Қайднома

Қидирув

Андре Виллаш-боаш: «Франция футболида импровизация кўпроқ»

Андре Виллаш-боаш: «Франция футболида импровизация кўпроқ»

  14.08.2019 05:25
  0
  213
Андре Виллаш-боаш: «Франция футболида импровизация кўпроқ»

Португалиялик бу мураббий «Зенит»дан сўнг бир йил Хитойда ишлади, кейинги бир ярим йил ҳордиқ чиқарди, ўзининг айтишича, L’Equipe нашрига шошилмай интервью берди, бўлажак клубини танлади. Якунда «Марсель» вариантида тўхтади. Унинг журналистлар саволларига қай тариқа жавоб қайтаргани билан қуйида танишишингиз мумкин.

- Майда «Марсел»дан таклиф тушиши сиз учун кутилмаган бўлдими?

- Таъкидлаш жоизки, Андони (Субисаррета, «Марсель» спорт директори) ва Альберт (Валентэн, Субисареттанинг ўринбосари) - менинг эски қадрдонларим, ўз ишининг ҳақиқий профессионаллари. Шуни инобатга олиб рози бўлдим.

- «Марсель» - сизга мос клубми?

- Мен - дунё фуқаросиман, ўйлашимча, футболнинг миллати йўқ. «Челси»дан кейин (2012 йилнинг мартида кетганди, ўшанда жамоа бешинчи ўринда бораётганди) «Тоттенхэм»га рад жавобини бермаслигим ҳам мумкин эди, дастлаб «Сан-Пауло» варианти кўриб чиқилганди... Умуман олганда, яна беш йил мураббийлик қилмоқчиман. Ҳозир «Марсел»да ишлашимдан мамнунман, ҳар ҳолда бу Европа, янги чемпионат, катта вазифалар.

- Лекин Франция чемпионати ҳақида қандайдир тасаввурга эгамисиз?

- Айнан «қандайдир» тасаввур бор. «Монако»нинг муваффақиятли иштирокини кўрдим, 2013 йили «ПСЖ» билан алоқа ўрнатгандик - улар мураббийликка таклиф қилишганди, қолаверса, мен ишлаган жамоаларда французлар тўп суришган. «Шанхай СИПГ»дан кейин (2017 йилнинг ноябрида кетган) бир ярим йил қаерга боришга бошим қотди, вариантлар кўп эди, ҳаттоки, Япония, Аргентина, Мексикада ишлашим мумкин эди. Қизиқишларимнинг географик доираси шу қадар кенгки, бу қайсидир маънода ҳаёт фалсафасидир.

- Россия, Хитой, Англия, Португалияда ишладингиз. Франциядаги дастлабки таассуротлар қандай бўлди?

- Ҳайрон қолдиргани, француз футболи - кучга асосланган, тезкор, интенсив, дейлик, кўп энергия сарфланади. Францияда кўплаб маҳаллий мураббийлар, футболчилар бор. Португалия ва Испанияда жамоалар биринчи рақам остида ўйнашга интилишади, барчаси тўпни назорат қилиш, тактик схемаларга асосланади. Францияда эса олдиндан ниманидир тахмин қилиш қийин, бу ерда импровизация кўпроқ. Менга айнан шу нарса ёқади. «Марсел»га келсак, ҳозир йигитларнинг қандай ишлаётганидан мамнунман. Тўғри, чемпионат шу таркиб билан бошланмайди, яна 5-6 нафар ўйинчи келади.

- Чемпионатдаги вазифа - медалларми?

- Ҳа, албатта.

- Бу вазифани президент қўйдими?

- Бу вазифани ўз-ўзимга қўйдим. Албатта, Марселда талаб юқори, аммо мен ҳам ўзимга жуда талабчанман. Тўғри, авваллари ҳаддан зиёд катта мақсадларга интилганим сабабли ҳаёт мени жазолаганди. Аммо мен шунақа мураббийман.

- Мураббийлик фаолиятингиз ажойиб бошланганди («Порту»да). Сўнгра, «Челси»да ишингиз қовушмади. Нимани нотўғри қилгандингиз?

- Албатта, хатоларга йўл қўйдим, аммо мураббийга мавсум охиригача ишлаш учун имконият бериш керак-ку! «Челси»да режамдаги футболчиларни сотиб ололмадим, чунки ихтиёримдаги таркибга ишонгандим. Трансферларга 80 миллион евро сарфладик, кейинги йил бу кўрсаткич 150 миллионга етди, кейингисида эса улар 300 миллион ишлатишди. «Порту»да ишлаётганимда, 56та ўйиндан фақат 6тасида имкониятни бой бергандик. «Челси»да эса мағлубиятлар бўйича «негатив» тажриба тўпладим. Шундай босқичдан ҳам ўтиш керак.

- Сизга қолса, тўпни назорат қилиш ва юқори прессингга асосланган ўйинни танлайсизми?

- Прессинггами? Йўқ, шарт эмас. Францияда футбол бўлакча. Барчаси якуний таркиб, янги футболчилар ва сафимизда қолганларнинг мотивациясига боғлиқ бўлади. Ҳар доим ўйинчиларнинг иззат-нафсини ҳурмат қилиш лозим, ўз навбатида, футболчилар ҳам клуб манфаатларига бўйсунишлари лозим.

- «Марсель» қандай услубда ўйнайди?

- Жамоам тўпни назорат қилишини хоҳлайман. Очиқ футбол бўлиши, ўйинни бошқариш керак, асосийси шу. Англияда футболга бироз бошқачароқ кўз билан қарардим, тактик схемаларни яхшироқ тушуна бошладим, айтайлик, анча ақлим кирди.

- Ҳозир «Марсел»нинг барча машғулотлари фақат тўп билан ўтказилади, футболчилар учун бу роҳатнинг ўзгинаси...

- Методикамиз шундай. Аслида бу ерда ҳеч қандай янгилик йўқ, Португалия ва Испанияда ҳам худди шундай машғулот ўтказишади. Аммо Францияда жисмоний ҳолат бўйича ишлашга ҳам эътибор қаратиш зарур. Чемпионат - тезкор, футбол мунтазам жой алмашиш, узун паслар, тезланишлар ҳисобига қурилади ва бунинг учун футболчилардан алоҳида сифатлар талаб этилади. Бу борада ишлаяпмиз, машғулотларда яккакурашлар кўп. Тренажёр залларида ҳам иш бисёр.

- Кўплаб ёшларни кузатяпсиз, кимлар асосий жамоага ўтиши мумкин? Ҳозирча «Марсель» академияси Францияда унчалик ўзини кўрсатолмаяпти...

- Кимнидир рўйхатга оламиз. Тўрт ёки беш киши - кейинроқ маълум бўлади. Футбол ўзгармоқда. Ўн йил аввал мураббийликка маҳаллий академия тарбияланувчиси тайинланиши керак, деган фикр юрарди. Мен бундай ғояга қаршиман. Академия эмас, клубнинг ўзидан келиб чиқиш лозим. Айнан клуб жамоанинг қандай ўйнаши, қайси услубни танлашини белгилайди ва асосий жамоага битирувчиларни киритиб боради. Академия директори ва клуб спорт директори ҳамкорликда ишлашлари лозим. Антеро (Энрике)нинг «ПСЖ»да ёки Мончининг «Рома»да (ҳозир «Севилья»-да) қандай ишлаганига бир қаранг. Бу спорт директорларининг янги типи, барчаси айнан шу мутахассисларга боғлиқ, улар клуб ривожланиш йўлини аниқлашади. Мураббийлар эса келишади, кетишади. «Марсел»да футболчиларни тайёрлаш марказининг ишини ўзгартиришга қарор қилишди, бу узоқ муддатли лойиҳа бўлади, деган умиддаман. Бироқ бу менинг ваколатимда эмас. Мен фақат Жак-Анрига ўз фикримни билдирдим, Насер (Ларге - Марсель академияси директори) билан гаплашаман. Бу тизимнинг ишлаши, асосий жамоага битирувчиларни олиш имкониятига эга бўлишимизни хоҳлайман. Ёшларнинг ўйинини кўрдим, чемпионат давомида кимнидир мунтазам майдонга тушириб тураман.

- Флориан Товеннинг ҳолати яхшими, даволаниш жараёни қандай кетяпти?

- Курс 3-4 ҳафта давом этади. Улардан бири ўтди, икки ҳафтадан кейин жамоага қайтишига умид қилиб турибмиз.

- «Марсел»га келганингизда, футболчилардан бирортаси билан гаплашдингизми?

- Шартнома имзолангач, Стив (Манданда), Димитри (Пайет) ҳамда Луис Густаво билан суҳбатлашдик, учала футболчи ҳам ўтган мавсум сардорлик вазифасини бажаришган. Уларнинг аввалги мавсум ҳақидаги фикрини, кайфиятларини билишни хоҳладим. Шунингдек, Роланду билан гаплашдим - у «Порту»да ишлаганимда сардор эди. Албатта, жамоадаги муҳитни ҳис қилишим керак.

- Раҳбариятдан бирор-бир футболчини сотмасликни сўрадингизми?

- Ҳа, улар менинг талабимни эшитишди, лекин барчаси қизиқиш ва таклифларга боғлиқ бўлади, бу бозор. Ҳаммасини яхши тушуниб турибман.

- Демак, Товен ҳам сотиб юборилиши мумкин экан-да?

- Марселга келишимдан аввал Валери (Жермен) билан, кейин Монакода Товен билан учрашдим. Флориан жамоада қолишидан хурсанд. У офисимда тез-тез меҳмон бўлади, турли мавзуларда гаплашамиз, у ажойиб инсон. Ўз олдига қандай мақсадлар қўйганини аниқ тушунтириб берди.

- Пайет «Бордо»га қарши баҳсда «дубль» қайд этди. У янги мавсумда 4-3-3 схемасида чап қанотдан ўрин оладими?

- Турли вариантларни кўриб чиқяпмиз. Нафақат у билан. Лекин Димитри чапда яхши ўйнайди.

- Луис Густаво - сиз ишонч билдирадиган футболчилардан бири бўладими?

- Ҳа, албатта. У тажрибали, ўйинни яхши ўқийди. Майдон марказида бундай ўйинчиларга эҳтиёж катта бўлади.

- «Бордо» билан ўйинда боғич Мандандага топширилди. Демак, у сардорми?

- Футболчиларга бу савол очиқлигича қолишини айтдим. Боғични юқорида номи тилга олинган уч футболчи ва Флориан тақишади. Чемпионат бошлангунча шу тўртовлондан қайси бири сардор бўлишини аниқлаштирамиз.

- Альваро Гонсалес (марказий ҳимоячи, «Вильярреал»дан ўтган) билан шартнома имзоланди. Мамнунмисиз?

- У анчадан буён Альберт ва Андонининг эътибор марказида эди, Гонсалеснинг ҳужжатларини, айрим ўйинлари ёзилган видеони менга жўнатишди. Альваро биз шартнома тузишни хоҳлаган уч ўйинчидан бири эди, келишув нархидан тўлиқ қониқдик.

- Андони Субисаррета билан нима ҳақида суҳбатлашасиз?

- Менинг футбол концепциям, унга қандай футболчилар мос тушиши ҳақида.

- Бу сиз айтиб ўтган 4-5 футболчими?

- Умид қиламанки, сафимизда шундай ўйинчилар бўлади. Ахир кўплаб футболчиларимиз жамоани тарк этишди, энди бўшлиқларни тўлдириш лозим. Яна кимлардир кетиши, айримлар ижарага берилиши мумкин. Ҳа, 4-5 нафар янгилар келишидан умидвормиз.

- Яна қайси позицияларни кучайтириш керак?

- Деярли барчасини! Бу кимларнинг кетишига ҳам боғлиқ. Одатда, 22 ўйинчи ва 3 дарвозабондан иборат жамоа билан ишлайман. Бу ерда рўйхат қисқароқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шунга қарамай, академиядаги ёшларда имконият туғилади.

- Балки жамоа билан тезроқ Марселга боришни, шаҳар ва «Велодром» билан танишишни хоҳлаётгандирсиз?

- Албатта. У ерда 2003 йили бўлгандим - «Порту» «Марсел»га қарши ўйнаганди. Шундан буён шартнома имзолагунга қадар бу шаҳарга бормагандим. Нималарнидир кўришга улгурдим, музейда бўлдим, денгиз порти районида сайр қилдим. Бу ерда мени танимасликларидан унумли фойдаланиб қолиш керак (кулади).

- Марселда ажойиб, ҳис-ҳаяжонга бой ишқибозлар бор. Бу ҳам сиз учун муҳим фактор саналадими?

- Ҳа, ахир бу ажойиб-ку! Англияда мухлислар эмас, ОАВ томонидан кўпроқ босим бўлади. Менга эса ишқибозларнинг эҳтиросли муносабати ёқади. Ўз олдингга катта мақсадлар қўйсанг-у, фанатлар қўллаб-қувватламаса, қийналишинг аниқ.

- 15 йил мураббийликда ишлашингизни айтдингиз, шундан 10 йили ўтиб бўлди. Кейин қандай йўл тутасиз?

- Ҳозирча билмайман. Футболда қолишни хоҳлайман, аммо мураббий сифатида эмас. Қадрдон «Порту» клуби билан боғлиқ турлича ғоялар бор. Эсимни таниганимдан буён шу клубга мухлислик қиламан. Бир нималарни ўйлаб қўйганман...

- Балки клуб президенти бўлишни хоҳлаётгандирсиз?

- Нега энди шундай бўлмаслиги керак?! (Кулади). Севимли клубимда мураббийлик қилганимда - бу ҳаётимнинг энг ёрқин даври бўлганди! Энг эсда қоларли мавсум. Мазкур клубнинг келажаги ҳақида кўп ўйлайман. Ҳар нарса бўлиши мумкин...

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz