Қайднома

Қидирув

"ТОП"лар қўзғалишди ва...

"ТОП"лар қўзғалишди ва...

  15.08.2019 06:55
  0
  412

Ниҳоят, кўпсонли мухлислар орзиқиб кутган мароқли онлар етиб келди - Англия ва Францияда миллий чемпионатлар стартга чиқди.

АПЛ: «Қизиллар» бошлашди, «Қизил иблислар» якунлашди

Тақвим тақозосига кўра, мавсумнинг илк турини «уик-энд» арафасида «Ливерпуль» очиб берди, «МЮ» эса якунлади. Таъкидлаш жоизки, дастлабки беллашувлар футболни соғиниб қолган мухлислар ишончини тўла оқлади, кескин ва сермаҳсул баҳслар уларни хушнуд этди.

Хусусан, «Энфилд»да дебютант «Норвич»ни қабул қилган «Ливерпуль» синовни юксак талабчанлик руҳида ўтказди. Яъни, дастлабки 45 дақиқа ичида меҳмонлар дарвозасига 4та жавобсиз гол уриб, АПЛ шиддатини намойиш этди. Муҳаммад Салоҳ гол билан чекланиб қолмай, битта ассистни ҳам ўз ҳисобига ёзиб қўйди.

Тўғри, танаффусдан кейин «қизиллар» бироз хотиржам тўп суришди, меҳмонлар эса жонланишди ва жавоб тўпини киритишга муваффақ бўлишди. Шу тариқа беллашув Юрген Клопп шогирдларининг йирик ғалабалари билан ниҳоясига етди.

Шанба оқшомида Лондонга ташриф буюрган «Манчестер Сити» «Вест Хэм» дарвозасини 5 бор ишғол этди. Қизиғи шундаки, пойтахт билан номдош бўлган бу арена чемпион учун энг омадли стадиондир - «шаҳарликлар» мазкур учрашувга қадар бу стадионда 18та гол уришганди. Раҳим Стерлинг эса илк турда «хет-трик»ка эришди. Ундан аввал Дидье Дрогба 2010|2011 йиллар мавсумини шундай бошлаганди. Шунингдек, Габриэль Жезуснинг кўрсаткичи ҳам алоҳида эътиборга лойиқ: бразилиялик ҳужумчи Лондондаги ўйинларнинг охирги 5тасида майдонни голсиз тарк этмаяпти.

Уч йиллик танаффусдан сўнг элитага қайтган «Астон Вилла»нинг Лондонга жиддий ниятлар билан ташриф буюрганлиги «Тоттенхэм»га қарши баҳсда яққол маълум бўлди. 9-дақиқада мезбонлар ҳимоясидаги тушунмовчиликдан унумли фойдаланган Жон Макгинн АПЛдаги илк голини нишонлаб, «шерлар»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Мезбонлар эса фақат 73-дақиқада мувозанатни тиклашди. Гари Кейннинг сўнгги дақиқалардаги «дубл»и эса ўйинга мантиқий якун ясади.

АПЛнинг учинчи дебютанти «Шеффилд Юнайтед» Борнмут сафаридан жанговар (1:1) дуранг билан қайтди. «Арсенал» эса Обамеянгнинг ягона голи эвазига Ньюкаслда 3 очколик бўлди.

Ниҳоят, «Олд Траффорд»да бўлиб ўтган турнинг марказий беллашувида «МЮ» «Челси»га ҳеч қандай имконият қолдирмади - 4:0. Тўғри, Фрэнк Лэмпард раҳбарлиги остида майдонга тушган лондонликлар ёмон ўйин кўрсатишмади. Лекин Суьшернинг ёш шогирдлари ва тажрибали Де Хеанинг ишончли ҳаракатлари дарвоза дахлсизлигини таъминлади. Мезбонлар Рашфорднинг пенальтидан урган голи эвазига ҳисобни очишганди. Танаффусдан кейин Мартиаль, Рашфорд ва Жеймснинг аниқ зарбалари ўйин тақдирини «қизил иблислар» фойдасига ҳал қилди.

 

Франция биринчи дивизиони: «Монако»да мағлубият

2019|2020 йиллар мавсумини очиб берган «Монако» - «Лион» қарама-қаршилиги князлик клубининг йирик (0:3) мағлубияти билан якунланди. Очиғи, ўша оқшом Леонарду Жардим шогирдларидан ҳар томонлама омад юз ўгирди. Биринчидан, улар 5-дақиқадаёқ ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди - бурчакдан узатилган тўпни Мусса Дембеле ортиқча қийинчиликсиз дарвозага жойлаб қўйди. Иккинчидан, бўлим ўрталарида монегасклар таркибида дебютини нишонлаган тажрибали Сеск Фабрегас қизил карточка олиб, ўйиндан четлатилди. Рақиб жарима майдончаси ичида қўполликка йўл қўйган ярим ҳимоячига ҳакам дастлаб сариқ карточка кўрсатганди. Бироқ меҳмонлар ўйинчисининг оёғидан қон оқаётганини кўргач, қарорини ўзгартирди. Тез орада мезбонлар дарвозабони қўпол хатоликка йўл қўйиб, ҳисобнинг йириклашишига сабабчи бўлди - Мемфис Депайнинг олис масофадан йўллаган тўпини Лекомт оёқлари орасидан ўтказиб юборди. Танаффусдан кейин мезбонлар мувозанатни тиклаш учун катта куч билан олдинга ташланишди, кўплаб ҳужумлар уюштирилди. Лекин яна ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди. Хуллас, Александр Головин жамоаси мавсумни ўта омадсиз бошлади. Россиялик легионер дисквалификация туфайли майдонга туша олмади.

«Марсел»нинг ўз майдонида «Реймс»га имкониятни бой бериши (0:2) турнинг кутилмаган натижаси бўлди. 53000га яқин мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари ҳам мезбонларга ёрдам бера олмади. Аксинча, танаффусдан кейин ташаббус меҳмонлар томонига ўтиб, улар 2 марта тажрибали Стив Мандандани доғда қолдиришди.

Парижда «Анже» «Бордо» устидан ишончли ғалаба (3:1)га эришди. Қизиғи шундаки, учрашувдаги барча голлар биринчи бўлимда амалга оширилди.

Дебютант «Брест»нинг «Тулуза» билан жанговар дуранг (1:1)га имзо чекканлиги маҳаллий мухлисларда қарама-қарши таассурот қолдирган бўлса, ажабмас. Боиси, жамоа стартда дастлабки очкога эга бўлди. Лекин бошқа томондан, сўнгги дақиқагача ҳисобда олдинда борган ҳолда, тайёр ғалабани қўлдан чиқарди. Боз устига, ўйин тақдири муддатидан аввал ҳал бўладиган паллада пенальтидан унумли фойдалана олмади. Дарвоқе, «Ренн»ни қабул қилган «Монпелье» ҳам пенальтини голга айлантира олмади ва кичик (0:1) ҳисобдаги мағлубиятини тан олди.

Совринли ўринлар учун даъвогарлик қиладиган «Сент-Этьен» сафарда  «Дижон»ни, «Лилль» эса ўз майдонида «Нант»ни 2:1 ҳисобида маҳв этишди.

Ниҳоят, Парижда амалдаги чемпион «ПСЖ» ўз мухлисларига «Ним» устидан йирик (3:0) ғалабани туҳфа этди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz