Америкалик хонанда леди гага футболчи Диего Костадан анча узоқда... «Инстаграм» тармоғида америкалик машҳур хонанда ва актрисага боғлиқ кўтарилган флешмоб тўлқини беихтиёр бошқа бир тарихни эслатиб юборди: «Бешиктош» мухлислари вақтида Диего Костадан севимли жамоалари сафига қўшилишини ўтиниб сўрашганди. Россияликлар эса Леди Гаганинг «Инстаграм» тармоғидаги фотосурати остига деярли 1 миллион изоҳ қолдиришди. Бунда хонанда ва америкалик актёр Брэдли Купер итттифоқи мутлақо қораланган. Зеро, актёр шу туфайли россиялик топ-модель Ирина Шейк билан ажрашди. Бироқ Леди Гага тармоқдаги изоҳлар сони бўйича Диего Коста кўрсаткичига яқинлашолмади ҳам, барибир. Эътибор беринг, Криштиану Роналду ёки Лионель Месси эмас, охирги йилларда футбол майдонидаги обрўсини анча йўқотган Диего Костага...
Қизиқ, бирор марта жаҳоннинг энг машҳур футболчиси мақомини олмаган асли бразилиялик, ҳужжат бўйича эса испаниялик ҳужумчи вақтида ахборот кенглигида қандай «портлаш» эффектини юзага келтирган эди? Бу воқеага 2 йилдан ошди. Коста ўшанда ўз аккаунтига навбатдаги фотони қўйганди. Мутлақо оддий ҳолат - «Сан-Паулу» ярим ҳимоячиси Петрос Араужо билан бирга тушган сурати. Диққат қилинг, чамаси 5 кун ичида ушбу оддий фотографияга деярли 3 миллион изоҳ ёзилди. Уларнинг аксарияти футболчига хитоб шаклида битилганди: Come to Besiktas. Маъноси - «Бешиктошга кел». Туркия клуби мухлислари шу тариқа Диего Коста эътиборини тортишга уринишганди. Чунончи, ўшанда футболчининг трансфер масаласи ҳали ҳал бўлмаган ва унинг ўзи Туркияга йўл олиш вариантини ҳам кўриб чиқаётган эди. Аниқроқ айтсак, асли бразилиялик голеадор Лондон «Челси»си билан тўлиқ хайрлашмаганди. Хуллас, ўша пайт Коста «Инстаграм» тармоғида изоҳ тўплаш бобида америкалик супермашҳур актриса ва хонанда Селен Гомесни ҳам ортда қолдирганди. Қизиғи, футбол фанатлари ҳурлиқо хонандани қаттиқ ранжитмаслик учунми, унинг саҳифасига ҳам мурожаат йўллашган: «Бешиктошга кел». Энди эса айримлар «Инстаграм»да Леди Гага билан худди шундай тарзда ҳазиллашишмоқда. Костага қайтсак, миллионлаб ўтинч ва илтимосга қарамай, футболчи якунда «Бешиктош» сафига қўшилмаганди. У шунчаки, ўзига таниш клуб - Мадрид «Атлетико»сига қайтишни маъқул кўрди ва тез орада «матрасчилар» билан ЕЛ ғолибига айланди, қолаверса, Европа суперкубоги соҳиби бўлди. Диққатга сазовор томони, турк мухлислари флешмобни ҳамон тўхтатишгани йўқ: ҳозирда Костанинг ўша суратига ёзилган изоҳлар сони 3 миллион 700 мингдан ортди. Бу «Инстаграм»да спортчиларга дахлдор изоҳлар сони бўйича мутлақ рекорддир.
Умуман олганда, ушбу ижтимоий тармоқда энг кўп изоҳ марҳум рэпер - XXXTentacion (ижодий номи) сурати остига қўйилган. Уни 2018 йилнинг июнь ойида Майами шаҳрида отиб кетишганди. Хуллас, XXXTentacion сурати ҳозирга қадар 6 миллиондан кўп изоҳ тўплади. Изоҳ эмас, лайк ҳисоби бўйича айтсак, бу борада Криштиану Роналду спортчилар орасида шубҳасиз, етакчидир. Ваҳоланки, тармоқда португалияликнинг спорт сюжети остидаги сурати йўқ. Унинг туғруқхонадан турмуш ўртоғи билан чиқаётгани акс эттирилган фотосурати лайк тўплаш бобида мутлақ яхши кўрсаткичга эга. Оилавий фотога деярли 11,5 миллион марта «юрак»ча босилди. Шунингдек, Кришнинг тош устида қуёш нурида тобланаётган ҳолати 10 миллиондан кўп лайкка эга. КриРонинг охирги таътилига боғлиқ суратлари ҳам ижтимоий тармоқда мисли кўрилмаган даражада қизиқиш уйғотди. Лекин бунда ҳаммаси тушунарли: футболчининг ашаддий фанатлари унинг турли суратларига лайк босиш имкониятидан шунчаки, кўз юмолмайдилар. Умуман, Роналдунинг 10 миллион маррасига яқинлашган яна бир сурати ҳам футбол мавзусидан йироқ.
Дарвоқе, жорий йил «Инстаграм»да обуначи тўплаш тезлиги бобида Кинси Волански олдига тушадигани топилмади. Унинг ҳаёти гарчи профессионал спортга дахлдор бўлмасада (эҳтимол, спорт залида шуғулланиб турар), бир ҳаракат билан бутун футбол жамоатчилигини ўзига қаратди. Яъни Европа Чемпионлар Лигаси финали вақти майдонга югуриб тушдию, машҳурликка бурканди. Ҳар ҳолда, ижтимоий тармоқлар маълум муддат Воланскининг хатти-ҳаракати муҳокамасидан бўшагани йўқ. Дейлик, уни полиция маҳкамасида чамаси 1 соатча ушлаб туришди. У ердан чиққунича эса, «Инстаграм»даги саҳифага 1 миллиондан ортиқ киши ёзилишга улгурди. Волански ўз интервьюсида буни фахр билан гапириб берди. Айтганча, Кинси кейинроқ, яна майдонга югуриб тутишни режалаштирди. Бироқ Америка кубоги финалида кўриниш беролмади - афсонавий «Маракана» стадиони хизматчилари ҳушёр туриб, ёқимтой безорининг «ҳунар» кўрсатишига йўл қўйишмади.
А.Аҳмедов тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20