди. Боз устига, жамоа ЕЧЛ иштирокчиси, қарзлари бор-йўғи 15 млн.ни ташкил этарди.

Албатта, у янада юксакроқ савияга кўтарилиши мумкин эди. Бунинг учун «Челси»га арзимас туртки етишмаётганди. Россиялик бизнесмен ана шу камчиликни бартараф этди. Аниқроғи, 10 нафар янги футболчиларни таркибга қўшди. Жумладан, Эрнан Креспо (26 млн. евро), Хуан Себастьян Верон (22) ва Клод Макелеле (20) «кўклар» сафидан жой олишди. Натижада «Челси» мавсумни 2-ўринда якунлади, фақат ғолиб - «Арсенал»га ета олмади. Лекин ЕЧЛ­нинг чорак финалида «тўпчилар»дан АПЛдаги аламини олди. Лэмпард ва Брижнинг сафар учрашувидаги голлари «кўклар»ни нуфузли турнирнинг ярим финалига олиб чиқди.

«Челси»нинг янги савияга кўтарилгани шубҳадан холи эди. Фақат бир киши бу фикрга қўшилмади. Ўша шахс Абрамович бўлгани учун Раньери ишсиз қолди. Россиялик соҳиб энди бошқа мураббийнинг иззатталаблик даражаси ва малакасини синаб кўришни режалаштирганди. Бу қарори билан жамоадаги масъулият ҳиссини янада кучайтирди. Карло Кудичини талаб даражасида ўйнаган бўлсада, Раньери Петр Чехни кўз остига олиб қўйганди. Шунингдек, истеъфоси арафасида у Дидье Дрогбани ҳам мўлжаллаб қўйганди. Шу футболчилар ва Паулу Фаррейра билан Рикарду Карвальюлар «кўклар» сафидан янги мураббий даврида жой олишди.

Раньери ўрнини эгаллаган Моуриньо италиялик касбдоши забт эта олмаган чўққини эгаллади, эволюция билан революция ўртасидаги тафовутни футбол оламига намойиш этди. Одатда, инқилоб камдан-кам ҳолларда муваффақият билан якунланади. Моу айнан шундай ноёб тўнтаришни амалга оширди - унинг шогирдлари 95, енгилмас «Арсенал»дан 5 очкога кўпроқ натижа билан шоҳсупага кўтарилдилар.

Муваффақиятнинг эътибордан четда қолган, лекин ўта муҳим бир жиҳати ҳам бор. Бу - 15 рақами. «Челси» зафарли мавсумида ўз дарвозасидан шунча гол ўтказиб юборди. Стартдаги 10 учрашувда бор-йўғи 2та! Ваҳоланки, у дастлабки турларда «Ливерпуль», «МЮ» ва «Тоттенхэм»дек грандлар чийриғидан ўтганди.

қисқаси, Абрамович учун серҳосил совринлар йиғими даври бошланди. Унинг жамоаси АПЛ ва Лига кубогида зафар қучди. Тўғри, ЕЧЛ ярим финалида курашни тўхтатишга мажбур бўлди. Лекин «Ливерпул»га қарши ўша баҳсда (0:0, 0:1) озгина омад етишмади.

Хуллас, мукаммал жамоани янада кучайтиришнинг иложи йўқдек эди. Бироқ соҳиб изланишни тўхтатмади. Фақат учинчи мавсумда «Беназир» АПЛ тахтини сэр Алексга бўшатди. Шундан кейин россиялик мистер олдида ўта нозик масала кўндаланг бўлди: мураббийнинг йирик совринга эриша олмаганини кечириш мумкинми? 2007 йилда «Челси» Англия­нинг икки кубогини қўлга киритди, чемпионатда кумуш медалларга эга чиқди, ЕЧЛда яна ярим финалда, яна «Ливерпуль» тўсиғидан ўта олмади. Бу сафар пенальтилар серияси натижасига кўра. 2-ўрин, ЕЧЛда ярим финалга чиқиш, 2та кубок - ажойиб мавсум! Аммо бир киши бундай фикр­да эмасди. Абрамович дунёнинг энг яхши мураббийи мақомига кўтарилган мутахассисга чиқиш эшикларини кўрсатмади, лекин у билан Моу ўртасидаги вазият жуда кескинлашди.

Аслида таранглик аввалроқ, Андрей Шевченконинг хариди ва Аврам Грантнинг пайдо бўлиши билан бошланганди. Мураббий Шевага муҳтож эмас, Грант эса жамоа бошқарувига аралаша бошлаганди. Янги мавсум стартида Моу барибир ишсиз қолди, Грант ихтиёрига ўтган жамоа эса «автопилот» режимида ЕЧЛ финалига чиқди ва «лотерея»да совринни бой берди. Тўғри, бу галги ярим финалда «Ливерпул»дан аввалги икки мағлубият учун алам олинди.

«Совринни қўлга кирит ёки жойни бўшат!»

Ҳа, Лондондаги 16 йиллик фаолия­ти давомида Абрамовичнинг бу норасмий қоидаси «Челси» доирасидан чиқиб, АПЛнинг дастуриламали бўлиб қолди. Ана шу давр ичида «кўклар»га 14 нафар мураббий устозлик қилди. Ўта юқори қўнимсизлик, ҳатто «Реал»­да ҳам бунчалик эмас. Ваҳоланки, муваффақиятга эришаётган клублар мураббий алмаштиришга ошиқмайдилар. Бундай бошқарув услубини фақат юқоридаги сарлавҳа тўлиқ ифодалайди. Карло Анчелотти чемпионлик ва кубокни қўлга киритди, кейинги мавсумда 2-ўринни эгаллади ва истеъфога йўл олди. АПЛ ғолибига айланган Моу ярим йилдан кейин ўрнини бўшатди, Антонио Конте истеъфодан сўнг товон пули масаласида узоқ судлашди, ваҳоланки, у ҳам охирги учрашувда «Челси»ни кубок соҳибига айлантирганди.

16 йилда 14 мураббий - бу жуда кўп. Лекин иккинчи томондан, шу давр ичида қўлга киритилган 20та соврин ундан ҳам кўпроқ! Хўш, ана шу сермаҳсул қоида муаллифини танқид қилиш адолатданми? Абрамович даврида жамоа атиги 4 марта мавсумни совринларсиз якунлади. қаторасига икки мавсум «қуруқ» ўйнаш кузатилмади. Ортда қолган 16 йил ичида мураббийларга ҳам осон бўлмади, албатта. «Челси» учун пул муаммо эмаслиги, лекин ёрқин ғалабаларни талаб қилиши уларга аввалдан маълум эди. Буни футболчилар ҳам яхши билардилар.

Кийиниш хонасининг таъсири

Бу - «Челси»га хос муҳим хусусият. Замонавий футболда мураббийлар ваколати тобора қисқариб бормоқда, «Челси»да бошқа жамоалардагидан ҳам озроқ. Ўйинчилар исён кўтаришганида буюк хизматлари ҳам Моуриньога қалқон бўла олмади. Лекин бош­қа томондан, кийиниш хонасининг тажовузкор табиатида ҳам қандайдир манфаат бордек: «Челси» икки марта ЕЧЛ финалида тўп сурди, иккаласида ҳам вақтинчалик мураббийлар бошқарувида майдонга тушди. Грант ва Ди Маттеога мавсумни охирига етказиб қўйиш вазифаси юкланганди.

Топ-ўйинчиларнинг улгуржи харидлари ва топ-мураббийлар ихтиёрига берилиши жамоа сулоласининг шаклланишига имкон берди. Москвада бой берилган 2008 йилдаги финалда майдонга тушган жамоани Моу тўплаганди. Орадан 5 йил ўтиб, 2012 йилда яна финалга чиққан «Челси»да ҳам португалиялик мутахассиснинг шогирдлари Моу услубида тўп суришди. Чех ва Дрогба сал аввалроқ келишган, Эссьен, Калу, Малуда, Эшли Коул ва Оби Микел Моу даврида харид қилинган эдилар. 5 йил давомида жамоа «Беназир»дан олган қувват инерцияси ҳисобига совринларга сазовор бўлди. Кейин Абрамович янги иқтидорларни таклиф этди: Азар, Виллиан, Педро, Канте, Давид Луиз... Азар - «Челси» учун улкан йўқотиш. Бироқ қолган ўйинчилар яна 5 йил бир қатор мураббийлар етакчилигида самарали тўп суриб, мураббийсиз нуфузли турнир финалига чиқишса, ажабланмаймиз.

«Совринларни сотиб олиш - нормал ҳолат»

2015 йилда «кўклар» навбатдаги чемпионликни расмийлаштирганларида, Моудан унинг АПЛда ғолиб чиқиш учун трансфер бозорини портлатаётган рақобатчиларга муносабатини сўрашди. Бу анчайин фитнага йўғрилган савол эди. Шу боис, касбдошларимиз «Беназир»дан кескин фикрларни кутишганди. Бироқ мутахассис вазминлик билан жавоб қайтарди: «Уларнинг ғолибликка интилишлари - нормал ҳолат. Мистер Абрамович Лондонга келгач, биз ҳам чемпионликни сотиб олдик. Ҳар бир жамоа бу босқични босиб ўтиши лозим. Энди ҳамма шу йўлни танламоқда».

Тан олайлик, энг адолатли баҳо! «Челси» чемпионликни сотиб олди. Кейин шайхлар бу ишни амалга оширишди. Абрамович бунинг учун 300 млн. сарфлаган бўлса, «Сити» мутасаддилари 4 йилдан кейин 500 «лимон»дан воз кечишди. «Шаҳарликлар»га рақобат қилган «Ливерпул»нинг ғазнаси 300 млн.га енгиллади. Шу ўринда эслатиб ўтиш шарт бўлган факт: 1998 йилда «Арсенал»га муносиб рақобат кўрсатиш учун сэр Алекс 40 млн. фунтни қурбон қилганди. Арзимас маблағ, аммо «Арсенал» ва «Ливерпул»нинг ўша пайтдаги харажатлари йиғиндиси «МЮ»никидан анча оз эди.

Хуллас, Лондонга келган россиялик бизнесмен АПЛ вакилларига савдо-сотиқ бобида тенги йўқ «мастер-класс» намойиш этди. Замонавий футбол учун маблағнинг мавжудлиги кам, уни ўз ўрнига, етарли самара берадиган қилиб сарфлаш муҳим аҳамиятга эга.

Содиқжон РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz