Қайднома

Қидирув

Давра сизга мунтазир, хоним!

Давра сизга мунтазир, хоним!

  10.08.2019 03:40
  0
  404
Давра сизга мунтазир, хоним!

УЕФА ўтган ҳафта «Ливерпуль» ва «Челси» ўртасида кечадиган Суперкубок баҳсида ишлайдиган ҳакамлар таркибини эълон қилди. Ўйинни ҳозирданоқ тарихий деб аташ мумкин, зеро уни Стефани Фраппар бошқарадиган бўлди. 35 ёшли франциялик УЕФА ўтказадиган йирик расмий учрашувларда ишлаган дастлабки аёл ҳакамга айланади. Умуман, Стефани жиддий муаммога йўлиқмаслиги керак. Футболчилар майдонда у билан ҳисоблашишади, футбол федерациялари эса унга тўлиқ ишонишади.

Нега айнан Фраппар?

Ҳозир аёллар футболида Стефани Фраппарнинг обрўси эркаклар футболидаги Пьерлуижи Коллинаники билан бир хил. У футбол федерацияларида катта обрўга эга, аёллар ўртасидаги масъулиятли учрашувлар унга ишониб топширилади, ҳаттоки, уни аёл ҳакамлар орасидаги энг яхшиси деб аташади. Франциялик хоним жаҳон чемпионати-2015, Олимпия ўйинлари-2016, Европа чемпионати-2017да ишлаган. Францияда ўтказилган сўнгги мундиалда эса АҚШ ва Голландия ўртасидаги финал (2:0) баҳсини бошқарди.

Ўша ўйинда у жуда яхши ишлади. Фраппар учта сариқ карточка кўрсатди, VAR хизматидан фойдаланиб, Голландия термаси дарвозасига белгиланган пенальти билан боғлиқ баҳсли вазиятни ижобий ҳал этди. Такрорий вазиятда голландлар вакиласининг оёғи АҚШ футболчисининг танасига теккани, яъни контакт борлигини аниқлагач, қатъият билан нуқтага ишора қилди. Натижада мазкур пенальтидан урилган гол ўйинда ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Стефанининг ҳисобида эркаклар ўртасидаги юқори даражали ўйинлар ҳам бор. Ўтган мавсум у Лига 1да дебютини нишонлаб, «Амьен» - «Страсбур» ҳамда «Ницца» - «Нант» учрашувларини бошқарди. Шу тариқа Фраппар Франция олий дивизиони ўйинида ҳакамлик қилган биринчи аёл бўлди. Бунга қадар шу каби кўрсаткич билан германиялик Бибиана Штайнхаус мақтаниши мумкин эди: у 2017 йили Бундеслига ўйинига тайинланганди.

Адолат юзасидан айтиш жоизки, Суперкубок финалини Фраппарга ишониб топширилгани нафақат унинг малакаси, балки УЕФАнинг сиёсий қарашлари билан ҳам боғлиқ.

- Бизнинг ташкилот аёллар футболи ривожи йўлида ҳар жабҳада катта эътибор қаратади. Умид қиламанки, Стефанининг маҳорат ва меҳнат эвазига фаолиятини юксак чўққига олиб чиққани бутун Европадаги барча хотин-қизларни руҳлантириб, орзуларига етишиш йўлида уларга ҳеч нарса тўсиқ бўлолмаслигини кўрсатади, - деди УЕФА президенти Александер Чеферин.

Суперкубок финали нафақат ёш футболчиларни янги марралар сари илҳомлантириши, балки жаҳондаги аёл ҳакамларнинг обрўсини ҳам ошириши керак.

Фраппар ҳакамликка Қандай келган?

Стефани Франция марказининг шимолий қисмидаги Валь-д~Уаз деб номланувчи аҳоли зич жойлашган департаментида туғилган. Айнан шу ерда маҳаллий жамоада ўйнаган. Ўсмирлик пайтлари футбол қоидаларига қизиқиб, уларни астойдил ўргана бошлаган. Бундан ташқари, 10 ёшдан катта бўлмаган футболчилар ўртасидаги ўйинларда ҳакамлик қилган. 18 ёшга тўлганида Фраппар иккита йўлдан бирини танлашга мажбур бўлди - футболчилик ёки ҳакамлик. Аёллар футболи унчалик ривожланмаган деб ҳисоблаган Стефани ҳакамликни танлади.

2009 йили у ФИФАнинг халқаро реферилари рўйхатига кирди, икки йилдан кейин эса профессионал даражада дебютини ўтказди ва Франция миллий чемпионати (савия бўйича мамлакатдаги учинчи дивизион) ўйинларини бошқарди. Фраппар ўзи ишида тез ўсишга эришди. 2014 йили у Лига 2 реферисига айланди, яна беш йилдан кейин эса Лига 1 даражасигача чиқди. Шу ўринда у қуйи дивизионларда ишлашни канда қилмади. Стефани ҳозиргача ҳар учта лига ўйинларини бошқариб келяпти.

Эркак футболчи ва мураббийлар муносабати

Фраппарнинг таъкидлашича, аввалига у ўйин пайти ўз манзилига футболчилар томонидан жиддий ҳақоратлар ёғдирилишини кутган экан. Бироқ ўйинчилар уни жуда ҳурмат қилишади.

- Қайси дивизионда ишлашимдан қатъий назар, футболчи ва мураббийлар менга нисбатан яхши муносабатда бўлишган. Ўйинчилар менинг кўникмаларимга қараб баҳо беришади. Тўғри қарор чиқармасам, эркак ҳакамларга билдириладиган эътирозлар мен томонга ҳам билдирилади. Майдонда мени аёл эмас, ҳакам сифатида қабул қилишади, - дейди Стефани.

Футболчилар орасида Фраппарнинг ҳакамлик маҳоратини юқори баҳолаганлар ҳам бор.

«Стефани - Лига 2нинг энг яхши ҳаками. Овози майин, лекин шунга қарамай, кучли аёл, унда атрофдагиларга таъсир кўрсатиш хусусияти бор. Стефани тўғри сўзларни топиб гапиради, ўз қарорини тушунтиради, у билан суҳбатлашса бўлади. Ўз нав­батида, бошқалардан ажралиб туришни хоҳламайди. Унинг мақсади - адолатли ўйин», - деганди 2017|2018 йиллар мавсумида «Орелан» ярим ҳимоячиси Пьер Буби.

Умуман олганди, Фраппарнинг фаолияти жиддий танқидлардан ҳам холи бўлмади. Бир сафар «Валансьен» мураббийи Дэвид Ле Фраппар муҳим ўйинда пенальти белгиланмади, дея ҳисоблаб, Стефанига эътироз билдирганди.

«Ўша пайтда 11 метрли жарима зарбаси белгиланиши керак эди, аммо ҳакам қоидабузарликни назардан четда қолдирди. Сен аёл бўла туриб, эркаклар спортига келсанг, жуда қийналасан», - деганди мутахассис.

Мураббий бу гаплари учун кейинроқ узр сўради. Аммо ҳакам билан муносабатларидаги совуқчилик сақланиб қолди.

Суперкубокда Стефанидан нима кутамиз?

Катта эҳтимол билан, «Ливерпуль» ва «Челси» ўртасидаги ўйинда Фраппар эҳтиёткор, таъбир жоиз бўлса, дипломатик тарзда ишлайди. Муҳим қарорларни қабул қилишга шошилмайди, гарчи бу вақт чўзилишига сабаб бўлса ҳам. Стефани 14 август куни ўтадиган баҳсни нафақат шунчаки бош­қариши, балки УЕФА ишончини қозониши кераклигини ҳам яхши тушуниб турибди.

Шундай экан, қоидабузар футболчилар ҳакамдан раҳм-шафқат кутмасалар бўлаверади. Лига 1, Лига 2 ва Франция кубогининг ўтган мавсумида Фраппар жами 75та сариқ ва 4та тўғридан-тўғри қизил карточкага мурожаат этди (ўртача ҳар бир ўйинда 4,4та огоҳлантириш). Стефани қўполликларга шунчаки қараб турмайди, шу боис Англия клубларидаги футболчилар орасида ўйин пайти иккитадан сариқ карточка оладиган топилмаса керак.

Учрашув давомида Фраппар йўлиқиши мумкин бўлган энг оғир иш - масъулият сабабли вужудга келадиган босим, ахир унинг ҳаракатларига қараб бутун бошли аёллар ҳакамлиги даражасига баҳо берилади-да.

А.Аҳмедов тайёрлади. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz