Қайднома

Қидирув

Бозор инқилоби ёки ЭНДИ ҲИМОЯЧИЛАР ТРАНСФЕР БАҲОСИ ҲАМ 100 МИЛЛИОНГА ЯҚИН...

Бозор инқилоби ёки ЭНДИ ҲИМОЯЧИЛАР ТРАНСФЕР БАҲОСИ ҲАМ 100 МИЛЛИОНГА ЯҚИН...

  17.08.2019 01:11
  0
  382
Бозор инқилоби ёки ЭНДИ ҲИМОЯЧИЛАР ТРАНСФЕР БАҲОСИ ҲАМ 100 МИЛЛИОНГА ЯҚИН...

«Лестер Сити»да танилган Гарри Магуайр футбол тарихидаги энг қимматбаҳо ҳимоячига айланди - «МЮ» унинг учун нақ 87 миллион евро тўлади. Ўзи охирги йилларда еврофутболда кучли ҳимоячиларга эътибор ҳам, эҳтиёж ҳам анча ошди. Мисол учун, «Ювентус» ва «Бавария» клублари шу ёз тегишлича Маттейс де Лигт ва Люка Эрнандес учун умумий ҳисобда 165,5 миллион евро сарфлади. Эътиборлиси, энг қимматбаҳо ҳимоячи мақоми қўлма-қўл бўла бошлади. Яқинда «таёқча»ни Виржиль ван Дейкдан олган де Лигт орадан ҳеч қанча вақт ўтмай туриб, уни Магуайрга топширди.

 

Ҳимояда «ҚўзҒалиш»

2011 йили яқин ўтмишнинг энг таниқли дарвозабонларидан бири Дэвид Жеймс The Guardian нашрида мақола чоп этиб, унда ҳужум вакилларининг трансфер нархи кескин кўтарилиб кетаётгани хусусида хавотир билан мушоҳада юритган эди. Хусусан, Жеймс ўз ҳисоб-китобларига кўра, ҳужумчилар нархи 1980 йилдагига нисбатан нақ 50 баробар қимматлашганини таъкидлаганди. У буни дарвозабонлар трансфери билан ҳам таққослаб берган. Чунончи, голкиперлар баҳоси атиги 7 марта кўтарилганди, холос. Яхшиси, Жеймснинг ўша мақоласидан озгина иқтибос келтирамиз: «Кўринишидан, кўплаб мураббийлар наздида ҳужумчи харид қилиш билан натижаларни кескин яхшилаш имконияти катта, чоғи. Ҳар ҳолда, шундай таассурот уйғонмоқда. Улар негадир жамоа шакллантириш, ўйин қуришга умуман эътибор қаратишмаяпти. Майли, ҳаммаси форвардларга боғлиқ бўлсин. Хўш, унда ҳужумни ким бошлайди? Ярим ҳимоя орқали ўткир узатма бериш кимнинг зиммасига тушади? Вазият тақозо этганда, керакли ҳисобни ким ушлаб туради?» Жеймс яна орқа чизиқ вакиллари одатда ҳужумчиларга нисбатан анча кам маош олишларини ҳам эслатиб ўтган ва мисол тариқасида топ-клубларнинг бирида ҳимоячи билан юзага келган алоҳида воқеани келтирган: «Мураббий ҳимояда ўйнайдиган футболчига янги шартнома тузишни таклиф қилди. У эса табиий равишда ойлик маош хусусида савол берди. Шунда мураббий ўта қўпол оҳангда жавоб қайтарди: «Аввал имзо чек, ке-йин билиб оласан». Ишончим комил, ҳеч бир клубда ҳужумчиларга нисбатан бундай муомала қилишмайди».

 

12 йил ўзгаришсиз

Табиийки, Жеймс мулоҳазаларига қараб, унинг ўз амплуадошларига ҳам ачинганини англаш қийин эмас. Зеро, дарвозабонлар ва ҳимоячиларга чиндан ҳам,  ҳамиша ҳужумчиларга нисбатан пастроқ назар билан қараб келинган. Бунинг бош сабаби - эътибор. Бинобарин, ҳужумчилар тез-тез гол уришади ва шу орқали кўпроқ кўзга ташланишади. Қисқаси, улар жамоага кўпроқ фойда келтираётгандек таассурот уйғотишади. Лекин аслида бундай эмаслигини кўпчилик билади. Футбол - жамоавий ўйин. Шундай экан, натижага 11 кишининг умумий меҳнати орқали эришилади. Бундан келиб чиқадики, ҳужум ва ҳимоя вакилларининг нархи ўртасида катта фарқ бўлмаслиги лозим. Статистик маълумотларга қараганда, олдин ҳимоячилар трансфер баҳоси мунтазам равишда ўзгариб турган. Хусусан, энг қимматбаҳо ҳимоячи ҳам тез-тез алмашиб турган. Аммо 2002 йилга келиб, «МЮ» Рио Фердинанд трансфери йўлида нақ 46 миллион евро сарфлади ва мазкур рекорд 12 йил давомида ўзгаргани йўқ. Оддий айтганда, Фердинанд шунча вақт жаҳоннинг энг қимматбаҳо ҳимоячиси сифатида юрди. Фақат 2014 йилга келибгина «ПСЖ» Давид Луизни 49,5 миллионга сотиб олгач, Фердинанд «тахт»дан тушди. Охирги 3 йилда эса негадир ишончли ҳимоячиларга талаб кучайди ва ўз-ўзидан уларнинг баҳоси ҳам кескин кўтарилди. Аниқроқ айтсак, энди ҳимоячилар трансфер нархи тобора қимматлашиб бормоқда, рекорд кўрсаткич ҳам узоқ сақланиб тураётгани йўқ.

 

Ҳимоячиларга муҳабббат

Тарихдаги энг қимматбаҳо ҳимоячиларнинг ҳозирги умумий рўйхатига назар солсак, унинг дастлабки 10та поғонасини банд этиб турган футболчилар 2016 йил ёзидан кейин харид қилинган. Рўйхатнинг 11-қаторида эса бразилиялик Давид Луиз бор. Диққат қилинг, 2014 йили энг қимматбаҳо ҳимоячи мақомини олган футболчи энди кучли 10таликдан ташқарида. Янги рекордчи - англиялик Гарри  Магуайрга келсак, «Лестер» клуби ҳамда Англия терма жамоаси аъзоси «МЮ» сафига қўшилишни шу қадар истадики, ҳаттоки, трансфер расмийлаштиришидан олдин «тулкилар»нинг охирги машғулотида қатнашишдан бош тортди. Ўзи кейинги вақтларда бирор-бир топ-клубга ўтаётган футболчининг шундай йўл тутиши «мода»га айланиб қолди. Тўғри, Магуайрнинг жамоадоши Жеймс Мэддисон кейинроқ «Твиттер» тармоғида чиқиш қилиб, ўша куни ҳимоячи ўзини нохуш сезгани учун машғулотга киришмаганини таъкидлади. Бироқ миш-мишлар барибир, йўқолмади. Хусусан, Sky Sports нашри ва машҳур журналист Жанлука ди Марцио шу ондаёқ инглиз футболчиси деярли «қизил иблис»га айланганини тасдиқлади. Бунда трансфер суммаси чамаси 100 миллион евро бўлиши ҳам қўшимча қилинди. Хуллас, Магуайр шартномага расман имзо чекишидан олдиноқ энг қимматбаҳо ҳимоячига чиқариб қўйилди. Амалда ҳам шундай бўлди. Фақат сумма бироз тўғри келмади. Яъни Гарри трансфери 100 миллион эмас, 90 «лимон»га яқинлашди. Шу ўринда муҳим қўшимча: жорий ёз трансферлар бозорида амалга оширилган 6та энг шов-шувли ва йирик харидлардан 3таси ҳимоячиларга алоқадор бўлди: «Бавария», «Ювентус» ва «МЮ» клублари тегишлича Эрнандес, де Лигт ҳамда Магуайрга 80 миллион ёки кўпроқ тўлади. 6та йирик келишувдан ярмига ҳимоячилар сабабчи бўлишгани - трансферлар бозори учун ғоят улкан янгилик!

Маош ҳам ошмоҚда

Ҳимоячилар трансфер баҳоси қатори уларга белгиланаётган маош миқдори ҳам тобора ошмоқда. Дейлик, «Ливерпул»да ўтган йилнинг ёзига қадар энг катта маош ҳимоячи Виржиль ван Дейкка тегишли эди - ҳафтасига 180 минг фунт. Фақат шундан кейин Муҳаммад Салоҳ янги келишувга асосан бир ҳафталик хизмати учун 200 минг евро ола бошлади. Хуллас, голеадор ҳужумчининг маоши голландияликникидан салгина кўп, холос.

Канте ва Гвардиола

таъсири

Хуллас, кун сайин ҳимоячилар ва ҳужумчилар баҳоси ўртасидаги фарқ камайиб боряпти. Қизиқ, бу ишни ким бошлаб берди? Саволга аниқ жавоб бериш мушкул, лекин ишонч билан айтиш мумкинки, ўзгаришда Пеп Гвардиоланинг ҳам катта улуши бор. Чунончи, «Манчестер Сити» раҳбарияти айнан каталониялик мутахассис тавсия ва талаби билан ҳимоянинг ҳар бир позицияси учун трансфер суммаси 50 миллион евродан кам бўлмаган 4 нафар футболчи сотиб олди - Эмерик Ляпорт ва Жон Стоунс (марказий ҳудуд учун), Бенжамин Менди ва Кайли Уокер (қанотлар учун). Яна 40 миллион евро дарвозабон Эдерсон учун сарфланди. Қисқаси, кўп миллионли орқа чизиқ «Сити» ва Гвардиолага АПЛ-2017|2018да бор-йўғи 27та гол қўйиб юборган ҳолда, 100 очко тўплаш имкониятини берди. Оддий айтганда, «шаҳарликлар» гол қўйиб юбориш бобида лигадаги энг яхши натижани қайд этиб, чемпионликни тантана қилишди. Қолган клубларнинг ҳам мудофаага эътиборни кучайтирганида «Сити» статистикаси таъсири бор, албатта. Бундан олдинроқ эса дунё жамоатчилиги «Лестер» таянч ярим ҳимоячиси Н~Голо Канте тимсолида ҳимояга эътибор нақадар манфаатли бўлишидан хабар топганди. Франция-лик митти йигит шу даражада қойилмақом ўйин кўрсатдики, натижада машҳур ҳазил яралди: «Ер сайёрасининг 71 фоизини сув қоплайди, қолган қисмини Н~Голо Канте ёпади». Ҳар ерда ҳозиру-нозир бўлишга улгурадиган Канте «Лестер»ни чемпионлик маррасига етаклаш баробарида (бир йилдан сўнг «Челси»ни), таянч ярим ҳимоячилари обрўсини сезиларли даражада кўтарди. Ҳолбуки, бунгача ҳеч ким ҳимояга ихтисослашган хавбекларга алоҳида эътибор билан ёндашмасди.

Хулоса ўрнида айтсак, трансфер нархи бўйича ҳимоячилар, барибир, ҳужумчилардан ўзиб кета олишмаса керак. Бироқ сўнгги пайтларда орадаги катта фарқ йўқолди, ҳисоб. Аниқроғи, энди ҳимоячилар меҳнати ҳам етарлича қадрланяпти. Дейлик, Виржиль ван Дейкнинг «Олтин тўп»га даъвогарлар рўйхатидан ўрин олиши бежиз эмас. Сирасини айтганда, яққол номзодлар рўйхатига ҳимоячининг киритилиши - камдан-кам учрайдиган ҳодиса. Бу кетишда мудофаа вакиллари йилдан-йилга қимматлашиб бораверадилар, шекилли...

 

Футбол тарихидаги энг Қимматбаҳо

ҳимоячиларга боҒлиҚ эволюция

 

 Йил       Футболчи                 Харидор                    Сумма

 

2001     Лилиан Тюрам           «Ювентус»              41,5 млн. евро

2002     Рио Фердинанд          «МЮ»                        46 млн. евро

2014     Давид Луиз                «ПСЖ»                       49,5 млн. евро

2016     Жон Стоунс              «Манчестер Сити» 55,6 млн. евро

2017     Бенжамен Менди       «Манчестер Сити» 57,5 млн. евро

2018     Виржиль ван Дейк     «Ливерпуль»            84,65 млн. евро

2019     Маттейс де Лигт    «Ювентус»              85,5 млн. евро

2019     Гарри Магуайр           «МЮ»                        87 млн. евро

------------------------------------------------------------------------------------------------------------

Суммалар transfermarkt.de сайти маълумотлари бўйича келтирилган.

 

Янги рекордчи Гарри

Магуайр ҳаҚида 7та факт

 

1. Магуайр мактабда аъло баҳоларга ўқиган. Айниқса, аниқ фанларни осонгина ўзлаштирган.

2. Магуайр вақтида кўплаб спорт турлари билан шуғулланган. Яъни бор эътиборини футболга буришидан олдин кросс-кантри (маунтинбайк), регби ва хоккейда ҳам чакки кўринмаган экан.

3. Гаррининг акалари ҳам футболчи - Лоуренс «Честерфилд» (Миллий лига), Жо эса «Гэйнсборо Тринити»да ўйнайди.

4. Магуайрнинг асл исми 2та бўғиндан иборат - Жейкоб Гарри.

5. Магуайр Евро-2016га томошабин сифатида борганди. Чунончи, ўша вақт «Халл Сити» билан энди АПЛга чиққан эди. Орадан атиги 2 йил ўтиб, у ЖЧ-2018да Англия термаси етакчилари қаторига қўшилди.

6. Фанатлар унинг суратини 50 фунт қийматига тенг янги банкнот қоғозида акс эттиришни исташди. Бу борада 50 000 имзо тўпланди, бироқ якунда математик Алан Тьюринг сурати маъқул кўрилди.

7. Ҳимоячи ўзгача лақабга эга - «Катта бош».

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz