Қайднома

Қидирув

Янги уйга шахсий йўл орқали

Янги уйга шахсий йўл орқали

  06.08.2019 00:58
  0
  708
Янги уйга шахсий йўл орқали

Криштиану Роналду Италияда қандай яшамоқда? Шу ҳам саволми? Тушунарлики, португалиялик юлдуз Туринга жуда яхши жойлашиб олди. Зеро, унда маиший турмуш масаласида ҳеч қандай муаммоси йўқ. Биласиз, Криштиану Роналду Туринга бир йил олдин кўчиб ўтди. У ўшанда бош мақсади «Ювентус»нинг Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонишига ёрдам бериш эканлигини яширмаганди. Тўғри, 34 ёшли ҳужумчи бу ниятини бир уринишда амалга оширолмаган бўлсада, Италияда ҳам чакки кўринмади, албатта. Сайёрамизнинг энг илғор футболчиларидан бири яшил майдонларда ҳамон кўп нарсаларга қодирлигини исботлаш баробарида ҳурлиқо ҳамхонаси Жоржина Родригес ва 4 нафар фарзанди қуршовида бахтиёрликни туймоқда. Демак, бу сафар championat.com маълумотлари асосида Роналдунинг асосан Туриндаги шахсий ҳаётига назар соламиз.

 

Уй

Криш Роналду «Ювентус» сафига қўшилгач, биринчи навбатда, нисбатан катта оиласи учун қулай яшаш жойи қидириш билан шуғулланди. Айтишларича, у бу масалани кимгадир ишониб топширмаган, балки барчаси билан шахсан ўзи танишиб чиққан. Ҳар ҳолда, Италия ОАВ хабарларига кўра, футболчи танлов жараёнида бир неча вариантлардан воз кечган. Ваҳоланки, унга фақат элит турар-жойларни тавсия этишгани ўз-ўзидан тушунарли. Хуллас, португалиялик юлдуз якунда шаҳарнинг қоқ марказида - Гран-Мадре-ди-Дио ибодатхонасига яқин тепаликда жойлашган шоҳона қасрни танлади. Диққатни тортадиган томони, у ерга фақат шахсий йўл орқали бориш мумкин. Оддий айтганда, Роналдунинг дабдабали вилласи бегона кўзлардан мутлақо ҳимояланган. Қолаверса, уй атрофи беҳисоб дарахтлар билан ўралган. Умуман, бу ҳудуд турли манзарали ўсимликлар макони ҳисобланади. Ям-яшил тепалик Туринга ўзгача чирой бағишлаб туриши ҳам айни ҳақиқат. Айтишларича, португалиялик футболчига Туриндаги бу уй шу қадар маъқул келганки, у ўзини оиласи билан ҳамон Мадридда яшаётгандек ҳис қилаётган экан. Чунончи, футболчи Испания пойтахтига жуда ўрганиб қолганди. Хонадонда нақ 8та ётоқхона, 4та ваннахона ва улкан ойна бор. Голеадор ҳужумчининг ўзи замонавий меъморчилик ва дизайнерлар томонидан якка тартибда тайёрланган мебелларни алоҳида қадрлайди. Дарвоқе, Криштиану бу уйдан ижара келишуви асосида фойдаланмоқда. Унинг ҳудуди чамаси 800 метр|кватратга тенг. Жаҳон футболи юлдузи хизматидаги виллада бассейн ва тренажёр зали ҳам мавжуд, албатта. Қаср мисоли кошона олдидаги улкан боғ шубҳасиз, ҳавас уйғотади. Боғ айниқса, Кришнинг фарзандлари учун айни муддао - улар сўлим табиат қўйнида мириқиб ўйнашади. Уй таркибида хизматчилар ва меҳмонлар учун мўлжалланган хоналар ҳам кўп. Айтганча, португалиялик ҳужумчининг шахсий ошпази, диетологи ва физиотерапевти шу ерда истиқомат қилишади. Ҳудудга кириш йўли атиги 2та. Бири - тепаликнинг юқори қисмида, иккинчиси - қўйи йўлда. Тушунарлики, ҳар икки томон ишончли соқчилар назоратида.

Туриннинг ушбу элит районида яшайдиган машҳурлар кўп. Хусусан, португалиялик юлдуз билан қўшничилик қилаётган таниқли инсонлар ҳам бор. Дейлик, «Ювентус» президенти Андреа Аньеллининг вилласи шу атрофда. Умуман, ҳудудда фақат футбол намоянлари эмас, балки шоу-бизнеснинг етакчи вакиллари, йирик ташкилотлар хўжайинлари, бадавлат меъмор ва рассомларни ҳам учратиш мумкин.

Автомобиллар ва самолёт

Криштиану автомобилда юқори тезликда сайр қилишни ёқтиради. Унинг бу борадаги коллекциясида 20тадан ортиқ элит «темир тойчоқ» бор. Олдинроқ португалиялик шоввоз 11 млн. евро тўлаб, Bugatti La Voiture Noire эгасига айлангани ҳақида ёзилганди. Ушбу «тойчоқ» Франция автокомпаниясининг 110 йиллик юбилейи муносабати билан якка тартибда тайёрланган. Унинг максимал тезлиги даҳшат - соатига 420 километр.

Криштиану Роналду шунингдек, шахсий самолёт  - Gulfstream G650 соҳиби ҳисобланади. Бу «эрмак»нинг баҳоси тахминан 31,7 млн. еврога тенг. Самолёт салони чинакам қулайликларни ўзида мужассам этган квартирани эслатади - ётиш учун кроватлар, ошхона, ваннахона. Шундай экан, Gulfstream G650да парвоз қилиш - роҳат.

Бизнес

Роналду бизнеснинг турли йўналишларига қизиқади. У жумладан, шахсий брендини ҳам яратган - CR7. Яъни турли давлатларда шу бренд остида кийим-кечаклар, шунингдек, уй-рўзғор ва дам олиш учун мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Футболчи ушбу йўналишда йилига 6-10 млн. евро миқдорида фойда топмоқда. Криштиану яна Pestana Hotels меҳмонхоналар тармоғига ҳам сармоя тиккан. Дейлик, Мадейра, Лиссабон, Мадрид ва Нью-Йоркда қад ростлаган илк 4та отелнинг очилишига қадар 37 млн. евро сарфлади. Ҳозирда ушбу меҳмонхоналарнинг 50 фоиз акцияси Криш ихтиёрида. Дарвоқе, кейинроқ ушбу бренд Американинг Crunch фирмаси билан ҳамкорлик эвазига анча кенгайтирилди. Натижада бир неча тренажёр зали фойдаланишга топширилди. Ўтган йили эса португалиялик юлдуз Бразилияда онаси номи билан аталадиган «Донна Долорес» ресторанлар тармоғига асос солишини маълум қилди. Бу ҳаммаси эмас - Роналду яқинда Испанияда соч экиш билан шуғулланадиган клиника очилишига ҳисса қўшди. Тўғрироғи, ушбу лойиҳада Insparya Group компанияси иштирок этди. Унинг бош акциядори - футболчининг ўзи. Криштианунинг айтишича, у шу тариқа испанлар ва мамлакат иқтисодига ёрдам қўлини чўзмоқчи. Бундан ташқари, Португалияда футболчи назорат қиладиган чамаси 10та клиника бор. Уларда ҳозирга қадар 35 мингдан зиёд киши даволанди. Ваҳоланки, 1та жарроҳлик амалиётининг баҳоси 4-7 минг еврони ташкил қилади.

Табиийки, «Ювентус»нинг биринчи рақамли юлдузи реклама шартномалари ортидан ҳам бинойидек пул топяпти. Унинг ҳамкорлари орасида машҳур қўл соялари бренди алоҳида ўрин тутади. Дейлик, Роналду Турин клубининг Манчестердаги ўйинидан олдинги матбуот анжуманида баҳоси нақ 2 млн. еврога тенг қўл соатини «кўз-кўз» қилганди.

Оила билан дам олиш

Роналду гарчи ЧЛда омадсизликка йўлиққан бўлсада, мавсумни Италия чемпионатидаги ғалаба билан якунлади. Кейин миллий жамоаси сафида янги турнир - Европа Миллатлар Лигаси ғолибига айланди. Футболчи шу тариқа турмуш ўртоғи Жоржина ва фарзандлари ҳамроҳлигида бамайлихотир таътилга чиқди. Corriere dello Sport нашри маълумотларига биноан айтсак, у оиласи билан бир ҳафта давомида Коста-Наваринода дам олди. Қўшимча қилинишича, Грециянинг ушбу курорт ҳудудида бир сутка бўлиш португал футболчисига 8 минг еврога тушган. Бироқ Криштиану у ердаги хизмат сифатидан асло қониқмаган ва «чой пули» сифатида қўшимча 20 минг евро тўлаб, фарзандларига алоҳида эътибор қаратишларини сўраган. Роналдулар оиласи Греция сафаридан сўнг Францияга йўл олиб, денгиз соҳилларида ҳордиқ чиқарди. Ҳужумчи у ерда фанатлар билан мириқиб суҳбатлашди, бирга суратга тушди. Хуллас, Криштиану мавсум давомида тўпланиб қолган чарчоқдан бутунлай қутулган бўлса, ажабмас. Ҳар ҳолда, у янги мавсумда рекордлар ўрнатишга тайёр. Навбатдаги мақсади ўз-ўзидан тайин - ҳисоб бўйича 6-«Олтин тўп» ва албатта, ЧЛда яна бир бора зафар қучиш.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz