Қайднома

Қидирув

Звонимир Бобан: «Камтарона мақсадлар «Милан»га ярашмайди»

Звонимир Бобан: «Камтарона мақсадлар «Милан»га ярашмайди»

  01.08.2019 08:38
  0
  373
Звонимир Бобан: «Камтарона мақсадлар «Милан»га ярашмайди»

«Милан» клуби директори Звонимир Бобан яқинда журналистлар билан учрашиб, мавсум старти арафасида муҳим мавзулар юзасидан ўз фикрларини билдирди. Ушбу интервью билан қуйида танишишингиз мумкин.

- Клубга қайтишдан хурсандмисиз?

- Албатта, яна бу рангларни кўриб турганимдан мамнунман. Кучли ҳаяжондаман, аммо 50 ёшдаман, шу боис йиғламайман. «Милан»да узоқ вақт тўп сурганимни инобатга олсак, бу клуб мен учун алоҳида аҳамият касб этади.

- Келгуси мавсум учун режалар қандай?

- Айни пайт муайян барқарорлик бор. Клубимизнинг мақсадлари йўқлигини айтишмоқда, аммо аслида бундай эмас. Афсуски, айрим чекловлар бор. Улардан имкон қадар тезроқ қутулиш ҳаракатидамиз. «Милан»ни юқори даражага қайтаришимиз лозим. Қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Муаммо мавжуд омадсизликда эмас, балки омадга эришиш учун ҳаракат қилмасликда. Бу ерда кўпчиликни яхши танийман. Газидис билан уч йил мобайнида турли форумларда кўришдик. Анчадан буён муносабатларимиз яхши. Жамоа ва янги мураббийга ёрдам бериш учун астойдил меҳнат қилишга тайёрмиз.

- Ушбу лойиҳага қўшилишдан мақсадингиз нима?

- Уриниб кўрмасам, ўзимни кечиромасдим. Энди шу ердаман, салоҳиятимни ишга солмоқчиман. Паоло менга қўнғироқ қилди, Леонардо кетганидан сўнг унга ёрдам керак эди. Шунингдек, Иван билан ҳам гаплашдим ва лойиҳанинг тўғри йўналишда кетаётганини тушундим.

- Клубда иш бошлаш учун ФИФАдан кетдингиз...

- Бу унчалик аҳамиятли эмас. «Милан» - катта чорлов. Эҳтимол, фаолиятимдаги энг каттаси бўлса керак.

- «Россонери» қандай трансферларни амалга оширмоқчи?

- Харидлар хусусида гапириб, бозорни бузмоқчи эмасман (кулади). Бу ҳақда Паолодан сўранглар. Албатта, жамоа кучайиши лозим. Бу йил - ўзгаришлар йили, мураббий еврокубокларга чалғимай, футболчилар билан ишлаши мумкин. Унга ёрдам бериш учун инвестицияни оқилона киритиш керак. Ишқибозларга муайян бир футболчини сотиб олиш бўйича ваъда беролмайман. Уриниб кўрамиз. Жампаоло бизга йўналиш берди, ишлаяпмиз.

- Клубдаги муҳит яхшими?

- Биз ўйнаган «Милан»дагидек эмас. Шахсан мен барчасини ўзгача қабул қиламан. Футболчи учун бу орзу. Лекин «Милан»даги руҳият йўқолмайди, у жуда кучли.

- Верету ҳамда Беннасер ҳақида нима дейсиз?

- Иккиси ҳам ажойиб футболчилар. Бироқ трансферлар - Паолонинг иши. Мен ҳозирча майдон четидаги плеймейкер вазифасини бажаряпман, ҳам Паоло, ҳам Иван билан вақтимни ўтказяпман. Биргаликда яхши ишлаяпмиз.

- Доннарумма жамоанинг асосий дарвозабони бўлиб қолса керак?

- Эҳтимол. Паоло дунёнинг энг кучли уч дарвозабонидан бири, киперлар орасидаги ёш иқтидор соҳиби бизнинг клубимизда эканидан хурсандлигини билдирди. Ҳозирча вазият шундай, кейинчалик у ўзгариб кетиши ҳеч гапмас.

- «Милан»нинг аввалги нуфузини тиклаш учун нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?

- Умид бор, энди ишонч яратиш даркор. Жампаолонинг айтишича, ҳаммаси босқичма-босқич, лекин жуда тез амалга оширилиши лозим. «Милан» манфаати йўлида меҳнат қилиш керак. Хатолар бўлиши муқаррар, улардан қочиб бўлмайди, шунга кўра тўғри ва мантиқий қарорлар чиқариш муҳим. «Милан»дагиларда тез-тез муаммолар учрайди. Аввал шундай бўлган, кейин ҳам бу ҳолат такрорланиши мумкин, гарчи биз бундай бўлмаслигига умид қилсакда. Агентлар суҳбат пайти футболчилар ҳақида гўё профессордек гапиришади. Албатта, улар ўз ишларини қилишади, мижозларини пуллашади. Лекин биз ҳам ниманидир тушунамиз бу ишда.

- Ҳақиқий ишқибозлар жамоага ишонишда давом этишмоқда...

- Эсимда, клуб мухлислар сони миллиондан ортиқ эканлиги учун миннатдорлик билдирганди. Тифозилар ҳар доим ҳам ўзлари кутган шиддатли баҳсларни кўришмади, жуда кўп курашлар бўлди, лекин ишқибозлар жамоага содиқ қолишди. Бу фантастика. Келгуси мавсумда ҳам улар бизни мунтазам қўллаб-қувватлашади, деган умиддамиз. Бунга шубҳа қилмайман. Биз эса уларни чиройли футбол билан хурсанд қилишимиз лозим.

- «Милан» янги мавсумда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси илинжида ўйнаса керак?

- Асосийси - ҳар бир ўйинда ғалаба қозониб, яхши ўйин кўрсатиш. «Милан» камтарона мақсадлар билан кифоялана олмайди. Мағлубиятлардан кейин «Қўлимиздан келганини қилдик», дея ўзимизни оқламаслигимиз керак. Бунақаси «Милан»га ярашмайди. Биз имкон қадар рақобатбардош жамоа шакллантириб, Чемпионлар Лигасига чиқишга, ўз навбатида чиройли футбол намойиш этишга интиламиз. Ўйин ва сифат орқали қолганларга умид бағишлаш даркор.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz