Қайднома

Қидирув

Клод Пюэль: «Головин яхши, «Монако» эса...»

Клод Пюэль: «Головин яхши, «Монако» эса...»

  13.08.2019 05:26
  0
  470
Клод Пюэль: «Головин яхши, «Монако» эса...»

9 август куни «Монако» - «Лион» ўйини билан Франция чемпионати-2019|2020 йўлга чиқди. Футболчилик фаолиятини «Монако»да ўтказиб, кейин князлик клуби, шунингдек, «Лестер» ва «Саутгемптон» жамоаларини бош мураббий сифатида бошқарган Клод Пюэль янги мавсум старти арафасида «СЭ» нашрига махсус интервью берди. Тан олинган мутахассис суҳбат жараёнида жумладан, монегаскларнинг янги мавсумдаги имкониятлари ва жамоа сафидаги россиялик Александр Головин хусусида алоҳида тўхталди. «Ҳозир «Монако» қайта қуриш жараёнини бошдан кечирмоқда, - дея сўз бошлади Пюэль. - Аввалги мавсум жамоа учун ўта мураккаб кечди. «Монако»да кўп нарса ўзгарди, янги футболчилар сафга қўшилишди: Головин, Фабрегас ва бошқалар. Ҳали яна трансферлар бўлишига шубҳам йўқ. Лекин бўлажак харидлар ўзгача фалсафа асосида амалга оширилса керак. Яъни энди эътибор ёш иқтидорлар эмас, вақт синовидан муваффақиятли ўтган тажрибали футболчиларга қаратилади, менимча. Князликлар биринчи нав-батда, Фалькаога муносиб ворис топишлари лозим. Хуллас, жамоа янги мавсумга тўла шай эмас. Шундай экан, унинг келажаги хусусида фикр билдириш анча мушкул».

 

- Хўш, «Монако»нинг истиқболи ҳақида нима дея оласиз?

- Билмадим. Футболчилар савиясига қараб айтсак, жамоа «ПСЖ», «Марсель» ёки «Лион» каби ЧЛ йўлланмасига даъвогарлик қилиши керак. Аммо аксарият жамоалар трансферлар мавсумини ҳали якунлагани йўқ. Фақат «ПСЖ» бундан мустасно. Қисқаси, жамоалар имкониятига кейинроқ баҳо бериш маъқул.

- Жамоага қишда қайтган Леонарду Жардим жанговар таркиб шакллантириш миссиясини уддалай олармикан?

- Бу саволга бошқа мутахассислар жавоб беришсин. «Монако» - мени тарбиялаган жамоа. Футболчилик фаолиятим ҳам шу клубда ўтди, кейин мураббийлик қилдим. Демоқчиманки, клуб сиёсати ёки мураббийларини муҳокама қилиш менинг ваколатимга кирмайди.

- Головин ва у каби янги ўйинчилар аввалги етакчилар ўрнини босиб, жамоа савиясини талаб даражасига кўтара олишадими?

- Ўйлашимча, ҳа. «Лестер»ни бошқарганимда, узоқ вақт Головинни кузатдим. Унинг қизиқарли жиҳатларини кашф этиб, жамоамга таклиф этмоқчи ҳам бўлдим. Ўшанда Головин ҳали «Монако»га ўтган эмасди. ЖЧдаги ёрқин иштирокидан кейин эса сара клублардан таклифлар олди. Хуллас, якунда футболчининг ўзи «Монако»ни танлади.

- Александрнинг футболчилик хислатларини таърифлаб берсангиз.

- Унинг учун энг яхши позиция - бу  3 нафар ҳужумчини ўз ичига олган тактикада марказий ярим ҳимоячи роли. Головин соф «10-рақам» ҳам, ҳимояга мўлжалланган хавбек ҳам эмас. Тўп билан ва тўпсиз бирдек самарали ҳаракатланади, зарба йўллаш, хавфли вазиятлар юзага келтиришни уддалайди. Қисқаси, унинг ўрни майдоннинг рақибга тегишли ҳудудида.

- Лекин Головин «Монако»да ўзини кўрсата олганича йўқ.

- Чунки илк бора мавсумни Россия ташқарисида ўтказди. Бунинг ўзига яраша руҳий босими бор. Ўйлашимча, Головин янги мавсумда ўз салоҳиятини тўла намойиш этса керак.

- Ўтган мавсум Францияда Головин учун 30 млн. евро сарфлангани кўп муҳокама қилинди. Айтингчи, нарх чиндан ҳам, ошириб юборилганми?

- Франция футболи мезони бўйича катта маблағ, албатта. Аммо таққослаш учун айтсак, «Лестер» Тилеманс учун 45 млн. евро тўлади. Ҳаммаси нисбий тушунчалар... Балки Головин шундай баҳога арзийдиган даражада ўйнаб, Англияга йўл олар ҳали.

- Нима, Тилеманс ва Головин савия бўйича тенгми?

- Улар бир хил позицияда тўп суришсада, ўзига хос фазилатлари билан ажралиб турадилар. Ўхшаш томонлари ҳам бор, албатта. Асосий умумийлик - ҳар икки футболчи ҳужум бошлашга мойил. Яъни Головин худди Тилеманс каби тўпни ортда қабул қилиб олиб, дарҳол олдинги маррага етказади. Тилемансга дарвоза томон зарба йўллашни канда қилмаслиги ҳақида кўрсатма берардим. Зеро, зарбаси жуда кучли. Головин эса бурама зарбалар ва сўнгги узатмалар устаси.

- Қишда сизда Головинни 45 млн. эвазига жамоангизга қўшиб олиш истаги туғилмадими?

- Йўқ. Чунки Тилеманс «Монако»да кўп ўйнаган, Европа майдонларида етарли тажриба тўплаган. Қолаверса, Юрини «Андерлехт»даги давридан буён алоҳида кузатаман. У Бельгиядан анча барвақт чиқиб кетган бўлсада, янги муҳитга жуда тез мослашди, сермаҳсул ўйнай бошлади. Фақат «Монако»да Тилеманс фазилатларидан тўғри фойдаланолмадилар. У марказий ярим ҳимоячилар учлигидан жой олиши, зарбалар бериши ва голлар уриши керак эди. Юрини бошида «Лестер»га ижара келишуви асосида таклиф қилиб, ундан ўз услубида ўйнашини сўрадик. Натижада ўзини кўрсата бошлади. Охир-оқибат, клуб футболчи трансферини тўлиқ харид қилди.

- Россияда энди Фёдор Чаловга нисбатан қизиқиш хусусида гап-сўзлар кўпаймоқда...

- Очиғи, бу футболчига етарли эътибор қаратолмадим. Чалов ва россиялик бошқа футболчилар ҳақида шуни айта оламанки, Англия чемпионати юксак жисмоний тайёргарликни талаб этади. У ерда техниканинг ўзи билан узоққа бориш қийин. Футболчи ҳар бир тўп учун аёвсиз курашиши шарт.

- Россияда бу талабларни бажара оладиган ва анчадан буён Англия футболини орзу қилаётган ҳужумчи бор - Артём Дзюба.

- Афсуски, бу футболчи ҳақида ҳам етарли маълумотга эга эмасман.

- Россия чемпионатига Франция клубларидан 2 нафар футболчи келди: «Сент-Этьен»дан Кабелла ва «Марсел»дан Нжи. Улар ҳақида нима дея оласиз?

- «Сент-Этьен» вакилини яхши билмайман. Нжи эса аввал «Лион»да ўйнаган - юқори кўрсаткичларга эга. Тезлиги рисоладагидек, тўп учун кураша олади, аммо маҳсулдорлиги пастроқ. Агар камерунлик футболчининг салоҳиятидан унумли фойдаланишса, у сезиларли манфаат келтириши мумкин.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz