Қайднома

Қидирув

Муҳими – футболимиз ифлосланмасин!

Муҳими – футболимиз ифлосланмасин!

  08.08.2019 08:33
  0
  415
Муҳими – футболимиз ифлосланмасин!

Ўзбек футболи ҳақидаги маълумотлар билан мунтазам ўртоқлашиб бораётган Диёр Имомхўжаев «Телеграм»даги канали орқали яна айрим мавзулар юзасидан фикрларини билдириб ўтди.

***

Бунгача тотализатор билан боғлиқ иккита иш очилганди. Бу Ўзбекистон футболида катта шов-шув бўлди. ЎФАда раҳбарият ўзгарганидан кейин ҳам яна бир иш очилди. Демак, кўпчиликда мавҳум қолаётган саволлар учун жавоб бор. Сайлов куни ЎФА президенти нималар деганини эсланг.

Мана энди собиқ футболчи, «Оқ-тепа»да мураббий бўлган Ярослав Крушельницкий ҳамда эндигина «Қизилқум» билан шартнома имзолаган Нодир Камоловнинг иши очилди. Мамлакат футболи тарихида илк бор бу икки шахс мард бўлиб айбига иқрор бўлди. Кимгадир туҳмат қилмади, дод-вой солмади, сайтларга чиқиб «мен ҳалолман» деб бақирмади, тан олди айбини шунчаки.

Этика қўмитаси қарор чиқараётганда менимча айнан мана шу факторни ҳам инобатга олган. Бизнингча, футболчи ҳам, мураббий ҳам, футболдаги қолганлар ҳам шундай яшаши (ишлаши) керакки, уларда ўзини оқлаш учун зарурат қолмасин. Тўғри ишлаган инсонни оқлаб берадиган мухлислар ёки журналист топилади. Жуда топилмаганида ҳам виждони тоза одам соғломроқ, хотиржамроқ бўлади. Ҳаммамиз хато қиламиз, муҳими - хатони такрорламаслик. Умид қиламизки, «Эгрини гўр тузатади», деб юрмаймиз, футболни тоза ўйнашга нима етсин. Ва, албатта, бугун футболда бўлганларнинг ҳаммаси, агар уларга тинчлик керак бўлса, футболнинг тепасида ким турганини унутишмагани маъқул.

ЎФА юқоридаги масала бўйича расман баёнот берди. Бунда энг керакли тафсилотлар ва шахслар номи аниқ кўрсатиб ўтилган. Айбсиз деб топилган футболчиларнинг эса исм-шарифлари сир тутилган. Кейинроқ бу иш юзасидан бирор-бир каттароқ кўрсатув қилинса, яхши бўларди.

***

Шароит бўлса, футбол ривожланади, деймиз. Рост гап, аммо унутмайликки, Бразилияда шароитларни зўр деб бўлмайди, болаларнинг ва оналарнинг футболга бўлган муҳаббатлари ҳам бунда муҳим ўрин тутади. «Новза» метроси йўлагида олинган суратга қараб кайфиятим кўтарилди. Чунки бунда футболга бўлган самимий муҳаббат бор. Қолаверса, мана шу ерда футбол ўйнашни режалаштирган болакайларнинг ақлига ҳам қойил қолдим. Биринчидан, тўп узоққа кетиб қолмайди. Иккинчидан, у ерда тайёр прожектор бор, «майдон» қаттиқ бўлса ҳам, текислиги анча яхши. Тўп ариққа тушиб кетмайди, машинанинг тагида қолмайди ва ҳоказо.

Футбол ўйнаш учун шароит йўқ ёки бошқа «бла, бла, бла»лар деб ўйлаш, нолишни истамадим. Бирор ишни қилишни астойдил ният қилган одам бунга чора топади, истамагани эса баҳона. Ҳозир бизда футбол ўйнаш учун шароитлар бор, ишонинг, Бразилиядагидан анча яхши шароитлар бор. Агар биз ўзимиз футболни (умуман ҳаётни) ифлослантирмасак, мураккаблаштирмасак, ҳаммаси яхши бўлади. Ишонаманки, суратдаги болалардан зўр футболчилар етишиб чиқади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz