Қайднома

Қидирув

Порлашга шайланаётган юлдузча

Порлашга шайланаётган юлдузча

  17.08.2019 05:19
  0
  984
Порлашга шайланаётган юлдузча

9 май. «Олд Траффорд». Мавсум якунлари бўйича совринларни топшириш кечаси. Сўнгги йиллардаги энг муваффақиятсиз кампаниядан кейин қувонишга асос йўқ эди. Аммо бир соврин бор эдики, унинг соҳиби туфайли тадбирда кўп нарса ўзгариб кетди.

Мэйсон Гринвуд, «МЮ»нинг учта турли ёшлар жамоаларида 20та ўйин ўтказиб, 30та гол урган, Премьер-лигада бошланғич таркибида майдонга тушган «қизил иблислар»­нинг энг ёш футболчиси мавсумнинг энг яхши ёш футболчисига аталган совринга эга бўлди. Райан Гиггз ва Маркус Рэшфорд мазкур мукофотнинг аввалги соҳиблари ҳисобланишарди. Гринвуд эса кумуш совринни «Инстаграм»даги саҳифасида намойиш этиш орқали бундай ютуқдан фахрланишини кўрсатди.

Голливуд юлдузи Жулия Робертс томонидан қолдирилган изоҳни эса Гринвуд кутмагани аниқ. Маълум бўлишича, актрисанинг икки ўғли - 14 ёшли Финней ва 12 ёшли Генри «МЮ»нинг ёш футболчисига мухлислик қилишаркан. Қарсак чалиб турган учта «эможи» бор ўша изоҳ кўпчиликнинг эътиборини Гринвудга қаратди.

Кейинги бир неча ой мобайнида кузатилган воқеалардан кейин Мэйсоннинг саҳифасига обуна бўлганлар сони янада кўпайди. Унинг асосий жамоанинг бошланғич таркибидаги дебюти «Кардифф»га қарши кечган баҳсга тўғри келганди. Ўшанда «МЮ» 0:2 ҳисобида имкониятни бой берганига қарамай, Гринвуд майдонда ажойиб ўйин кўрсатганди. Ромелу Лукаку клубни тарк этди, Манчестердагилар унга ўринбосар топишни хоҳлашмаяпти, чоғи, демакки, барчаси Сульшер ва унинг Мэйсонга ишониш-ишонмаслигига боғлиқ. «Юнайтед»нинг бош мураббийи якшанба куни «Челси»га қарши баҳсда Гринвуднинг майдонга тушиш эҳтимоли борлиги ҳақида гапирганди. Аслида ҳам шундай бўлди, «МЮ»нинг йирик - 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган учрашувда ёш иқтидор соҳиби ёмон ўйнамади.

Уч ярим йил аввал Рэшфорд ўзига берилган имконият­дан унумли фойдаланганди, ҳозир эса Гринвуд Лукакунинг кетганидан фойдаланиб, худди шундай йўл қилмоқда. У мавсумолди ўйинларини ажойиб тарзда ўтказди, унинг «Интер» дарвозасига урган голи эса қойилмақом чиқди.

«Юнайтед»дагиларнинг таъкидлашларича, жамоада анчадан буён ҳужумларни муносиб тарзда якунлайдиган бундай ҳужумчи бўлмаган, боз устига, у ҳар икки оёқда яхши ўйнайди. Баъзан у жарима зарбаларини ўнг, баъзида эса чап оёғида тепади. Бурчак тўплари ва пенальтини ҳам худди шу тарзда ижро этади. Сульшер уни 51 фоиз чапақай, 49 фоизга ўнгақай дейди.

Каррингтонда «МЮ» академияси ўйинларидаги энг ёрқин вазиятларни намойиш этиш одат тусини олган, шу боис асосий жамоа футболчилари Гринвуд ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлиб, унинг фаолия­тини муҳокама қилишга улгуришганди. Рэшфорд ва Лингард баъзан ёшлар жамоаси машғулотларига ташриф буюриб, Мэйсоннинг ҳаракатларини кузатишган. Шунингдек, Майкл Кэррик ҳам - энди у ёш футболчининг иқтидори ривожланишида бош-қош бўлади.

Гринвуднинг асосий жамоа билан шуғуллангани ҳақида кўп гапирилди. Дастлабки машғулотларнинг бирида у барчани ҳайратга солди. Манбалардан бирининг хабар беришича, «у ҳар икки оёғини ишга солган ҳолда гол урган».

Аммо Мэйсонни қандайдир ўзига бино қўйган йигит деб ўйламанг. «Манчестер Юнайтед» футболчилари Пертадаги кечки ҳордиқ пайти овқатлангани кетишганида, Мэйсон Гринвуд меҳмонхонада қолди. Чунки у асосий таркиб азоси бўлиш учун ҳали ҳеч қандай каромат кўрсатмадим, деб ҳисоблайди.

Гринвуднинг айни пайт нимани ҳис қилаётганини Рэшфорддан яхшироқ тушунадиган киши бўлмаса керак. Рэшфорд, Лингард, Мактоминей кабиларнинг Мэйсон ва «Юнайтед» академиясининг бошқа вакиллари - Тахита Чонга, Анхел Гомес ҳамда Жеймс Гарнер сингари ёш авлод вакиллари ҳақида қайғуришаётгани Сульшер ва унинг ёрдамчиларини илҳомлантирди. Бунинг натижаси ўлароқ навқирон футболчилар ўзларини уйдагидек ҳис қилишмоқда. Кўпинча «МЮ» ўйинчилари ёш укаларидан маслаҳатларини аяшмайди, масалан, «дресс-код» ёки жамоа кун тартиби юзасидан тавсия беришади. Рэшфорд Гринвуд чалғимаслиги учун қўлидан келган барча ишни қилишга тайёр.

«Юнайтед» Мэйсоннинг қонида бор. У болалигидан шу клубга ишқибозлик қилган. 2008 йили «қизил иблислар» томонидан қўлга киритилган Чемпионлар Лигаси кубогини кўтариб тушган суратини ҳамон сақлайди. Уэйн Рунига ҳавас қилиб улғайган.

Албатта, айни пайт «Юнайтед» Гринвудни ОАВ босимидан ҳимоя қилишга уринаётгани ва 30 йил аввал Сэр Алекс Фергюсоннинг Райан Гиггзни қандай асрагани ўртасида параллель боғлиқлик бор. Сульшер бу ҳақда оммага ҳам айтганди. Мавсумолди турне пайтида Гринвудни матбуот учун интервью бериладиган хонадан тезда олиб чиқиб кетишганини кўпчилик кўрди. Камида октябрга қадар клуб телеканали вакиллари ҳам унга яқинлашишмайди. Айнан шу ойда у 18 ёшга тўлади.

Мэйсон Уисбида улғайган, ота-онасининг исмлари - Эндрю ва Мелани. «Вествуд» деб номланувчи маҳаллий ёшлар жамоасида ўйнаган, кейинчалик турнирларнинг бирида «Юнайтед» скаутлари уни пайқаб қолиб, клубнинг Хаддерсфилддаги ривожлантириш марказига таклиф этишган.

Гринвуднинг дастлабки мураббийларидан бири бўлган Марк Сеньор шогирдининг ўйинларини ёдга оларкан, унинг машғулотларга 20 дақиқа эртароқ келгани, ёшлигидаёқ ҳар икки оёғида ажойиб зарбалар йўллаганини алоҳида эътироф этган. Шунингдек, унинг тезлиги ва техникаси ҳам юқори бўлган. Марк шундай деганди: «Унга бирор-бир трюк ёки шунга ўхшаш ҳаракатни кўрсатсангиз, дарҳол уни такрорларди».

Айтишларича, Гринвуд бир сафар 13 ёшлилар ўртасида ўтказилган енгил атлетика мусобақасида қатнашиб, 100 метр масофани шу қадар тез босиб ўтганки, натижада ўз ёш гуруҳи учун рекорд қайд этган. Унинг тўнғич опаси Эштон ҳам спортчи, 400 метр масофага югуриш мусобақаларида қатнашади. Шахсий рекорди - 55,71 сония ва бу мамлакатда олтинчи кўрсаткич ҳисобланади.

Эндрю ва Мелани фарзандларига камтарликни ўргатиш учун астойдил меҳнат қилишди - уринишлар самараси ҳозир кўриниб турибди. Гринвуднинг отаси, гарчи оила Манчестерга кўчиб ўтган бўлсада, ҳамон Йоркширда инженерлик қилмоқда.

Боз устига, 18 ёшлилар жамоасида Гринвудга устозлик қилган Киран Маккеннанинг «МЮ» мураббийлар штабида ишлаётгани ҳам ёш йигитчага асқотди. Айнан Маккенна Мэйсоннинг асосий жамоага ўтишида муҳим роль ўйнаганди. Ҳозир ҳам у Гринвуд билан бир қаторда, Чонг, Гомес ҳамда Гарнерни машғулотлардан олдин бир четга чақириб, гаплашиб олишга одатланган.

Ёрдам, маслаҳатлар ва атрофдагиларнинг меҳрибонлиги Гринвуднинг ҳозирги ҳолатга келишига сабаб бўлди. Қолгани унинг ўзига боғлиқ. Ҳозирча Мэйсон тўғри йўлдан бормоқда.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz