Европа футболида янги мавсум бошланиши ёзнинг энг нуфузли кўргазмали турнирининг якунланганини англатади. Бу йил мазкур мусобақага эътибор бироз сусайди. Қуйидаги мақола АҚШда анъанавий тарзда ўтказиладиган Халқаро чемпионлар кубогининг навбатдагисида томошабинлар ташрифи нима сабабдан кескин пасайиб кетганини таҳлил қилишга бағишланади.
Американча тараҚҚиёт
2011 йилнинг ёзида «Барселона»ни «Гвадалахара»га қарши ўртоқлик ўйини ўтказиш учун Майамига таклиф қилишди. Каталонияликлар мексикалик рақибларига 1:4 кўринишида ютқазишди, аммо бу ерда гап ҳисобда эмас, балки мухлислар сонида - 70 080. Назорат ўйини учун катта рақам ва у туфайли миллиардер Стивен Россда янги ғоя туғилди. Шу тариқа 2013 йили Халқаро чемпионлар кубогига асос солинди.
Олти йил аввал турнирда грандлар қатнашишди: «Челси», «Интер», «Ювентус», «Реал»... Америка заминида ўтказилган ХЧК тарихидаги биринчи учрашувда «Эвертон» 22 минг мухлис гувоҳлигида «Юве»ни пенальтилар сериясида мағлубиятга учратди, аммо бу Штатлардаги мухлисларнинг фикрича энг зерикарли ўйин бўлган. Ўша турнирда бир ўйинга ўртача 40 минг томошабин ташриф буюрган. Мазкур рақамнинг ўзи ҳам вазият анча яхши эканлигини англатарди.
ҚизиҚишнинг сусайиши
Вақт ўтгани сари ХЧК форматини ўзгартирди, кўпроқ иштирокчиларни жалб этди - томошабинлар ташрифи ҳам ошди. 2014 йили 109 минг фанат Мичиганда ўтказилган «Манчестер Юнайтед» ва Криштиану Роналдусиз ўйнаган «Реал» ўртасидаги баҳсни кузатиб боришди. Орадан икки йил ўтиб, ўша стадионда 105 минг мухлис «Челси» - «Реал» қарама-қаршилигига гувоҳ бўлишди. Яна икки йилдан сўнг ўша ерда «Энн Эрбор», «МЮ» ва «Ливерпуль» 101 минг томошабин қаршисида ўйин ўтказишди.
Жорий йил Мичигандаги арена Халқаро чемпионлар кубоги баҳсларига мезбонлик қилмади, бироқ унинг мисолида турнирга бўлган қизиқишнинг пасайганини сезиш қийин эмас. 2014 йилдан буён ҳар икки йилда мухлислар сони тўрт минг нафарга камаймоқда, учрашувлардаги шиддат ҳам юқори эмас. Бу йилнинг ёзида энг кўп томошабин Хьюстонда ўтказилган «Бавария» ва «Реал» ўртасидаги ўйинни кузатди (60 минг). Умумий ҳисобда эса 11та учрашувдан бештаси 20 мингдан кам мухлис йиғди. Аввалги учта мавсумда АҚШдаги мусобақанинг 39та ўйинидан атиги иккитасида томошабинлар сони 20 мингга етмаганди. Пасайиш яққол кўриниб турибди.
Сабаблар
ХЧКга ҳамон машҳур клубларни таклиф қилишяпти, лекин фанатларнинг бу турнирга қизиқиши анча сусайди. Мусобақадаги томошабинлар ташрифининг кескин пасайиши ўтган йили сезилганди, аммо ўшанда бу ҳолатни жаҳон чемпионати билан изоҳлашганди - аксарият топ-футболчилар мундиалдан кейин дам олишаётгани боис АҚШдаги турнирга боришни хоҳлашмаганди. Бу сафар энди қандай сабаб кўрсатилади?
1. Иштирокчилар таркиби
Soccer America нашрининг қайд этишича, бу йил мамлакат аҳолиси орасида энг машҳур бўлган икки клуб - «Манчестер Юнайтед» ва «Барселона» АҚШга келмаган. Мазкур жамоалар мавсумолди тараддуди учун бошқа қитъаларни танлашди. Тўғри, 8 ва 11 август куни каталонияликлар АҚШда «Наполи»га қарши иккита ўйин ўтказишди, аммо бу ХЧК доирасидаги учрашувлар эмасди.
Бундан ташқари, «Рома» ҳам турнирда қатнашишни хоҳламади (жамоага Европа Лигаси саралашигача вақт керак эди), унинг ўрнини эгаллаган «Фиорентина» эса АҚШдаги футбол мухлисларида у қадар катта қизиқиш уйғотмайди. Флоренция клуби иштирокидаги ўйинларда томошабинлар ташрифи ҳам ҳаминқадар бўлди («Гвадалахара»га қарши баҳсда 10 минг, «Бенфика» билан учрашувда 12 минг мухлис).
Шунингдек, «Гвадалахара» ҳам Америкада учта ўйин ўтказди - ташкилотчилар Мексика диаспораси ўз суюклиларини қўллаб-қувватлашларига умид боғлашганди. Аммо мазкур жамоа иштирокидаги ўйинларга ўртача 16 минг нафардан томошабин ташриф буюрди. Ҳаттоки, «Гвадалахара»нинг «Атлетико»га қарши Техасда ўтказган баҳсига ҳам атиги 12,5 мингга яқин мухлис келди - бу «Глоуб Лайф-парк» стадионининг чорак қисмини тўлдиради, холос.
2. Янгиликлардан эффект йўҚ
«Реал» сўнгги олти йил мобайнида худди «Манчестер Юнайтед» сингари ўз номидаги жилони йўқотгани йўқ. Лекин рақамлар шафқатсиз: ҳатто қироллик жодуси ҳам кор келмайди.
«Арсенал» ва «Фиорентина» ўртасидаги учрашувга ташкилотчилар Америкадаги биринчи рақамли юлдуз - АҚШ аёллар термаси сардори Меган Рапинони таклиф қилишди. Лекин икки карра жаҳон чемпиони ҳам мухлислар эътиборини торта билмади - Шарлоттдаги 75 минг мухлисга мўлжалланган стадионнинг ярми бўш қолди.
ХЧКдан ташқаридаги ўйинларда ҳам вазият яхши эмас: «Ливерпуль» ва Дортмунднинг «Боруссия»си 20 июлда «Нотр Дам» стадионида ўйин ўтказишди. Аммо Европанинг энг яхши жамоасининг Индианага ташрифи ҳам камчиликни қизиқтирди - 35 мингдан зиёд чипта сотилмай қолди.
Афтидан, АҚШдаги мухлислар океан ортидан келган грандлардан зериккан кўринишади - олти йил аввал уларнинг келиши ўзгача воқеа сифатида баҳоланарди, энди эса бу оддий ҳолатга айланган. Боз устига, Европа клублари таркибида америкаликлар кўп эмас. АҚШнинг энг яхши футболчиси Кристиан Пулишич ва унинг «Челси»си ёзда Осиё саёҳатини маъқул кўришди.
3. АниҚ форматнинг йўҚлиги
2013 ва 2014 йилларда Халқаро чемпионлар кубоги гуруҳ босқичи ва тўлиқ финал форматида ўтказиларди. Беш йил аввал турнирда «Манчестер Юнайтед» ғолиб чиқди, аммо ушбу жамоа бош мураббийи Луи ван Гал тақвим ва парвозлар вақтидан нолиди. «Қизил иблислар» тўртта ўйинни тўртта турли штатда ўтказишди, ҳал қилувчи ўйинга боришни ҳам хоҳлашмади - мукаммал тайёргарлик кўргазмали турнир финалидан муҳимроқ.
Ташкилотчилар шикоятларни кўриб чиқиб, мусобақа форматини ўзгартиришди. 2015 йилдан барча жамоалар бир хил миқдорда ўйин ўтказиб, уларнинг якуни бўйича рамзий ғолиб аниқланади. Турнирдаги аниқ формат бўлсада, уни сезиш қийин. Америкалик томошабинлар ҳам буни яхши тушунишади: еттинчи турнирга келиб улар тушунишдики, ХЧК - бу мавсумолди тайёргарлигининг бир қисми бўлиб, майдонга қорин қўйган Азар ҳам тушиши мумкин. Шундай экан, бу каби ўйинларни томоша қилишдан нима наф?
4. Нархлар
Энг катта сабаб пулларга бориб тақалади. Ҳар доимгидек. Халқаро чемпионлар кубоги ўйинлари учун чиқарилган чипталар нархи ҳамиша жуда қиммат бўлган, жорий йилги мусобақа ҳам бундан мустасно эмас. Яқинда Нью-Жерсида ўтказилган Мадрид дербисини кўришни хоҳлаганлар камида 73,3 доллар тўлашди. Максимал қулайликни ҳис қилишни истаганлар эса 791 доллардан воз кечишди. Канзас-Ситида ўтказилган «Бавария» ва «Милан» ўртасидаги ўйинда энг арзон чипта 52 доллар бўлди, Вашингтон чеккасида бўлиб ўтган «Арсенал» - «Реал» баҳсини кўриш 85 долларга тушди.
Ҳатто Англия Премьер-лигасидаги айрим учрашувларда ҳам нархлар бу қадар «чақиб» олмайди - ўтган мавсум уй учрашувларига чиқарилган чипталарнинг ўртача нархи 31 фунт (38 доллар) бўлган, меҳмонларга ажратилган трибуналарга кириш учун эса 26 фунт (32 доллар) тўланган. 2015 йили «Бавария» фанатлари «Арсенал»га қарши сафарда кечадиган ўйинларга чипталар нархи ошириб юборилганини (64 фунт, яъни 78 доллар) таъкидлаб, норозилик акцияси уюштиришди. ХЧКдаги айрим ўйинлар чипталарининг бошланғич нархи эса худди шунча.
Лекин ташкилотчилар харажатларни қоплашлари керак: Forbes нашрида ёзилишича, энг машҳур клублар ушбу турнирдаги иштирок учун 20 миллион доллардан олишади. Бундай жамоалар кўп, барчасига пул ажратиш керак. Аммо мухлис ҳатто Криштиану Роналду майдонда ўйнаса ҳам, керагидан ортиқ пул тўлашни хоҳламайди.
У.УМАРОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20