Қайднома

Қидирув

Қаердасан, Алибобо?

Қаердасан, Алибобо?

  13.08.2019 09:29
  0
  801
Қаердасан, Алибобо?

Шундай футболчилар бўладики, бир жамоада кўп йиллар тўп суриб, фаолияти якунида ўша клубни мухлислар эътиборисиз тарк этади. Кейинчалик унинг ўйинларини ишқибозлар эсламай қўйишади, ҳатто. Футболчи учун бундан ортиқ бахтсизлик бўлмаса керак. Бироқ ўз жамоаси сафида биттагина учрашувда майдонга тушиб, қаҳрамонга айланганлар ҳам йўқ эмас. Ҳал қилувчи паллаларда мухлисларга биргина гол билан ёрқин лаҳзаларни туҳфа этган ўйинчи бир умр ёддан чиқмайди. Шундай футболчилардан бири, ўз вақтида «Бунёдкор»даги ажойиб ўйинлари билан танилган Алибобо Раҳматуллаевдир. Нима учундир сўнгги йилларда бу вингер йўқолиб қолди.

 

2012 йили Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби Осиё Чемпионлар Лигаси чорак финал босқичида иштирок этаётган, рақиб жуда кучли - Австралиянинг «Аделаида Юнайтед» жамоаси эди. Сафардан 2:2 ҳисобидаги дуранг билан ортга қайтган «қалдирғочлар»ни ғоятда оғир жавоб учрашуви кутарди.

Икки жамоа ҳам бир-бирига очиқ футбол таклиф этди. Асосий вақтда 2:2 ҳисоби қайд этилгач, бош ҳакам Али Абдулнаби «экстра-тайм»ларга мурожаат қилди. «Бунёдкор» вакиллари ҳам, «Аделаида» аъзолари ҳам хаёлан пенальтилар сериясига тайёргарлик кўришни бошлаб юборишганди, фақат Алибободан ташқари. Учрашув якунланишига 5 дақиқа қолганида, қанотда тўп сурган иқтидор соҳиби тезда марказга йўл олди ва шеригининг қарама-қарши қанотдан ошириб берган тўпини боши билан дарвозанинг юқори бурчагига жойлаб қўйди. Бутун стадион ларзага келди, боиси, «Бунёдкор» ўз тарихида иккинчи маротаба нуфузли мусобақанинг ярим финалига чиққанди.

Юқоридаги учрашув сценарийси 2014 йилда ҳам такрорланди, фақат бу сафар рақиб Саудия Арабистонининг «Ал-Фатҳ» клуби бўлди. Ўйин даражаси ўта юқори, ютган жамоа кейинги босқичга чиқиш учун яхшигина имкониятга эга бўлади. «Пахтакор» марказий стадионида бўлиб ўтган мазкур баҳсда футболчиларни майдонга Қосимовнинг ёрдамчиси Александр Волков бошлаб тушганди. Чунки бу пайтда Миржалол Қўшоқович асосий эътиборини миллий жамоага қаратганди. Учрашувда Олег Зотеев дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб, ҳисобни очди. Бироқ кейинчалик саудияликлар иккита гол уриб, олдинга чиқиб олишди. 70-дақиқада Воҳид Шодиев боши билан тўп киритиб, мувозанатни тиклади. Сўнгги дақиқалар яқинлашиб бораётганда Волков майдонга Алибобо Раҳматуллаевни туширди. У эса яна бир бор тўпни ажойиб тарзда тўрга йўллаб, жамоасига муҳим ғалабани тортиқ қилди.

Гарчи кейинчалик Раҳматуллаев ички чемпионат баҳсларида рақиблар дарвозасини кўп бор ишғол қилган бўлсада, айнан мана шу икки халқаро ўйиндаги қаҳрамонлиги эсдан чиқмайди. Чунки бу учрашувларда у олтинга баробар голларни урганди.

Иккинчи даврада янги мураббий Сергей Лушан иқтидорли вингерни кўздан қочирди, шекилли, унга умуман имконият бермай қўйди. Дарҳақиқат, Лушаннинг келиши жамоа ички муҳитига салбий таъсир қилди. Алибобо интервьюларининг бирида бу ҳолатга қуйидагича изоҳ берганди: «Миржалол ака жамоани тарк этгач, битта қанотимиздан айрилдик. Лушаннинг ташрифидан кейин эса иккинчи қанотимиз ҳам синди. Ёшлар лигасида қатор голлар урсам ҳам у менга ишонч билдирмади».

Клубни тарк этишдан ўзга чораси қолмаган Раҳматуллаев «Пахтакор» билан шартнома имзолади. Унинг янги клубида қолиши деярли аниқ бўлиб улгурганда, «Бухоро»га янги тайинланган Александр Мочинов уни ўз жамоасига таклиф қилди. Натижада, Алибобо «шерлар» билан шартномани бекор қилиб, Бухоро сафида Туркия йиғинига отланди. Одатда, «навбатчи мураббий» дея таърифланадиган мутахассиснинг кўҳна шаҳарда иши юришмади. Шу боис, биринчи давра якунига етганидан сўнг, Алибобо Бахтиёр Ашурматов таклифига биноан «Навбаҳор»га ўтади. Орада Озарбайжоннинг «Реван» жамоасидан келган чорловни қабул қилиб, маълум вақт у ерда ҳам тўп сурди. Афсуски, хорижда алданган ўзбек ўғлони ортга қайтишга мажбур бўлди: «Реван» раҳбарияти маошларни вақтида тўламай, барча футболчиларга жавоб бериб юборганди.

Кетма-кет клуб алмаштириш бир неча йиллар олдин қаҳрамон сифатида тан олинган Алибобонинг ўйини борган сари пасайиб бораётганидан далолат эди. Аввалги формасига қайтишни истаган иқтидор соҳиби навбатдаги мавсумни «Қўқон-1912» таркибида бошлади ва кўп ўтмай яна Наманганга қайтди, чунки «лочинлар»нинг янги бош мураббийи Рашид Ғофуров «Бунёдкор» тизимидаги собиқ шогирди билан ишлаш истагини билдирганди. Ўша мавсум «Навбаҳор»да инқироз ва мураббийлар қўнимсизлиги кузатилди. Раҳматуллаев эса ижара асосида «Андижон»га ўтди. 2017 йилда Виктор Кумиков бошчилигидаги АГМКда мавсумни бошлади, лекин захира ўриндиғига жойлашиб, рақобатни бой берди. «Кончилар» сафини тарк этган Алибобо Раҳматуллаев кейин бошқа жамоаларда кўриниш бермади. Унинг АҚШда тадбиркорлик билан шуғулланаётгани ҳақида миш-мишлар ҳам тарқалди. Жорий йил олинган маълумотларда эса Алибобонинг 2018 йилдан буён Қозоғистоннинг «Жас Қўран» клубида тўп суриб келаётгани қайд этилди.

Энди савол: нима учун Мексика қаҳрамонлари бир-икки йил оғиздан тушмади-да, сўнг уларни деярли ҳеч ким гапирмай қўйди? Ахир бу йигитлар бутун мусобақа давомида ажойиб ўйин намойиш этишганди-ку! Худди шу фикрни Алибобо Раҳматуллаевга ҳам қўллаш мумкин. Эссиз, Ўзбекистон чемпионатида тўп сурмаётган бу иқтидор соҳиби ҳам кўпчиликнинг эътиборидан четда қолиб кетди.

А.ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz