Қайднома

Қидирув

Футболдан ким узр сўрайди?

Футболдан ким узр сўрайди?

  07.08.2019 08:47
  0
  577
Футболдан ким узр сўрайди?

Футбол - жамият ҳаётининг кўзгуси. Жамият тараққиёти футбол ривожида ўз аксини топади. Кундалик ҳаётимиздаги ҳар бир ўзгариш, янгиланиш футбол муҳитига ҳам таъсир кўрсатади, албатта. Қатъийроқ айтсак, таъсир кўрсатиши шарт. Зеро, футбол жамият ҳаётидан айро яшолмайди, у билан бирга нафас олади, қувонади ёки озорланади.

Халқни рози қилиш, бошқарувнинг эски ақидаларидан воз кечиб, ислоҳотлар сари юз буриш бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев сиёсатининг бош мақсадига айланган. Албатта, бу жараён силлиқ кечмайди. Зўравонлик, келишувчилик кайфиятига кўниккан, бу йўлда турли ноқонуний усуллардан фойдаланишга одатланган ақидалар осонликча жон бермайди. Давлатимиз раҳбарининг жиддий эътирозларидан сўнг Фарғона, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари фаоллари халқдан узр сўрашди, Ватан шаънини кўз қорачиғидек сақлаш масъулияти қошида бош эгишди. Очиғи, бундай ҳол олдин ҳеч кузатилмаганди.

 

Ҳа, жамият ҳам, унинг бир қисми саналган футбол ҳам эскича яшашни истамайди. Вилоят ҳокимларига нисбатан билдирилган эътироз аслида футболимиз мутасаддилари, мураббийлар ва футболчилар, айни чоғда журналистларга ҳам тегишлидир. Чунки Ўзбекистон халқининг катта қисми футбол билан ҳамнафас. Шу маънода айтсак, халқни рози қилиш - бу футбол мухлислари орзуларини рўёбга чиқариш, уларнинг эътирозларига ҳам қулоқ тутиш демакдир. Шу ўринда неча бор таъкидланган саволни яна такрорлаймиз: пойтахт стадионларида нима учун томошабин кам? Биламиз, бу савол устида мутасаддилар жуда кўп бош қотиришган. Лекин муаммо ечими борасида айтарли натижага эришилмаган. Нега шундай? Чунки шу пайтга қадар асл муаммо мутасаддилар томонидан тан олинмаяпти, эътироф этилмаяпти.

Мана, «Локомотив»нинг шундоқ ҳам мухлиси оз эди. Бош мураббий ўзгаргач, вазият янада мураккаблашди. Қўпол, аммо ўзбекона айтсак, мухлислар бу клубни «оқ» қилишган. Бу  - барчага маълум ҳақиқат! Мутасаддилар эса бирор чора кўришмайди. Кимдир истиҳола қилади, бошқа бировда қонуний асос йўқ. Хўш, вазият шу ҳолича қолавериши керакми? Наҳотки, «Локомотив»ни ҳам мухлислар астойдил қўллаб-қувватлайдиган клуб даражасига кўтаришнинг иложи бўлмаса?! Иложини топиш мумкин, албатта. Фақат мутасаддилар бу хусусда ўйлашлари ва жамоатчилик фикрини ўрганишлари зарур. Қаранг, «Сурхон» тақдирига мухлис аҳли бефарқ қарамади. Жамоа мутасаддилари ҳам эътирозларни тинглашди. Натижа Ўзбекистон кубоги 1|8 финалидаёқ кўринди. Алғов-далғов бўлиб турган «Сурхон» бирдан ўзгарди ва «Локомотив»ни енгди. Футбол мухлислар билан гўзал дегани - шу! «Сурхон»ни мухлис аҳли қўллади ва ғалаба қозонишини истади. Аслида «темирйўлчилар» сафида тўп сураётган футболчилар ҳам мухлислар томонидан олқишланишга муносиблар. Бироқ улар ҳозирча бу неъматдан бебаҳра қолишмоқда...

Бу мулоҳазалар «Пахтакор» ва «Бунёдкор»га ҳам тааллуқли. Тўғри, ҳар икки клубнинг садоқатли мухлислари бор. Улар севимли жамоаларига алоқадор танқидий мулоҳазаларни ёқтиришмайди. Кўпинча биздан хафа ҳам бўлишади. Биз эса «Пахтакор» ва «Бунёдкор» стадионлари тўлиб-тошиши ҳақида ўйлайверамиз. Бугун очиқ тан олиш шарт бўлган ҳақиқатлардан яна бири шуки, турли тушунмовчиликлар сабаб мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида яшовчи мухлисларда «антипахтакор» кайфияти шаклланди. Ачинарлиси, бу кайфият клублараро рақобатга алоқасиздир. Аввалги бошқарув даврида «Пахтакор»нинг тоза ва шонли тарихига соя тушди. Бугун эса жамоа ҳарчанд ҳалол ўйнамасин, ўша «соя»лар туфайли изтироб чекяпти, емаган сомсага пул тўлаяпти. Бу ҳол қачонгача давом этади? Муаммога чора борми? Шубҳасиз, бор! Бу - аввало, адолат ва мухлисларни тинглаш.

Нима учун «Навбаҳор»да сардор алмашди ва Жаҳонгир Меҳмонов «Нефт­чи»га қарши кубок ўйинида таркибга киритилмади? Ёки қайсидир футболчи жамоасидан четлатилмоқда? Сабаб шуки, кўпчилик ҳалол футбол тарафига ўтмоқда. Ҳалол пул топишни хоҳламоқда. Булар катта ўзгаришларнинг бошланиши, холос. Ҳали қилинажак ишлар кўп. Элдор Шомуродовнинг РПЛдаги ютуқларидан кейин ижтимоий тармоқларда ўқидикки, акаси ундан ҳам истеъдодлироқ бўлган. Бой берилган истеъдодлар аллақанча. Ҳозиргача бу каби бой беришлар тақдир ҳукми билангина изоҳланди, инсон омилининг таъсири очиқ айтилмади. Энди эса футболимиз муаммоларини очиқ-ошкора айтадиган пайт келди. Керак бўлса, адолатсизликка йўл қўйганлар футболимиздан узр сўрашсин! Қаранг, Ўзбекистон кубоги чорак финалчилари орасида «Локомотив» кўринмайди. Чемпионлик масаласи муаммо бўлиб турган бир паллада жамоа энди кубок баҳсларидан ҳам чиқиб кетди. Бош мураббий шу мақсадда алмаштирилганмиди? Айб фақат ҳимоядами? Саволлар занжири шу тариқа давом эттирилса, кўплаб мавҳумликлар ойдинлашади. Бунинг учун янги даврда яшаётганимизни ҳис қилсак, бас!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz