Қайднома

Қидирув

Сулоланинг учинчи бўғини

Сулоланинг учинчи бўғини

  11.08.2019 01:01
  0
  494
Сулоланинг учинчи бўғини

Халқаро чемпионлар кубоги турнирида қатнашиш орқали мавсумга қизғин тайёргарлик кўраётган «Милан» бир қатор янги футболчиларни синовдан ўтказмоқда. Жумладан, «россонери»нинг янги бош мураббийи Марко Жампаоло олис Канзасдаги «Бавария»га қарши беллашувда 17 ёшли Даниэль Мальдинига майдонга тушиш имконини берди.

Тарихий сана

2019 йилнинг 23 июль санасини миланлик мухлислар қачондир буюк кун сифатида нишонлай бошласалар, ажабмас. Байрамнинг қачон юз бериши дебютантнинг маҳоратига боғлиқ. Жамоа билан танишишни давом эттираётган янги бош мураббий «МЮ»га қарши учрашувда ҳам Даниэлни Пентек ўрнига майдонга туширди. Мухлислар Мальдини ёзувли футболкада тўп сурадиган футболчидан фақат ишончли ўйинларни кутишади, албатта.

Афсуски, шонли сулоланинг оқсоқоли бўлмиш дон Чезаре бу кунларга етиб кела олмади. Италиянинг 4 карра чемпиони ва ЕЧКнинг 1962|1963 йиллар мавсумидаги ғолиби бундан 3 йил муқаддам дунёдан ўтганди. «Чезаре Мальдини шунчаки «Милан»нинг собиқ футболчиси эмас, у - «Милан»нинг ўзидир!», - деганди Сильвио Берлускони дафн маросимида. Эътиборлиси, «Мальдини» ва «Di Milan» (миланлик) иборалари ўртасида ажиб уйғунлик мавжуд.

Отасининг ўғли

Машҳур сулола анъаналарини давом эттириш - ўта мушкул вазифа! Бироқ Даниэль Мальдини отасидек бебаҳо намунага эга. Ўз даврида футбол оламининг энг яхши ҳимоячиси даражасига кўтарилган Паоло ҳам улкан руҳий босимга дуч келган, аммо уни ўзига хос мотивацияга айлантиришга муваффақ бўлганди. Ваҳоланки, катта футболга эндигина қадам қўйган ёш йигитча учун «Милан» ёшлари ва терма жамоа сафидан таниш-билишлар кўмагида жой олган «Отасининг ўғли» каби кинояларга дош бериш осон бўлмаганди.

Тўғри, атамага ижобий урғу берадиганлар ҳам йўқ эмасди. Марҳум Чезаре Мальдини ўша даврда Италия ёшлар терма жамоасини бошқарган ва етарлича танбеҳлар эшитганди. Боз устига, Паоло машғулотлар пайтида унга ота деб мурожаат қилар ва бундай дейиш нима учун мумкин эмаслигини тушуна олмасди. Кейинчалик катта Мальдини уч марта ўз шогирдларини қитъа шоҳсупасига олиб чиқди, ЖЧ-98га дон Чезаре «Мовий гвардия»нинг бош мураббийи, Паоло эса сардори сифатида йўл олишди.

Франция мундиалида италияликлар бўлажак чемпионга имкониятни бой бериб (пенальтилар сериясида), чорак финалдан ўта олишмади. Икки йилдан кейин Паоло Мальдинининг терма жамоа таркибида чемпион бўлишига французлар имкон беришмади. Афсонавий ҳимоячи клуб доирасида 26та совринга, жумладан, 5та ЕЧЛ кубокларига сазовор бўлган.

Ижодкор, бузғунчи эмас

Қачонлардир ўртанча Мальдини ўз ворисига қандай тилаклар билдирганидан воқиф бўламиз. Даҳо даражасида тўп сурганига қарамасдан, Паоло ҳеч қачон камтарлигини йўқотмаган. Шунингдек, ўзи ёки фарзандлари учун ниманидир илтимос қилган эмас. Яқинда у ўзига тегишли 3 рақами қайсидир ворисга берилмасдан, «Милан» музейидан жой олган тақдирда ҳам хафа бўлмаслигини айтди.

Ўз вақтида кучли босимни бошидан кечирган афсона 2009 йилда фаолиятини якунлаш учун ўғлонлари билан майдонга тушганида, уларга бундай қисматдан холи бўлишларини тилаганди. 22 ёшли тўнғичи - Кристианда бобоси ва отаси забт этган чўққиларга кўтарилиш имконияти йўқ. У 4-дивизионда тўп сурмоқда. Аммо Даниэль бундан икки йил аввал 16 ёшлилар тоифасида чемпион унвонига сазовор бўлганди. Унинг ёрқин ўйинлари олдинда.

Сулола вакиллари тўп сурган позицияни Италияда треквартиста деб аташади. Бу чизиқ вакили олдинги ва ўрта чизиқ оралиғида ҳаракатланиб, ҳужумни бош­қаради. Бундан ташқари, жарима зарбаларини ажойиб тарзда амалга оширадиган Даниэль олдинги чизиқда ҳам фаол. Қисқаси, буюк аждодларидан фарқли равишда у - ижодкор ўйинчи, бузғунчи эмас. Аввалги мавсумда у «Милан» ўсмирлари сафида 13та гол урди. Қолаверса, каттароқ ёшдаги мусобақаларда ҳам чиройли голларни амалга оширган. Агар унинг зарбаси, тўсин устидан ўтиб кетмай, «Бавария» дарвозасидан жой олганида, катта футболдаги дебюти эртакка айланарди.

Албатта, ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиш барча қатори Даниэлга ҳам осон бўлмайди. «Бенфика»га қарши баҳсда унга атиги 3 дақиқа имкон беришди. Энди у «Кротоне» сафида малака ошириш учун «Б» сериясига йўл олса керак. Лекин қаерда бўлишидан қатъий назар, буюк бобоси ва отасига қиёслашларидан фориғ бўла олмайди. Боз устига, 10 йилдан кейин «Милан»га отаси техник директор сифатида қайтган паллада. Мухлислар эса ота-бола Мальдинилар ҳамкорлигини сабрсизлик ва катта умидлар билан кутишмоқда. Сулола шарофати билан «Сан-Сиро»га ёрқин ғалабалар қайтишига улар шубҳа қилмаяптилар.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz