Қайднома

Қидирув

Альваро Сайабера: «ШОМУРОДОВНИ «УФА»ДАН КЕЛГАН ДЕБ ЎЙЛАГАНМАН

Альваро Сайабера: «ШОМУРОДОВНИ «УФА»ДАН КЕЛГАН ДЕБ ЎЙЛАГАНМАН

  11.08.2019 03:05
  0
  888
Альваро Сайабера: «ШОМУРОДОВНИ «УФА»ДАН КЕЛГАН ДЕБ ЎЙЛАГАНМАН

«Ростов» РПЛнинг ҳақиқий испанча клуби. Мураббийлар штабида фақат икки киши россиялик (Карпинни ҳисобга олмаганда): бош мураббий ёрдамчиси Михаил Оспинов ва дарвозабонлар устози Виталий Кафанов. Жонатан Альба - таҳлилчи, Луис Мартинес - жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий, Рауль Канле ва Уго Огандо - физиотерапевтлар. Реабилитолог Альваро Сайабера (жароҳатланганлар билан ишлайди, парҳез режасини тузади) «Ростов»­га ўтган йили келган: қисқичбақани татиб кўрди, бироз русча гапиради. У ҳамкасбларимиз билан суҳбат пайти Россиядаги ҳаёти ва бошқа ажойиб воқеалар ҳақида сўзлаб берди.

Даставвал Альваро ҳақида маълумот берамиз:

- Альваронинг (1987 йилда туғилган) оиласида ҳамма «Реал»га мухлислик қилади, аммо у «Атлетико» академиясида футбол сирларини ўрганди ва марказий ҳимоячига айланди. «Шундай қилиб қалбим қизил-оққа айланган. Мадриддагилар «Атлетико»чи бўлиш - ғалаба дардида азоб чекиш деб айтишади, аммо Симеоне келиши билан ҳаммаси ўзгарди, энди клубда ғолиблик менталитети сезилмоқда».

- Футболчи бўла олмади: Альваро жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий касбини танлади. 2012 йилда АҚШга йўл олиб, инглиз тилини ўрганди.

- 2006 йилда «Атлетико»га келди: 8 ёшгача бўлган болалар билан ишлаган мутахассис кейинроқ U-12 ва U-16 жамоаларидаги футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига жавоб берди.

Тўрт мавсум «Атлетико»нинг аёллар жамоасида ишлаб, икки марта мамлакат чемпиони ва бир марта Қиролича кубоги соҳиби бўлди. «Аёлларда ҳаммаси бошқача. Уларда куч ва тезлик эркаклар футболиникидан кам, тактика ҳақида гапирадиган бўлсак, у йўқ. Аммо сўнгги жаҳон чемпионатига эътибор қаратинг: уларнинг келажаги порлоқ», - дейди Альваро.

- 2017|2018 йиллар мавсумида «Атлетико» аёллар жамоасида қолди ва 8дан 16 ёшгача бўлган академия тарбияланувчиларининг жисмоний тайёргарлигига жавоб берди. Альваро 73та жамоада ишлаган.

- 2018 йилнинг ёзида унга «Ростов»­нинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи Луис Мартинес қўнғироқ қилиб, Карпин билан ишлашни таклиф қилган. Альваро ўшандан бери Россияда - шартномаси бир йилдан сўнг якунига етади.

Энди эса Альварони тинглаймиз. У кўплаб сўзларни рус тилида гапирди.

- «Ростов»да реабитолог мураббийман. Жароҳатланганлар бўлса, улар билан ишлайман, ҳамма соғ бўлса, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Луисга ёрдам бераман, фишкаларни ўрнатиб чиқаман. Футболчилар мени Альваро деб чақиришади. Баъзилар «Альварито», Альваро Арбелоа ёки Альваро Мората дейишади. Бугун пайшанба, кечроқ машғулот бўлади, ҳозир жароҳатланганлар учун машғулот режасини тузяпман ва 15 дақиқадан сўнг базага йўл оламан: физиотерапевтлар билан маслаҳатлашаман, келаси ҳафтадаги машғулотлар ҳақида ўйлашни бошлаш керак. Кейин ўзим югуриб ёки машқ қилиб, сўнгра дам оламан: сайр, ресторан ёки кино. Драма, триллерларни яхши кўраман, «Жуда ғалати ишлар» сериалини кўришни бошладим.

Одатда соат 7:45да уйғонаман. Базага яқин жойда яшайман, «Яндекс Такси» чақириб, нонушта қилиш учун клуб биносига йўл оламан - соат 8:20да мураббийлар учун ажратилган столда йиғиламиз, Кафанов ва Оспинов келмагунча Карпин биз билан испанчада суҳбатлашади - кейи­н куч етганича русчада гаплашамиз. Овқатланиш залида қовурилган тухумни сўрашингиз мумкин, аммо мен асосан қуймоқ, ёрма, шарбат ва қаҳва оламан.

Футболчилар соат 9:00 ёки 9:15да келишади: биз бу вақтгача машғулот қандай ўтишини аниқлаштиришимиз керак. Ҳаммаси олдиндан ўйланган, аммо нонуштада бу ҳақида суҳбатни давом эттирамиз, кейин тиббий қисм­га ўтамиз, футболчилар у ерда ўзини қандай ҳис қилаётгани, жароҳати ҳақида гапириб беришади. Агар футболчи оғриқ билан уйғонган бўлса, уни машғулотдан олдин кўрикдан ўтказиш керак бўлади.

Машғулот бир ярим соат давом этади. Одатда, асосий жамоа билан бўлмайман. Улар майдонда бўлса, спортзалда жароҳатланганлар билан машғулот ўтказамиз. Бироқ зерикиб қолмайман, аксинча, футболчилар билан ёлғиз қоламан ва улар мени рус тилига ўргатишади. Қандай шуғулланамиз? Мен юкламани жароҳатга кўниктиришим керак. Машқларни тренажёр залида бошлаймиз, аста-секинлик билан оғир машғулотларга ўтамиз ва кейинроқ майдонга чиқамиз. Агар жароҳатланганлар кўп бўлса, барча билан бирга ишлаш учун тақвим тузиб чиқаман. Баъзида бир футболчи залда, иккинчиси майдонда шуғулланишига тўғри келади, шу сабабли жароҳатланганлар камлигидан мамнун бўламан. Футболчилар пиқилловчи аппарат - «бипер» билан югуришни ёмон кўришади: ускуна ҳар сония ёзади, демак темпни ошириш керак. Машғулотдан кейин футболчилар массаж ва «СПА» зоналарига ўтишади, муздек ва иссиқ сувга тушишади. Кейин тушлик қиламиз, ишларни якунлаб, бирор футболчи билан суҳбатлашиб ўтирамиз, уёғига вақт бемалол. Соат 4дан сўнг бўшман.

Альваро футболчиларнинг ов­қатланишини назорат қилади. Хамирли маҳсулотларни мева-сабзавотларга алмаштиришни маслаҳат беради. Нега?

- Парҳез қилишга ҳам ёрдам бераман, чунки «Спорт овқатланиши» бўйича магистр дипломига эгаман. Асосан диета режасини тузмайман, аммо футболчилар кўпроқ менга мурожаат қилишади ва тикланиш учун нима тановул қилиш, вазнни қандай ташлаш ҳақида сўрашади. Доимо айтаман, кўп паста (макарон - хамирли таом) ейиш нотўғри. Макаронларни мева ва сабзавотларга алмаштириш керак, бу қайта ишланмаган углеводлар-ку. Ўйиндан сўнг паста жуда яхши овқат, аммо машғулот ҳафтасида уни истеъмол қилмаган маъқул. Энг асосий қоида оддий: тўлақонли нонушта, тушлик, кечки овқат ва улар орасидаги кичик тановуллар, ўйинга бир неча кун қолганда бу режим жуда муҳим.

Карпиннинг хотираси жуда кучли. Ҳатто Альваро ҳам буни пай­қади

- Карпин испаниялик эмас, аммо бу тилда мендан ҳам яхши гапиради (кулади). Унинг рус тилида испанча акцент бор, испанчасида эса галисия­ча, ахир у Испания шимолида кўп тўп сурган-ку! Машғулотларга ҳам испанча ёндашади: видео билан кўп ишлайди, таҳлилчи билан кўп ўтиради, физиотерапевт билан юкламаларни муҳокама қилади. Испанияда мураббийлар жараёнга кўп эътибор қаратишади - Карпин ҳам шундай. Жуда кўп ишлайди: баъзида кечгача ўйинларни таҳлил қилиб, базада ётиб қолади.

Айтганча, мен ҳам кўп марта базада қолганман. Жуда қулай ва ёқимли: база ходимлари (улар 50 ёш атрофида) бизга хизмат кўрсатишади, салат, товуқли стейк ва ласось филеларини тайёрлашади, улар туфайли ўзингизни уйдагидек ҳис қиласиз. Улар жуда меҳрибон: ўйиндан олдин омад тилашади, қучоқлаб қўйишади. /алабадан сўнг уларга раҳмат айтамиз, чунки бу уларнинг ҳам муваффақияти.

Карпинга қайтамиз. Мулоқотда ҳазил ва жиддийлик балансини ушлаб туради, кутилмаганда қизиқ гап айтиб қолиши мумкин. Мени кўриб қолса, доимо ҳеч нарса қилмаётганимни айтади: «Тонгда ухлайсан, тунда вақтичоғлик қиласан, ишламайсан». Бу, албатта, ҳазил. Мавсум давомида бир неча марта бош мураббий ва бошқа испанияликлар билан тушлик қилдик: Карпин қандай футболчи бўлганлиги, Россияда ўйнагани ҳақида гапириб беради. Испания тарихини яхши билади. Мураббий билан бундай дўстона муносабат иш пайтида ёрдам беради, уни Мистер деб чақираман. Унинг хотираси ҳам кучли: жуда эски нарсаларни гапириб қолади. Масалан, жисмоний тайёргарлик бўйича ғоят талабчан, ҳар бир футболчининг вазни, қанча югургани ва ҳафтада қанча вазн ташлаганини билишни истайди. Бунинг ҳаммасини эслаб қолади, хоҳлаган пайтида бу рақамлар ҳақида гапириб қолиши мумкин.

Альваро жароҳатланганлар билан ишлаб, рус тилини ўрганган (ўқитувчининг исми - Тимофей Калачёв)

- Ўтган йили физиотерапевт ва таҳлилчилар билан ҳафтада икки марта ўз ҳисобимиздан рус тили курсларига бордик. Сентябрда ўқишни давом эттираман. Курслар ҳақиқатан ҳам менга ёрдам берди: тилни тушуна бошладим, аммо кўп хато қиляпман. Сув сўрашни истасам, сўзларни адаштириб қўяман. Менга «давай» сўзи ёқади, уни ҳамма жойда ишлатиш мумкин. Умуман олганда, рус тили ҳайрон қолдиришга қодир. Аввалига Элдор Шомуродов «Уфа» клубида келган деб ўйлагандим, маълум бўлишича, унинг футболкасидаги УФА ёзуви - Ўзбекис­тон терма жамоаси аббревиатураси экан.

Машғулотларда таржимон бўлмайди: футболчилар ёрдам беришади. Ўтган мавсум Калачёв билан кўп вақт ўтказдим: у жароҳатидан қутилгунича мулоқот қилдик. Суҳбатни инглиз тилида бошладик. У Россиядаги ҳаёт ҳақида гапириб, мени рус тилига ўргатди, «Фабрика» ресторанини таклиф қилди. Паршивлюкнинг туғилган кунида бутун жамоа бўлиб ўша ресторанга бордик. Калачёв кўпинча «спокойно» дерди, мен эса унга шу сўзнинг испанча вариантини («транкило») ўргатдим.

Инглиз тилини билмайдиганлар (асосан ёшлар жамоаси аъзолари, баъзан уларни менга беришади) билан рус тилида гаплашамиз. Энг муҳими, бир-биримизни тушунамиз. Ҳаммадан кўра Роман Ерёменко испан тилида яхши гапиради. У Италияда кўп ўйнаган. Тил ўхшашлиги учун унга осон.

Икки йил футболсиз яшаган Ерёменко нега бунчалик яхши ўйнаяпти? «Ростов»да энг тези ким? Ким кўпроқ куйлаб, рақсга тушади?

- Роман (Ерёменко) - феномен! Фаолиятидаги танаффусдан сўнг қайтиш нияти кучли эди ва максимал даражага чиқишни истади. У жуда кўп меҳнат қилади, ҳамма сир шунда. Жароҳат олмаслик учун қўшимча маш­ғулотларни бажаради: Аммо бу нормал ҳолат, барча футболчилар машғулотлардан сўнг ярим соат шуғулланишади. Ўзининг кучсиз томонларини яхши билади ва улар устида ишлайди.

Жамоадаги энг тези -  (Алексей) Ионов. Тезлигини 34 км|соатгача етказа олади.

Машғулотлар қироли - (Мацей) Вилюш. Барчасини идеал тарзда бажаради, шу сабабли уни бошқаларга кўрсатиб, машқ шундай бажарилиши ҳақида айтамиз. У жамоадаги энг қувноқ инсонлардан бири: мен билан ишлашда рақсга тушади, мусиқа ёқиб қўяди. У польшалик, бироқ испан ва Лотин Америкаси қўшиқларини яхши кўради, Despacito каби ашулаларни куйлайди. Жорий мавсум Байрамян қайтди - у ҳам ҳазилкаш ва қувноқ йигит. Учрашганимизда доимо шундай дейди: «О, акахон (братан), анчадан бери сени кўрмадим, ишламаяпсанми?»

Ёлғиз яшайди, шаҳардаги паркда югуриб туради

- Оилам мен билан кўчиб келмаган. Ишларни якунлаганимдан сўнг, ўзим ҳам бироз шуғулланаман - «Олимп-2» стадиони ёнидаги паркда югураман ёки базадаги тренажёр залига кираман. Кейин клубдаги испанлар билан кўришиб (бу ерда бош­қа дўстлари йўқ), кимникигадир меҳмонга борамиз. Улар билан кўл бў-йига боришни хуш кўрамиз, сув олдида ҳаво салқин. Шаҳардаги энг гўзал бино - «Ростов-Арена». Пушкин кўчаси, Революция паркини яхши кўраман. Дон дарёсида чўмилмаганман, у тоза эмас. Умуман олганда, ҳамма нарса ёқади, Ростов Испанияга ўхшайди: ҳаво иссиқ, инсонлар бир-бирига яқин, фақат оила ва дўст­лар етишмайди.

Ростовдаги энг яхши қисқичбақа қаерда?

- Қисқичбақаларни турли жойларда татиб кўрдим. «Буковски» рес­торанидагиси кўпроқ ёқди. Бунга қадар денгиз маҳсулотларини истеъмол қилардим. Бу ерда эса дарё маҳсулотлари. Борш ёқди. Фақат бодринг­ни тушунмадим. Уни ҳар қандай салатга қўшишади. Менга ёқмайди.

Ж.Бобохонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz