Қайднома

Қидирув

БРАНИСЛАВ ИВАНОВИЧ: «ЛЭМПАРД МУРАББИЙ БЎЛИШГА ЛОЙИҚЛИГИНИ ИСБОТДАДИ»

БРАНИСЛАВ ИВАНОВИЧ: «ЛЭМПАРД МУРАББИЙ БЎЛИШГА ЛОЙИҚЛИГИНИ ИСБОТДАДИ»

  17.08.2019 03:17
  0
  340
БРАНИСЛАВ ИВАНОВИЧ: «ЛЭМПАРД МУРАББИЙ БЎЛИШГА ЛОЙИҚЛИГИНИ ИСБОТДАДИ»

«Челси»нинг собиқ ҳимоячиси Бранислав Иванович Англия Премьер-лигасининг биринчи туридан олдин Россиянинг «СЭ» нашрига интервью берди. Суҳбат чоғида Лондон клубининг янги бош мураббийи Фрэнк Лэмпарднинг имкониятлари ҳақида гапириб ўтди.

- Бугун Англия чемпионатига старт берилади. «Челси»га мухлислик қиласизми?

- Албатта. «Челси»га мухлислик қилишим учун ҳамиша сабаб бўлган. Ҳозир яна битта сабаб пайдо бўлди - Фрэнк Лэмпард жамоага қайтди ва мухлислар ундан кўп нарса кутишмоқда. Гарчи Фрэнк кўнгилдагидек вазиятда бўлмасада, унга ишонаман.

- Лэмпард «Челси»ни бошқаришини эшитганингизда ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?

- У бунга хақли эди. Мураббийлик соҳаси футболчиликдан фарқ қилади. Лекин у бунга муносиблигини исботлади. Ўтган мавсум Фрэнк «Дерби Каунти»ни АПЛнинг ўтиш баҳслари финалига олиб чиқди. Бу эса осон эмас. Албатта, Лэмпарднинг ўзи ишонган ёрдамчилари бор. Умуман олганда, иш тизими шундай бўлади. Ҳа, у ёш мураббий. Бироқ бу ерда ёш катта аҳамият касб этади, деб ўйламайман. Ёш ёки қари бўлмайди, балки яхши ёки ёмон мураббий бўлади. Бу Фрэнкнинг фаолиятидаги катта қадам.

- Лэмпард билан олти йил бирга ўйнагансиз. Унинг мураббий бўлишини ҳис қилганмисиз?

- Унинг футболда қолиши ва мураббийлик соҳасини танлаши билиниб турарди. Ўйинчи сифатида футболни яхши тушунарди. Ташқаридан қараганда у бундай ишга тезда мослашиб кетгандек кўриниши мумкин. Аслида эса бунга эришиш учун кўп ҳаракат қилди. Фрэнк - клуб афсонаси, «Челси» тарихида кўп рекордларни ўрнатган. Бу ҳам бир томондан плюс.

- «Челси»нинг янги мавсумдаги имкониятларини қандай баҳолайсиз? Азарсиз, янги харидларсиз қийин бўлса керак.

- Мураккаб вазият. Лекин натижа бошқа нарсаларга боғлиқ. Биринчи мавсумдаёқ чемпион бўлиш осон эмас. Аммо шундай ҳолатлар ҳам кузатилган. Соврин учун курашиш имконияти бор.

- Кимнинг тактикаси кўпроқ ёқади - Пеп Гвардиоланикими ёки Юрген Клоппники?

- Улар билан бирга ишламаганман, аммо ушбу мутахассислар бошқарган жамоаларга қарши майдонга тушганман. Тактик жиҳатдан иккиси ҳам кучли, майдон четида ҳиссиётга кўп берилишади. Лекин менга «Сити»нинг ўйини ёқади. Жамоалар устунликкка эришса яхши бўлади. Минус томони эса, бундай вазиятда баъзан футболчилар кўп ўйнаб юборишади. Натижада томоша қилиш зерикарли бўлиб қолади. Бироқ ҳамма футболчилар қачон ва қайси пайтда нима қилиш кераклигини яхши билишади.

- Айни пайт Ракицкий билан жуфтликда ўйнаяпсиз. Ҳимоя марказида кимнинг вазифаси қандай?

- Раки билан йилни яхши бошладик. Ўйиндан ўйинга бир-биримизни яхшироқ тушуниб боряпмиз. Лекин энг муҳими, жамоа сифатида кучайдик. Марказий ҳимоячиларнинг бир-бирини яхши тушуниши жуда аҳамиятли.

- Ракицкий машғулотларда жарима зарбаларини доимий равишда машқ қиладими?

- Машғулотларда жарима зарбаси тепаётганини умуман кўрмаганман. У табиатан яхши зарбага эга.

- Малком машғулотлар пайтида ўзини қандай ҳис қиляпти? Унинг «Барселона»дан келгани сезилиб турадими?

- Кучли футболчи эканлиги шундоқ билиниб туради. Ўзини кўрсатиши учун вақт керак. Машғулотларда яхши ҳаракат қиляпти, тўп билан муомаласи ажойиб. Энди майдонда қандай ўйнашини кузатамиз.

- Ўтган мавсум сардорлик вазифаси сиз ва Анюковга юклатилганди. Ҳозир ягона сардор ўзингизмисиз? Анюков кетганидан сўнг нима ўзгарди?

- Ҳеч нима. Ҳаммаси олдингидек қолди. Ўз ишимни худди ўтган мавсумдагидек бажаришга ҳаракат қиляпман. Биз Анюковнинг жамоада қолишини истагандик. Аммо у яна бир йил футбол ўйнашни истади.

- Яқинда Чемпионлар Лигаси бошланади. Ушбу мусобақада кимга қарши ўйнашни истардингиз?

- Танлашнинг имконияти йўқ. Қуръани кутиш керак. ЕЧЛ жаҳондаги энг яхши мусобақа. Яхшиямки, биз биринчи саватчадан жой олганмиз. Шунга қарамай, ўйинларга максимал куч билан тайёргарлик олиб борамиз. Чунки Чемпионлар Лигасида ҳар бир хато учун жазолашади.

- Сербияга қайтиб, фаолиятингизни ўша ерда тугатиш режаси борми?

- Режалар ҳақида гапириш қийин. Айни пайт бор эътиборимни «Зенит»­га қаратганман.

- Мураббий бўлишни истайсизми?

- Ўзимни синаб кўриш ниятим бор. Бунинг учун мураббийлик мактабига кириб, лицензия олиш керак. Ҳозирча бир қарорга келмадим.

- Агар мураббий бўлсангиз, кимга ўхшашни истардингиз?

- Кўплаб машҳур мураббийлар билан ишлаганман. Ҳар биридан ниманидир олиш мумкин. Мисол учун, Сергей Семакдан ҳам ўрганадиган жиҳатлар бор. Масалан, у рақибнинг кучли ва кучсиз томонларини қойилмақом тарзда тушунтириб беради.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz