Қайднома

Қидирув

Ари: «40 ёшда ҳам юқори формада бўламан»

Ари: «40 ёшда ҳам юқори формада бўламан»

  02.08.2019 11:24
  0
  385
Ари: «40 ёшда ҳам юқори формада бўламан»

2010 йилнинг февралида бразилиялик Ари Москванинг «Спартак» клубига ўтганди. Шундан буён у РПЛнинг учта жамоаси сафида жами 269та ўйин ўтказди, Россия фуқаролигини қабул қилиб, Станислав Черчесов бошчилигидаги миллий термада ўйнади. Хорижлик ҳамкасбларимиз яқинда маҳоратли ҳужумчи билан суҳбатлашишди.

- Одамларга ёрдам кўрсатиш ҳақида гап борганда, дарҳол хаёлга ЙТҲ билан боғлиқ воқеа келади. Ўша ҳодисани яна бир марта ёдга олсангиз.

- «Локомотив» Тулада «Арсенал»га қарши ўйин ўтказганди. Ортга қайтаётганимизда, Фарфан иккимиз Москвага эртароқ етиб бориш учун клубдан машина сўрадик. Йўлга чиққанимиздан ўн дақиқа ўтар-ўтмас йўл-транспорт ҳодисаси устидан чиқдик. Битта автомобилдан тутун чиқарди, иккинчиси эса мажақланиб кетганди. Даҳшатнинг ўзгинаси, машина исталган пайт портлаб кетиши ҳеч гап эмасди. Шу заҳоти автоулов ичидаги одамларни чиқаришга шошдик, бундан бошқа нарсани ўйламаётгандик. Битта машинада эркак киши ва ҳомиладор аёл бор эди. Уларни чиқариш учун эшикларни буза бошладик. Бир амалладик, натижада ҳамма омон қолди.

- Ўша воқеа иштирокчиларидан бирортаси билан гаплашиб турасизми?

- Йўқ. Биз ёрдам бердик, тез ёрдам машинаси келишини кутдик ва кетдик. Жуда аҳамиятли нимадир қилдик деёлмайман. Ҳар қандай одам бизнинг ўрнимизда шундай йўл тутган бўларди. Умуман, «Краснодар»да бизга атрофдагиларга кўмаклашишнинг нақадар муҳимлиги ҳақида кўп гапиришади. Мисол учун, жаримага йўлиқсак, мураббий шу пулларни муҳтожларга бериш яхшироқ эканини таъкидлайди. Шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, клубдаги баъзи бир ходимларнинг фарзандларига операция ўтказиш учун пул керак бўлади.

- «Расизм» атамаси сиз учун нимани англатади?

- Ҳаммаси оддий: сен бошқа бир одамни унинг тана рангига қараб камситасан, бошқа миллат вакилига ўзгача муомала қиласан.

- Аниқлик киритайлик: мабодо сизни кимдир «шоколад» деб атаса - бу ирқчиликка кирадими?

- Агар жаҳл ва бефарқлик билан айтилса - шундай. Бордию, самимий тарзда ҳазилга йўйилса, албатта, бунинг расизмга алоқаси бўлмайди.

- Ёшингиз 34да. Ўсишда давом этяпсизми?

- Анча кучайдим, бу аниқ. Сабаби, «Краснодар»да ажойиб муҳит ҳукмрон. Энди менинг янги орзум - Чемпионлар Лигасида имкон қадар узоқроққа бориш, ахир бу шаҳар ва унинг аҳолиси топ-клубларга қарши ўтадиган ўйинларга муносиб.

- Аммо бир ярим йил аввал «Краснодар»га қайтмаслигингизни айтгандингиз.

- Ҳаммаси Шалимовни деб бўлган. Ундан ранжиганим учун шундай дегандим. Менга футболчи сифатида ишонмасди, бу эса мени хафа қилган.

- Жамоада мураббий қандай роль ўйнамоқда? Ахир у сиздан бир-икки ёш катта, холос.

- Менга бошчилик қилаётганларга ҳамиша ҳурмат кўзи билан қарайман. Мусаев кўп ўқиб-ўрганган, билими етарли. Унинг футболчилар билан гаплашиш услуби ҳам ҳурматга лойиқ. Яқинда қизиқ воқеа кузатилди. Машғулотга кеч қолганим учун Мусаев менга нисбатан жарима қўллади, ўшанда ундан: «Агар гол урсам, жазони бекор қиласизми?» деб сўрадим. У эса «Муаммосиз» дея жавоб қайтарди. Якунда ҳаммаси шундай бўлди. Бу жуда тўғри, мураббий ҳар бир шогирдига ўзига хос муносабатда бўлиши лозим.

- Ҳамон турли позицияларда кўриниш беряпсиз.

- Чунки бизда ҳеч ким бир жойга «михланмаган». Агар мураббий рухсати билан марказдан қанотга ўтиб, у ерда тўпни қабул қилсам, Классон ёки Вандерсондан бири менинг ўрнимни эгаллайди. Бизда ҳаммаси ўзаро боғлиқ. Мусаев туфайли жамоавий футболчига айландим, футболни кўпроқ тушуна бошладим. У ажойиб мураббий. Сёмин каби ақлли, ваҳоланки, Мусаев эндигина 35 ёшга тўлди.

- Нега Сёминни алоҳида ажратиб кўрсатяпсиз?

- У жудаям ақлли. Унга айёрлик ўтмайди. Одамнинг ичидан нималар кечаётгани, кайфиятини дарҳол билади. Машғулотлардан кутилмаганда ҳайдаб, «Ишлашни хоҳламаётганинг кўриниб турибди. Бор, дам ол, лекин ўйинда ўзингни кўрсатолмасанг - тамомсан», дейишим мумкин.

- Мураббийлар орасидан яна кимни эътироф этасиз?

- Черчесовни. У «Спартак»да ишлаган кезлари мени олмоқчи эканлигини айтганди. Яна бир ақлли мураббий. Термада ҳамма нарса тартиб-интизом, ҳурмат ва тактика ҳисобига қурилган. Футболчиларнинг ҳар бир ҳаракати инобатга олинади. Ўйлашимча, мураббий Швецияга қарши баҳсни муваффақиятли ўтказишимиз учун зарур бўлган барча кўрсатмаларни берганди. Лекин бироз ишимиз қовушмади.

- Россия термасидан кетасизми ёки унга яна қайтиш истаги борми?

- Албатта, қайтаман. Умид қиламанки, «Краснодар» билан Чемпионлар Лигасида муваффақиятли тўп сураман ва Черчесов мени яна чақиради. Ишонаверинг, 40 ёшимда ҳам мени РПЛда ажойиб формада ўйнаётган ҳолда кўрасиз.

- Демак, Россияда қолишни мўлжаллаётган экансиз-да?

- Ўзимни рус деб ҳисоблайман ва менимча, Россия энди мени ҳеч қачон қўйиб юбормайди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz