Қайднома

Қидирув

Номингиз мангу яшайди...

Номингиз мангу яшайди...

  05.08.2019 11:01
  0
  340
Номингиз мангу яшайди...

11 август санаси яқинлашгани сари ўзбек футболида нохуш асорат қолдирган ўша машъум воқеа қурбонлари ёдга олинади, уларни яхши хотиралар билан эсланади. Бугун ҳам «Пахтакор»-79 таркибида айни гуллаган даврини ўтказаётганда авиаҳалокатда вафот этган айрим футболчилар номига назар соламиз.

РАВИЛЬ АГИШЕВ

Равиль Агишев «Пахтакор» таркибидан жуда ёш пайтида ўрин эгаллаганди. У 1959 йили Бухорода таваллуд топган. Болалигиданоқ футбол билан ошно тутинган Агишев фаолиятини мураббий А.Чернишев бошчилигидаги Бухоронинг «Спартак» жамоасида бошлаган. Болалар тоифасида турли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этган. Кейинроқ, 1973 йилдан Тошкентда янги мураббийлар - Г.Дараселия ва В.Бабич қўл остида шуғулланиб, 1975-1976 йилларда Герман Титов номидаги спорт-интернатда ўқиш чоғида ихтисослаштирилган футбол мактаблари турнири финал баҳсларида қатнашган. 1975-1976 йилларда «Пахтакор» иккинчи таркибида, 1977 йили Хоразмнинг «Хонқа» жамоаси сафида ўйнаган. Ушбу клубда Равиль Агишев Ўзбекистон кубоги соҳиби ва спорт устаси номзодлигига эга бўлди. 1978 йилда эса уни мамлакатнинг бош жамоаси саналган «Пахтакор»га таклиф этишади. Ўша йили Агишев 13 учрашувда майдонга тушиб, марказий ҳимоядаги ишончли ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонди. Ҳалокат рўй берган 1979 йилда эса 14 беллашувда майдонга тушиб улгурганди. Ягона голини Ростовда СКА жамоаси дарвозасига урган.

Ўша йилнинг ёзида Агишев Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Олег Базилевич қўл остида Иттифоқ Спартакиадасида иштирок этди. Олим Аширов билан биргаликда улар марказий ҳимояда жуда ишончли ўйин кўрсатишди. 8 августда Тошкентда «Заря»га қарши кечган беллашувда Равиль умуртқасидан жароҳат олади. Аслида бундай жароҳат билан ўйинни ўтказиб юбориш мумкин эди, бироқ жамоа дуч келган жароҳатлар эпидемияси сабабли Агишев сафарга йўл олади ва жамоага ёрдам беришни истайди. Афсуски, 20 ёшида ҳали уйланмаган Равиль ҳаёт билан видолашди. Агишев ҳамиша курашувчан, ёш ва ишончли ўйин кўрсатган ҳимоячи сифатида ишқибозлар ёдида қолади.

СЕРГЕЙ ПОКАТИЛОВ

Сергей Покатилов «Пахтакор» дарвозасини муносиб қўриқлаган посбон сифатида тарихдан жой олган. У 1950 йили Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида туғилган. Унинг бўйи баланд бўлгани сабабли ёшлигидан дарвозабон позициясида ҳаракат қилган, тез ва чаққонлиги билан тенгдошлари орасида ажралиб турарди. Ашхободда футбол билан шуғулланишни бошлаган. Болалар жамоасида унинг биринчи мураббийи Виктор Надежкин ва Сергей Золотеров бўлишган. Шундан кейин, дарвозабонлик сирларини мураббийлар Кузнецов ва Курмашин раҳбарлиги остида ўзлаштирди. 1968 йили Ашхободнинг «Строитель» жамоасида биринчи лигада ўйнашни бошлади. Бу жамоада у 1972 йил охиригача фаолият олиб борди. 1969 йилдан бошлаб Покатиловни Собиқ иттифоқ ёшлар термасига таклиф этишди. Ёш дарвозабоннинг ўйинларини кўрган «Пахтакор» мураббийлари уни клубга чақиришни бошлашди. Унинг ҳар доим охиригача ўйнаши ва ўзини аямаслиги Вячеслав Соловьёвга ёқиб қолади. 1972 йил охирида Сергей Тошкентга келди. Унда «Зенит» ва «Черноморец»дан ҳам таклифлар бўлганди, лекин Покатиловга «Пахтакор» таклифи маъқул келади.

«Пахтакор» таркибида биринчи мавсумнинг ўзидаёқ Сергей 19 ўйинда майдонга тушди. Икки йилда у жамоа­нинг асосий дарвозабонига айланиб олди, бироқ жароҳат сабабли Сергей икки йилни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. 1975 йили олинган жароҳат натижасида Покатилов елкасидан уч марта операция қилинди. Охири унинг елкасига махсус мослама қў-йилди. У фаолиятини шундай ҳолатда давом эттиради. Тинимсиз машқлар қилиб, 1977 йили яна «Пахта-кор»нинг биринчи посбонига айланди. Жойини тўғри эгаллаши ва ҳаводаги тўпларга чиқишда муваффақиятли ўйнаши ҳисобига жамоага кўп ёрдам берди. 1979 йилнинг июлида Покатилов Ўзбекистоннинг Спартакиадада қатнашган терма жамоасига жалб қилинди. Афсуски, маҳорат ва тажрибаси ошиб бораётган паллада у авиаҳалокат сабабли ҳаёт билан видолашди. Покатилов жамоа учун борини берган, шерикларини олға чорлаган посбон сифатида мухлислар ёдида қолди. У Ашхободдаги марказий Кеший қабристонига дафн қилинган.

ВЛАДИМИР СОБИРОВ

Ёш ҳужумчи Владимир Собиров «Пахтакор»нинг умиди сифатида баҳоланиб, ўз ўйинлари билан ишқибозлар меҳрига сазовор бўлган. У тўп учун доимо курашда рақиблардан устун келишга қодирлиги билан ном қозонган. Ёшлигидан футболга ошно тутинган Володя 1975 йилда Герман Титов номидаги республика спорт интернатини тугаллагач, «Пахтакор»нинг иккинчи жамоасига қабул қилинади. Яхшироқ тажрибага эга бўлиш учун 1977 йили Собиқ иттифоқ чемпионати иккинчи лигасида ўйнаган Хоразмнинг «Хонқа» жамоа-сига кўчиб ўтади. Собиров у ерда «Пахтакор» ва «Динамо» (Киев)да тўп сурган Сергей Доценко қўл остида майдонга тушади. 1977 йили Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлиб, кейин яна «Пахтакор»га қайтади. Техник ва фикр­-лаш тарафдан яхши савияда ўйнаган Собиров Идгай Тазетдиновнинг таклифига кўра, 1979 йили юртимизнинг бош жамоаси учун тўп суришни бошлади. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Собиқ иттифоқ халқлари VII Спартакиадасида иштирок этган. Ҳалокатдан аввал Владимир асосий таркибдан жой олишни бошлаганди, жами 4 учрашувда майдонга тушганди. Афсуски, Минскка йўл олиш чоғида Владимир Собиров ҳаётдан кўз юмди. Унинг изидан ўғли Олег Собиров муносиб борди. У икки карра Ўзбекистон чемпионига айланди, икки бор Ўзбекистон кубогида ғолиб бўлди. қозоғистонда 10 йилдан ортиқ ўйнаб, у ерда ҳам чемпионликка эришди. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида майдонга тушиб, отасининг ишини муносиб давом эттирди. Владимир Собиров Бухоро шаҳар қабристонига дафн этилган.

АЛЕКСАНДР КОРЧЁНОВ

Александр Корчёнов 1949 йили қозонда таваллуд топган. У қозондаги «Меҳнат захиралари» футбол жамоаси мактабида шуғуллана бошлаган. Биринчи мураббийи А.Дятлов бўлган. 1970 йили «Рубин» таркибида ўйнаган. Кейинчалик Чебоксарининг «Энергия» ва Нальчикнинг «Автомобилист» клублари сафида Собиқ иттифоқ чемпионати қуйи лигаларида тўп сурган. 1972 йилги мавсумни яхши ўтказгач, унга «Пахтакор»­дан таклиф бўлади. Тошкентда яхши жамоа шакллантирган Вячеслав Соловьёв уни жамоасига чақирганди. 1973 йили илк марта олий лигада ўйнаган Корчёнов ўзининг яхши жиҳатлари билан кўпчиликнинг ёдида қолди. 26 учрашувда 1та тўп киритди. Шу тариқа у асосий ярим ҳимоячилардан бирига айлана олди.

Ўзининг энг яхши ўйинларини Александр айнан «Пахтакор»да кўрсатди. Корчёнов ярим ҳимояда ҳақиқий етакчига айланиб, қийин вазиятларда жамоадошларини олға чорлаши билан ажралиб турарди. Корчёновнинг ўйинида кўзга ташланиб турадиган турли жиҳатлар мужассам эди - тезкорлик, чидамлилик, тўп билан аниқ ишлаш, ўйинни ўзига олиш ва ҳужумга ўтиш. Узоқ йиллар фаолият олиб боргани сабабли деярли маҳаллий ўйинчилардек мухлислар орасида катта обрўга эга бўлган. Жамоани ҳар тарафлама майдонда ва унинг ташқарисида айнан Корчёнов бошқарарди. Шу сабабли у жамоа сардори этиб тайинланган. Интизомга қаттиқ риоя қилгани ҳолда, бошқаларни ҳам шунга чорлаган.

Етти йилга яқин вақт ичида у чемпионатларда 196 бор «Пахтакор» либосида майдонга тушиб, 12та гол муаллифига айланган. 1979 йилги мавсумда 18 баҳсда 1 тўп киритишга эришганди. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Собиқ иттифоқ халқ­лари Спартакиадасида иштирок этган. 11 августда рўй берган авиаҳалокатдан сўнг унинг ўғли отасининг касбини давом эттириб, бир қатор жамоаларда ўйнади. Александр Корчёнов қозон шаҳар қабристонига дафн этилган.

СИРОЖИДДИН БОЗОРОВ

Сирожиддин Бозоров 1961 йили Самарқанд вилояти Нарпай туманида туғилган. Болалигидан футбол билан шуғулланиши натижасида 1972 йили Республика спорт-интернатига ўқишга кирди. Чидамлилик, эпчиллик ва мақсадга интилиши, футболни жуда севиши билан алоҳида ажралиб турарди. Биринчи устози Вадим Ятченко унга миллионлар ўйини сирларини ўргатган. Икки йилдан сўнг Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафига чақирган. Интернатнинг 10-синфида ўқиб юрганида «Пахтакор» ўринбосарлари жамоасида ўйнаган.

1978 йили Собиқ иттифоқ ёшлар Спартакиадасида Ўзбекистон ёшлар термаси таркибида кумуш медалга сазовор бўлган Сирожиддин авиаҳалокатда вафот этган 17 футболчи орасида энг кичиги эди. 10 август куни у 18 ёшга тўлганди. Фожиадан икки кун олдин Сирожиддин институтга кириш учун имтиҳонлардан бирини муваффақиятли топширганди. Минскка йўл олишни хоҳламагани ҳақида кўпчилик эслайди. Имтиҳон сабабли ўринбосарлар билан учмагани, жароҳат кўплиги туфайли у асосий таркибда тушиши мумкин бўлгани тез-тез тилга олинади. Онасини кўриб келиш учун Самар­қандга отланишни хоҳлагани, паспортини қибрайдаги базада қолдириб кетгани ҳақида айтилган. У «Пахтакор» асосий таркибида майдонга тушиб улгурмасидан 18 ёшида ҳалок бўлган. Сирожиддин Бозоров Самарқанд вилояти, Нарпай туманидаги ўзи туғилиб ўсган Тортувли қишлоғи қабристонига дафн этилган.

ИДГАЙ ТАЗЕТДИНОВ

Идгай Тазетдинов 1933 йили Тошкентда туғилган. «Пахтакор»нинг кекса ишқибозлари ажойиб диспетчер Тазетдиновни унутмаганлар. Ҳар бир ўйинда у майдонни яхши кўриши, охиригача жонини бериши билан кўпчиликка ёқарди. У футбол ўйнашни Тошкентдаги «Медик» болалар жамоасида бошлаган. Кейин «Труд»га кўчиб ўтган. 1953 йили Идгай Борисовични «Спартак»ка таклиф этишди. 1956 йили «Пахтакор» жамоаси ташкил қилинганда Тазетдинов бошқа кўплаб футболчилар қатори янги жамоа сафини тўлдирди. 1962 йили у жамоа билан олий лигада 6-ўринни эгаллаб, спорт устаси унвонига лойиқ кўрилган. «Пахтакор» таркибида ярим ҳимоя­чи чемпионат баҳсларида 202 учрашувда 33та тўп киритган. Кубок беллашувларида 13 ўйинда 1та гол муаллифига айланган. 13та халқаро учрашувда жамоа шарафини ҳимоя қилган.

1977 йили «Пахтакор»га иккинчи мураббий сифатида таклиф этилган. Бевосита унинг олиб борган селекцияси ёрдамида жамоа олий лигага йўлланмани қўлга киритди. Тазетдинов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий» унвони билан тақдирланди. Мураббийлик фаолиятида «Политотдел» ва «Янгиер» каби жамоаларда ҳам ўзини кўрсатган. 1979 йили «Пахтакор» УЕФА кубогида иштирок этишга имкон берадиган ўринлардан бирига даъвогарлик қилаётганди, аммо Минскка учиш чоғида машъум ҳалокат рўй беради. Тазетдинов ўлимидан кейин «Шуҳрат» медалига лойиқ кўрилган. Ашаддий ишқибозлар, дўстлари, фахрий ҳамкасблари Идгай Борисовични ажойиб футболчилик ва мураббийлик фаолияти орқали доимо ёдга олишади.

ВЛАДИМИР ЧУМАКОВ

Владимир Чумаков 1932 йилда таваллуд топган. У «Пахтакор»да 11 йил фаолият олиб борганди. Ўз вақтида Чумаков найза улоқтириш бў-йича беш карра Ўзбекистон чемпионига айланган ва енгил атлетика бў-йича Собиқ иттифоқ спорт устаси унвонига сазовор бўлган. Унинг рекорди 15 йил мобайнида янгиланмай турган. Тошкент тиббиёт институти ва Ўзбекистон жисмоний маданият ва спорт институтини тамомлаган Владимир бўш вақтида илмий изланишлар билан машғул бўларди. «Пахтакор» билан сафарга йўл олишидан бир кун аввал жисмоний тарбия ва спорт ишлари бўйича давлат қўмитасига икки услубий ишланмани тақдим этади. Кейинчалик унинг вафотидан сўнг 1980 йилда «Футболчиларда спорт жароҳати» ва «Ўқувчиларда спорт жароҳати ва унинг муолажаси» номли китоблари нашр этилди. Унинг изланишларида жароҳатга олиб келадиган сабаблар, уларни енгиб ўтиш ҳақида батафсил тўхталинган. Майдонда ва ҳаётда футболчиларга тинимсиз ёрдам берган, сутканинг ҳар қайси қисмида ўз ишини бажарган шифокор шу тариқа ўлимидан олдин ҳам илм-фан ривожига ўз ҳиссасини қўшишга улгурганди. Спортчилик фаолиятидан кейин икки йил Фарғонанинг «Нефтчи» жамоасида ишлагач, Чумаков ўзи хоҳлагандек «Пахтакор» шифокори сифатида ишлашга таклиф қилинади. Жамоада у барча футболчи ва мураббийларнинг халоскорига айланиб бўлганди. Афсуски, машъум ҳалокат ажойиб шифокор ва илм-фан ривожи учун хизмат қилаётган инсоннинг умрига нуқта қўйди. Владимир Чумаков ўлимидан кейин «Шуҳрат» медалига лойиқ кўрилган.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz