Қайднома

Қидирув

Одил Аҳмедовнинг жамоадаоши Оскар Осиёдан зерикди, чоғи

Одил Аҳмедовнинг жамоадаоши Оскар Осиёдан зерикди, чоғи

  11.08.2019 09:37
  0
  913
Одил Аҳмедовнинг жамоадаоши Оскар Осиёдан зерикди, чоғи

Хитойда ўтган икки ярим йилдан сўнг Оскар Европа футболига қайтишни хоҳлаб қолди. Бразилияликнинг таъкидлашича, Миланнинг икки жамоаси билан гаплашган, ўзи Италияда ўйнаш истагида. Уни яхши танийсиз-а? Қачонлардир Оскар «Челси»да тўп сурган, АПЛ ва Европа Лигасида ғолиб чиққан, миллий терма жамоада асосий футболчилардан бири ва ўз даврининг энг иқтидорли вакилларидан бўлган. Ке­йинчалик эса Чин ўлкасига кўчиб ўтиб, Одил Аҳмедовнинг жамоадошига айланганди.

«Челси»га Антонио Конте келгунга қадар унинг ишлари жойида эди. Оскар янги мураббийнинг услубига мос тушмади, жамоанинг янги схемасига киришолмади. Бунга қадар бразилиялик ярим ҳимоячи ҳар доим ҳужумчи ортида ўйнаган, яккакурашлар ва тўпсиз ишдан озод этилганди. Конте эса Оскардан ғайратлироқ бўлиб, ҳимояга ҳам кўпроқ эътибор қаратишни талаб қилди.

Қишда бразилияликка «Челси»да жой йўқлиги ойдинлашди - у деярли майдонда кўриниш бермай қўйди. Оскарга Европанинг топ-клублари даъвогарлик қилишди, аммо у Хитойни танлади: «Мен «Шанхай СИПГ» билан музокара ўтказаётганимда, параллель равишда евроклублар билан ҳам гаплашдим. Улар орасида «Атлетико» ҳам бор эди, мадридликлар мени сўз сафларида кўришни жуда хоҳлашди, мазкур жамоага деярли ўтгандим ҳам. Ўзимга ҳам бу клуб, улар таклиф этган шартнома маъқул тушганди. Шунингдек, менга «Ювентус», «Интер», «Милан» ҳам қизиқиш билдирганди. Олдимда вариантлар кўп эди, аммо якунда «Шанхай СИПГ»­ни танладим.

Оскар ниҳоят, Хитойга кўчиб ўтганида, мақсадлари ва Чин ўлкаси чемпионати даражаси ҳақида кўплаб шубҳали гапларни сўзлади: «Буни ортга ташланган қадам деб ҳисобламайман. Хитойда катта лойиҳа тузишмоқда. Келажакда бу лига жаҳондаги энг яхшиларидан бири бўлади. Европага йўл оларкансиз, пул эмас, кучли клублар учун шундай қиласиз. Хитойда ҳам шундай. Мазкур чемпионат ҳали анча кучаяди. Шартнома имзолаш кўп вақт талаб этмади, чунки бу келишув барча учун ҳар тарафлама қулай эди. Ҳар қандай футболчи оиласига ёрдам бериш мақсадида кўпроқ пул топишни истайди. Мен камбағал оилада улғайганман, бизнинг ҳеч вақомиз бўлмаган. Миллий жамоадан ўрин олиш муаммо бўлади, деб ўйламайман. Агар яхши ўйнасам, Бразилия термасидан чақирув оламан».

Хитойда ўйнашни бошлаганидан кейин Оскарни бирор маротаба термага чақиришмади. Жаҳон чемпионатидан аввал у мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдирганди: «Мундиалга бораманми, йўқми, бундан хавотирланмаяпман. Мени Хитойга кўчиб ўтганим учун кўп танқид қилишмоқда, аммо мен ўз келажагим ва оиламнинг келажаги ҳақида қайғуряпман. Қариганимда камбағал бўлишни ва жаҳон чемпионатидаги ўйинларимни хотирлаб яшашни хоҳламайман».

«Шанхай СИПГ» сафига қўшилганидан кейин Оскар жаҳоннинг энг бадавлат спортчилари юзталигидан ўрин олди. France Football талқинига кўра эса, мавсум-2018|2019да энг кўп маош олган футболчилар рейтингида 15-ўринни эгаллади. Ўша пайт у йилига 24,3 миллион евро олаётганди. Ҳозир Оскарнинг даромади аввалгидек сақланиб турибди.

«Гуанжоу Эвергранд» қаторасига етти йил Хитой чемпионлигини қўлга киритди. Оскар «Шанхай СИПГ»га ўтганида, жамоа чемпионат етакчиларидан бири ҳисобланган, аммо бунга қадар чемпионлик йўлида «Гуанжоу»га фақат бир марта рақобат туғдирганди.

2017 йилги дастлабки мавсумида Оскар Хитой лигасида 22та ўйин ўтказди (3та гол, 12та ассист). «Шанхай СИПГ» азалий етакчидан олти очко ортда қолган ҳолда иккинчи ўринни эгаллади.

Оскарнинг иккинчи мавсумида жамоа ўз тарихида илк марта чемпионликни нишонлади. Бразилиялик 29та ўйинда майдонга тушиб (12та гол, 22та ассист), бир мавсумдаги самарали узатмалар бўйича чемпионат рекордини янгилади. Ўшанда «Шанхай СИПГ» сафида Халк, Элкесон ва Одил Аҳмедов ҳам чемпионликни тантана қилишди.

Хитойда Оскарни олаётган маошига муносиб тўп суриб, ўз ишини виждонан бажараётган ноёб легионер сифатида қадрлашади. Бразилияликнинг Чин ўлкасидаги обрўси шу қадар ошиб кетдики, ҳатто маҳаллий футболчилардан бири Чжан Юаньшу кумирининг шарафига ўз номини Оскар деб ўзгартирди.

Айни пайт «Шанхай СИПГ» «Гуанжоу»дан 6 очкога ортда қолган ҳолда турнир жадвалида учинчи ўринни эгаллаб турибди. Оскар чемпионатнинг 20та ўйинида майдонга тушиб, 18та самарали ҳаракатни амалга оширди (6}12).

Таъкидлаш жоизки, Хитойдаги дастлабки мавсумида Оскарни 8 учрашувга дисквалификация қилишганди. Ўшанда бразилиялик ўйин пайти муштлашув сабабчисига айланганди. Оскар асабларини жиловлай олмай, рақиб футболчилари томон тўпни атайин зарб билан тепганди.

Оскар эндигина 27 ёшга тўлди - футболчи учун энг гуллаган давр. Демакки, унинг «А» серияга кўчиб ўтишни хоҳлаётганини тўғри тушуниш мумкин. Бу унинг севимли позицияси - ҳужумчи ортидаги «ўнлик» ҳамон «тирик» бўлган чемпионатдир. Фақат, унинг Милан клублари билан музокара ўтказаётгани бироз ғалати. «Милан»нинг Оскарга катта маош тўлашига ишониш қийин, «Интер»да эса айни пайт Антонио Конте ишламоқда - эслатиб ўтамиз, Оскар айнан шу мутахассис туфайли «Челси»ни тарк этганди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz