Қайднома

Қидирув

Корейслар нега ранжишди?

Корейслар нега ранжишди?

  08.08.2019 01:12
  0
  653
Корейслар нега ранжишди?

Криштиану Роналду «Ювентус»нинг Сеулдаги ўйинида майдонга тушмади ва кореялик мухлислар нафратига учради. Қитъадошларимиз ҳаттоки, португа­лия­лик юлдуз устидан судга шикоят ёзмоқдалар. Нима, бу Криш учун навбатдаги суд жараёними?

«Юве»нинг Осиё турнеси

Туринликлар Осиё бўйлаб турне доирасида 3та ўйинда қатнашишди. Маурицио Сарри шогирдлари аввалига Сингапурда «Тоттенхэм»га 2:3 ҳисобида ютқазишди, кейин Хитойда «Интер»­дан устун келишди (1:1, пенальти серияси бўйича ғалаба) ва якунда «К»-лига юлдузлари билан баҳсда муроса кўчасида тўхташди - 3:3.

 

Ж.Корея полицияси ҳам иш очди...

Мазкур ҳолат юзасидан Сеул полицияси суриштирув ишларини бошлади. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органи вакиллари футболчининг майдонга тушмагани нечоғли асосли бўлганини ўрганишмоқда. Ҳозирча Криштиану Роналду ҳам, «Ювентус» ҳам фирибгарликда айбланмоқда. «Юве» бош мураббийи Маурицио Сарри ўз ўрнида, махсус баёнот бериб, Роналдуни мушакларида чарчоқ аломати сезилгани боис, майдонга туширмаганини таъкидлади.

 

 

Ўзи нима бўлди?

«Ювентус» аввалги жума куни Сеулда Ж.Корея «К»-лигаси юлдузларидан тузилган жамоага қарши майдонга тушди. Дўстона учрашувда дўстона ҳисоб қайд этилди - 3:3. Бир қарашда, мухлислар хурсанд бўлишлари керак. Биринчидан, уларнинг жамоалари қудратли рақибга ютқазмади. Иккинчидан, стадионга йиғинганлар нақ 6та гол кўришди. Бироқ ҳеч ким ортга томошадан қониқиш ҳисси билан қайтгани йўқ. Нега? Чунки ўйинда Турин клубининг бош юлдузи Криштиану Роналду қатнашмади. Дарвоқе, «К»-лига жамоаси вакилларидан бири (албатта, корейс футболчиси) ўз голини айнан Кришга бағишлади.

 

Муаммо нимада?

Нима, Роналду майдонга тушишга мажбур эдими, ўзи муаммо моҳия­ти нимада? Гап шундаки, кореялик мухлислар айнан Кришни майдонда кўриш учун Сеулдаги стадионга талпинишгани ўз-ўзидан тушунарли. Боз устига, ташкилотчилар билан тузилган келишувда португалиялик юлдузнинг бир бўлим ўйнаши шартлиги алоҳида қайд этилган эди. Эътиборлиси, «Ювентус» бунинг ортидан пул ҳам оларди. Бироқ Роналду негадир майдонга тушишдан бош тортди ва «Ювентус» вице-президенти Павел Недвед ташкилотчиларни дарҳол бу ҳақда огоҳлантирди.

 

Энди нима бўлади?

Жанубий Корея футбол ассоциацияси «Ювентус» офисига шартнома бандлари бузилгани юзасидан ёзма эътирознома юборишга улгурди. Эҳтимолки, энди клубнинг маълум миқдорда жарима (компенсация) тўлашига тўғри келади. Лекин можаро илдиз отиши ҳам ҳеч гап эмас. Чунончи, сеуллик икки нафар футбол ихлосманди ўйинни ташкиллаштириш билан шуғулланган The Fasta компаниясини судга берди. Мухлисларнинг иддаоларига кўра, улар Роналдуни кўриш илинжида чипта сотиб олишган. Норози фанатларнинг талаблари эса оддий - чипта учун 70 минг вона (59 доллар), чипта харидига кетган вақт учун 1 минг вона ва етказилган маънавий зарра учун 1 миллион вона (847 доллар). Хуллас, ҳар иккиси чамаси 900 доллардан олмоқчи. Лекин ушбу ишга бириктирилган адвокатнинг айтишича, ўша куни стадионда бўлган 60 минг мухлиснинг ҳар бири судга шу мазмунда шикоят ёзиши мумкин. Агар шундай бўлса ва суд арзни ўринли топса, ташкилотчилар чамаси 54 миллион доллар йўқотишади. Бу сумма Роналдунинг «Юве»даги йиллик маоши миқдоридан ҳам кўп...

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz