Қайднома

Қидирув

Қўшимча чирой ёхду АНГЛИЯ СУПЕРКУБОГИ-2019нинг ЭНГ ГЎЗАЛ ИШТИРОКЧИСИ.

Қўшимча чирой ёхду АНГЛИЯ СУПЕРКУБОГИ-2019нинг ЭНГ ГЎЗАЛ ИШТИРОКЧИСИ.

  15.08.2019 13:45
  0
  428
Қўшимча чирой ёхду АНГЛИЯ СУПЕРКУБОГИ-2019нинг ЭНГ ГЎЗАЛ ИШТИРОКЧИСИ.

У туфайли ҳаттоки, шарҳловчиларни ишдан ҳайдашган. «Манчестер Сити» бу сафар Англия суперкубоги учун баҳсда «Ливерпул»ни зўрма-зўраки енгди. Тўғрироғи, «қизиллар» ўйинда яхшироқ таассурот қолдиришди, аммо охирги дақиқаларда қулай имкониятлардан фойдалонолмай, 1:1 ҳисобига кўнишди. Пенальтилар сериясида эса улардан, хусусан, Жоржиньо Вейналдумдан омад юз ўгирди ва «шаҳарликлар» мавсумни соврин ютиш билан бошлашди. Очиғи, барчасига Англия топ-клублари даражасига қараб баҳо берсак, ўйин томошабоп кечгани йўқ, лекин «Уэмбли»да тўпланган фанатлар лайнсмен ролини бажарган аёл ҳакам ишини кузатишга муяссар бўлишди.

 

33 ёшли Шан Мэсси-Эллис 2010 йилдан буён ФИФА ҳаками мақомига эга. У бунга қадар асосан аёллар футболида фаолият олиб борди. Жумладан, яқиндагина якунига етган аёллар ўртасидаги ЖЧ-2019 турнирида ҳам иштирок этди. 8 йилча олдин эса Мэсси-Эллис атрофида катта можаро кўтарилган эди. Ўшанда Шан «Ливерпуль» ва «Вулверхэмптон» ўйинида ишлади. Хуллас, учрашувдан олдин Sky Sports шарҳловчилари Энди Грей, Энди Бертон ва Ричард Киз ўзларича аёл лайнсмен устидан кулишди. Улар микрофон уланганини билишдими-билишмадими, ҳарқалай, ўзаро суҳбатда аёлларга оғир ботадиган даражада ҳазиллашишди:

- Ҳой, илтимос, кимдир «офсайд» нималигини тушунтириб берсин...

- Нима, аёллар ҳаттоки, «офсайд» қоидаларини ҳам билишмайдими?

- Албатта, билишмайди-да...

Мэсси-Эллис ўша ўйинда бинойидек ишлади, хусусан, «офсайд» ҳолатини аниқлашда бирор марта хатога йўл қўйгани йўқ. Шарҳловчиларни эса аёлларни камситиш айблови билан ишдан бўшатишди. Тўғри, улардан бири - Энди Бертон кейинчалик каналга қайтди. Англия футбол ассоциацияси эса Шанни бу каби ҳақоратомуз муносабатлардан ҳимоялашни ўйладими, уни маълум муддат ўйинларга тайинлагани йўқ. Фақат ўша можаро бироз унутилганидан кейингина аёл лайнсмен яна тўлақонли иш фаолиятига киришди. Ўшанда «Блэкпул» мураббийи Ян Холлоуэй барчани алоҳида тинчлантириб, Мэсси-Эллисни роса мақтаганди.

«Кардифф Сити» футболчиси Кевин Макнотон аёл ҳакамга номақбул муносабатнинг кейинги қурбонига айланди. У ўйин пайти Шан билан тўқнашиб кетди, бироқ атайин ёки қасддан шундай қилгандек кўринди. Камига Кевин гўзал хонимдан узр сўрашни ўзига эп кўрмади, бу эса мухлисларни янада кучлироқ жунбушга келтирди. Кейинчалик Макнотон агенти мижозининг лайнсменга атайин урилганини мутлақо инкор этди: «Йўқ, бу бемаънилик. Кевин шилқимликка мойил йигитлар сирасидан эмас. Шунчаки, у ўша вазиятда ўйинга берилиб кетганди...». Бироқ агентнинг вазиятга аралашуви билан ҳеч нарса ўзгармади - Кевин ҳамманинг наздида айбдор бўлиб қолаверди. Шунингдек, Томас Вермален ҳам вазиятлардан бирида Шан билан тўқнашиб кетганди, фарқи шуки, «Арсенал»да ўйнаган бельгиялик лайнсменга оҳиста урилган ва у йиқилмаган ҳам.

Мана, Шан Мэсси-Эллис Англия суперкубоги учун кечган ўта муҳим баҳсда муносиб ишлади. Қизиғи, «Ливерпуль» тез орада аёл ҳакам иштирокидаги яна бир учрашувда майдонга тушади. Яна суперкубок, фақат бу сафар Европаники. Қолаверса, бунисида аёл ҳакам - франциялик Стефани Фраппар лайнсмен эмас, рефери ролида майдонга тушади.

Шан Мэсси-Эллис ўз ишига қандай ёндашиши ҳақида

- Футболни шунчаки, яхши кўраман ва АПЛ - жаҳоннинг энг кучли лигасида ишлаётганимдан фахрланаман.

- Баъзан исмимни эркакча талқин қилишади - Шон. Фаолиятимда қизиқарли воқеалар ҳам тез-тез учраб туради. Бир сафар шундай дейишди: «Азизам, кечирасиз, бу кийиниш хонаси, футболчиларнинг қаллиқларига мўлжалланган жой эса юқори қаватда».

- Трибуналардан янграйдиган бақир-чақирлар? Уларни мутлақо эшитмайман, чунки қулоғимда рефери билан алоқа қилиш мосламаси бўлади. Қолаверса, мухлисларнинг нима дейишлари мени унча қизиқтирмайди. Муҳими, зиммамга юклатилган ишни сифатли бажарсам, бас.

- Фарзандим дунёга келгач, шифокорлар энди ҳакамлик қилолмаслигимни айтишганди. Лекин она бўлганим учунгина севимли ишимни ташлашга тайёр эмасдим.

- Агар лоақал бир кишини қўлига байроқча ёки ҳуштак олишга илҳомлантира олсам, чексиз бахтиёрликни туяман.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz