Қайднома

Қидирув

Гвардиола «Сити»да нега қолди?

Гвардиола «Сити»да нега қолди?

  03.08.2019 01:16
  0
  531
Гвардиола «Сити»да нега қолди?

Европада янги мавсум старти тобора яқинлашмоқда. Тушунарлики, АПЛ доимгидек, ҳамманинг эътиборида. Орада «Ювентус» бошқарувини қўлга олиши ҳақида ҳаттоки, ишонарли хабарлар чиққан Хосеп Гвардиола якунда барчасини инкор этиб, «Манчестер Сити»да қолди. Испаниялик мухахассис Каталониянинг Ara нашри ижодкорлари билан суҳбат давомида шахсий ҳаётидаги ўзгаришларга тўхталиш баробарида самарали фаолиятининг барча босқичларини эсга олди. Яъни Гвардиола деярли барчасини муҳокама қилди - «Барселона»даги ишидан бошлаб, «Сити» билан шартномасини 2021 йилгача узайтиргани сабабигача...

 

Хосеп Гвардиола 48 ёшигача мураббий сифатида Испания, Германия ва Англия миллий чемпионатларида нақ 9 марта ғалаба нашидасини сурди. Ўзининг тан олишича, янги соҳадаги 11 йиллик фаолияти давомида кўп нарса ўзгарди. Дейлик, у авваллари якшанба кунига белгиланган ўйин ҳақида бутун ҳафта давомида ўйларди, энди эса шахсий ҳаётига кўпроқ эътибор қаратиб, фақат жума-шанба кунлари тўлақонли иш жараёнига киришмоқда. Мураббий бунга ҳақли. Ҳар ҳолда, у ўйин услуби АПЛга асло тўғри келмаслигини айтганларга муносиб жавоб бера олди:

- 2008 йили ҳам ўз салоҳиятимга заррача шубҳа қилмаган ва Лапортанинг «Барселона»ни бошқариш хусусидаги таклифига дарҳол ижобий жавоб берганман. Ҳа, эҳтимол, ҳали анча ёш бўлганим учун муқобил вариантларни ўйлаб кўрмагандирман. Зеро, ўша вақт атиги 37 ёшда эдим ва Тито Виланова билан «Барселона Б»ни шуғуллантирардим. Испания учинчи дивизионидаги тажриба жуда қўл келгани аниқ. Эсимда, ўша вақт Вилановага тўлиқ ишонч билан гапиргандим: «Агар ҳозирги танг ва сифатсиз майдонларда савияси нисбатан паст ўйинчилар билан яхши футбол йўлга қўя олсак, билгинки, эртага катта доирада асло қийналмаймиз. Яъни кенгроқ ҳудудда ўйлаганларимизни бемалол амалга оширамиз. Ҳар ҳолда, юқори савияли футболчилар кўрсатмаларни тезроқ илғайдилар».

- Бундеслига ва АПЛда ўз услубимни жорий этолмаслигимни таъкидлаган кишилар энди уялишаётгандир... Ахир улар Давид Сильва, Бернарду Сильва, Стерлинг ва Агуэро каби бўйи пастроқ футболчилар билан тўп назорати бобида рақибдан устунлик қилиш амри-маҳол эканлигини қайта-қайта айтгандилар. Мана, амалда барчасини уддаладик. Айнан тартибли ҳимоя ва тўпни олиб юриш эвазига ўйинни тўлиқ назорат остига олиш эвазига уддалаганимиз икки ҳисса ёқимли. Жарима майдони атрофидаги 40 метр ҳудудда йўлга қўйилган тажовузкор ҳимоя натида берди. Статистика бўйича айтсак, энг кам тўғри зарба «Сити» дарвозаси томон йўналтирилмоқда - бу услубим АПЛга ҳам мос тушганидан далолат.

- 2та асосий қоидамиз кўпчиликка маълум - юқори прессинг ва ўйинни ерлатиб олиб бориш. Тўғриси, Испания учинчи дивизионида «Барселона-Б» бошқарувини қўлга олганимдан буён шу икки жиҳатни асло ўзгартирганим йўқ. Чунки ҳар иккисининг самараси яққол кўриняпти.

Вақтида Лионель Месси ўқишдан безиган талабага ўхшаб қолганди. Шунда Гвардиола ва Виланова уни ўйин чизмасига идеал тарзда жойлаштириш устида роса бош қотиришган. Леонинг ўзи Fox Sports нашрига берган интервьюсида барчасини очиқ-ойдин эътироф этганди: «Пеп фақат беқиёс тактик эмас, балки яна кучли башоратчи ҳам. Гоҳида у ўйин қандай давом этишини максимал аниқлик билан аниқлайди». Гвардиола албатта, бундан фахрланади ва ўз наздидаги сайёрамизнинг энг яхши футболчиси билан ҳамкорлик тажрибаси ҳақида тўлқинланиб гапиради:

- Ўйлашимча, муайян тизим яратилишида ҳаммаси менга боғлиқ эмасди, хусусан, Тито Виланова ва мураббийлар штабининг бошқа аъзолари хизмати ҳам катта. Ҳозир Мессига фақат миннатдорчилик билдиришим мумкин. Тито кўпинча бир гапни такрорларди: «Лео худди ўқиш ва маърузалардан чарчаган талабага ўхшайди. Чунки у ҳаммасини яхши билади». Шундай етук ижрочи билан бирга ишлаш насиб этгани - омадим юришганидан далолат. Вақтида уни ўйин чизмасига идеал тарзда мослаштириш учун турли ғояларни амалда синаб кўрганмиз. Бунда мусиқий ансамблнинг кўплаб аъзолари хор ижросидан бирдек завқланишгани каби Месси ҳам аввало, ўйиндан роҳатланишини хоҳлаганмиз. Буни унинг ўзига ҳам кўп бора такрорлаганман, энди эса иккимиз кўришмаяпмиз, ҳисоб - йўлларимиз айро...

- Ўша «Барселона» ёрқин футболчиларга тўла эди, бироқ тан оламан, Мессисиз забт этилган маррага етолмасдик, барибир. Чунончи, Леонинг жамоадаги ўрни торт устидаги безак - олчадан ҳам муҳим эди.

Хосеп ўз навбатида, мураббийлик ишида Йохан Кройфф, Карлес Решак (ўтган асрнинг 80-йиллари «Барса» ёшларига устозлик қилган мураббий) ва Луи ван Гал тажрибасидан кўп жиҳатларни ўзлаштирганини ошкора тан олади:

- Кройфф ҳам ўйин қандай ривожланишини осонгина пайқарди, у шунинг баробарида футболчиларга янги-янги жиҳатларни очиб бериши билан ажралиб турган. Нокамтарлик саналсада, айтаман, баъзан шогирдларим билан ўзаро суҳбат чоғи ўзимни худди Кройффдек тутаётганимни ҳис қиламан. Орадан 20 йил ўтган бўлсада, унинг ғоялари ўз аҳамиятини йўқотмаганига ишончим комил, шунинг учун улардан кенг фойдаланиш йўлларини излайман. Дейлик, футболчи тезлашиш учун энг тўғри вақтни топиши зарур  - югура бошладингми, олдингда муайян бўш ҳудуд юзага келсин. Умуман, ўйинчилар билан мулоқот чоғи мураббий ҳамиша ташаббус кўрсатиши шарт. Кройфф ҳозир орамизда йўқ, лекин унинг тактик ишланмаларидан кўпи ҳамон амалда. Жумладан, шахсан мен мураббийликда Йохандан кўп андаза олганман.

Гвардиоланинг фикрича, «Барселона» бошқарувида муваффақиятли ишлашида маҳаллий футболчиларнинг улуши салмоқли бўлган. У бунда ҳам Кройфф қоидаларига амал қилган. Зеро, голландиялик мутахассис ҳаттоки, ёшлар даражасида ҳам маҳаллий ўйинчиларга алоҳида эътибор қаратарди. Мураббийнинг айтишича, Месси гарчи космик даражадаги футболчи бўлсада, жамоа натижаларини фақат унга боғлаш нотўғри:

- Футбол - жамоавий спорт тури. Демакки, алоҳида бир футболчининг ёлғиз ўзи қарама-қаршилик тақдирини ҳал этолмайди, гарчи у жуда кучли бўлсада. Ҳаттоки, Лео даражасидаги ижрочи ҳам бунга қодир эмас.

Луи ван Гал El Pais нашрига берган интервьюсида Каталония клубининг евроаренада соврин ютолмаганида айнан Мессини айблаганди. 67 ёшли голландиялик мутахассиснинг фикрича, Гвардиоладан кейин «Барса»ни бошқарган бирор мураббий Лео характерини талаб даражасида ўрганолмаган, уни тўғри йўлга сололмаган. Аниқроқ айтсак, биргина Пеп аргентиналик юлдуздан жамоа манфаати йўлида фойдаланган, қолган мураббийлар эса аввало, унинг ёрдамида натижа кўрсатишга уринишган. Хўш, Гвардиола бу хулосага қандай қарайди? У Луи ван Гални тушунади, аммо фикрларини тўла маъқулламайди:

- Ван Гал эҳтимолки, тўпсиз ишлаш ҳолатини назарда тутгандир, чунки бу Европа аренасида жуда муҳим. Вақтида Леони қанотдан марказга кўчирганимнинг ягона сабаби бор эди - ҳимояни мустаҳкамлаш. Қитъа миқёсидаги турнирларда қанот ҳимоячилари тез-тез ҳужумга қўшилишади. Мен эса Месси уларни таъқиб қилиб, кўп куч сарфлашини хоҳламаганман. Қолаверса, у марказда ўз иқтидорини яхшироқ намоён этарди, айниқса, ўйиннинг охирги қисмида. Эсимда, илк кундан эътиборан Леони жамоа учун ўйнашга йўналтирганман. Ҳозир эса Агуэродан айни шу нарсани талаб қиляпман. Шунинг баробарида ҳамон Серхио учун ўйин чизмасида энг мақбул роль қидиряпман. Ўйлайманки, жамоа учун ўйнаш футболчининг ўзига ҳам кўпроқ роҳат бағишлайди. Бироқ «Барса» мураббийлари ишини муҳокама қилишим ножоиз. Биринчидан, бундай ваколатим йўқ, иккинчидан, бошқа мураббийларнинг менинг ишимни муҳокама этишлари ўзимга ҳам сира ёқмайди.

- Ван Гал худди Кройфф каби ўта дангалчи мураббий. Лекин мен бу масалада уларга ўхшамайман - эҳтиёткорроқ гапиришни маъқул кўраман, чунки ортиқча реакцияга хушим йўқ. Қолаверса, фикрларимни нотўғри тушунишлари ҳам мумкин. Ҳа, «Барселона»нинг кўплаб ўйинлари қатори «Ливерпул»га қарши кечган баҳсларини ҳам кўрдим. Бир қарашда, Лео майдонда телбадек югургани рост. Ҳар ҳолда, доимий равишда тўпсиз ҳаракатланишига тўғри келди. Лекин «Барса» айнан Месси туфайли ЧЛда ғалаба қозонолмаётгани хусусидаги фикрларга асло қўшилмайман. Ишонинг, евроаренада клубимнинг  «Барселона» билан дуч келишини асло хоҳламайман. Ахир гап ҳар қандай рақибни енгишга қодир жамоа ҳақида кетмоқда. Менимча, агар каталонияликлар ЧЛ финалига чиқишганида, кубокни бериб қўйишмасди.

Дарвоқе, Гвардиола «Барса»нинг «Энфилд»даги жавоб ўйинида лоақал 1та гол уришига шубҳаланган эмасди:

- Футболчилар «Ливерпуль» майдонида ўйнаш нақадар оғирлигини тушунишлари керак эди. «Энфилд»нинг трибунаости биносидаги This is Anfield ёзуви - бу тижорат эмас. Ушбу аренада қандайдир ўзига хос томони борки, буни дунёнинг бошқа бирор стадионида учратмайсиз. «Ливерпуль» гол урса тамом, яқин 4 дақиқа ичида яна 4та қўйиб юборишинг мумкинлигини ўйлаб, мислсиз босиб остида қоласан.

Мураббий фаолиятидаги энг кучли икки рақиб - булар Энрике «Барса»си ва айнан Клопп тузган  «Ливерпуль». Гвардиола шунинг баробарида ЧЛда рақобат тобора ошиб бораётганини ва «Барселона» бунга мослашиши кераклигини алоҳида таъкидламоқда:

- Мана, Маурицио Сарри бошқарувига ўтган ва таркибида Роналдуси бор «Ювентус» навбатдаги турнирни ўзгача қарши олиши аниқ. Ўйлашимча, «Барса» барчасини тушунадиган вақт ҳам келади. Жамоа ЧЛда шунчаки, «Барселона» бўлгани учун ғолиб чиқолмаяпти. Бу худдики, ЖЧда Аргентина термасидан ҳамиша ғалаба кутишларига ўхшайди. Тушунинг, «Барса» жуда яхши клуб, бироқ бошқа жамоалар ҳам ЧЛ кубогини олишни истайди. Менимча, «Барселона» раҳбарияти Месси атрофига муносиб футболчиларни йиғди. Ҳа, олдин ҳам шундай эди - Лео атрофида ҳамиша кучли ижрочилар тўп суришган. Яқинда фаолиятим давомида менга учраган энг мураккаб икки рақиб сифатида ўтган мавсумдаги «Ливерпуль» ва Луис Энрике тузган «Барселона»ни тилга олдим. Умид қиламанки, «Мадрид» бундан алоҳида ранжимайди. Айниқса, Энрике йўлга қўйган ҳужум учлиги даҳшатли эди. Дейлик, Месси олдида бетакрор иқтидор соҳиби Неймар тўп сурарди. Асосийси, жамоа тартибли ўйин кўрсатди. Ишга муносабат, жонкуярлик, мақсад сари интилиш - барчаси жойида эди. Чунки Энрике қарши ҳужум ва узун узатмалар ҳисобига «Барса» ўйинига хилма-хиллик олиб кирди. Хўш, «Барселона» ўша ҳолатга қайтиши мумкинми? Мисол учун, Неймар қайтса, ўйин шиддати ошадими? Бу саволларга жавоб беришдан маъно йўқ. Бу худдики, агар «Барселона»га қайтсам, мураббийлик фаолиятимнинг бошлан-ғич қисмидаги муваффақиятларни такрорлай олиш-олмаслигимни сўрашдек гап. Билмадим. Орадан шунча вақт ўтди, футболда кўп нарса ўзгарди.

Испанияда ишлаш Англиядагига нисбатан кўпроқ куч талаб қиладими? Пеп «Манчестер Сити»даги фаолияти хусусида гапирар экан, икки лигани ўзаро таққослади ва ички чемпионатдаги ғалабани нега кўпроқ қадрлашига ҳам изоҳ берди:

- Гоҳида турли луқмалар қулоққа чалинади: «Нима, Гвардиола миллий чемпионат ғолибими, майли, бироқ бу ЧЛ эмас-ку...» Албатта, ЧЛда ҳам  ғалаба қозонишни истайман, лекин айнан ички чемпионатдаги зафар ҳам футболчилар, ҳам мураббийга кўпроқ ишонч бағишлайди. Бинобарин, миллий лига бош совринини ютиш учун ҳар 3 кунда ғалаба қозониш талаб этилади. Бундан ташқари, чемпионат масофасини ҳам инобатга олиш керак. Шундай экан, дейлик, АПЛни барчасини биттагина «плей-офф» босқичи барбод этиши мумкин бўлган ЧЛ ёки Англия кубок турнирлари билан бир қаторга қўёлмайман. Тушунарлики, АПЛда ғалаба қозониш жуда мушкул. Ёрқин мисол, охирги 11 йилни олсак, битта клуб илк марта қаторасига 2 бора ғолиб чиқди. Испанияда эса ўша «Барселона» бир неча марта кетма-кет соврин ютди. Шундай бўлсада, Испанияда ишлаш кишини кўпроқ чарчатади. Чунки у ерда эҳтирос кучлироқ, яна матбуот анжуманларига чидаш қийин - ҳамиша қандайдир можаро чиқаришга уринишади. Германияда бундай эмасди. Манчестерда Чики Бегиристайн ва Ферран Сориано билан бирга ишлаяпман ва ўзимни ҳимоя остида ҳис қиламан. Йўқ, улар ҳар бир гапимни маъқулламайдилар, баъзан тортишиб ҳам турамиз. Лекин факт шуки, ғалабалар ишни тўғри йўлга қўйганимизни англатади. Муҳими, «Сити»да футболга боғлиқ қарорларни 3 ёки 4 кишидан иборат гуруҳ қабул қилади. Яъни 18 нафар директордан 18 хил фикр чиқиши каби ҳолатлар йўқ.

- Мана, ўртадаги шартнома муддатини 2021 йилга қадар узайтирдим, негаки, жамоамиз ҳали ёш ва асосийси, менга у билан хотиржам ишлаш имкониятини беришяпти. Фаолиятимни давом эттириш учун янада яхшироқ клубни қаердан топаман? Испания ёки Германияга қайтишим керакми? Умуман, АПЛда мавжуд шундай ажойиб инфратузилма яна қайси лигада бор? Одамлардан Германия ёки Англияда ҳеч қачон бундай мураббийлик услубини кўришмагани ҳақида эшитиш ёқимли. Инсон борки, унга мақтов, лоақал илиқ сўз ёқади. Яшириб нима қилдим, «Сити»нинг Британия футболи тарихидаги энг кучли клублар қаторида зикр этишларидан ўзгача ғурурланаман.

*** Гвардиола Европа Суперлигаси тузиш ғоясига қарши. Унинг фикрича, бундай турнир миллий чемпионатларни таназзулга етаклайди. Дейлик, «Барселона» ва «Реал» Испания чемпионатидан чиқиб кетса, ҳеч ким Ла-лигага сармоя киритмайди ва чемпионат ўз-ўзидан инқироз кўчасига киради.

*** Пепнинг эътироф этишича, Маурисио Почеттино ажойиб мураббий. «Тоттенхэм» устози айниқса, рақиб режасини бузишда беназирдир.

***Гвардиола ўйинга тайёргарлик жараёнида видеолавҳалардан фойдаланади, лекин асосан шахсий тажрибасига таянади. Статистика - фақат ёрдамчи элемент.

*** Гвардиоланинг сиёсатга муносабати: у демократия тарафдори. Унинг фикрича, халқ эътирози ҳамиша тараққиётга двигатель сифатида хизмат қилади.

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz