Қайднома

Қидирув

Қатар юлдузлар лигасида янги

Қатар юлдузлар лигасида янги

  05.08.2019 05:52
  0
  655
Қатар юлдузлар лигасида янги

Қатар Юлдузлар лигаси жаҳон футболининг энг йирик номларини мунтазам равишда ўзига жалб қилиши билан бизни ҳайратга солиб келмоқда. Жорий трансфер ойнасида ҳам қатар клублари эътиборга молик бир нечта харидларни амалга оширишди. Улар орасида, албатта, ўзбекистонлик вингер Сардор Рашидов ҳам бор. Маҳоратли футболчимиз бу сафар «қатар СК» клуби билан шартнома имзолади. Рашидовнинг ушбу мамлакатдаги навбатдаги «миссия»­-си муваффақиятли чиқишига тилакдош бўлган ҳолда, Юлдузлар лигасида тўп сурадиган янги юлдузлар ҳақида сўз юритамиз.

Исландия сардори «Ал-Араби»да

2016 йили Франция майдонларида ўтказилган Европа чемпионати баҳслари кашфиётига айланган исландлар жамоасида ён чизиқдан тўпни анча узоқ масофага улоқтириб берадиган Арон Гуннарссон жамоа сардори эди. Ўша чемпионатда мухлислар назарига тушган футболчи энди фаолиятини «Ал-Араби» сафида давом эттиради. 30 ёшли ярим ҳимоячи бунга қадар 8 йил давомида Уэльснинг «Кардифф Сити»си шарафини ҳимоя қилди. Таъкидлаш жоизки, Гуннарссон қатар жамоаси таркибига эркин агент сифатида келиб қўшилди.

«Рома» ва «Арсенал»ни четлаб, «Ал-Райян»ни танлади

2014-2019 йилларда «Порту» шарафини ҳимоя қилган Ёсин Браими сўнгги пайтларда бир нечта гранд клублар нишонида турганди. Ўтган мавсум «Порту» сафида барча мусобақаларда 49 учрашувда майдонга тушиб, 13та гол ва 9та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйган футболчи мавсум якунида эркин агентга айланди. Парижда туғилган Жазоир миллий термаси вакили Европада қолиб, ўсишга эришишдан кўра, Абдулла бин Ҳамад ал Тани таклиф этган катта миқдордаги маошни маъқул кўрди.

«Севилья» ҳимоячиси ҳам шу ерда

Габриэль Меркадо ҳам Браими сингари «Ал-Райян» президенти таклиф этган йирик маошдан кўнгил узолмади. Аргентиналик ҳимоячи ўтган мавсум севильяликлар таркибида 34 учрашувда майдонга тушди ва 3та гол урди. Гарчи ҳали Европа даражасида тўп сура олса ҳам, Осиё майдонлари сари равона бўлди. 32 ёшли футболчи ҳам эркин агент мақоми билан қатар клубини кучайтирди.

«Ньюкасл» футболчиси Гвардиоланинг собиқ клубида

Гап Муҳаммад Диаме ҳақида бормоқда. Фаолияти давомида «Райо Вальекано», «Вест Хэм», «Халл Сити» жамоаларида тўп сурган футболчи сўнгги 3 мавсум «Ньюкасл Юнайтед» шарафини ҳимоя қилди. Трансфер ойнаси очилгач, футболчи эркин агент сифатида қатарнинг «Ал-Аҳли» клуби таркибига қўшилди. У собиқ жамоаси сафида ўтган мавсум 29 баҳс­да майдонга тушганди. Эслатиб ўтамиз, Хосеп Гвардиола мазкур клубда 2003|2005 йилларда тўп сурган.

Шунингдек, ал Жар ҳам...

«Ал-Аҳли» таркибига «Леганес» ҳужумчиси Набил ал Жар ҳам текинга келиб қўшилди. У ўтган мавсум Испания чемпионатида 27 учрашувда майдонга тушиб, 4та гол муаллифига айланганди. Эслатиб ўтамиз, Набиль 2006|2011 йилларда «Ливерпуль» сафида ўйнаган. Марокашлик ҳужумчи фаолиятининг эътиборли томони шундаки, яқинда 33 ёшга тўладиган футболчини ўз сафига қўшиб олиш учун клублар атиги 265 минг евро миқдорида пул сарфлашган. У қолган ҳолатларда эркин агент мақоми билан жамоалар таркибини кучайтириб келмоқда.

Бундан ташқари, бир пайтлари немис футболининг бўлажак энг кучли ҳужумчиси, дея башорат қилинган Пьер Мишель Ласогга, «Бунёдкор»нинг собиқ футболчиси Жоао Виктор, эронлик Карим Ансарифард, «Эспаньол» футболчиси Эрнан Перез каби футболчилар қатар клублари сафини тўлдиришди.

Эътиборлиси, қатарликлар юқорида номлари кўрсатилган футболчиларни ўз сафига қўшиб олиш учун бир доллар ҳам сарфлашмаган. Хитойликлардан фарқли равишда, қатар клублари футболчининг ўзи билан келишадилар ва унга катта маош таклиф қилишади. Футболчи эса шартномаси тугагач, эркин агент сифатида жамоа сафига келиб қўшилади. Трансфер сиёсатидаги бу услуб кўрсатяптики, қатар футболи ҳар томонлама текис ва равон йўлда.

Фахриддин РЎЗИЕВ,  "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz