Қайднома

Қидирув

Ёғдусини йўқотган юлдуз

Ёғдусини йўқотган юлдуз

  16.08.2019 03:13
  0
  697
Ёғдусини йўқотган юлдуз

Месут Озилни зерикарли футболчилар қаторига қўшишнинг иложи йўқ, ажойиб ўйинлар ва ғалабалар тез-тез можаролар билан ўрин алмашиб туради. Терма жамоа шарафини 90 мартадан кўпроқ ҳимоя қилиш, еврокубок баҳсларида 100дан ортиқ иштирок, рекорд трансферлар... У - замонавий футболнинг ёрқин вакилларидан бири. Аммо айни паллада юлдузлик мақомига муносиб кўриш анчайин баҳсли мавзу бўлиб қолди. Келинг, 30 ёшли «тўпчи»нинг фаолиятига бирров назар ташлайлик.

 

1. Гельзенкирхендаги улҒайиш

Месут Германияниг Гельзенкирхен шаҳрида таваллуд топди ва тез орада маҳаллий «Шальке» уни ўз қучоғига олди. 17 ёшида Озил «Айнтрахт»га қарши беллашувда катта футболга қадам қўйди. Ўша оқшом у тарихий ватандоши - Ҳамит Олтинтоп ўрнига майдонга тушди. Дарвоқе, Месутдан фарқли равишда Ҳамит Туркия терма жамоаси сафида ўйнашни ихтиёр қилганди. Орадан 1,5 йил ўтиб, ярим ҳимоячи ЕЧЛда ўз омадини синаб кўрди. 2008 йилда эса жамоасини алмаштирди.

2. «Вердер» ва мундиал

2008 йилнинг январида Озил «Вердер» сафига ўтиб, яна халқаро аренада бўй кўрсатди ва УЕФА кубоги финалига қадар етиб борди. Бироқ турнирдаги сўнгги совринни қўлга киритиш у ва «мусиқачилар»га насиб этмади - «Шахтёр» бунга имкон бермади, мусобақа эса ЕЛга айлантирилди. Тез орада Месут «Вердер» вакили сифатида ўз фаолиятидаги дастлабки ЖЧга йўл олди ва юксак баҳоларга сазовор бўлди. Жумладан, Англия устидан қозонилган йирик ғалабада унинг ҳиссаси сезиларли бўлди. Бундестим эса мундиал финалчисига айланди. Ёш ярим ҳимоячининг ЖАРдаги иштироки шунчалик ёрқин чиқдики, «Реал»дек нозиктаъб гранд унга маҳлиё бўлиб қолди, шахсан Моуриньонинг ўзи Озил айнан Мадрид учун яратилганига кафил бўлди. Оқибатда футболчи 16,6 млн. фунт эвазига «Қироллик клуби» аъзосига айланди.

3. Дастлабки чемпионлик

Мантиқан олганда, Месутнинг «Беназир»га маъқул бўлганига ишониш қийин - португалиялик мутахассис ҳимояга кўмаклашадиган ўйинчилар тарафдори, Озил эса доимо олдинги чизиққа интиладиганлар сирасидан. Шунга қарамасдан, дебют мавсумида Моу уни мунтазам ўйин амалиёти билан таъминлади. Якунда жамоа шоҳсупани забт этди. Месут самарали узатмалар бўйича Примера етакчилари сафидан жой олди. Зафарли иштирок қаторасига 3 мавсум давом этди. Лекин Моунинг истеъфоси ва Иско ҳамда Гарет Бэйлларнинг ташрифи унинг Мадриддаги фаолиятига путур етказди. Айни шу паллада «Арсенал» ўз тарихидаги рекорд маблағ эвазига Озилни Лондонга олиб кетди.

4. ЁрҚин старт ва жаҳон кубоги

«Тўпчилар»нинг ноодатий келишувини лондонлик мухлислар шод-у хуррамлик билан қарши олдилар, Озил эса шиддат билан ўзига сарфланган харажатларни оқлашга киришди. Дебют мавсумида у ўз ҳисобига 5та гол ёзиб, жамоанинг февралга қадар карвонбоши бўлиб туришига сезиларли улуш қўшди. Кейинчалик «Арсенал» анъанавий тарзда сусткашликка йўл қўйиб, ғолибликни қўлдан чиқарди. Гарчи чемпиондан 7 очкога ортда қолган бўлсада, якунда 4-поғонадан жой олди. 2014 йилда Месут Бундестим таркибидаги ўйинлари билан мухлисларини мамнун этди. Бразилия мундиалининг барча учрашувларида иштирок этиб, 2та гол урди.

5. Алексис билан ҳамкорлик

Мундиалдан кейинги мавсумда «Барселона» ҳужумчиси Алексис Санчес «канонирлар» сафига қўшилди. Гарчи унинг ёрдами чемпионлик учун камлик қилган бўлсада, ўзи жамоанинг чинакам етакчиси мақомига кўтарилди. Кейинги мавсумда «Арсенал» яна чемпионликка асосий даъвогар бўлди. Бироқ февралдан кейин яна ғалабаларга эриша олмай, имкониятни бой берди. 2015|2016 йиллар мавсумида Озил 19та голга сабабчи бўлиб, бу борада барча таъқибчиларидан ўзиб кетди. Аммо ана шу тиришқоқлик ҳам кутилган натижани таъминлай олмади.

6. Заифлашув

2019 йил арафасида Месут ҳар қачонгидан кўпроқ маош оладиган бўлди. Лекин на янги шартномага имзо чеккан ярим ҳимоячи, на унинг жамоаси юксак натижаларни кўрсата олишди. Бутун мавсум давомида Озил атиги 2 марта самарали узатмани амалга оширди. Шу тариқа мухлис-у мутахассисларнинг унга бўлган ишончлари пасайиб кетди. Ҳозир Месутнинг «тўпчилар» сафида узоқроқ тўп суришига ҳеч ким ишонмаяпти. Боз устига, юз берган можаролар ҳам салбий таъсирини ўтказмасдан қолмади: аввалига у ирқчиликда айбланиб, терма жамоадан четлатилди, кейин Германия билан келиша олмай қолган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғанни ўзига куёвжўраликка танлади. Хўш, буёғи қандай бўлади? Ҳозирча футболчи ҳаммаси ўзгача бўлишига ваъда бермоқда: яқинда соч турмагини ўзгартирди, олифта кийим-кечакларда юришга одатланди. Зафарли «Арсенал»нинг муҳим бўғинига айлана олган-олмагани эса янги мавсум якунида ойдинлашади.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz