Қайднома

Қидирув

Легионерларимиз: Шомуродов ЦСКА га кетмайди ва у яна ўйин қаҳрамони...

Легионерларимиз: Шомуродов ЦСКА га кетмайди ва у яна ўйин қаҳрамони...

  13.08.2019 03:03
  0
  505
Легионерларимиз: Шомуродов ЦСКА га кетмайди ва у  яна ўйин қаҳрамони...

Хабарлар ўз йўлига. Betting Insider ЦСКА ҳужумчи Фёдор Чаловни сотган тақдирда унинг ўрнига «Ростов»дан Элдор Шомуродовни харид қилиш вариантини кўриб чиқиши ҳақида хабар тарқатди. Қўшимча қилинишича, «Ростов» айни пайт ҳамюртимиз билан хайрлашмоқчи эмас. Шомуродовнинг агенти Қаҳҳор Мўминовнинг сўзларига кўра, Элдорнинг ўзи ҳам рус клублари сафига қўшилишни истамайди. «ЦСКА - Россиянинг энг обрўли жамоаларидан бири. Лекин биз РПЛ клублари таклифини кўриб чиқмасликка келишиб олганмиз. Элдор ўз салоҳиятини Европада синаб кўрмоқчи. Бундай таклифлар ҳам бор. Фақат биз «Ростов»га ҳурматни сақлаган ҳолда, трансфер шартлари ва вақти бўйича қарорни клуб вакиллари қабул қилишлари керак, деб ҳисоблаймиз», - деди агент «СЭ» мухбири билан суҳбатда. Маълумот учун айтиш керак, 24 ёшли Шомуродов июнь ойида клуби билан янги 5 йиллик шартнома тузганди. Миллий терма жамоамиз ҳужумчиси Россия чемпионатининг дастлабки 4та тур ўйинида 3та гол ургач, унга қизиқиш кескин ошди. Қўшимча қилиш жоиз, сўнгги хабарларга кўра, ЦСКА Чаловни ўз таркибида олиб қолишга қарор қилган. Ҳар ҳолда, «ҳарбийлар» «Кристал Пэлас»нинг 23 млн. фунтни ўз ичига олган таклифини рад этишди. «Ростов»га келсак, Валерий Карпин жамоаси РПЛ 5-туридан ўрин олган ўйинини кеча ўз майдонида «Крилья Советов»га қарши ўтказди. Вадим Афонин эса шанба куни «Оренбург» сафида майдонга тушди. Аниқроқ айтсак, ҳамюртимиз «Тамбов» билан бўлган уй ўйини (2:2)нинг 44-дақиқасида сафга қўшилди. 5-тур доирасида «Краснодар» меҳмони бўлган «Рубин» Виталий Денисовсиз ўйнаб, ортга 0:1 ҳисобидаги мағлубият билан қайтди. 

«СИПГ» қолиб кетмоқда. «Шанхай СИПГ» Хитой Суперлигаси 22-турида яна муҳим очколарни йўқотди. Шанхайликлар бу сафар «Гуанжоу Фули» майдонида 2:2 ҳисобига кўнишди. Жамоа сафидаги Одил Аҳмедов бу учрашувда ҳам 90 дақиқа тўп сурди. Навбатдаги дурангдан сўнг «Шанхай СИПГ» ҳамон 3-ўринда қолди, аммо энди пешқадам - «Гуанжоу Эвергранд»дан нақ 8 очко ортда қолмоқда. Япония олий лигасидаги ягона вакилимиз Фозил Мусаев ҳамон четда. Унинг клуби - «Жубило Ивата» чемпионатнинг 22-турида «Шонан Б.»ни қабул қилиб, 2:3 ҳисобида енгилди. Ж.Корея чемпионати турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб турган «Сеул» худди «Шанхай СИПГ» ҳолатида. Пойтахтликлар 25-турда «Гангвон» енголмадилар - 0:0. Сеулда кечган баҳсда терма жамоамиз ярим ҳимоячиси Икром Алибоев мезбонлар сафида 90 дақиқа тўп сурди. Айни пайт «Сеул» ва пешқадам «Ульсан Хюндай» очколари ўртасидаги фарқ 9тага етди.
***

Айтганча, кеча, Россия чемпионатида 5-турнинг сўнгги ўйинида «Ростов» ва Шомуродов навбатдаги ғалабасини тантана қилди. Қувонарлиси шундаки, мазкур ғалаба бош қаҳрамони яна миллий  термамизнинг аъзоси Элдор Шомуродов бўлди. 

«Ростов»нинг ўзбекистонлик ҳужумчиси Элдор Шомуродов «Крилья Советов» устидан қозонилган ғалабадан сўнг ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Менга барча голларим ёқади, айниқса, жамоам ғалаба қозонганда. Шунинг учун, «Крилья» дарвозасига урган голим ҳам аҳамиятли. Гол урилган вазиятда Ионов ажойиб ҳаракат қилди – тўпни яхши узатди. Хорик Байрамян тўпни менга ўтказиб юборди, мен эса оёғимни қўйишга улгурдим. Мен учун гол уриш жуда муҳим. Мен ҳужумчиман, гол уриш – менинг ишим. Голни «Пахтакор-79» хотирасига бағишлайман”, – Элдорнинг сўзларини келтиради «Матч ТВ». 

 
Бу ғалабадан сўнг очколари сонини 11 тага етказиб олган «Ростов» Россия чемпионатида иккинчи ўринга чиқиб олди. Шомуродов эса чемпионат тўпурарлар пойгасида Дзюба (Зенит) ва Соболевларга (Крилья Советов) етиб олди.

Бу ўйиндан сўнг «Ростов» чемпионатнинг энг сермаҳсул жамоасига ҳам айланиб олди. Карпин шогирдлари ҳозиргача 10 та гол уришди ва уларнинг 4 тасига Элдор Шомуродов муаллифлик қилди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz