Қайднома

Қидирув

Умар Момани: «ЧИРОЙЛИ ФУТБОЛЧИЛАР КАРИКАТУРАСИНИ ЧИЗИШ ҚИЙИНРОҚ»

Умар Момани: «ЧИРОЙЛИ ФУТБОЛЧИЛАР КАРИКАТУРАСИНИ ЧИЗИШ ҚИЙИНРОҚ»

  10.08.2019 01:36
  0
  350
Умар Момани: «ЧИРОЙЛИ ФУТБОЛЧИЛАР КАРИКАТУРАСИНИ ЧИЗИШ ҚИЙИНРОҚ»

Футболга аталган карикатура (комикс)ларни кўп кўргансиз. Ишонч билан айтишимиз мумкин, ўша суратларнинг аксариятида пастки ўнг бурчакда Omar Momani дастхати туширилган сариқ йўлакча бор. Лео Мессининг қизил карточкаси, АПЛнинг чемпионлик кураши, Кепа Аррисабалаганинг қилиғи - Омар барчасини чизади. Унинг иши бутун дунёга машҳур. Яқинда украиналик журналист Евгений Музика сизу бизга яхши таниш бўлган карикатура устаси билан суҳбат уюштирди.

- Агар ўзингиз ҳақингизда гапириб беришингиз учун бир дақиқа беришса, нима деган бўлардингиз?

- Мен барча нарсага чизган комиксларим орқали эришмоқчиман. Ўзим севган футбол, мусиқа, фильмлар, фалсафа, тарих ва бошқа нарсалар ҳақида муаллифлик ишларини яратмоқчиман. Шунингдек, қисқа метражли фильмларни яратиш ҳақида ҳам ўйламоқдаман.

- Қайси фалсафа сизга яқинроқ? Қайси тарихий даврни ёқтирасиз? Балки Рим империясидир ёки қадимий Грециями?

- Менга экзистенциализм, гедонизм ва стоицизм биргаликда ёқади. Сиз ҳақсиз, Римни ёқтираман. Яна форслар ўлкасини ҳам. Шунингдек, Европанинг қоронғу давридан 19-аср­гача бўлган тарихини хуш кўраман.

- Мақсадларингиз ҳақида. Уни амалга ошириш учун нима халақит қилмоқда?

- Анимацион қисқа метражли фильмлар ва график новеллалар яратмаётганимга вақтнинг камлиги ва ялқовлигим сабаб бўлмоқда. Бошлаб олишим учун яхши мотивация керак. Лекин айни пайтда продюсерлар билан қисқа метражли фильмлар яратиш борасида музокаралар ўтказяпман. Умид қиламанки, шу йилда бу иш амалга ошади.

- Футболга бўлган муҳаббатингиз қачон бошланган? Севимли жамоаларингиз қайси?

- 1990 йил эди. Тўққиз ёшимда жаҳон чемпионати атмосферасидан ажабланганман. Ҳамма футбол кўрарди ва фақат футбол ҳамда Марадона ҳақида гапиришарди. Менимча, ўшанда футболни яхши кўриб қолганман. Менга «Милан» ёқади. Ушбу жамоага ЖЧ-1990дан кейин мухлислик қила бошлаганман. Ўша даврларда «Милан» энг кучли жамоа эди.

- Ҳозирги «Милан» ҳақидаги фикрингиз қандай? Гаттузо билан хайр­лашиб тўғри қилишдими? Жампаоло - маъқул қарорми? Шу ёзда «Милан»да қайси футболчиларни кўришни истардингиз?

- Охирги ўн йиллик даҳшатли бўлди. Менимча, Гаттузо футболчиларни руҳлантириш борасида дуруст, лекин у кучли мураббий эмас. Бошқа тарафдан Жампаоло - яхши мураббий. Янги мавсумда нима бўлишини билмайман. Келинг, оптимистик руҳни сақлаб турайлик. Агар мен ҳал қилганимда, «Реал» ва «Барселона»га керак бўлмай қолган футболчиларни харид қилардим. Айтайлик, Бэйл ёки Искони. Улар анча тажрибалилар ва чемпионлик руҳига эгалар.

- Суратларингиз учун қачондан пул олишни бошлагансиз? Биринчи буюртмангизни эслай оласизми?

- Бу 1996 йили юз берган. Отамнинг ҳафталик журнали бўларди. У мендан Ўрта Шарқ ҳаёти ҳақида расм чизиб беришимни сўради. Лекин қанча тўлаганини эслай олмайман.

- Муваффақият йўлида қандай тўсиқларга дуч келгансиз?

- Энг катта тўсиқ - комикслар ва анимацияга боғлиқ иш топиш қийин кечган. Ўзимни ривожлантиришим учун турли маълумотларни тўплаш имконияти бўлмаган. Интернет ҳам ҳозиргидек эмасди.

- Энди карикатурачи бўлиш осонроқми?

- Қийин томони, номингиз чиқмаган бўлса, иш топиш мушкул. Шу боис, фаолият аввалида астойдил ишлаб, довруқ қозонишга тўғри келади.

- Футбол комикслари ягона ишингизми?

- Йўқ. Яна Иорданиядаги илмий онлайн-платформада ҳам ишлайман. Унинг номи - Edraak. Шунингдек, фрилансер сифатида турли ташкилотлар билан ҳамкорлик қиламан.

- Ишларингизнинг 99,9 фоизи футбол билан боғлиқ, дегандингиз. Қолган 0,1 фоизи ҳақида гапириб беринг.

- Улар асосан фильмлар ва мусиқага боғлиқ. Аниқроғи, актёрлар ва мусиқачиларга. Лекин яқин орада мутлақо бошқа нарса тўғрисида ҳам сурат чиза бошлайман.

- Ижод маҳсулингиз Goal.com. сайтида чоп этилади. Улар билан ҳамкорлик қандай бошланган?

- 2010 йили жаҳон чемпионати тўғрисида комикслар чиза бошладим. Дўстларим бу ишимни давом эттиришим кераклигини айтишди. Кейин шундай материалларни чоп этадиган ОАВ билан мулоқотга кирмоқчи бўлдим. Goal.com сайтининг ўқувчиси сифатида араб таҳририятининг муҳаррири билан учрашдим. У эса хурсандчилик билан мени ишга қабул қилди. Бир йилдан кейин эса халқаро таҳририят учун чиза бошладим.

- Бошқа буюртмачилар ҳам борми ёки фақат Goal.com учун чизасизми?

- Бир нечта бор. Айни пайт Бундеслига, Араб кўрфази лигаси ва бошқалар билан ҳамкорлик қиляпман. Шунингдек, «Манчестер Сити» ва «Ал-Араби» учун ҳам чизганман.

- Goal.com рақобатчилари сизни олиб кетишга ҳаракат қилишганми?

- Кўплари ҳаракат қилишган, аммо рад жавобини берганман. Мен фрилансерман ва бошқа нашрлар билан ҳам ишлашим мумкин. Лекин Goal.com билан муносабатларимизни ҳурмат қиламан. Уларга зиён келтирадиган иш қила олмайман. Бир нечта футбол нашрлари билан бирданига ҳамкорлик қилганман, лекин бошқа мижозларимга зарар етказмасликка интилганман.

- Ҳозир жаҳондаги энг машҳур футбол карикатурачиси бўлсангиз керак. Буни билганингизда ўзингизни қандай ҳис қилгансиз?

- Албатта, бахтли бўлганман. Аммо бу ўзига хос стресс вазият. Чунки менда ҳаммадан кўра яхшироқ чизиш масъулияти бўлади.

- Гарчи номингиз дунёга машҳур бўлсада, кўринишингиз қандайлигини кўпчилик билмайди. Шу орқали қизиқарли вазиятлар юзага келганми?

- Бир марта Дубайда ташкиллаштирилган анимация билан боғлиқ конференцияга борганман. Ҳар куни кичик бир ресторанга нонушта қилиш учун кирардим, шу орқали ресторан эгаси билан танишиб қолдим. Биз у билан фақат футбол ва унинг севимли жамоаси «Арсенал» ҳақида гаплашардик. Бир куни «агар карикатурачи бўлсанг, футболни ёқтирсанг, нимага Омар Моманига ўхшашга ҳаракат қилмайсан? Ишончим комил, ундан ҳам ўзиб кетасан», деди. Кейин унга паспортимни кўрсатганимда карахт бўлиб қолди.

- Ишингизнинг қайси қисми энг ёқимли?

- Улар иккита. Биринчиси, ўзим ёқтирадиган футбол ҳақида чизаман. Иккинчиси эса, ўша суратга бўлган муносабат.

- Комиксларни қандай яратасиз. Мавзуни ўзингиз танлайсизми ёки буюртма беришадими?

- Ҳаммаси мижозга боғлиқ. Баъзида ўзим, баъзида акси. Ўзимда ғоя бўлади. Кейин буюртмачи билан муҳокама қиламиз. Шундан сўнг чизаман.

- Ҳар куни ижод қилишингизга тўғри келади. Ишнинг кўплигидан ҳиссиётлар жунбушга келмайдими?

- Ҳа, шундай. Ҳар куни ишлайман. Шу билан бирга масъулиятни ҳис қиламан. Мен бўлаётган воқеаларни чизишим керак. Обуначиларим айнан шуни кутишади.

- Агар касал бўлиб қолсангиз нима бўлади?

- Унда таътилга чиқаман. Баъзида таътилим чўзилиб кетади.

- Ишингизни чоп этмаган кунлар ҳам бўлганми?

- Йўқ, ундай бўлмаган. Агар мижозга ғоям ёқмаса, чизмайман.

- Сиз умуман чизмайдиган элементлар ҳам борми? Айтайлик уруш, қон...

- Ҳаммаси мижозга боғлиқ. Мисол учун, Goal.com қон, дин ёки миллат устидан куладиган суратларни чизишни тақиқлаган. Кейинчалик бошқа комиксларда қонни чизишим мумкин.

- Карикатурангиз қаҳрамонлари норози бўлган вазиятлар ҳам бўлганми? Қандайдир можаролар, дегандек?

- Бўлмаган. Лекин Goal айрим футболчиларнинг ҳиссиётли эканлиги ҳақида огоҳлантирган. Уларнинг исмларини айта олмайман. Жаҳон чемпионати пайтида эҳтиёт бўлиш керак. Одамларга терма жамоаларни танқид қилишингиз ёқмайди.

- Қаҳрамонлар ишингиздан мамнун бўлган вазиятлар ҳам бўлганми?

- Бир сафар африкалик юлдузлар - Дрогба, Это~О ва Турени чизганман. Уларнинг барчаси ишимга репост босишган ва шу йўсин давом эттиришимни айтишган. Умуман олганда, кўплаб футболчилар ишларимдан мамнун бўлишган. Касильяс, Подольски, Фалькао, Мхитарян ва бошқалар шулар жумласидандир.

- Ҳамма футболчиларни чизиш осонми ёки қийинлари ҳам борми?

- Чиройли ва қора танли футболчиларни чизиш қийин. Чиройлиларда ажралиб турадиган белгилари бўлмайди. Айтайлик, катта бурни. Қора танлиларни чизиш қийинлиги - бу оғриқли мавзу. Сизни ирқчиликда айблашлари мумкин.

- Демак, Златан энг осон чизиладиган футболчилардан экан-да? Андрей Шевченко-чи?

- Ҳа. Бурун ва кокилни чизсангиз, Златан тайёр. Шева чиройли. Уни чизиш қийин.

- Ишингиз ўғирланган ҳолатлар ҳам бўлганми?

- Оҳ, бунақаси жуда кўп кузатилади. Айниқса, муаллифлик ҳуқуқи ҳимоя қилинмаган мамлакатларда.

- Бир каналда рекламани кўриб қолдим. Унда «Омар Момани энди «Телеграм»да» деган ёзув бор эди. Сизнинг номингизда очилган учта каналда 80 мингдан ошиқ обуначи бор. Ҳеч бўлмаса уларнинг биттасига алоқангиз борми?

- Йўқ. Бу каналлар менга тегишли эмас. Бу - фанатлар. «Телеграм»да аккаунтим йўқ.

- «Инстаграм»да 500 мингдан ошиқ обуначингиз бор. «Ютуб»да эса атиги тўрт минг. Нега фарқ бунчалик катта?

- Менимча, одамларга «Инстаграм»­даги суратлар маъқулроқ. «Ютуб»­да эса видео кўришни маъқул кўришади.

- Саёҳат қилишни яхши кўрасиз. Севимли шаҳарларингиз қайси?

- Алоҳида бирортасини кўрсатиш қийин. Менга кўпроқ сокин шаҳарлар ёқади. Шунингдек, бой тарихга эгалари ҳам. Ҳар бир шаҳарнинг ўзига хос жиҳатлари бўлади.

- Кейинги Омар Момани бўлишни истаганларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

- Омар Момани бўлманг. Мендан ўрганишингиз мумкин, лекин ўзлигингизни йўқотманг. Ўз услубингизга эга бўлинг ва ҳар куни машқ қилинг.

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz