Қайднома

Қидирув

Легионерларимиздан дараклар: Бу сафар супергол...

Легионерларимиздан дараклар: Бу сафар супергол...

  06.08.2019 05:10
  0
  530
Легионерларимиздан дараклар: Бу сафар супергол...

Шукуров машғулотларга қайтди. Ўзбекистон миллий жамоаси ва БААнинг «Шаржа» клуби ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров China Cup-2019 мусобақасида жароҳатланиб, узоқ муддатга сафдан чиққанди. Ҳамюртимиз ниҳоят, машғулотларга қайтди. «Шаржа» айни пайт Голландияда янги мавсумга ҳозирлик олиб бормоқда ва Шукуров ҳам умумий гуруҳда тўлақонли шуғулланмоқда.

«Сеул»га нима бўлди? Жанубий Кореяда «К» Лига-2нинг 21-тур учрашувлари ортда қолди. Таркибида ҳам­юртимиз Рустам Ашурматов фаолият олиб бораётган «Гвангжу» мазкур турда яна бир легионеримиз - Жавлон Иброҳимов клуби - «Сувон»га қарши майдонга тушди. Қизиқарли курашлар остида кечган учрашувни 2:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилган «Гвангжу» очколари сонини 48тага етказди ва мусобақа жадвалида якка пешқадамлик қилмоқда. Ушбу ўйинда Ашурматов 90 дақиқа тўп сурган бўлса, Иброҳимов захирада қолди. Айни пайт «Сувон» 30 очкога эга ва 6-поғонада бормоқда.

«К» Лига-1даги ягона вакилимиз - Икром Алибоев ва «Сеул» клубига кўз теккан кўринади. Пойтахтликлар 23-тур доирасида пешқадам «Ульсан Хюндай» меҳмони бўлиб, 1:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. Ҳамюртимиз ушбу омадсиз учрашувда 78 дақиқа ҳаракатланди. «Сеул» кейинги турда ҳар тугул, «Тегу»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди (Алибоев бунисида 90 дақиқа ўйнади). Хуллас, Алибоев жамоаси 24-турдан кейин 3-ўринда ва пешқадам «Ульсан Хюндай»дан нақ 9 очко ортда қолмоқда.

Биринчи ўйиндаёқ гол. Куни кеча «Қатар СК» клуби аъзосига айланган Сардор Рашидов жамоа сафидаги илк ўйинидаёқ гол урди. Айни пайт жамоа Мадридда йиғин олиб бормоқда. Испания пойтахтидаги машғулотлар 8 август куни якунига етади. «Қатар СК» ўтган ҳафта маҳаллий «Интернасьонал де Мадрид» жамоаси билан назорат ўйини ташкил этиб, 1:2 ҳисобида ютқазди. Диққатга сазовор жиҳати, жамоанинг голига ҳамюртимиз муаллифлик қилди.

Кубок баҳсида «дубль». Малайзиянинг «Теренггану» клуби мамлакат кубогидаги иштирокини ғалаба билан бошлади. Аниқроқ айтсак, ҳамюртимиз Санжар Шоаҳмедов жамоаси ПКНСни 3:1 ҳисобида енгди. Муҳими, ярим ҳимоячимиз учрашувда «дубль» қайд қилди.

Чиройли ва эффектли зарба.  «Ростов» клуби Россия Премьер-лигаси 4-турида  «Урал» меҳмони бўлди. 2:2 ҳисобида якунланган учрашувда ростовликлар сафида Бёрн Сигурдарсон ва Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов гол муаллифига айланишди. Айниқса, ҳамюртимизнинг голи чиройли чиқди. У учрашувнинг 67-дақиқасида ҳаводаги тўпни тўхтатмасдан дарвозага йўллаб, ҳисобни 2:2га етказди. Эътиборлиси, бутун ўтган мавсум бор-йўғи 3та гол урган Шомуродовга ушбу натижани такрорлаши учун атиги 4та учрашув кифоя қилди. «Рубин» - ЦСКА - 0:1. Бу ўйинда мезбонлар вакили майдонга тушгани йўқ. Вадим Афонин жамоаси -«Оренбург» эса тур ўйинини кеча «Ахмат» майдонида ўтказди.

Яна бир дуранг. Хитой Суперлигаси 21-туридан ўрин олган «Шанхай СИПГ» ва «Тянжин Гуанжин» ўртасидаги ўйин 0:0 ҳисобида якунланди. 12-дақиқада «СИПГ» етакчиси - бразилиялик ҳужумчи Халк жароҳатлангач, унинг ўрнига ҳамюртимиз Одил Аҳмедов майдонга тушди. Ҳозирда шанхайликлар 49 очкога эгалар (пешқадам «Гуанжоу Эвергранд» ҳисобида 55 очко бор) - 3-ўрин. Япония элит лигасидаги ягона легионеримиз Фозил Мусаев эса «Жубило Ивата»нинг «Вегальта Сендай» майдонидаги ғалабаси (2:1)ни четдан кузатди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz