Қайднома

Қидирув

Бахтиёр Ширинов: «Иккинчи лигага эътибор анча суст»

Бахтиёр Ширинов: «Иккинчи лигага эътибор анча суст»

  09.09.2019 01:11
  0
  165
Бахтиёр Ширинов: «Иккинчи лигага эътибор анча суст»

Ёз ойининг сўнгги кунлари футболимиз учун ўзгача байрамона кайфиятда ўтди. Ўзбекистонда биринчи рақамли спорт тури бўлган футболни оммалаштириш мақсадида қатор тадбирлар, мусобақалар ташкил этилди. Coca Cola «Маҳаллага маҳалла», «Чарм Тўп» турнирлари, «Медиауз» ҳафталиги шулар жумласидандир. Мазкур лойиҳалар бўйича айрим саволлар билан Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ҳудудий футбол ассоциациялари билан ишлаш бўлими бошлиғи Бахтиёр Шириновга мурожаат қилдик.

- Бахтиёр ака, дастлаб яқинда якунига етган «Чарм Тўп» мусобақаси хусусида тўхталсангиз...

- Мазкур турнир бундан аввал кўп йиллар мобайнида анъанавий тарзда ўтказиб келинган, бироқ маълум муддат турли омилларга кўра уни ташкил этиш тўхтатилганди. Мана, жорий йилдан Ўзбекистон Республикаси бош вазири ташаббуси билан яна қайтадан тикланди.

- Бу каби турнирлар шу вақтгача чекка ҳудудларга, маҳаллаларга етиб бормаган ёки асосан марказларда ўтказиларди...

- Аввалари ҳам турли тадбирлар, мусобақалар бўлган, лекин ҳозиргидек юксак савияда ўтмаган. Энди эса вазият ўзгарди, вилоятларда ҳам футболни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бизнинг асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади.

- АГМК клуби матбуот котиби сифатида ишлагансиз, ҳозирда эса ЎФАда фаолият юритяпсиз. Ушбу ташкилотда иш бошлашингиз қандай юз берди?

- Олмалиқ шаҳри жамоасида нафақат матбуот хизмати, балки яна бир неча вазифаларга ҳам жавобгар эдим, гарчи расман бўлмасада. Масалан, жамоанинг лицензиялаш бўлими бошлиғи лавозимида ҳам фаолият юритишга тўғри келди, шунинг­дек, маъмурий ва ташкилий ишларга ҳам ўзим бош-қош бўлдим. 11 ярим йил шу клубнинг бир нечта бўлимларида ишлаганим боис, ҳозирги ассоциациядаги ишим менга бегона эмас. Шунинг учун бу таклифни ҳеч иккиланмасдан қабул қилдим. Ўзим шу соҳани яхши кўраман, футболимиз ривожи йўлида нафим тегса дейман.

- Ишни нимадан бошладингиз? Келгусидаги режалар билан ўртоқлашсангиз.

- Илк сафарим Қорақалпоғистон ва Хоразмга бўлди. Академияларга қабул қилинаётган болаларнинг имтиҳон жараёни, вилоят футбол ассоциациясининг ҳозирги аҳволи, ички мусобақалар билан яқиндан танишдим. Бу ҳудудлардаги туманларда бўлиб, у ердаги майдонлар, футбол мактабларидаги шароитларни ўрганиб чиқдик. Тегишли хулосаларни чиқариб, керакли тавсиялар берилди. Илк келган кунимдаёқ вилоят футбол ассоциациялари ишини янада такомиллаштириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиб, уни ЎФА раҳбариятига тақдим этдик. Мутасаддилар лойиҳамизни тасдиқлаб беришди. Айни дамда ушбу дастурни барча вилоят ҳокимларига юборганмиз, чунки улар ўз ҳудудларидаги футбол ассоциациялари раҳбарлари ҳисобланишади. Агар ҳозир ишни тўғри йўлга қўйиб олсак, 2020 йилдан бошлаб футболга тоза муҳит олиб кирмоқчимиз. Кейинги режамизда барча ёшдаги жамоалар ўртасидаги мусобақаларни кўпайтириш ҳам бор. Унинг ичига аёллар футболи, футзал, фахрийлар, болалар, ўсмирлар жамоа­лари ҳам киради. Лигалар бўйича ҳам бош қотиряпмиз, чунки иккинчи дивизион баҳсларига эътибор ҳозир анча суст. Ҳаттоки, айрим ҳудудларда бундай турнир ўтказилмаяпти. Бизнинг ҳисоботимизга кўра, 14та вилоятдан бештасида иккинчи лига баҳслари бошланмаган. Насиб қилса, 2020 йилдан мавжуд муаммолар бартараф этилади. Аввалги ўтиш турнирлари қайта тикланади.

- АГМК клубини сиздан яхши биладиган мутахассис бўлмаса керак. Жамоанинг айни пайтдаги ҳолатига қандай изоҳ берасиз?

- Клуб ажойиб ҳамкор ва раҳбарга эга. Шу вақтгача клуб ва футболчилар, мураббийлар, ишчи-ходимлар ўртасида муаммо ёки зиддиятли вазият юзага келмаган. Маош, мукофот пуллари мунтазам берилган, ўқув-машғулот йиғинлари ўз вақтида ўтказилган. Фикримча, ҳар бир жамоа­нинг руҳи бўлади, ҳозир АГМКга айнан шу омил етишмаяпти. Бу таркиб билан ҳам боғлиқ, деярли ҳар йили жамоа ўзаги алмашади, 60-70 фоизга ўзгаради. Жамоа бу - бир оила, ҳар мавсум алиштириладиган нарса эмас. Игорь Шквирин нақ тўққиз йил шу клубда ишлади. Ундан кейин Виктор Кумиков, Бахтиёр Ашурматов фаолият юритишди, ҳозир Миржалол Қосимов устозлик қиляпти. Ҳар бир мураббийнинг дунёқараши, услуби бор. Шундан келиб чиқиб таркиб ва талаб ўзгаради. Албатта, бу ҳам натижага катта таъсир ўтказиши турган гап.

- Вилоят ва воҳа жамоаларининг айрим чизиқларида рақобат йўқ, ҳисоби. Мазкур ҳолат нима билан боғлиқ?

- Тўғри айтасиз. Баъзи клубларда рақобат буткул сўнган. Ушбу саволингизга қуйидаги статистика билан жавоб берсам: Алексей Евстафеев бошчилигидаги 2010-2011 йилларда шаклланган Ўзбекистон ўсмирлар термаси Осиё чемпионати финал бос­қичига қадар етиб борди, Мексикадаги кичик мундиалда кучли саккизликдан ўрин олди. Мазкур мусобақаларда жами 33 нафар футболчи иштирок этган. Афсуски, улардан ҳозир фақат 10 нафари катта футболда: Сардор Собирхўжаев, Муҳсин Убайдуллаев, Темур Ҳакимов, Аббос Махсталиев, Абдумавлон Абдужалилов, Сергей Смородин шулар жумласидан. Аксарияти 20 ёшидаёқ футбол билан хайрлашган. 1995-1996 йилларда туғилган ўсмирларимиз ҳам Осиёда тенгсиз эканликларини исботлашди, жаҳон чемпионатида ёмон қатнашишмади. Бу икки катта турнирда умумий ҳисобда 32 нафар ёш футболчи термага жалб этилган, улардан ҳозир 12-13 нафари ҳамон яшил майдонларда жавлон уришмоқда. Дилшод Нуралиев шогирдларининг аввалги ёшдаги терма футболчиларига қараганда фойдали иш коэффициенти бир мунча юқори. Жавоҳир Сиддиқов, Отабек Шукуров, Рустам Ашурматов, Достон Ҳамдамов... Аммо охирги пайтда ҳатто ўсмирлар ва ёшлар термаларимизнинг саралашдан ҳам ўтолмаётгани кишини ранжитади. Албатта, бу ҳолат миллий чемпионатимиз савиясига ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz