Қайднома

Қидирув

Жамшид Болтабоев: «Жароҳатимни даволатишда «Пахтакор» ёрдам берди»

Жамшид Болтабоев: «Жароҳатимни даволатишда «Пахтакор» ёрдам берди»

  12.08.2019 06:07
  0
  537
Жамшид Болтабоев: «Жароҳатимни даволатишда «Пахтакор» ёрдам берди»

Яқинда Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида U-16 ёшлилар ўртасида CAFA CUP мусобақаси бўлиб ўтди. Эътиборлиси, мазкур турнирда Ўзбекистон ўсмирлар термаси ҳам иштирок этиб, иккинчи ўринни эгаллади. Тўғрисини айтганда, бу жамоамизнинг Осиёдаги мавқеи йилдан-йилга тушиб боряпти, ҳаттоки, саралашдан ҳам ўтолмайдиган даражага келиб қолдик. Шундай паллада мухлислар кўз ўнгига 2012 йили Эрондаги Осиё чемпионатида ғолиб бўлган ва 2013 йили кичик мундиалда қатнашган қаҳрамонларимиз келади. Бугунги суҳбатдошимиз, иқтидорли ярим ҳимоячи Жамшид Болтабоев ҳам шу ёшдаги термамизнинг муҳим ўйинчиларидан бири эди. Аммо унга жароҳатлар панд бериб, маълум муддат катта футболдан узоқда юрди. Жорий мавсум «Сўғдиёна»даги ажойиб ўйинлари билан назарга тушаётган Жамшид Болтабоевни суҳбатга тортиб, унга ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдик.

- «Сўғдиёна» жамоаси бош мураббийлигига Улуғбек Бақоев та-йинлангач, футболчилар буткул ўзгаришди, ижобий томонга, албатта... Бунинг боиси нимада?

- Улуғбек ака биринчи навбатда ички муҳитни ўзгартирди. Илк келган кунлариёқ яратилган шароитлар билан танишиб чиқди, сўнг ҳар бир футболчи билан бирма-бир суҳбатлашиб, талаб ва истакларини тинглади. Майда нарсаларга ҳам эътибор қаратиб, қайсидир жиҳатларга ўзгартириш киритди. Бизга қўйилаётган талаб ҳам аввалгига нисбатан ўзгарди, яъни кўпроқ тактикага риоя қилган ҳолда ўйнаяпмиз. Менимча, жамоадаги ўзгаришларнинг сири мураббийда.

- Балки, Сергей Лушан футболчиларга етарли даражада мотивация бера олмагандир?

- Тўғриси, билмадим. Бу кўпроқ четдан туриб кузатганларга билинса керак. Мен клуб ичидаги одамман.

- Сергей Лушан билан биринчи марта ишлаганингиз йўқ, унинг жамоадагилар билан алоқаси қандай эди?

- Сергей Иванович билан олдин ҳам турли ёш тоифасидаги термаларда бирга ишлаганман. Бу инсонни жуда ҳурмат қиламан, у ёшлар билан ишлай оладиган Ўзбекистондаги камсонли мураббийлардан бири. «Бун­ёдкор»да ёмон фаолият олиб бормади, кумуш медаль ва кетма-кет уч мавсумда Осиё Чемпионлар Лигасига йўлланмани қўлга киритди. Бироқ нима учундир Жиззахдаги фаолияти кўнгилдагидек чиқмади. Балки футболчилар билан ўртада қандайдир гап ўтгандир ёки раҳбарият натижалардан қониқиш ҳосил қилмадими, буниси менга қоронғу.

- Сизни айримлар унутиб қўйишганди. Катта футболдан узоқлашган вақтингиз нималар билан банд бўлдингиз?

- Кутилмаганда оғир жароҳатга йўлиқдим. Шу боис орада катта вақтни йўқотдим. Бу даврда қандай қийинчиликлар кўрганим фақат яқин инсонларимга аён. Тўғриси, мен олган жароҳатни душманимга ҳам раво кўрмайман. Нима ҳам дердим, пешонамга шу тақдир битилган экан. «Бошга тушганни кўз кўради», дейишади-ку. Худога шукр, ҳаммаси ортда қолди, аста-секин формамга қайтяпман.

- Келинг, сизни оммага танитган кичик мундиални ёдга оламиз.

- Жаҳон чемпионатида иштирок этишнинг ўзи барчамиз учун катта бахт эди. Биздан кейин бирор терма бу нуфузли мусобақага йўл олмади. Яна шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, у ерда умуман бошқа атмосфера ҳукмронлик қилади, учрашувга бўлган тайёргарлик, масъулият ҳам юқори даражада. Майдонлар сифатли, ташкилий ишлар яхши йўлга қўйилади. Чунки бу оддий мусобақа эмас, балки жаҳон чемпионатидир. Биринчи турда Панама устидан ишончли тарзда ғалаба қозондик. Кейинги рақибимиз Марокаш билан дуранг қайд этдик. Мусобақадан аввал ўйин услуби Марокашникига ўхшаш бўлган Кот-Д~иувар термаси билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, бўлажак рақибимиз ҳақида тасаввурга эга бўлганмиз. Хорватияга қарши кечган учинчи тур ўйини ҳаётимдаги энг муҳими бўлди.

- Эшитишимизга қараганда, Хорватия билан ўйинда сизга махсус вазифа юклатилган экан...

- Тўғри айтасиз. Европа қитъасининг номдор вакили билан ўйинда мураббийимиз Дилшод Нуралиев менинг бешинчи ҳимоячи бўлишимни тайинлаганди. Чунки рақиб сафида ўта кучли ва тезкор ҳужумчилар тўп суришини билардим. Шунга қараб ҳимояга эътиборлироқ бўлишимиз талаб этилди. Учрашув охирлаб бораётган пайтда дўстим Отабек Шукуров билан ўрин алмашдик. Яъни, ҳужумчи ортида ўйнаган Отабекнинг иши менинг зиммамга юкланди. Қарангки, бу режамиз самарасини берди ва мен сўнгги дақиқаларда гол уриб, жамоамни олдинга олиб чиқдим.

- Гондурас билан ўтган аламли учрашувдан қандай хотиралар қолган?

- Ўзимиздан кучсиз ҳисобланган жамоага мағлуб бўлганимизни эсласам, кўзимга ёш келади. Акром Комиловнинг учрашув бошида четлатилиши бутун режаларимизни бузиб юборди. Дисквалификация туфайли мен бу ўйинда майдонга тушмадим, жамоага ёрдам бера олмаганим учун ҳануз ўзимдан хафа бўламан. Ўйинни мухлислар билан бир қаторда томоша қилиб, уларга қанчалик қийин эканлигини сездим. Ўз жамоанг мағлубиятга учраш арафасида турса-ю, сен четдан томошабин бўлиб турсанг, юрагинг сиқилиб кетар экан. Шахсан мен учун томоша қилишдан кўра, тўп суриш афзалроқ.

- «Монако» сизга таклиф билан чиққан экан. Бу трансфер амалга ошишига нима тўсқинлик қилди?

- 2012 йилги Осиё чемпионатидан сўнг мени «Монако» вакиллари жамоага таклиф қилишди. Францияда бир ҳафта давомида машғулотларда иштирок этдим, битта ўртоқлик учрашувида майдонга тушдим ҳам. Мураббийларда, хусусан, клуб раҳбариятида ижобий таассурот қолдирдим. Аммо ҳужжатлар ва яна бошқа сабаблар билан трансфер амалга ошмади. Францияда қолишим ҳам мумкин эди, менга барчаси маъқул келганига қарамай ортга қайтишга мажбур бўлдим. Шунингдек, Акром Комиловнинг ҳам «Ред Булл Зальцбург» аъзосига айланишига бир баҳя қолган.

- Мундиалда тўп сурган футболчилардан кимлар кейинчалик юқори марраларни забт этишди?

- Панама ва Марокаш футболчиларидан ҳеч кимни танимайман. Бироқ хорватиялик Ален Халиловичнинг «Барселона» эътиборига тушганидан хабардорман. Кейинчалик у Германия Бундеслигасининг бир қатор жамоаларида тўп сурди.

- «Пахтакор» сизга нима берди?

- Мен шу клуб фарзандиман, десам муболаға бўлмайди. Профессионал футболчи сифатида ҳозирги даражага етишимда бу «Пахтакор»нинг хизмати катта. 2003 йили Дилшод Нуралиев қўл остида шуғулланишни бошлаганимда, жуда кичкина бола эдим. Самвел Бабаян академияга жойлашишимда ёрдамини аямаган. Фурсатдан фойдаланиб, биринчи мураббийим Дилшод Нуралиевга самимий миннатдорчилигимни билдираман. Ушбу мутахассис қўл остида деярли 14 йил футбол сир-асрорларини ўргандим.

- Самвел Бабаян билан муносабатларингиз қандай бўлган? Сизнингча, у ҳақиқий профессионал мураббий номига муносибми?

- Ҳамманинг ўз шахсий фикри бор. Самвел Бабаян ҳам мураббий, ҳам инсон сифатида менда ижобий таассурот қолдирган. Шаҳар ички чемпио­натида ўйнаб юрган кезларим у асосий жамоага жалб этди. Ўша кезлари рақобат кучлилиги боис асосий жамоа­да ўйнаш тугул, улар билан шуғулланишнинг ўзи катта машаққат талаб этарди. Футболда кўп нарса мураббийнинг ишончига боғлиқ, менга ёш бўлсамда имконият яратиб берди. Агар Бабаяннинг фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, ўзбек футболига жуда кўп иқтидорли футболчиларни тарбиялаб берган. «Пахтакор»да молиявий қийинчиликлар бўлганда ҳам яхши натижалар қайд этган. У билан муносабатим ҳеч қачон ёмон бўлмаган, ҳозир ҳам шундай.

- 2015 йилни жароҳат билан ўтказган бўлсангизда, Самвел Бабаян барибир, сизни 2016 йилги U-23 Осиё чемпионатига олиб кетган. Сизнингча, бу тўғри қарормиди?

- Қизиқ савол. Мураббий сизга ишонса, қандай қилиб уни рад қиласиз? Жароҳатдан фориғ бўлганимдан уч ой ўтиб, Қатардаги мусобақа бошланган. Қитъа чемпионатида яхши формада бўлганман.

- Сўнгги пайтларда ўнг қанот ҳимоясида тўп суряпсиз...

- Буни бош мураббий ҳал қилади. Аввал ҳам ўнг ва чап қанот ҳимоясида тўп сурганлигим боис, бу менга ортиқча босим туғдирмайди.

- «Пахтакор»нинг янги раҳбарияти жароҳатингизни даволатишда ёрдам бердими? Жарроҳлик амалиётига оз пул кетмайди, ахир.

- «Пахтакор» раҳбарияти ўз хизматини аямади. Туркияда жарроҳлик амалиётини ўтадим, барча зарур харажатлар клуб томонидан тўланди. Ўтган йил охирида шартномам тугади ва бир-биримизга миннатдорчилик билдириб, самимий руҳда хайрлашдик. Насиб қилса, бир кун келиб юқори савияга чиқиб, яна «шерлар» сафига қайтаман.

- Мухлислар аввалги Жамшид Болтабоевнинг ўйинларидан қачон баҳраманд бўлишади?

- Жорий йилдан катта майдонга қайтдим, ўтган давра мен учун бироз мураккаб кечди. Мазкур ҳолатга табиий қараш керак, ахир бир йил футбол ўйнаганим йўқ. Ҳозир тўлиқ соғайдим. Жисмоний имкониятим 90 дақиқа фаол тўп суришга етади.

- Ўтган мавсум «Аякс» ўзига хос сенсация қайд этди. Навбатдаги Европа Чемпионлар Лигасида қайси жамоа кутилмаган натижа кўрсатиши мумкин?

- Дарҳақиқат, «Аякс»нинг натижалари футболда пул ва номлар муҳим аҳамиятга эга эмаслигини исботлади. ЕЧЛнинг навбатдаги мавсумида «Тоттенхэм»дан юқори натижалар кутяпман. Маурисио Почеттино шогирдлари ўтган сафар финалга қадар етиб келишди, бу уларга қўшимча мотивация беради.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz