Қайднома

Қидирув

Бирлашиш вақти ёки футболимизда бироз тўхташ юз берди-ми?

Бирлашиш вақти ёки футболимизда бироз тўхташ юз берди-ми?

  12.09.2019 03:03
  0
  547
Бирлашиш вақти ёки футболимизда бироз тўхташ юз берди-ми?

Ўзбек халқида бири-биридан ажойиб мақоллар бор. Улар билан қайта танишар эканман, қуйидаги ҳикмат эътиборимни тортди: «Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар». Хабарингиз бор, ЖЧ-2022 саралаш баҳслари бошланиши арафасида Эктор Купер ва Азиз Ҳайдаров иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ўз вақтида миллий жамоа етакчиси вазифасини бажаргани учун терма ичидаги барча нарсадан хабардор бўлган Азиз Ҳайдаров тадбир сўнгида бир аччиқ ҳақиқатни айтиб ўтди: «Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқа олмаганида нафақат мураббий, терма аъзолари, балки халқимизнинг ҳам, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг ҳам катта айби бор. Агар барчамиз бирлашмас эканмиз, ҳеч қандай натижага эриша олмаймиз».

 

Сўз бошида келтирилган иборани яна бир бор ўқиб кўришингизни сўрайман. Ота-боболаримизнинг ибратли сўзи ва ассоциация вакилининг анжумандаги гапи ўртасида қандайдир боғлиқлик борга ўхшайди. Икки гап ҳам деярли бир маънони англатмоқда. Ҳа, мақол ҳамжиҳатликни таъминлаш орқали юқори марраларга эга бўлиш, Ҳайдаровнинг сўзлари эса бирлашиш эвазига жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш мумкинлигига шаъма қиляпти.

Биз яқин-яқингача ўсмирлар ва ёшлар иштирокидаги мусобақаларда, қитъа чемпионатларида рақиблардан ўзиб келдик, кичик мундиаллардаги иштирокни ҳам ёмон деб бўлмайди. Ахир, «Қозонда бори чўмичга чиқади». Нима учун ушбу ёшдаги турнирларда муваффақиятли қатнашиб, медалларга сазовор бўлдикда, миллий жамоа даражасига кўтарилганда, ўз-ўзидан қуйига шўнғиш жараёни кузатилди? Иқтидорлар бирин-кетин ғойиб бўлишни бошлашди, ёшлигида бирлашган оилани шакллантириш ўрнига унинг акси бўлди. Ҳозир ушбу мавзу бўйича сабабларни ахтаришнинг мавриди эмас. Қолаверса, мазкур саволга кўплаб мутахассислар жавоб бериб улгуришган.

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Азамат Абдураимовга мурожаат қилганимда, у сабаб сифатида терма жамоаларнинг ягона фалсафа остида жам бўлмаганини таъкидлади. Мазкур йўл билан катта мусобақаларда, олимпия ўйинларида, қитъа миқёсидаги нуфузли халқаро турнирларда зафар қучган термаларга мисол сифатида Қатар, Япония, Жанубий Корея, шунингдек, БААни ҳам келтириш мумкин. 2022 йилги мундиал мезбони сўнгги Осиё кубогида совринни боши узра баланд кўтаришга эришди. Билсангиз, Қатардаги «Aspire» академиясида ва барча ёшдаги термаларда тўлиқ испаниялик мураббийлар фаолият юритишади. Яъни ягона ғоя, бир хил услубда бирлашишган улар.

Ёки БААнинг Аҳмад Убайдуллаев шогирдлари дарвозасини уч маротаба ўққа тутиб, кўз ўнгимизда Олимпиада йўлланмасини илиб кетгани-ю, Австралия мезбонлик қилган Осиё кубогида юлдузларга тўла Японияни мағлуб этиб, ярим финалгача етиб боргани мисол эмасми? Маҳди Али ўша таркибдаги футболчиларни 17-18 ёшлигидан шакллантириб, миллий терма ҳолатига келтирди. Умар Абдулраҳмонга Манчестер грандлари оғиз солишгани, Аҳмад Халилнинг Осиёда тенгсиз деб топилиши... Яъни, улар ўз йўлларини, иш услубларини белгилаб олишган.

Бизда ўсмирлар бошқа мураббий, бошқа услуб остида ўйнашади, ёшларники яна ўзгача, миллий терма эса мутлақо ўзга дунё. 16-17 ёшида бегона устоз қўл остида шуғулланган йигитлар кейинчалик услуби жиҳатидан умуман фарқланадиган бошқа бир мутахассис билан ишлашади. Бу жараёнга фақат 1995-1996 йилларда туғилган футболчилар бироз барҳам бергандек. Уларга икки мутахассис устозлик қилишди: 2011-2013 йилларда 15-17 ёшлилар тоифасидаги жамоада дастлаб Дилшод Нуралиев, сўнг Равшан Ҳайдаров ишлашди.

Ҳайдаров олимпия термасини 2014 йилдан бошлаб бошқарди. Дастлаб U-19 белгиси билан Мьянмадаги Осиё чемпионатида ярим финалда тўхтади, 2015 йили Янги Зеландияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида эса Осиё термалари орасидаги энг юқори натижани қайд этди. Гарчи чорак финалда сенегаллик тенгқурларига имкониятни бой бериб қўйган бўлишса ҳам, вакилларимиз рақибга 90 дақиқалик курашни тақдим эта олишганди. Айнан уларнинг негизида олимпия термаси шаклланди. Ва натижа ўзингизга маълум.

Аммо кейинги йилларда яна эски «касаллик» қўзғади, футболимизда бироз тўхташ юз берди. Тарқоқлик кузатилди. Айни пайт футболимизга тоза ҳаво олиб кираётган мутасаддилар барчани бир ёқадан бош чиқариб, мақсад сари биргаликда интилишга чорлашмоқда. Демак, U-16дан тортиб, миллий жамоагача, мухлислардан бошлаб, ОАВгача - барча учун бирлашиш вақти келди. Агар ҳар жабҳада ҳамжиҳатликни таъминлай олсак, биз албатта, мақсадга етамиз.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz