Қайднома

Қидирув

«Тўпчилар»нинг шаштлари нега паст?

«Тўпчилар»нинг шаштлари нега паст?

  06.08.2019 10:12
  0
  458
«Тўпчилар»нинг шаштлари нега паст?

Афтидан, «Арсенал» жиддий муаммоларга дуч келган кўринади. Ўз олдига қўйган вазифаларни уддалай олмаган жамоа (ЕЧЛ ҳудудидан жой ололмади, ЕЛ финалини бой берди) трансфер бозорида ҳам сусткашликка йўл қўймоқда. Шу кетишда «тўпчилар» топ-клуб мақомидан мосуво бўлишлари ҳеч гапмас.

Биргина «гўдак»ни харид қилди

Англияда трансфер дарчаси ёпилишига оз фурсат қолган бўлсада, таркибни кучайтириш ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти. Ваҳоланки, етакчилардан бири Аарон Рэмзи, Чех ва Оспинадек дарвозабонлар жамоани тарк этишди, Уэлбек ҳамда Лихтштайнернинг шартнома муддатлари ниҳоясига етди. Жамоа эса шу пайтгача Бразилия чемпионатидан 18 ёшли ярим ҳимоячи Мартинеллини (6,5 млн.) харид қилди, холос. Аслида, таркибнинг ҳар бир чизиғи янги кучларга муҳтож.

Бернд Ленога муносиб ўринбосар йўқ - жамоанинг замонавий тарихида асосий дарвозабон ҳеч қачон муқобил ўриндошга эга бўлмаган. Ҳимоя чизиғидаги вазият янада аянчли. Лоран Косьельни жамоани тарк этгач, ҳимоя марказида атиги 5 нафар ўйинчи қолди. Бир қарашда, бу битта позиция учун етарли захирадек. Бироқ унинг ўзига яраша нозик жиҳатлари бор.

Биринчидан, сўнгги мавсумнинг асосий қисмида Эмери ҳимоя марказига уч нафар шогирдини жалб этди. Иккинчидан, номзодлар орасида талаб даражасидагилар жуда оз. Мавпропанос асосий таркиб ўйинчиси эмас. Начо Монреаль 33га чиқди, қолаверса, қанот ўйинчиси. Зарур пайтларда таркибдаги муаммоларни бартараф этишда ундан фойдаланишади. Чамберсни сотиб юборишмоқчи эди, кадрлар етишмовчилиги халал берди. Мустафининг тақдири эса номаълумлигича қолмоқда - ундан мураббийнинг кўнгли тўлмаяпти. Роб Холдингга эътироз йўқ, сўнгги мавсумни рисоладагидек ўтказди. Аммо айни пайтда жароҳатини даволаш билан банд, стартга тайёр бўла олмаслиги мумкин. Якка-ю ягона ишончли жангчи - Сократис Папастатопулос.

Ҳимоя марказининг асосий ва бирдан-бир нишони - Вильям Салиба. Бу футболчи борасидаги музокаралар чўзилиб кетди, ўртада «Тоттенхэм» суқилган пайтлар ҳам бўлди. Ҳозир унинг сафга қўшилишига умид бор. Тўғри, келишувга монеълик қиладиган омиллар ҳам йўқ эмас: эндигина 18 ёш маррасидан ўтган футболчи катта футболда 16 марта майдонга тушган, бироқ унинг учун 25-30 «лимон» сўрашмоқда. Ажабтовур талаб, тўғрими?

Бошқа номзодлар

«Арсенал»нинг асосий мақсади Хитойда ўйнаётган Янник Феррейра,Карраско эди. «Дальян Ифань» 30 млн.дан кўпроқ баҳони айтди, лондонликлар музокарани тўхтатишди. Вилфрид Заха «Пэлас» раҳбариятига еврокубок мусобақаларида тўп суриш орзусини айтганди. «Арсенал» бир неча марта мурожаат қилди, аммо сотувчи 70 млн. сўрамоқда. «Тўпчилар»даги молиявий танқисликни инобатга олсак, бу келишувнинг амалга ошиши қийин. «Селтик»нинг сўл қанот ҳимоячиси Киран Тирнига оид музокаралар бир неча ойдан бери давом этмоқда. Шотландияликлар мўлжали - 30 млн., лондонликлар эса 25 млн. таклиф қилишди.

Энди Месут Озил хусусида қисқача тўхталамиз. Мавсум давомида Британия матбуоти Озил ва Эмери ўртасидаги муносабат кескин эканлигини билдирганди. Жумладан, ЕЛ финалидан кейин Месут Унаига «Сен мураббий эмассан», дея майдонни тарк этганини ҳам. Озил аслида Эмери услубидаги ўйинчи эмас, испаниялик мураббийга майдонда тўпсиз кўп ҳаракат қиладиган футболчилар керак. Бироқ Месутни сотиб юбориш ҳам осон эмас, у ҳафтасига 350 минг фунт маош олади. Бундан ташқари, 30 ёшли футболчининг ўйини аввалгидек ёрқин эмас.

Косьельнига нима бўлди?

Аввалги ҳафтада бу футболчи мавсумолди сафарига парвоз қилишдан бош тортганини ҳисобга олсак, тез орада жамоани тарк этиши ойдинлашади. Нима учун? Янги шартнома хусусида футболчи ва клуб бир тўхтамга кела олишмади. «Тўпчилар» икки йиллик шартномани таклиф этишди, футболчи уни ҳақорат сифатида қабул қилди. ВВС журналисти Давид Орнштейннинг фикрича, Косьельнига клубнинг янги сиёсати ва ички муҳит маъқул келмаган.

Молиявий муаммолар

Яқинда таниқли иқтисодчи Киран О,Коннор «Арсенал»нинг 2017|2018 йиллар мавсумидаги иқтисодий кўрсаткичларини таҳлил қилди. Маълум бўлишича, дунёнинг энг бадавлат 20та клуби орасида «Арсенал» иш ҳақи борасида пасайиш кузатилган. 2015 йилдан бу ёғига жамоанинг рекламадан оладиган тушуми бор-йўғи 4 млн.га ошган.

Пасайишда жамоанинг ЕЧЛдан четда қолаётгани муҳим ўрин тутади. Аммо шундай вазиятдаги «МЮ» ўз вазифасини аъло даражада уддаламоқда. «Арсенал» жорий трансфер мавсуми учун 50 млн. еврога яқин маблағ ажратган. Клубнинг бозордаги сусткашлигига мана шу маълумот ойдинлик киритди. ЕЧЛда қатнашиш истагида бўлган жамоа учун ярашмайдиган зиқналик.

Клубдаги муаммоларнинг аксариятида «тўпчилар» мухлислари бир йил аввал жамоанинг асосий акциялар пакетини Алишер Усмоновдан сотиб олган Стен Кронкени айбламоқдалар. Шунингдек, вице-президент лавозимини эгаллаган унинг ўғлини ҳам.

Ҳа, Арсен Венгернинг жамоани тарк этгани ҳам «Арсенал» учун кучли зарба бўлди. «Профессор» мунтазам равишда жамоадаги оилавий муҳитни назорат қилар, можароларнинг олдини олар, ҳеч бир жабҳада қўполлик ва сохталикка йўл қўймасликка интиларди. Афсуски, Арсенсиз қолган «Арсенал» ўзлигини йўқотди, қандайдир очкўз уюшманинг даромад манбаига айланиб қолди.

 Ж.Бобохонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz