Қайднома

Қидирув

Шоҳруҳ ГАДОЕВ: «Яна хорижда тўп суриш режамда бор»

Шоҳруҳ ГАДОЕВ: «Яна хорижда тўп суриш режамда бор»

  05.08.2019 09:56
  0
  500
Шоҳруҳ ГАДОЕВ: «Яна хорижда тўп суриш режамда бор»

Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси қолган клублардан фарқли ўлароқ, иккинчи даврага ҳозирликни хорижда олиб борди. 12-22 июль оралиғида ўтказилган йиғинда Вадим Абрамов Мухаммад Диалло, Евгений Чумак, Дмитрий Островский каби легионерларни кўрикдан ўтказиб, якунда Кот-Д`Ивуарлик футболчига жавоб бериб юборилди, қолган икки легионер билан шартнома имзоланди. Шунингдек, яқинда «қалдирғочлар» Шоҳруҳ Гадоев билан ҳам келишувга эришдилар. Фурсатдан фойдаланиб, юртимизга қайтган вингерга ўзимизни қизиқтирган бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

- Шоҳруҳ, «Бунёдкор»га умумий ҳисобда учинчи марта келишингиз. Ўзингни қандай ҳис қиляпсиз?

- Тўғрироғи, иккинчи марта. 2016 йили бу клубга Сергей Лушан таклифига биноан, «Ал-Муҳаррақ» жамоа-сидан келиб қўшилгандим. 2017 йилнинг бошида эса ўйин амалиётига эга бўлиш учун «Бухоро» вариантини қабул қилдим. Улуғбек Бақоев янги жамоа шакллантираётганини айтиб, ёрдам беришимни истади. Буни қарангки, орада «Бунёдкор» бошқаруви Миржалол қосимов қўлига ўтди. Ушбу мутахассис мени яхши билгани учун ижарадан қайтариб, таркибга жалб қилди.

- Сиз тўп сурган вақтга қараганда клубда катта ҳажмдаги ўзгаришлар амалга оширилди. «Бунёдкор» атрофида бўлаётган воқеалардан хабардормисиз?

- Олдин Лушан, қосимов билан бирга ишладим. Энди буёғига Вадим Карленович бошчилигида клубни юқори чўққилар сари етаклашга интиламиз. «Бунёдкор»да кенг кўламдаги ислоҳотлар юз берганидан хабарим бор. Гарчи «Тэжон Сити»да тўп сурган бўлсамда, собиқ жамоам ўйинлари ва натижалари мени бефарқ қолдирмади. Ижтимоий тармоқлар орқали чемпионатимизни кузатиб бордим.

- Жорий мавсумдан эътиборан асосий таркиб ўзаги деярли янгиланди, мураббийлар штаби ҳам ўзгарди. Хўш, мослашиш жараёни қандай кетяпти?

- Юқорида қайд этганимдек, бу клуб менга бегона эмас. Унинг ичидаги инсонлар, футболчиларнинг бари таниш. Тўғри, айримлар ёш, асосий таркибга эндигина жалб этиляпти. Улар академия тарбияланувчилари бўлгани сабабли тезда тил топишиб кетдик. Дилшод Аҳмадалиев, Хуршид Ғиёсов, Мурод Зуҳуров - дўстларим. Менимча, мослашувга кўп вақт кетмайди.

- Вадим Абрамовнинг услуби ҳақида маълумотга эгамисиз?

- Ҳа, албатта. қисқа паслар билан тезкор комбинацион ҳужумга ўтиш ва очиқ зоналардан унумли фойдаланиш. Ўйиндан-ўйинга унинг услубига мослашишга ҳаракат қиламан.

- Жанубий Кореядаги фаолиятингиздан кўнглингиз тўлдими? Ўзингиз учун нималарни кашф қилдингиз?

- У ерда ажойиб икки мавсумни ўтказдим. Таассуротлар юқори. Насиб қилса, яна хорижда тўп суриш режамда бор. Ҳозир «Бунёдкор» футболчисиман, демак фақат шу клуб ҳақида ўйлашим керак. Умуман олганда, Жанубий Кореядаги фаолиятимдан қониқиш ҳосил қилдим.

- «Тэжон Сити»да қандайдир муаммоларга учрадингизми? У ерда тўп суриш осон эмас ахир.

- қийинчиликсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бир-икки ойни мослашиб олишга сарфладим. Биринчидан, тил муаммоси қийнади, иккинчидан - овқатлари ўта аччиқ. Ўзбекона таомлардан истеъмол қилишга мажбур бўлдим.

- Жанубий Корея иккинчи дивизиони билан Ўзбекистон Суперлигаси ўртасидаги фарқни сездингизми?

- Жанубий Корея иккинчи двизионини кучсиз, деб ўйламайман, ўзига яраша устун томонлари бор. Бу билан ўзимизнинг чемпионатимизни ерга урмоқчи эмасман. «Пахтакор», «Локомотив», «Бунёдкор» улар билан бемалол рақобатлаша олади. Яна бир ҳолат - Жанубий Кореяда олий лига билан қуйи лига ўртасида ҳеч қандай фарқни кўрмадим. Ҳар икки дивизионнинг даражаси бир хил. Ҳар бир клуб жисмоний тайёргарликка катта эътибор қаратади, ўйинларда темп юқори.

- Жанубий Кореяда сизни ҳайратлантирган воқеалар рўй бердими? Айнан нима эътиборингизни тортди?

- Шарқ мамлакатларини ўзига хос вундеркиндлар юрти, десам адашмаган бўламан. Уларда футболчилар жуда эрта хориж жамоаларига йўл олишади. Ҳар йили минглаб ёшларни Европа чемпионатларида тажриба тўплаш учун юборишади. Оддий мисол, Жанубий Корея ёшлар термаси ўз ёш тоифасида ўтказилган жаҳон чемпионатида финалга қадар етиб борди. Бу оддий мусобақа эмас, кичик мундиал. Бир нечта ўйинларини кузатдим. Адашмасам, корейсларнинг 10-рақамли футболчисига Испаниянинг «Валенсия» клуби қизиқаётган экан, балки шартнома ҳам имзолангандир...

- Вадим Абрамов билан бўлажак режаларингиз ҳақида бафуржа гаплашиб олдингизми?

- Бу ерда машғулотларни бошлаганимга кўп бўлмади. Шу кунларда мураббийимиз билан бемалол гаплашиб оламан. Ҳозир бор эътибор ке-йинги ўйинларга қаратилган. Ортиқча нарсаларга чалғимаслигимиз керак.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz