Хабар берганимиздек, айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб “Чарм тўп” анъанавий футбол мусобақалари ўтказилмоқда. Тўрт босқичда ташкил этиладиган мазкур мусобақанинг дастлабки босқичи якунига етди ва ҳозирда маҳалла босқичида ғолиб чиққан жамоалар иккинчи босқичга қизғин тайёргарлик кўришмоқда.
Сир эмас, мамлакатимизда спорт, хусусан футболни ривожлантиришга катта эътибор бериляпти. Ушбу жараёнда профессионал футбол билан бир қаторда ҳаваскорлар даражасида шуғулланиш учун ҳам барча шароитлар муҳайё қилиб берилаётганлиги таҳсинга сазовор. Ўзбекистонда эса футбол биринчи рақамли спорт тури саналади. Бугун қай бир маҳаллага борманг, футбол майдонларида жажжи болакайлардан тортиб ўрта ёшли аҳолигача футбол ўйнаётганлигига гувоҳ бўласиз. Бу ўз навбатида аҳолини соғлом турмуш тарзига кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этади. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллалар ўртасида ўтказиб келинаётган “Чарм тўп” анъанавий турнири ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Куни кеча Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида “Чарм тўп-2019” анъанавий футбол мусобақаси ташкилий қўмитасининг йиғилиши ўтказилди. Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев раислик қилган ушбу йиғилишда Ўзбекистон МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, ЎФА Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, вазирликнинг бошқарма бошлиқлари, ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари, турли вазирлик ва идораларнинг масъуллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди. Йиғилишда дастлаб “Чарм тўп” анъанавий футбол турнирининг илк босқичи якунлари бўйича ҳудудий бошқармаларнинг ҳисоботи тингланди. Шундан сўнг вилоят босқичлари ва якуний Республика босқичини юқори савияда ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди. Шуни таъкидлаш жоиз, ташкилотчилар томонидан иштирокчиларга барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш энг устувор вазифа этиб белгиланди. Бу борада жойларда махсус ишчи гуруҳлар ташкил этиш, қатнашчиларнинг бевосита мусобақадаги иштирокидан тортиб жойлашиш масаласи ва овқатланишигача жиддий назорат қилинади. Мақсад – мусобақани юксак савияда ташкил этиш ва ёшлар қалбида футболга меҳр уйғотиш. Якуний республика босқичида жамоаларнинг сафар харажатлари тўлиқ қопланади. Шунингдек, жойлардаги ўйинлар ва финал босқичи нафақат футболчилар, балки уларнинг яқинлари, маҳалла аҳли ва мухлислар учун ҳақиқий байрамга айланишини таъминлаш белгиланди. Ҳал қилувчи финал ўйини эса пойтахтимизнинг асосий стадионларидан бирида, катта эҳтимол билан “Жар” стадионида гала концерт ва оммавий сайл тарзида ўтказилади. Шуни ҳам таъкидлаш керак, “Чарм тўп” футбол турнири иштирокчилари ҳаваскорлар бўлса-да, улар профессионал даражадаги, жаҳон стандартларига жавоб берувчи катта бир турнирга эга бўлишмоқда. Бу эса уларнинг келгусида спорт билан бир умрга ошно тутинишига хизмат қилса ажабмас. Эслатиб ўтамиз, “Чарм тўп” анъанавий футбол мусобақаларининг иккинчи босқич ўйинлари (туман ва шаҳар) 2-10 август кунлари, учинчи босқич эса 10-20 август кунлари ва ниҳоят якуний Республика финал босқичи 22-30 август кунлари ўтказилади.
Манба: Uza.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20