Қайднома

Қидирув

Хави, ўзингни бос...

Хави, ўзингни бос...

  14.08.2019 03:16
  0
  489
Хави, ўзингни бос...

ОЧЛ-2019 1|8 ФИНАЛ ЎЙИНИДАН КЕЙИНГИ ҲОЛАТ. «Барселона» фахри Хави бутун футболчилик фаолияти давомида ақлни ишлатиб тўп суришидан ташқари, энг қалтис вазиятларда ҳам хотиржамликни сақлаб қолиши билан алоҳида ажралиб турган. Бироқ мураббийликда бундай бўлмайди, шекилли. Ҳар ҳолда, у янги йўналишдаги расмий дебютидаёқ қуюшқондан чиқиб кетди - сув идишини шу қадар куч билан тепдики, ҳаттоки, пойафзали узиб кетди. Ҳа, футбол олами Хавини ҳеч қачон бундай асабий ҳолда кўрган эмасди.

 Ўзи нима бўлди?

Футболдаги энг ёрқин даврини «Барселона»да ўтказган Хавининг «Ал-Садд» бош мураббийи ролидаги расмий дебюти ОЧЛ 1|8 финалидан ўрин олган учрашувга тўғри келди. Кўпчилик билади, испаниялик собиқ ярим ҳимоячи самарали футболчилик фаолиятига Қатарнинг айнан шу жамоасида нуқта қўйди. Диққатга сазовор томони, Хави бутсаларини михга илишидан олдин Қатар чемпиони мақомига эришди. Хуллас, ўртадаги шартнома муддати якунига етгач, клуб раҳбарияти испаниялик юлдузга бош мураббий лавозимини таклиф қилди. Хави ўз навбатида, янги соҳага дарҳол қадам қўйиш имкониятидан воз кечгани йўқ. Қаранг­ки, Хавининг дебюти қандайдир оддийроқ эмас, балки ўта масъулиятли ва аҳамияти жуда баланд халқаро ўйинга тўғри келди. Аслида ОЧЛ 1|8 финалидан ўрин олган «Ал-Дуҳайл»га қарши баҳс «Садд» учун унча ёмон бошлангани йўқ, бироқ...

Дебют манзараси

ОЧЛ 1|8 финалининг илк ўйинини меҳмонда ўтказган «Ал-Садд» бошидан ҳужумкор футболга таянди ва 30-дақиқада Акрам Афиф томонидан урилган гол эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди. Бироқ турнирда Қатарнинг иккинчи жамоаси сифатида қатнашаётган «Лаҳвия» ҳам бўш келмади - мезбонлар атиги 14 дақиқадан кейин жавоб голини уриб, Хавини ранжитишди. Тўғрироғи, танаффусга чиқиш олдидан, яъни 44-дақиқада Юсуф Мсакни ўртадаги мувозанатни тиклади. Учрашувнинг кульминацион нуқтаси охирги дақиқаларда юзага келди: «Ал-Дуҳайл» жарима майдони ичидаги вазиятлардан бирида тўп мезбон жамоа вакили қўлига тегди, бироқ япониялик рефери Рюжи Сато бу ҳолатдан кўз юмиб, пенальти белгилагани йўқ. Натижада Хави бирданига «ловуллаб», сув идишини шу қадар куч билан тепдики, оёғидаги кроссовкаси учиб кетди. Ўйиннинг ўзига келсак, 1:1 ҳисоби финал ҳуштаги янграшига қадар ўзгармади. Дарвоқе, Қатарнинг икки клуби ўртасидаги жавоб ўйини бугун Дохадаги «Жассим бин Ҳамад Стэдиум» аренасида бўлиб ўтади.

Хави жамоаси

«Ал-Садд» Қатарнинг энг совриндор клуби ҳисобланади. Доха шарафини ҳимоя қиладиган клуб мамлакат чемпионатида нақ 14 марта ғолиб чиққан. Хави футболчилик фаолиятининг якуний қисмида «Ал-Садд» сафида 99 марта майдонга тушиб, 19та гол урганини ҳам қўшимча маълумот сифатида келтириш жоиз. Айтганча, «Атлетико»нинг собиқ вакили Габи айни пайт айнан «Садд» сафида ўйнамоқда. Испаниялик янги мураббийнинг жамоаси учун Қатар Юлдузлар лигасининг янги мавсуми 21 август куни «Ал-Вакра»га қарши учрашув билан бошланади. Алоҳида таъкидлаш керак, Қатарда Хавининг навбатдаги чемпионликни «Ал-Садд» бош мураббийи сифатида ютишига ишонч катта.

А.Аҳмедов тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz