Қайднома

Қидирув

Байрам футболимизга ётми?

Байрам футболимизга ётми?

  11.09.2019 01:46
  0
  988
Байрам футболимизга ётми?

Сарлавҳа - саволга бугун аксарият футбол мутахассислари ва мухлислари жавоб излашмоқда. Ижтимоий тармоқларда изланишлар мисоли сифатида сўровлар ташкилланмоқда. Шу маънода футболимиздан кўра, соҳа жамоатчилиги фаолроқ. Ишқилиб, шу фаоллик недир ижобий  самара сари етакласин ва мавжуд мавҳумликни очиқласин.

Мантиқсизлик муҳокамаси

Эктор Купер Фаластин терма жамоасидан енгилди. Ажабланарлиси, у футболчиларимизнинг ҳаракатларига тушунмади, яъни қўлларини тез-тез икки ёнга ёйишдан ўзини тиёлмади. Бошқача айтганда, мураббий ўзи қандай овқат тайёрлаганини билолмай, таажжубланаверди. Аламлиси, унга «Ҳайрон бўлаверма! Ўзинг пиширган овқатни ўзинг ичавер!» - дея хитоб қилиш бефойда. Бундай хитобга тил айланмайди. Юрак бу каби сўзларни айтишга йўл қўймайди. Агар ўша куни таблода «Фаластин - Эктор Купер - 2:0» ёзуви порлаганида, бу мавзуни муҳоакама қилиб ҳам ўтирмасдик. Не тонгки, ўша куни 11}3 нафар футболчи эмас, балки Ўзбекистон миллий жамоаси ўйнади. Шуниси аламли. Шунисига чидаш мушкул. Тушунамиз, Ўзбекистон терма жамоаси пешонасига фақат ғалаба ёзилмаган. Мағлубиятлар ҳар қандай жамоа тақдирида бор. Ана, Евро-2020 саралаш баҳсида Германия термаси Роналд Куман шогирдларига 2:4 ҳисобида ютқазди. Бу омадсизлик Йоахим Лёв шогирдлари учун фожеами? ЖЧ-2018 натижалари нуқтаи назаридан олиб қарасак, ҳақиқатан ҳам, мағлубият немис мутахассиси учун жиддий огоҳлик қўнғироғи бўлиши мумкин. Лекин «немис машинаси» учун бу каби салбий натижалар ўткинчи ҳисобланади. Ўткинчи бўлмаган тақдирда ҳам фожеа саналмайди. Аксинча, катта ғалабалар арафасидаги кичик тин олишдир. Назаримизда, Голландия терма жамоаси бу жараённи ўтказиб бўлди ва довруқли дамларни эслаб, қадам босмоқда. Қаранг, ҳаммаси мавриди билан, мантиққа мос. «Тегирмон навбати билан» деганларидек, авлодлар алмашинуви табиий тарзда рўй бераверади ва футбол тараққиётида нотекис ҳаракат кузатилмайди.

Энди мантиққа мувофиқ натижаларга эътибор беринг: Англия - Болгария -  4:0, Франция - Албания - 4:1, Литва - Украина - 0:3. Ушбу учрашувларда ўзгача натижа қайд этилиши ақлга сиғмасди. Бошқача айтганда, ўзгача ҳисоб бу баҳслар учун мутлақо мантиқсизликдир. Мазкур қатъий хулоса учун мағлубиятга учраган терма жамоалар мухлислари хафа бўлишадими? Ўйлаймизки, йўқ. Чунки тоғ билан тоғ учрашмагани барчага аён. Фаластин ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги ўйинда эса шу мантиқ бузилди ҳамда тескарисига ишлади. Бутун учрашув давомида яхши таассурот қолдирган Фаластин термасини камситмаган ҳолда, ушбу хулосани айтмоқдамиз...

 

Купер кетмайди, чоҒи...

Эктор Купер истеъфога чиқишни истамаяпти. Балки бу хусусда ичидан зил кетиб ўйлаётгандир, лекин сиртда сездирмаяпти. Ҳолбуки, матбуот анжуманларининг бирида «Нимадир ўхшамаса, қадрдонлар каби хайрлашаман!»  - деганди бироз асабийлашиб. Энди эса ҳеч бир асабийлашмай, уялмай «Илк мағлубиятдан кейиноқ мураббий истеъфога чиқарилмайди!»  қабилида сўзлаб, ўзича донишмандлик қилмоқда.  Гапини қаранг: «Ҳали олдинда ўйинлар кўп!» Қанақасига кўп? Ҳаммаси саноқли-ку... Терма жамоамиз эса тиллога тенг 3 очкони бой беришга улгурди. ЖЧ-2014 саралашида Миржалол Қосимов Ливан жамоасидан, ЖЧ-2018 йўлида эса Самвел Бабаян сурияликлардан шундай «арзимас» 3 очкони тортиб ололмаганди, яъни бири дуранг, иккинчиси мағлубият сабаб йўлланмадан қуруқ қолганди. Нима, шу аҳвол яна такрорлансинми? Терма жамоамиз ўйин сифати ҳаммаси яна такрорланмаслигига кафолат берадими? Ўзи истамаса, ЎФА Эктор Куперни истеъфога чиқаролмайдими? У билан тузилган шартномада мураккаб бандлар бўлса, ЎФА бу хусусда қачон расмий баёнот билан чиқади?

«Чарм тўп-2019» саралаши жараёнидаги видеомурожаатларни эътиборсиз қолдириб, расмий муносабат билдиришни лозим топмаган ЎФА ҳамон сукут сақламоқда. Бу жимлик терма жамоамизнинг кейинги расмий ўйинига қадар давом этадими? Боринг­ки, 10 октябрда терма жамоамиз йирик ҳисобда ғалаба қозонсин, дейлик. Бундан нима ўзгаради? Хафагарчилик энг аввало, ўйин сифатидан-ку! Футбол сифати ўзгаришига ким ишонади? Бир йилда яхшиланмаган сифат бир ойда ўзгариб қоладими? Мутасаддиларнинг бу масалага муносабатлари қандай?

 

Одил Аҳмедовга мурожаат

Одилжон! Ўша куни нима бўлди, ўзи? Ўйининглар нега қовушмади? Айб Купер танлаган тактикадами ёки бошқа бир сабаб ҳам бор? Агар бош сабаб Эктор Купер билан боғлиқ бўлса, Ватан номидан тўп сураётган паллада ўша сабаблардан устун туриш шунчалар қийинми? Дастлабки голдан сўнг Купернинг бақир-чақирига парво қилмай, ўзаро аҳдлашиб: «Қани йигитлар, Ватан учун, мухлислар ҳурмати учун!» дея ўз футболимизни намойиш этиш мумкин эмасмиди? Йўқ, бу ўйин маромини бузиб, анархияга чорлаш эмас! Қийин лаҳзаларда ўзини қўлга олиб, «камбэк» уюштирган жамоалар кўп-ку футбол дунёсида?! Илк ўйинда ютқазиш қисмати нима учун Фаластин футболи эмас, балки айнан Ўзбекистон терма жамоаси пешонасига ёзилди? Тўғри, Фаластинда ҳам футбол ўйнашни билишади. Серғайрат араб футболчиларига қарши ўйинда концентрацияни салгина йўқотиш гол қўйиб юбориши билан якунланади. Аммо бу ҳол терма жамоамизни оқламайди ва икки мамлакат футболи савия жиҳатидан тенглигини билдирмайди.

Саволлар лўндагина: мураббий истеъфо бермаса ва унинг футбол фалсафаси терма жамоамиз руҳиятига мос тушмаса, нима қиласизлар? Нав­батдаги номувофиқлик туфайли мухлислар алам ва армон ичра яшайверишадими? Наҳотки, вазиятга ойдинлик киритишнинг иложи бўлмаса?! Бу сафар Купер муаммоси футболимизни қийнайдими?!

Одилжон! Осиё кубоги-2011 чоғи «Одил - Осиёда овоза» номли мақолани дунёларга сиғмай ёзгандик. Мухлислар ўша дамларни жуда соғинишди. Футболимиз кўчаларида қачон байрам бўлади?

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz