Ажабки, «Пахтакор» ва Ўзбекистон миллий терма жамоасида бирга ишлаган Самвел Бабаян ҳамда Деян Журжевичнинг янги жамоадаги ишлари сира юришмаяпти. «Локомотив» бу сафар Термизда мағлубиятдан зўрға қутулиб қолган бўлса, «Навбаҳор» ўз майдонида яна ютқазди. Тушунарлики, ҳозирда ҳар икки мураббийнинг курсиси унча мустаҳкам эмас. Чемпионат пешқадами «Пахтакор» эса бу вақтда равон одимлашда давом этяпти. Шота Арвеладзе жамоаси бу йил финишдан анча олдин чемпионликни расмийлаштиради, шекилли...
1-КУН: «ҚЎҚОН-1912»НИ ЧЕТГА ЧИҚАРМАЙ ТУРИНГ
«Динамо» - «Қўқон-1912» ўйини кутилмаган натижа тақдим этди. Эътиборлиси, водийликлар 1-дақиқада ҳисобда олдинга чиқиб олишди ва ижобий натижани сақлаб қолиш уддасидан чиқишди. Хуллас, Шаҳбоз Эркинов урган гол «Қўқон-1912»га узоқ кутилган ғалабани тортиқ этди. Эътибор беринг, қўқонликлар бунга қадар чемпионатда нақ 10та ўйинда ғалаба нималигини билишмаганди. Улар бу орада атиги 3 очко олишди. «Динамо»га келсак, жамоанинг мағлубиятлар серияси 4та ўйинга етди.
«Пахтакор»нинг яқин таъқибчиси - «Локомотив» Термизда бу сафар мағлубиятдан зўрға қутилиб қолди. Кубокдаги тўқнашувдан фарқли ўлароқ, чемпионат баҳсидаги асосий воқеалар иккинчи бўлимга тўғри келди. Самвел Бабаян жамоаси ўша мағлубият тасодиф эканлигини исботлаш илинжида ҳужумга зўр берди, лекин ҳимояда тартиб ҳаракатланган «Сурхон» вакиллари ҳам сира бўш келишмади. Диққатга сазовор томони, бир ҳафта олдин Жавоҳир Илёсов дарвозасига гол урган Абдулазиз Юсупов яна ўзини кўрсатди. У 75-дақиқада уюштирилган ҳужумга чиройли нуқта қўйди - 1:0. Фақат битта фарқи шуки, термизликлар бу гал ғалабани сақлаб қололмадилар: финал ҳуштаги янграши арафасида Шерзод Каримов «Локомотив»ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Алоҳида таъкидлаш жоиз, «Сурхон» бунга қадар суперлигада қаторасига 3та ўйинни умумий - 1:8 ҳисобида бой берган эди.
«Пахтакор» ўз майдонида «Бухоро»ни 5:0 ҳисобида доғда қолдирди. Бутун ўйин давомида яққол устунлик қилган «шерлар» рақибни осонгина таслим этишди. Голларга ҳужумда ранг-баранг ҳаракатланишган Игорь Сергеев, Марат Бикмаев (2та) ва Драган Черан (2та) муаллифлик қилишди. Эътиборли факт: шу 3 нафар футболчи ҳозирга қадар Суперлига баҳсларида жами 35та гол тўплашга улгурди: Черан - 18та, Сергеев - 9та ва Бикмаев - 8та. Шунингдек, сербиялик футболчининг 5-марта «дубл»га эришганини ҳам айтиш ўринли. Унинг ҳисобида 1та «хет-трик» ҳам бор. Яна бир факт шуки, «Пахтакор» кетма-кет 2та ўйинда рақибни 5та жавобсиз гол билан «сийлади». Муҳсин Муҳаммадиевнинг «Бухоро»си эса аксинча, 3та ўйиндан буён гол уролмаяпти.
«Навбаҳор» ўз майдонида АГМКни қабул қилиб, аламли тарзда мағлубиятга учради. Учрашувнинг биринчи бўлимидаёқ мезбонлар сезиларли устунликка эга бўлишди. Жумладан, «Навбаҳор»нинг россиялик голеадори Александр Касьян вазиятлардан бирида дарвозабон Суҳроб Султонов олдига ёлғиз чиқиб борди, аммо зарбаси дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди. Шунингдек, Игорь Голбан, Азиз Турғунбоев ва Азим Аҳмедовда ҳам ҳисобни очиш имконияти туғилди, бироқ... Миржалол Қосимов шогирдлари эса танаффусга чиқишга кам вақт қолганида таблодаги ўзларига тегишли рақамни ўзгартиришди. Бунда АГМК ҳужумчиси Зафар Полвонов тўпни боши билан Ўткир Юсупов дарвозасига йўллади. Иккинчи бўлимда «лочинлар» табиийки, ҳужумни кескин кучайтиришди. Бунинг натижасида Александр Касьян пенальти ишлади ҳам. Бироқ Азиз Турғунбоев 11 метрли жарима зарбасини кўкка совурди. Тўғрироғи, унинг зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсини тепасидан ўтиб кетди. Умуман олганда, шу куни Мирзоҳид Ғофуров, Иван Соловьёв, Обид Жўрабоев ва Шерзод Ҳакимов зарбаларига ҳам аниқлик етишмади. Зарба аниқ чиққан бир неча ҳолатда эса Суҳроб Султонов АГМКни муқаррар голлардан қутқариб қолди. Серия: «Навбаҳор» 3та ўйиндан буён гол уролмаяпти, демак, ғалаба йўқ. АГМК эса 3та турга чўзилган ютуқсиз серияга барҳам берди.
2-КУН: «СЎҒДИЁНА» КУЧЛИ УЧЛИККА ЯҚИН
«Насаф» турнир жадвалида «Бунёдкор» билан жой алмашди. Чунончи, қаршиликлар ўз майдонларида айнан «қалдирғочлар»дан устун келишди - 3:1. Натижада икки клубнинг очколари миқдори тенглашди ва «Насаф» тўплар нисбатига кўра олдинга чиқди. Ўзи Рўзиқул Бердиев - Вадим Абрамов қарама-қаршилиги кутилганидек, шиддатли кечди. Фақат қаршиликлар бироз устунликка эришиб, вазиятлардан ҳам яхшироқ фойдаланишди. Жамоа голлари Азиз Ғаниев, Бобур Абдухолиқов ва Ҳумоюн Муртазоев ҳисобига ёзилди. «Бунёдкор»дан эса таркибга яқиндагина қўшилган Шоҳруҳ Гадоев ўзини кўрсатди. Дарвоқе, жамоанинг штатли пенальтичисига айланган Хуршид Ғиёсов бу сафар 11 метрли жарима зарбасидан фойдаланолмади.
Иккинчи даврани яхши бошлаган «Металлург» кутилмаган йўқотишга учради. Бекободликлар ўз майдонларида «Андижон»дан 2та жавобсиз гол қабул қилишди. Ҳисобни меҳмон жамоанинг ёш ҳужумчиси Шаҳзод Убайдуллаев очган бўлса, Даврон Исоқов сўнгги дақиқада барчасига узил-кесил нуқта қўйди. Александр Хомяков жамоаси шу ғалаба эвазига турнир жадвалида «Қизилқум» ва АГМКдан олдинга чиқиб олишди - 10-ўрин.
«Сўғдиёна» эса «Қизилқум» билан ўйинда ғалабали одимини 3та турга етказди. Улуғбек Бақоев жамоасига 3 очко тақдим этган гол биринчи бўлим охирида Шоҳруз Норхонов томонидан урилди. «Сўғдиёна» айни пайт 26 очкога эга. Эътибор беринг, жиззахликлар 3-4-ўринлардаги жамоалардан атиги 1 очко ортда қолишмоқда. «Қизилқум» аксинча, бирданига 2 поғона пастлаб, 12-қаторга жойлашди.
«ДИНАМО» - «ҚЎҚОН-1912» - 0:1 (0:1)
«СУРХОН» - «ЛОКОМОТИВ» - 1:1 (0:0)
«ПАХТАКОР» - «БУХОРО» - 5:0 (3:0)
«НАВБАҲОР» - АГМК - 0:1 (0:1)
«НАСАФ» - «БУНЁДКОР» - 3:1 (1:0)
«МЕТАЛЛУРГ» - «АНДИЖОН» - 0:2 (0:1)
«СЎҒДИЁНА» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 1:0 (1:0)
ТУР ИҚТИБОСЛАРИ
- Ўзи жамоамизга битта ғалаба етишмаётганди. Мана, бугун ниҳоят, ютуққа эришдик ва энди ишларимиз ўнгланиб кетса, ажабмас. Азиз Тўхтабоев («Қўқон-1912» бош мураббийи в. б.).
- Айрим мухлислар эътирозини тушуниш мумкин, ҳаммасини ташлаб, ишдан кетиш жуда осон, аммо клубнинг кейинги тақдирини ўйлаш керак. Кемани ҳаммадан олдин ташлаб чиқиш - бу менинг йўлим эмас. Даврон Файзиев («Динамо» бош мураббийи).
- Биламан, жамоамиз потенциали юқори. Ҳозирда ҳимояда, тезкор қарши ҳужумга ўтишда кузатилаётган хатоларни тўғрилай оламиз. Бунга имкониятимиз етади. Самвел Бабаян («Локомотив» бош мураббийи).
- Майдон эгасининг чемпионлик учун курашаётгани ҳамда бошқа омиллар таъсири биз учун аҳамият касб этмаслиги керак эди. Муҳсин Муҳаммадиев («Бухоро» бош мураббийи).
- Олдинда бизни ҳали кўплаб ўйинлар кутмоқда. 10та учрашув, демак, яна 30 очко ўйналади. Шундай экан, хотиржамликка берилмаймиз. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).
- Агар илк дақиқаларда дарвозабонимиз билан яккама-якка вазиятда қолган Касьян гол урганида, ўйин бошқача давом этарди. Миржалол Қосимов (АГМК бош мураббийи).
- Муҳими, ҳужумда имкониятлар юзага келяпти. Фақат улардан фойдаланиш масаласида оқсаётганимиз қимматга тушмоқда. Деян Журжевич («Навбаҳор» бош мураббийи).
- Бундай ўйинда ҳисоб 0:2га етгач, вазиятни ўнглаш осон эмас. Вадим Абрамов («Бунёдкор» бош мураббийи).
- Йигитларга «Бунёдкор» футболчиларини имкон борича тўпсиз қолдириш ва уларга босим ўтказишни тайинлагандим. Шогирдларим кўрсатмаларни бажаришди. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).
- Ҳозир бизга ўйин сифатидан кўра, ғалаба муҳимроқ. Ҳолатимиз шундай.Александр Хомяков («Андижон» бош мураббийи).
ТУР ҚАҲРАМОНИ - ДРАГАН ЧЕРАН
Чиройли гол маҳсули. «Пахтакор» тўпурари «Бухоро» билан ўйинда навбатдаги «дубл»ни расмийлаштириб, голлари сонини 18тага етказди. Ажойиб факт - бу 5та жамоанинг жами голлари миқдоридан кўп. Драган ижросидаги шедевр гол эса алоҳида таърифга муносиб. Сербиялик 3 нафар ҳимоячи орасида шу қадар нафис зарба йўлладики... Яхшиси, уни ижтимоий тармоқларда томоша қилган маъқул.
Тур Статистикаси
Ўйин: 7
Гол: 16 (ўртача: 2.28...)
Мезбонлар ғалабаси: 3
Меҳмонлар ғалабаси: 2
Дуранг: 2
Йирик ҳисобли ғалаба: 1 («Пахтакор» - 5:0)
Энг сермаҳсул ўйин: «Пахтакор» - «Бухоро» (5та гол)
Томошабин: 41611 (ўртача: 5944...)
Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Насаф» - «Бунёдкор» (8756)
Огоҳлантириш: 35 (ўртача: 5)
Четлатиш: 2 (ўртача: 0,28...)
Энг «қўпол» ўйин: «Металлург» - «Андижон» (9та «сариқ» } 1та «қизил»)
Пенальти: 3 (2таси самарасиз)
«Дубль»: 2 (Драган Черан, Марат Бикмаев, «Пахтакор»)
«Хет-трик»: -
«Покер»: -
Автогол: -
1 Пахтакор 16 14 2 0 50-10 44
2 Локомотив 16 9 4 3 27-12 31
3 Насаф 16 8 3 5 25-15 27
4 Бунёдкор 16 8 3 5 24-19 27
5 СўҒдиёна 16 8 2 6 20-21 26
6 Навбаҳор 16 5 7 4 21-16 22
7 Сурхон 16 6 4 6 16-22 22
8 Металлург 16 5 5 6 19-18 20
9 Динамо 16 4 6 6 18-23 18
10 Андижон 16 3 7 6 16-21 16
11 АГМК 16 4 4 8 20-25 16
12 ҚизилҚум 16 3 5 8 15-34 14
13 ҚўҚон-1912 16 2 5 9 17-33 11
14 Бухоро 16 2 5 9 8-27 11
Тўпурарлар
Драган Черан («Пахтакор») - 18та (5та - пен.)
Зафар Полвонов (АГМК) - 11та
Ҳумоюн Муртазоев («Насаф») - 11та
Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив») - 10та (1та - пен.)
Александр Касьян («Навбаҳор») - 9та (2та - пен.)
Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор») - 9та (6та - пен.)
Игорь Сергеев («Пахтакор») - 8та...
17-тур
17 август (шанба)
АНДИЖОН - НАВБАҲОР
БУХОРО - СЎҒДИЁНА
БУНЁДКОР - МЕТАЛЛУРГ
18 август (якшанба)
ЛОКОМОТИВ - НАСАФ
ҚИЗИЛҚУМ - ДИНАМО
ҚЎҚОН - СУРХОН
ОЛМАЛИҚ - ПАХТАКОР
Давоми бор. Ушбу таҳлилий мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" газетасининг 13 августдаги сешанба сонида ўқишингиз мумкин.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20