Қайднома

Қидирув

ШОТА АРВЕЛАДЗЕ : «"Пахтакор"да мени ишимга ҳеч ким аралашмайди...»

ШОТА АРВЕЛАДЗЕ : «"Пахтакор"да мени ишимга ҳеч ким аралашмайди...»

  09.08.2019 09:14
  0
  568
ШОТА АРВЕЛАДЗЕ : «

«Пахтакор» билан ёрқин ғалабаларга эришаётган, «шерлар»нинг ўйинини анчагина ижобий томонга ўзгартиришни уддалаган грузиялик мураббий Шота Арвеладзе яқинда хорижлик ҳамкасбларимизга интервью бериб, Ўзбекистондаги фаолиятига алоҳида тўхталди.

— Келинг, суҳбатни келиб чиқишингиздан бошласак: Шота исми форсча ва у «олов» маъносини билдиради. Демак, сизни «ҳукмдор» ва рашкчи инсон сифатида тасаввур қилиш мумкинми?

— Ўзимга «ҳукмдор» сифатини бермаган бўлардим. Рашкка келсак, мана 25 йилдирки, турмуш ўртоғим билан аҳил-иноқ яшаб келяпмиз ва бунинг учун Яратганга шукр қиламан. Тўғри, рафиқам билан янги танишган пайтларим унча-мунча низолар бўлиб турарди, аммо кейинчалик ҳаммаси ўз жойига тушиб кетди. Бу кўпчиликни ажаблантиради. Ўйлашимча, ишонч бор жойда рашкка ўрин қолмайди. Қачонки, ишончга путур етса, инсонлар ўртасидаги муносабат дарҳол бузилади. Тўғри, аёллар рашкчи эрни ёқтиришади, лекин бизнинг оилада ундай эмас. Аксинча, хотиннинг рашк қилгани яхшироқ ва тўғрироқ.

— Европанинг кўплаб клубларида, жумладан, Амстердамнинг «Аякс»ида, Шотландиянинг «Рейн­жерс»ида ўйнагансиз. Мураббий сифатида эса Исроилда, Голландияда ишладингиз. Ҳозир бир қатор номдор клублар таклифини рад этиб, Ўзбекистон пойтахти Тошкентда фаолият юритяпсиз. Қизиқ, нега?!

— Биласизми, ўз вақтида менга Россия терма жамоасини бошқариш таклифи ҳам билдирилган. Аммо ўша пайтлари сиёсий можаролар туфайли бу таклифни қабул қила олмадим. Вазиятни дўстона, дипломатик тарзда тушунтириб, рус ҳамкасб­ларим билан илиқ муносабатларни сақлаб қолдим. «Пахтакор»га келсак, ажойиб кунларнинг бирида жуда ҳам ҳурматли бир инсон қўнғироқ қилиб, учрашишга ундади. Суҳбат чоғида аниқландики, «Пахтакор»га сўнгги 4-5 мавсумдаги инқироздан кейин янгиланишлар лозим экан. Мен ҳолат ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун Тошкентга икки марта бориб, футболчилар билан мулоқот қилдим. Сўнгги сафар чоғида эса таклифни қабул қилиб, «Пахтакор»ни бошқаришга рози бўлдим ва бундан жуда хурсандман. Ўзбекистонда яшаб, ўзим учун кўплаб янги фактларни кашф қилдим. Клуб ҳақида эса менимча, бунгача ҳам етарлича тасаввурим бор эди. Каминани ҳайрон қолдиргани - халқларимиз маданиятидаги ўхшашликлар. Биз харитада Европадамиз-у, аслида шарқликлармиз. Оила маданияти, қўни-қўшничилик, дўст-у ёр, қариндошлар, меҳмоннавозлик, ошхона - ҳаммаси бир-бирига ўхшаш. Олдинлари биз - грузинлар таомга жуда уста, пазанда халқмиз, деб ўйлардим. Ҳозир эса грузин ошхонасини иккинчи ўринга қўяман. Чунки бу ерда барча овқатлардан татиб кўрдим. Ҳамма вақт ўзим қолиб, ошпазлар билан ҳам курашишимга тўғри келяпти - улардан овқатларни шунчалик мазали тайёрламасликларини илтимос қиляпман. Хуллас, Ўзбекистон чемпионати, Кубоги, ОЧЛ, ПФЛ кубоги мусобақалари камдек, ўз чемпионатимда ортиқча вазн устидан ғалаба қозониш учун ҳам ҳаракат қиляпман.

— Ўзбек футболи мухлислари учун «Пахтакор» - «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» номли бренддек гап. Ички чемпионатдаги иккинчи ўрин ҳам «Пахтакор»ни ОЧЛ гуруҳ бос-қичидан маҳрум қилиши мумкин. Бундай ҳолатда масъулият юки оғирлик қилмайдими?

— Энг катта роҳат - сен ўзинг қурган, бунёд этган ва пировардда эришган натижангни кўриш. Шубҳасиз, босим бор, аммо у бўлмаса, маълум бир ишни исталган одам уддалаб кетаверган бўларди. Мен масъулият нималигини 17 ёшимда, мактабни битирган пайтимда тушуниб етганман. Ўшанда оиламдагилар касб танлаш борасида менга қатъий маслаҳат беришган. Эслатиб ўтай, отам, онам, бобом, бувим - ҳаммалари фан докторлари, академиклар. Хуллас, охир-оқибат мен ва икки укам университетда ўқиб, кимё фанини ўзлаштирдик. Дипломни қўлга олгач, оила катталарини тўплаб, энди ўзимиз истаган соҳада фаолият юритишимизни ва футболда ҳам муваффақиятга эришишимизни эълон қилиб, ваъда бердик. Айнан шу қадам чинакам масъулият эди. Биз учун энг муҳими, футбол - фақатгина пул топиш йўли эмас, ҳаётимиз мазмуни эканини исботлаш эди. Чунончи, ўз меҳнатинг натижасидан роҳатланиш фақат ўзинг ёқтирган соҳадагина рўй бериши мумкин, менимча.

— Олдинги замонларда деярли барча болалар «Динамо Тбилиси»ни ҳам, «Пахтакор»ни ҳам, «Спартак Москва» ва «Динамо Москва»ларни ҳам яхши билишарди. Ҳозир эса бу анъана салбий томонга ўзгарган. Мен Тошкентга келиб, бу ердаги одамлардан қайси жамоага мухлислик қилишлари ҳақида сўраганимда, «Пахтакор» деган жавобни эшитдим. Лекин сўралганларнинг ҳеч бири клуб мураббийи, таркибдаги футболчилар ҳақида билмасликларига гувоҳ бўлганимдан сўнг қувончим тутундек тарқаб кетди. Сўровда қатнашганлар 17-60 ёш орасидаги одамлар эди. Катталар-ку, нималарнидир айта олишди. Аммо ёшлар ҳатто «Пахтакор»нинг 1979 йилдаги фожиасидан ҳам бехабар эканлар. Энг қизиғи, айни шу ёшлар «Барселона», «Арсенал» ва ҳоказо клублар аъзолари нима еб, нима ичишларигача айтиб беришяпти. Сизнингча, бу нима билан боғлиқ?

— Грузияда бир даҳо яшаб ўтган - ёзувчи, шоир ва халқ раҳнамоси Чавчавадзе. У айтгандики, ўзинг­никиларга доим ҳақиқатни гапир! Бу иқтибосни кишилар билан мулоқот жараёнига ҳам қўллаш мумкин. Биз ўз фарзандларимизга қандай муносабатда бўляпмиз? Чақалоқ туғилди, атрофда ҳамма парвона - онаси, бувиси, холаси, опаси ҳамма уни эркалаган. «Бир» дегунча бола 20 ёшга киради. Бўлди, тамом! У мудом атрофдагиларнинг эркалашига ўрганиб қолган. Бунақа пайтда ёшлар ён-верига қараб, меҳрибон яқинларини қидиради. Фақат унда буви қазо қилган, опа турмушга чиқиб кетган, она эса қариб қолган бўлади. Шу тариқа йигит вояга етганини тушунади. Албатта, онага меҳр - Ватанга муҳаббатдек гап ва болаларда худди шундай ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришимиз керак. Айни пайт ҳатто мактаблар ҳам фарзанд тарбияси буйича тинмай нималарнидир ўргатяпти, лекин ўша мактаб дастурлари ҳам тез-тез ўзгаряпти. Шу кунларда Тбилисига боринг-да, ўткинчилардан ХII асрда Грузиянинг подшоҳи ким бўлганини сўраб кўринг. Ишончим комилки, сизга «Шота Руставели» деб жавоб беришади... Кейинги савол: Тбилиси шаҳрини ким қурган? Жавоб битта - «Мен тбилисилик эмасман». Ахир улар аҳмоқ ёки тентак эмас-ку? Қисқаси, инсониятнинг турмуш тарзи кун сайин ўзгариб боряпти. Афсуски, салбий томонга. Биз кечки овқатга ўтирганимизда, фарзандларимдан телефонларини ўчириб, жонли тарзда суҳбатлашишни, бирор воқеани ҳикоя қилишларини талаб қиламан. Баъзи ҳолларда эса уларнинг ортидан изқувардек қувиб, ўз қурилмаларига «шўнғиб» кетишларининг олдини олишга тўғри келяпти. Бу - бир касаллик...

— Сизни барча клубларда илиқ кутиб олишган. Ўзингиз учун энг қулай жамоа қайси бўлганди?

— Биз жуда ёшлигимиздан «Динамо» Тбилиси «жинниси» сифатида вояга етганмиз. Отам Александр Чивадзе ва Давид Кипианилар билан дўст эди. Айтганча, Кипиани билан қариндошмиз десам ҳам бўлаверади - унинг ўғли менинг ўғлимга чўқинтирган ота бўлганди. Хуллас, ёдимда, Давид шаҳар марказида яшарди ва биз тез-тез унинг уйи ёнидан ўтардик. Шунда мен доим отамдан нега у айвонда сира ўтирмаслигини сўрардим. Биз - болалар учун ўша пайтдаги «Динамо» дунёнинг энг кучли клуби ҳисобланарди! Бу жамоани таққослаш учун муносиб рақиб топилмасди. Бу албатта, биз учун шундай туюларди. Хуллас, ана шу «Динамо»нинг ўйинлари билан ўсиб-улғайдик. Кейин эса ўз фаолиятимизни бошладик ва мунтазам равишда ким эканимизни - «физкультурник» ёки футболчи эканимизни аниқлашга уриндик. 23 ёшимда «Аякс» академиясига қабул қилишди. У ёққа кетаётганимда, кўпчилик захирада қолиб кетишимга шаъма қилиб, «Ўзинг билан юмшоқ ёстиқ ол», дея маслаҳат беришганди. У ерда эса сенга тўп оширишса-ю, уни йўқотмай, шерикларинг­га аниқ узата олсанг бас, футболчи саналар экансан. Шундай қилиб, секин-аста клуб тизимига, шароитга мослаша бордим. Умуман олганда, «Аякс» менга руҳий томондан ҳам, маданият томонидан ҳам жуда мос келди. Боз устига, «қизғанчиқ» ҳужумчилар тоифасига кирмасдим. Бу эса уларга маъқул келди. Амстердамда мухлислар ҳам ўйинни барча нозик жиҳатлари билан тўла тушунишади.

— Яна «Пахтакор» ва босим масаласига қайтамиз. Тошкентда асосий таркиб, ўйин услубини ўзингиз танлайсизми? Атрофдагилар фикрингизга таъсир ўтказишадими?

— Бизнинг ишимизда аввал-бошданоқ ҳаммасини бош мураббий ҳал қилишини алоҳида эълон қилиб олиш зарур. Шукрки, ҳозиргача бу ишни қилиши мумкин бўлганлар менга халал беришмаяпти. Бу - биринчи ва энг муҳим омил. Иккинчидан эса, футбол - муайян касб ва унинг ўзига хос «нюанс»лари бўлиб, ҳақиқий профессионаллар ишлаши лозим. Мана, баъзида менга отам мухлис сифатида қўнғироқ қилиб, у ёки бу ўйинчидан фойдаланмаётганимни уқтиради. Мен эса унга «Сизга бирор марта беморларингиз ва уларга қандай дорилар бериш хусусида маслаҳат бераманми?» дейман. Тўғри, бу одобсизликдек туюлади, аммо айтмоқчиманки, ҳамма ишни ана шу касб эгалари қилгани маъқул.

— Футбол сиз учун нима: касб, хобби, ҳаёт ёки муҳаббат?

— Менимча, футбол - ҳаётим ва муҳаббатим. Дейлик, ҳаёт бўлмаса, муҳаббат бўлмайди. Агар муҳаббат бўлмаса, бундай ҳаёт - ҳаёт эмас.

— Эркак ва аёллардаги қандай фазилатларни кўпроқ қадрлайсиз?

— Аёл киши садоқатли бўлгани маъқул, эркак эса қўрқоқ бўлмасин. Хато қилса ҳам ўз фикрига эга бўлсин, оёққа турсин! Хатолардан эса ҳеч биримиз кафолатланмаганмиз. Аёл учун эса муҳими - ишонч ва садоқат. У семизми, ориқми, новчами - фарқи йўқ. Хунук аёллар бўлмайди. У кимнинг­дир онаси, синглиси. Демак, аёл киши фазилатсиз бўлиши мумкин эмас.

— Яқинда таниқли балет артисти Марис Лиепанинг ўғли Андрис Лиепадан интервью олгандим. Айни пайт у Навоий театри раҳбари ҳисобланади. Томошабинларга шундай савол бердим: Лиепа келганидан сўнг Навоий театри жонландими? Ҳа, дейишди улар. У янада кўпроқ қолса яхши бўларди, дейишди. Хўш, сизнинг­ча, ҳозирги «Пахтакор» жонландими? Бу ерда узоқ вақт қолишни истармидингиз?

— Жонланиш масаласига статистика орқали жавоб бераман. Илгари «Пахтакор» ўйинларига 500дан 1400 нафаргача томошабин келган. Ҳозирда ўртача кўрсаткич бир ўйинга 10 мингдан тўғри келади. Осиё миқёсидаги баҳсларда эса стадион тўлди. Биринчи даврада 200 минг томошабин тўпладик. Хуллас, статистика мен томонда, «Пахтакор» томонида. Устига-устак, бу ҳисоблар шундай иссиқ кунларда юритилган. Демак, ўйинимизда кўришга арзийдиган нимадир бор. Бу ерда қанча вақт қолиш масаласи эса мураббийлар учун жуда қийин савол.

— Лекин ўзингиз шуни хоҳлайсизми?

— Мен бугунги кунда мавжуд истаклар билан яшаш тарафдориман. Худди шундай муҳаббат ва истак билан «Динамо» Тбилисида, Барселонада ёхуд Манчестерда ишлашим мумкин.

— Россия чемпионатига қизиқасизми? Қайси жамоага мухлислик қиласиз?

— Ҳа, РПЛни кузатиб бораман. Менга Бесков асос солган «спартакча» услуб ёқади. Албатта, ЦСКА ёки «Зенит» иштирокидаги ўйин­ларга ҳам бефарқ эмасман, бироқ «Спартак» мен учун ҳамон барҳаёт.

— Миллий терма жамоа­лардан-чи?

— Бутун умр Аргентина термаси ва Марадонага ишқибозлик қилдим. Тушунарлики, илгари собиқ иттифоқ термаси мухлиси эдим. Дарвоқе, хоккейга, Ларионовнинг «бешлиги»га ҳам меҳрим бўлакча эди. Испан футболи ҳам менга ёқади. Илгарилари «Реал»­нинг бирорта ўйинини қолдирмасдим. Бироқ айни чоғда Мадриддан кўра, «Барселона»га кўпроқ жон куйдираман.

Давоми бор. Мазкур интервьюни тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" газетасининг 8 августдаги пайшанба сонида ўқишингиз мумкин.

Исроил РАҲИМОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz