Қайднома

Қидирув

АЙБСИЗ АЙБДОР WADАни СУДГА БЕРДИ

АЙБСИЗ АЙБДОР WADАни СУДГА БЕРДИ

  06.08.2019 11:19
  0
  418
АЙБСИЗ АЙБДОР WADАни СУДГА БЕРДИ

«Кристал Пэлас» ҳимоячиси Мамаду Сако Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) чиқарган қарор юзасидан судга мурожаат этди. Футболчи 2016 йили унга нисбатан тақиқланган моддаларни истеъмол қилиш бўйича қўлланган айбловлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатганини таъкидлаган. Сако мазкур ташкилотдан 13 млн. фунт ундиришни режалаштирган. Мамаду 2016 йилги Европа чемпионатида Франция термасидан четда қолди, шунингдек, «Ливерпул»ни тарк этишга мажбур бўлди. WADA вакилларининг фикрича, буларнинг бари диск­валификация сабабли эмас, балки тартиб-интизомни бузганлик ва бош мураббий билан можарога борганлиги туфайли вужудга келган.

 

2016 йилнинг мартида ўша пайт «Ливерпуль» шарафини ҳимоя қилган Сако Европа Лигаси 1|8 финалидаги «Манчестер Юнайтед»га қарши баҳсдан сўнг хигенамин моддаси учун допинг-тест топширди ва хулоса ижобий бўлди. Стимулятор унинг организмига ёғга қарши препарат орқали ўтган экан. Франциялик футболчи «Б» пробасининг очилишини истамади ва Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) суриштирув бошлаб, Сакони 30 кунга ўйинлардан четлатди. Мерсисайд­ликлар бош мураббийи Юрген Клопп эса футбол раҳбарлари қарорини қабул қилиб, маълум муддат ҳимоячининг хизматидан фойдаланмаслигини таъкидлади.

Айтиш жоизки, мавсум-2015|2016да «Ливерпуль» «кўҳна қитъа»даги аҳамияти бўйича иккинчи ўринда турувчи турнир финалигача бориб, Испаниянинг «Севилья»сига 1:3 ҳисобида ютқазганди. Сако гарчи кейинчалик тўлиқ оқланган бўлсада, дисквалификация сабаб таркибдаги ўрнини йўқотганди. Маълум бўлишича, хигенамин тақиқланган моддалар рўйхатига киритилмаган экан. УЕФАдагилар изоҳи қуйидагича бўлди: WADA ушбу модда ҳақида мукаммал маълумот бермаганлиги сабаб хатолик вужудга келган.

Агар Францияда ўтган қитъа биринчилиги бўлмаганда, мавсум бошидаги учрашувлар ва еврокубокларнинг аҳамиятли ўйинларини ўтказиб юбориш ҳимоячининг фаолиятига у қадар катта таъсир қилмаслиги ҳам мумкин эди. «Кўклар» бош мураббийи Дидье Дешам терма жамоа таркиби Сакони оқлашларидан аввалроқ аниқлангани, шу боис турнир стартидан бир неча ҳафта олдин ҳеч нарсани ўзгартириш мумкин эмаслигини таъкидлаганди.

«Ундан айбловлар олиб ташландими? Ростданми? Йўқ, у термага қайтмайди. Бу аввал мен чақирган футболчиларга нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Таркиб аниқланаётганда, Саконинг иши ижобий якун топишига ҳеч қандай ишора бўлмаган», - дея мутахассиснинг сўзларидан иқтибос келтирди Goal нашри.

Мавсум-2016|2017да француз «Ливерпуль» асосий таркибига ҳам кирмай қўйди, қишки трансферлар ойнасида эса ижара асосида «Кристал Пэлас»га ўтди. Кейинроқ мазкур клуб уни 26 млн. фунтга тўлиқ сотиб олди.

Бундан аввал, яъни ёзда кўплаб нохуш воқеалар кузатилдики, якунда улар туфайли Сако ва Клопп ўртасида можаро вужудга келди. «Ливерпуль» устозининг гапига кўра, футболчи жамоа тартибига масъулиятсиз қараган, мунтазам равишда қоидаларни бузган.

«У Сан-Францискога учадиган самолётга сал қолса кечикаёзди, машғулотни ўтказиб юборди ва бир сафар овқатланишга ҳам кеч келди. Мен уюшқоқ жамоа тузмоқчиман, барчасини нолдан бошлаяпмиз. Уни Англияга қайтариб юбориш энг яхши чора бўлади, деб ўйладим. Биз йўлга қўйган тартибни ҳамма бирдек ҳурмат қилиши лозим. Мабодо кимдир бунга риоя қилмаётганини пай­қасам, тегишли чора қўллашим шарт», - деганди Клопп АқШ бўйлаб уюштирилган турне пайтида.

Четлаштирилганидан уч йил ўтиб, Сако суд олдида ўзининг ҳақлигини исботлашга уриниб, барча кўнгилсизликларда WADAни айбдор сифатида кўрсатишга қарор қилди. Дастлабки тинглов жараёнида адвокат Стюарт Ричи мижозининг обрўсига жуда катта зиён етиб, унинг таъсири ҳамон сақланиб қолаётганини таъкидлади. Бундан ташқари, допинг билан боғлиқ можаро туфайли Саконинг футболдаги қадри ҳам тушиб, бу унинг даромадларига салбий таъсир кўрсатгани айтилди.

«Кристал Пэлас» - Премьер-лиганинг энг ҳурматга сазовор жамоаларидан бири, аммо унда «Ливерпуль» сингари обрў ва машҳурлик йўқ, айнан шу омил мерсисайдликлар сафида тўп сурадиган футболчиларнинг қадрини оширади. Яқинда Сако яна Франция термасига чақирилди», - деди Ричи The Telegraph нашрига берган интервьюсида.

Французнинг тарафдорлари ҳам WADA ОАВга спортчининг айби тасдиқлангани ҳақида хат жўнатиш орқали вазиятни атайин чигаллаштирганини таъкидлашмоқда. Ўз навбатида, агентлик вакиллари ўз манзилларига йўлланаётган барча айбловларни инкор этишмоқда. Уларнинг айтишича, футболчининг кейинги фаолиятига дисквалификация эмас, балки унинг тартиб-интизом борасидаги муаммолари ҳамда Клопп билан чиқишолмагани сабаб бўлган.

«Бизнинг фикримизга кўра, ижара ва кейинчалик 2017 йилда «Кристал Пэлас»га тўлиқ ўтиш, шунингдек, Франция термасига чақирилмаслик оқибатида тартибга бўйсунмаслик ҳолати келиб чиққан, бунинг допинг истеъмол қилиниши бўйича айбловларга мутлақо алоқаси йўқ», -­ деди ташкилот манфаатларини ҳимоя қилувчи Шейл Сиббел.

Лондон олий судидагилар WADA ишида чиндан ҳам Саконинг фаолиятига таъсир кўрсатувчи қонунбузарлик кузатилган ёки кузатилмаганини аниқлаш бўйича тергов ўтказилишини таъкидлашди.

У.Умаров тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz