Қайднома

Қидирув

Криштиану Роналду: «Янги мотивацияга эҳтиёж сездим»

Криштиану Роналду: «Янги мотивацияга эҳтиёж сездим»

  08.08.2019 05:29
  0
  686
Криштиану Роналду: «Янги мотивацияга эҳтиёж сездим»

Хабарингиз бўлса, Криштиану Роналду яқинда Marca нашри таъсис этган «Афсона» мукофотига эга бўлганди. Тақдирлаш маросимида бошқалар қатори Мадриднинг «Реал» клуби президенти Флорентино Перес, шунингдек, Португалия ва Испания элчилари қатнашишди. Совринни топширишдан аввал Криштиану Роналду тадбирда «Реал» либосида қатнашган болакайлар ва матбуотчилар саволларига жавоб қайтарди.

КИЧКИНТОЙЛАРДАНСАВОЛЛАР

Болаликдаги орзулари ҳақида

«11 ёшимда ота-онамни Мадейрада қолдириб, ўз келажагимни қуриш мақсадида Лиссабонга кўчиб кетдим. Бу ҳаётимдаги энг оғир дамлар эди. Ҳеч қачон «Олтин тўп»ни ютаман деб ўйламагандим - бош мақсадим профессионал футболчи бўлиш эди, холос. 18-19 ёшимда каттароқ ютуқлар ҳақида ўйлай бошладим».

Қайси клубни соғиниши ҳақида

«Ҳам «МЮ», ҳам «Реал»ни соғинаман, лекин кўп вақтимни Мадридда ўтказганман. Фарзандларим шу ўлкада туғилишди, бу ерда умр йўлдошимни учратдим, шу боис Испания жамоасини кўпроқ соғинаман».

Энг муҳим соврини ҳақида

«Ҳар бир соврин муҳим, аммо Португалия билан Европа чемпионатида эришилган ютуқ фаолиятимдаги энг аҳамиятлиси бўлса керак - у мен учун ўзгача аҳамият касб этади. Термадаги ғалаба билан клубдаги ғалаба - турлича нарса: ўз ватанинг жамоаси сафида муваффақият қозониш бошқача, барибир».

«Ювентус»нинг ЕЧЛдаги иштироки ҳақида

«Билмадим, ушбу турнирда ғолиб чиқишга астойдил интиламиз, лекин бу жуда қийин: барча жамоалар шуни хоҳлашади, чемпион эса битта - умид қиламанки, шу клуб «Юве» бўлади».

ОАВдан САВОЛЛАР

- Фаолиятингиз давомида деярли барча совринларни қўлга киритдингиз. Эришган ютуқларингиздан қониқиш ҳосил қилдингизми?

- Ўтган йили «Реал»ни тарк этиш орқали ҳолатим ўзгарди, Мадридда эришилган ютуқлардан кейин янги мотивацияга эҳтиёж сездим. Ўзгаришларни хоҳладим, чунки яна нималардир қила олишимга ишонаман: ҳам ўзим учун, ҳам мухлислар учун, ҳам «Юве» учун. Ишончим комил, келгусида айнан шундай бўлади. Ҳозир қилаётган ишимдан мамнунман. Албатта, совринлар ютишни кўпроқ ёқтираман. Ўтган мавсум ҳам мен учун муваффақиятли кечиб, «А» серия ва Миллатлар Лигасида ғолиб чиқдим.

- Айни пайт музейингиз қандай кўриниш олганини тасаввур қилиш қийин. У ерда совринлар тобора кўпаймоқда.

- Музейда ҳаммаси яхши: мабодо, жой топилмай қолса, ҳаммасини сиғдириш учун бирор нима ўйлаб топамиз. Ҳеч бир совриндан воз кечмаймиз - ҳа, айрим мукофотлар бошқасидан муҳимроқ, аммо бизда ҳаммаси учун жой топилади: «Олтин тўп», энг яхши футболчи, энг яхши тўп-урарга аталган соврин, «Пичичи»...

- Marca нашрининг «Афсона» мукофотини олиш сиз учун қандай аҳамият касб этади?

- Бу барча афсоналарга топшириладиган соврин ва албатта, Криштиану ҳам улар сафида бўлиши шарт. Бутун фаолиятим, айниқса, Мадридда эришган ютуқлардан кейин бундай мукофотга эга чиқишдан фахрланаман: уни айнан Мадридда қабул қилиб олиш имкониятини беришгани учун Marca нашрига миннатдорлик билдираман. Испанияга - унинг пойтахтига қайтишдан жуда хурсандман.

- Эшитишимизча, Маурицио Сарри сизга майдонда эркинлик бераркан. Бу ҳақда ўзингизнинг фикрингиз қандай?

- У шундай деди, аммо бунақа бўлмайди, чунки жамоанинг ўзига яраша концепцияси, менинг ҳам ўз вазифаларим бор: бўш ҳудудларни ёпиш, тўпни сақлаб туриш, жарима зарбалари ижроси... Мен Мадридда, «Юве»даги илк мавсумимда ва термада нима қилган бўлсам, буёғига ҳам шуни қиламан. Ҳа, менга ҳужумчи сифатида эркинлик берилади, бироқ ҳимояда ҳам вазифаларим бор, чунки жамоа ҳамма бирдек ҳаракат қилсагина ғалабаларга эришади.

- 40 ёшгача ўйнамоқчи эканлигингизни таъкидлагандингиз. Ҳамон шу қарорингизни ўзгартирмаганмисиз?

- Ушбу масалада хавотирга ўрин йўқ - барчаси ўзимни қандай ҳис қилишим, мотивацияга боғлиқ, зеро жисмоний ҳолат бўйича менда муаммо туғилмайди. Яхши, «туғилмайди» сўзини қўштирноқ ичига оламиз. 40 ёшгача ўзингизни назорат қилишингиз керак, лекин жисмоний ҳолат энг муҳим фактор бўлади деб ўйламайман - кўп нарса руҳиятдан келиб чиқади. Умид қиламанки, бу борада ҳам 40 ёшгача ҳеч нима ўзгармайди, агар ўзгарса, демак шундай бўлиши керак экан. Ҳаётда ҳар нарсанинг боши ва якуни бор. Албатта, бутун умр футбол ўйнаб бўлмайди, лекин ҳозир муҳим совринлар ютиш учун етарли кучга эгаман.

- Янги мавсум «Ювентус»га аталиши мумкинми?

- Ҳа бир йил - бу «Ювентус», «Реал», «Барселона» йилидир, бироқ Чемпионлар Лигасидек турнирда ғолиб битта бўлади. «Барселона» бўйича мисол келтирсам: улар сўнгги беш йил ичида футболчилар учун катта маблағ сарфлашсада, ЕЧЛ бош совринига эга чиқишолмади - бундай услуб иш бермайди. «Юве» таркибини анча кучайтирди, бу жамоа одатдагидек ғалаба учун кураша олади, бироқ муваффақият кўп факторларга боғлиқдир: «плей-офф»даги рақиб, гуруҳ босқичи, вазиятлар, жароҳатлар, омад... Аммо мен бор эътиборни Чемпионлар Лигасига қаратиш керак эмаслигини кўп таъкидлайман. «Юве» унда ғолиб чиқади - бу мавсумда бўлмаса, кейингисида. Барчаси жамоанинг қандай ишлаётгани ва режаларига боғлиқ: «Ювентус»да ҳаммаси бор.

- Буффон сизга Чемпионлар Лигасидаги муваффақият ҳақида нимадир дедими?

- Йўқ, индамади. Иккимиз гаплашиб турамиз, у билан фахрланаман, кўп бор тўқнаш келганмиз ва Буффон ниҳоят, бирга ўйнаш имконияти туғилганидан хурсанд эканлигини таъкидлади. Мен ҳам худди шундай дедим, чунки Жанлуижини дунёнинг энг яхши дарвозабонларидан бири деб ҳисоблайман, агар энг яхшиси бўлмаса, албатта: Буффон, Касильяс сингари киперлар футбол тарихида қолишади.

- Бу йил Мадридни соғиндингизми?

- Тўққиз йилни шу шаҳарда ўтказдим - ҳаётимнинг маълум қисми «Реал»да ўтди ва мазкур ҳолатда фақат футболни назарда тутмаяпман - барча билади, умумий муносабат ҳақида гапиряпман. Шундай воқеалар рўй берганки, уларни унутиш мумкин эмас, ўтмиш кетмайди, шу боис ҳамон бу ерда уйим бор - тез-тез ушбу шаҳарга келиб тураман, Мадридда меҳмонхонам, соч клиникаси, спортзалим, дўстларим бор. Испания пойтахтини яхши кўраман, келгусида яна Мадридда яшашим мумкинлигини инкор этмайман.

- «Ювентус»да вақтингизни кўпроқ ким билан ўтказасиз?

- Бизда ажойиб жамоа, бирдамлик бор. Аввалига ҳар ким ўзи учун жавоб берса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, ундай бўлмади. Мантиқан олганда, португалиялик ва испанияликлар билан тузукроқ тил топишаман, умуман эса, ҳамма билан яхши муносабатдаман.

- «Реал»дагилардан кимни кўпроқ соғинасиз? Марселоними?

- Марсело Мадридда ўзини жуда бахтиёр ҳис қилмоқда. Ҳар ким ўз ҳаётини яшайди, лекин у билан муносабатларимиз ажойиб эди. Кўпроқ Марсело, Каземиро, Пепе, Коэнтрау... умуман ҳамма билан яхши чиқишардим. Марсело - табиатан жуда қувноқ йигит, уни соғинаман.

- Сизнингча, «Реал»нинг қайси футболчиси «Ювентус»га мосроқ?

- Ҳақиқий профессионаллар ҳар доим топ-клубларга тез мослашишади ва албатта, «Реал» ажойиб жамоа: бу клуб янги футболчилар учун катта маблағ сарфлади ва ўйлайманки, янги мавсум улар учун муваффақиятли кечади. Муайян номларни санаб ўтмайман, гарчи айримларнинг «Юве»да бемалол ўйнаб кета олишларига ишонсамда. Ҳозирги таркибимиз, жамоадошларимдан мамнунман. Агар бундай саволни Азарга берсангиз, у ҳам жамоаси ҳақида худди шу тариқа жавоб қайтариши турган гап. Мен ўзимнинг клубимни қадрлайман, чунки у чиндан ҳам ажойиб ва рақобатбардош.

- «Барселона» ҳақида нима дейсиз? Улар ажойиб жамоа шакллантириб, пулни аяшмаяпти.

- Ҳар доимгидек. Яна бир бор кучли жамоани кўряпман. Улар таркибни Де Йонг, Гризманн ҳисобига кучайтиришди, ўтган йили эса Коутиньо, Дембелени сотиб олишганди. Бу ҳар доим жаҳоннинг энг яхши жамоаларидан бири бўлиб қолади. Худди шу гапни Азар, Йович, Менди каби футболчиларни харид қилган «Реал» ҳақида ҳам айтиш мумкин... шунингдек, «Ювентус» ҳам бор бу рўйхатда.

- Ҳозир Неймар ҳақида кўп гапиришяпти. У «Барселона»га ўтиши мумкинми?

- Бу борада ҳеч нима деёлмайман. Неймар - ажойиб футболчи, муносабатларимиз яхши, яқинда биргаликда роликда суратга тушдик. У ҳақида кўп гапиришади, «Реал», «Барса», «Юве»га ўтиши мумкинлигини таъкидлашади... матбуотнинг иши шу, лекин ўйлашимча, у Парижда қолади. Мабодо шундай бўлмаса, ўзини бахтиёр сезадиган, ўзи ёқтирган футболни намойиш этадиган, жароҳатлардан йироқ юрадиган жамоасини топади. Чунки сўнгги мавсумда уни айнан жароҳатлар жуда қийнади. Бу менга ҳам қизиқ, чунки Неймарнинг ўйини менга ёқади. Қаерда ўйнашидан қатъий назар, унинг ўзини асраб, жароҳатлардан йироқ юришига тилакдошман.

- Янги мавсумда Чемпионлар Лигасида фаворитлик қиладиган учта жамоа номини айтинг.

- Бу жамоалар қандай футболчи сотиб олишидан қатъий назар фаворитлар қаторида бўлаверади: «Реал», «Барселона», «Атлетико», «Ювентус», «Бавария», «Ливерпуль»... балки қайсидир клубни тилга олмагандирман, аммо менга ҳозир ҳаммаси одатдагидек туюлмоқда. «Реал» ва «Барса» бошқаларга нисбатан кўп пул ишлатишди, шунингдек «Манчестер Сити»ни ҳам фаворитлар қаторига киритиш мумкин. Лекин футболда устунроқ кўринган жамоалар ҳар доим ҳам ғалаба қозонавермайди.

- Де Лигтнинг трансферида муҳим роль ўйнадингизми?

- Бундай деб ўйламайман, лекин менга шу мазмунда савол беришаётгани ёқмоқда. Чунки Миллатлар Лигаси финалидан кейин барча футболчилар сингари вазиятни дўстона руҳда изоҳладим. Бу нормал ҳолат, чунки у эндигина 19 ёшга тўлди. Буни ҳазил тариқасида айтдим, аммо ҳеч қачон трансфер сиёсати масаласида мураббий ёки клуб раҳбариятининг қарорига таъсир ўтказмаганман. Де Лигтнинг сафимизда эканлигидан хурсандман.

- Ўзингизни Мадридда яшаётгандек ҳис қила оласизми?

- Албатта, аввал ҳам айтганимдек, бу шаҳар оиламга ёқади, шу боис бундай эҳтимолни инкор этолмайман. Ҳозир бор эътиборим Италия, «Ювентус»га қаратилган, у ерда бахтлимиз, лекин келажакда нима бўлишини ҳеч ким билмайди: Мадридда ажойиб дамларни ўтказдим, тўғри, Испания пойтахтига кўчиб ўтишим мумкин - кўрамиз. Ҳозир бугунги кундан роҳат олиш даркор.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz