Қайднома

Қидирув

Абубакр Мўйдинов: «Янги марраларни забт этишни хоҳлайман»

Абубакр Мўйдинов: «Янги марраларни забт этишни хоҳлайман»

  12.09.2019 01:45
  0
  651
Абубакр Мўйдинов: «Янги марраларни забт этишни хоҳлайман»

Ўз вақтида халқаро майдонларда муносиб иштирок этган турли ёшдаги терма жамоаларимиз ўйинчиларига Осиё ва Европанинг кучли клубларидан таклифлар тушганди. Хусусан, 2011 йили Мексика яшил майдонларида ўтказилган кичик мундиалдан сўнг Темур Ҳакимов, Аббос Махсталиевларга турли жамоалар қизиқиш билдирганди. Кейинги авлод вакилларидан Жамшид Болтабоевнинг «Монако» (Франция) билан келишувга эришишига бир баҳя қолган, Акром Комилов эса деярли «Ред Булл Зальцбург» аъзосига айланганди. Фақат айрим сабаблар ушбу футболчиларнинг юқорига интилишларига тўсқинлик қилганди. Мазкур мисолларни келтирганимиз бежиз эмас, албатта. Яқинда «Бунёдкор» клуби академияси тарбияланувчиси, 2016 йили Гоа мезбонлик қилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида сардорлик вазифасини бажарган Абубакр Мўйдинов БААнинг «Ал-Наср» клуби аъзосига айланди. Албатта, бу жараён бирданига содир бўлмади, амирликлар скаутлари ажойиб иқтидор соҳибини 3 йилдан буён кузатиб келишаётган экан. Яқинда янги легионеримизни суҳбатга тортиб, унинг хориждаги янги синовлар арафасидаги фикрлари билан қизиқдик.

 

- Абубакр, қизиқ, ҳали ёш бўлсангизда легионерга айландингиз. «Ал-Наср»га ўтишингиз қандай юз берди?

- Тўғриси, кўпчилик қатори мен ҳам хорижнинг кучли жамоаларида, ўз олдига юқори мақсад қўйган гранд клублар сафида тўп суришни болалигимдан орзу қилганман. Худога шукр, бу орзум рўёбга чиқди. Ўзимни бу ерда жуда бошқача ҳис қиляпман. Клуб вакиллари мени икки йилдан бери кузатиб келишаётган экан. Яъни, 2016 йили Ҳиндистоннинг Гоа штати мезбонлик қилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатидаги ўйинларимдан сўнг улар менга қизиқиш билдиришган.

- Одатда, йирик халқаро турнирлар, хусусан, Осиё чемпионатларидан сўнг футболчилар бу каби жамоалардан таклиф олишади. Лекин сиз ҳали «Бунёдкор»нинг асосий таркибида тушмасданоқ хорижга йўл олдингиз...

- Ҳар кимнинг тақдири турлича кечаркан. Клубнинг асосий жамоасидан ўрин эгалламай турибоқ, четга кетиш омадим келгани ва менга берилган улкан имконият деб ўйлайман. Хорижликлар менинг ёшлар жамоасидаги ўйинларимни ҳам эринмай кўриб, кузатиб, сўнг таклиф билан чиқишди. Бу иш олдиндан ўйланган, пишитилган. Асосий таркибда битта учрашувда майдонга тушишимни кутишди, сўнг музокаралар бошланди.

- Чет элда тўп суришнинг ўзига яраша муаммолари бор. Жамоага мослашув қандай кетяпти, шартнома қанча муддатга имзоланди? Дастлабки таассуротлар қандай?

- Ҳар қандай ишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлади, бусиз нимагадир эришиш мушкул. Мукаммалликка эришиш учун мураккаб вазиятлардан чиқишга, турли паст-баландликлардан ўтишга тўғри келади. Ўша «Барселона» ёки «ПСЖ»да ҳам кичик муаммолар мавжуд. Муҳими, ҳар бир жойда ақл ва идрок билан иш тутилса, бас. Жамоадагилар мени илиқ қарши олишди, бегонадек муносабатда бўлишмади, асло. Битим уч йил муддатга имзоланди. Мослашув жараёнига, барибир, бироз вақт кетади. Ҳаммаси аста-секин изига тушиб олишидан умидворман.

- «Бунёдкор»нинг асосий таркибига муқим жойлаша олмаганингиздан хафамасмисиз? Вадим Абрамов билан бу борада гаплашиб олдингизми?

- Узр, бу саволингизга аниқ жавоб беролмайман.

- БААга йўл олишдан аввал ким билан маслаҳатлашдингиз? Сизга ким яқиндан ёрдам берди?

- Нимаики иш қилсам, ота-онам, сўнг оила аъзоларим, устозларим билан маслаҳатлашаман. Уларсиз ишим битмайди. Ҳозирги даражага кўтарилишимда ҳам улар бош сабабчидирлар. Ўз ёрдамлариини аямаганликлари учун улардан миннатдорман.

- «Бунёдкор»ни қандай ҳолатда тарк этдингиз? Умуман, мазкур клуб сизга нима берди?

- Яширмайман, Тошкент жамоасини тарк этиш осон бўлмади. «Бунёдкор» ҳаётимнинг бир қисмига айланиб улгурган эди. Нақ саккиз йил шу жамоанинг нон-тузини едим. Футболчилардан тортиб, боғбонгача бир оила бўлдик. «Бунёдкор» менга кўп нарса берди, ўзлигимни танидим, терма жамоага жалб этишди. Катта мусобақаларда иштирок этдим.

- Кўп ҳолларда ўринбосарлар жамоаси ва термада жамоадошларингизни сардор сифатида майдонга олиб тушдингиз. Ўзбекистондаги фаолиятингиздан кўнглингиз тўлдими?

- Албатта. Она-Ватанда туғилиб, шу юрт манфаати учун бироз бўлсада фойдам тегди. Афсусланарли жойи йўқ. Эҳтимол, катта футболда ютуқлар, совринларга эга чиқмагандирман, лекин академияда олтинга тенг нарсаларни ўзлаштирдим. Ўринбосарлар жамоаси билан биринчиликда ғолиб чиқдик, ўша йили бизни мавсумнинг энг яхши ёш жамоаси сифатида эътироф этишди. Айнан шу даврда дўстларим даврасида ҳаётимнинг буюк онларини ўтказдим.

- Футболни нима учун танлагансиз? Бошқа касб эгаси бўлишингиз ҳам мумкинмиди?

- Ўзимни футболдан бошқа соҳада тасаввур қилолмайман. Болалигимдан ўз олдимга аниқ мақсад қўйдим, уни рўёбга чиқариш учун астойдил интилдим. Тўғри, йигит киши учун қирқ ҳунар оз, лекин ҳар кимнинг ўзи танлаган йўли бор. Мен футбол одамиман.

- «Ал-Наср» мураббийи билан жамоадаги келажагингиз борасида гаплашиб олдингизми? Сизни дарҳол асосий таркибда майдонга туширмаслиги табиий...

- Илк келган кунимдаёқ бош мураббий билан бафуржа гаплашиб олдим. Унинг талаблари, мендан нима хоҳлаётганини билдим. Устозим ўзимга ишонишимни, бусиз ҳеч нарса қила олмаслигимни таъкидлаш баробарида, ўз устимда ишлашдан тўхтамаслигим кераклигини уқтирди. Жамоада уч нафар бразилиялик ёш футболчилар бор, «Ал-Наср» бош мураббийи улар билан рақобатлашишим зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

- Нима деб ўйлайсиз, араб мамлакатларининг барчасида футбол услуби бир-бирига ўхшашми?

- Бундай бўлмаса керак. Дейлик, Қатарда футболчилар бошқа услуб ва тактикада тарбияланадилар. Шунингдек, ушбу мамлакат кучли легионерлар ҳисобига ўз миллий чемпионатини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратади. БААда эса маҳаллий ёшлар ва легионерлар уйғунлигини кўрасиз.

- Билсангиз керак, сиз тўп сурадиган жамоада жаҳон юлдузи Альваро Негредо ҳам бор. Хўш, у билан кўришдингизми?

- Йўқ, ҳали учрашганимиз йўқ. Биламан, Негредо ўз вақтида «Севилья»нинг бетакрор ўйинчиси саналган. Англияда ҳам чакки кўринмади. Ҳозир фақат мураббий билан индивидуал шуғулланяпман.

- Абубакр, ҳаётингизда янги саҳифа очилди. Умид қиламизки, амирликларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оласиз. Сизга бу борада омад тилаймиз.

- Билдирилаётган ишончларни оқлашга астойдил интиламан. Мен бу ерда ўз шаънимни эмас, Ватаним, оилам шаънини ҳам ҳимоя қиламан. Бу икки ҳисса кўпроқ кучни талаб қилади.

- «Бунёдкор»нинг жонкуяр мухлислари, жамоа футболчиларига айтадиган тилакларингиз бўлса, марҳамат...

- Шу пайтгача мен билан бирга фаолият юритган мураббийларга, клубнинг барча ходимларига, ашаддий ишқибозларга чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Бу жамоа менинг бутун умр қалбимда қолади. Насиб қилса, эҳтимол, «Бунёдкор»га қайтарман. Мен энди янги марраларни забт этишни хоҳлайман.

 

Абубакр Мўйдиновнинг хорижга йўл олиши юзасидан «Бунёдкор»нинг U-21 жамоаси бош мураббийи Виктор Карпенко ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Мўйдиновни яқиндан билган инсон сифатида Абубакрнинг «Ал-Наср» сафига қўшилишига қандай муносабат билдирасиз?

- Фикрларим ижобий. Бундай имкон ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. У хорижга ўз вақтида кетди. Абубакрга фақат омад тилайман, ўзга юртда биз ўргатган нарсаларни эсдан чиқармаса, ўзини астойдил кўрсатиб, меҳнатдан қочмаса, албатта, жамоасининг муҳим футболчисига айланади.

- Нима деб ўйлайсиз, у тўғри қарор қабул қилдими?

- Менимча, ҳа. Мўйдиновнинг «Ал-Наср»дек клубга ўтиши академиямизнинг ютуғи ҳисобланади. У ҳозир энг тўғри қарорга келди. Қолганини вақт кўрсатади.

- Бу шогирдингизнинг қайси хислатларини қадрлайсиз?

- У ёш бўлишига қарамай, масъулиятни зиммасига олишдан қочмайди. Ижодкорлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Келажак учун яхши бир футболчи етишиб чиқмоқда. Яна бир муҳим жиҳат - у универсал футболчилардан бири. Ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам бирдек барқарор тўп суриш қобилиятига эга. Шунинг учун ҳам янги жойда қийналмаса керак.

- «Бунёдкор»нинг асосий жамоасида унга кам имкон берилганлиги бўлажак фаолиятига салбий таъсир қилмайдими?

- Абубакр таркибимизнинг муҳим бўлаги эди. Асосий жамоада кам ўйнагани унинг келгуси фаолиятига ортиқча таъсир ўтказмайди, деб ўйлайман. Асосийси, ўринбосарлар сафида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлди. Адашмасам, Вадим Карленович фақат битта учрашувда унга асосий жамоада ўйнаш имкониятини берди. Мураббийни ҳам тўғри тушуниш керак, ҳар кимнинг ўз иш услуби бор. Мен Абрамовнининг ҳар бир қарорини ҳурмат қиламан.

 А.Искандаров суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz