Қайднома

Қидирув

Ана холос: 3та пенальти + «қизил»

Ана холос: 3та пенальти + «қизил»

  13.09.2019 11:21
  0
  487
Ана холос: 3та пенальти + «қизил»

«Спортинг» вакили Себастьян Коатес жорий йилнинг 31 август оқшомини узоқ вақт унутолмаслиги аниқ. Минг хоҳласа ҳам, унутолмаса керак. Зеро, у еврофутбол ҳафтасининг бош омадсизига айланди. Тўғриси, Себастьянчалик ёмон ҳолатга тушиш иложи ҳам йўқ! Бинобарин, у ўртамиёна рақиб - «Риу Аве»га қарши баҳсда ўз жамоаси дарвозасига 3 марта пенальти белгиланишига сабабчи бўлди, камига 89-дақиқада қизил карточка олди. Якунда «Спортинг» ўз майдонида аламли мағлубиятни тан олди.

Ҳа, Португалия Примероси фақат «Спортинг», «Порту» ва «Бенфика» клубларидан иборат эмас. Чемпионатнинг ҳар бир турида бошқа жамоалар ҳам қандайдир сенсация кўтариши мумкин. Мана, камтарин «Риу Аве» Лиссабонда «Спортинг»ни 3:2 ҳисобида енгиб, 4-турга бошқача жило бағишлади. Тўғри, аслида бу шов-шувли натижада уругвайлик ҳимоячи Себастьян Коатеснинг улуши «Аве»никидан анча катта. Футболчи учрашув давомида шу қадар омадсиз ҳаракатландики, унинг «қаҳрамонлиги» ҳали анча вақт муҳокама қилинса, ажабмас. Агар «Спортинг» 31 август куни ўз майдонида ўртамиёна «Риу Аве»ни мағлубиятга учратганида, Португалия Примероси турнир жадвалида 1-ўринга кўтариларди. Бироқ лиссабонликлар айнан марказий ҳимоячи ролини бажарадиган Коатес «шарофати» билан лоақал 1 очко ололмадилар. Оқибатда «Спортинг» 4-турдан сўнг 1-поғонага чиқиш ўрнига 5-қаторга  сурилди. Ҳа, айнан уругвайлик футболчи жамоадошларига ғалаба йўлида катта тўсиқ бўлди...

Хўш, Коатес ўйинда қандай «жасорат» кўрсатди? Уругвайлик анча тажрибали ҳимоячи 4-дақиқадаёқ «Спортинг» дарвозаси томон пенальти белгиланишига сабабчи бўлди. У ушбу вазиятда эронлик ҳужумчи Меҳди Таремидан ортда қолди ва жарима майдончаси ичида уни қоидага зид тарзда тўхтатди. Оқибатда ҳакам 11 метрли жарима нуқтасига ишора қилишдан ташқари, Коатесни сариқ карточка билан «сийлади». Пенальтидан эса Филипе Аугусто унумли фойдаланди. Ҳимоячи даҳшатли стартга қарамай, ўзини тезда ўнглаб олди ва майдонда фаоллиги билан ажралиб турди. Умуман, тезкор гол «Спортинг»га ҳам айтарли таъсир қилгани йўқ. Ҳар ҳолда, пойтахтликлар 20-дақиқада ҳисобни тенглаштиришди, иккинчи бўлим бошида эса устунликни ўз томонларига оғдиришди. Мувозанатни тиклаган голга Бруну Фернандеш, иккинчисига эса Луис Феллипе муаллифлик қилди. Учрашувнинг кульминацион воқеалари эса охирги 6-7 дақиқада кузатилди. Эҳ, бечора Коатес, у бундай даҳшатни тушида ҳам кўрмаган бўлса керак. Ҳимоячи 86-дақиқада яна шу Тареми йўлига нотўғри пешвоз чиқди. У бу сафар рақибига улгуролмай, жарима майдони ичида унинг формасини озгина тортди. Эронлик айни шуни кутиб тургандек, дарҳол актёрлик маҳоратини ишга солиб, майдонга қулади. Хуллас, кичик тўқнашув реферининг «Спортинг» дарвозаси томон яна бир бора пенальти белгилашига кифоя қилди. Натижада ҳужумчи Ронан ҳисобни тенглаштирди - 2:2. Орада 2-3 дақиқа ўтгач, Коатес пешонасига ўйиннинг бош омадсизи бўлиш ёзилганини тушунди, чоғи, рақибга пенальти ишлаб бериш бобида «хет-трик» қайд этиб қўя қолди. Энг қизиғи, Себастьян бу сафар ҳам айнан Таремига тўқнаш келди ва... Қисқаси, у жарима майдони ичига ёриб кирган эронликни шунчаки, тортиб қолиб, майдонга қулатди. Ушбу ҳолат пенальтига тортармиди ёки йўқ - аниқ гапириш қийин. Лекин факт шуки, ҳакам асло иккиланмади, қолаверса, у Коатесга сира раҳм ҳам қилмади. Яъни пенальтига ишора қилиш баробарида уругвайликни яна бир бора огоҳлантирди. Оқибатда Коатес учун азобли ўйин бироз эртароқ якунланди. Бразилиялик Аугусто эса пенальтидан иккинчи голини уриб, жамоасига шов-шувли ғалаба тортиқ этди - 3:2. Шу тариқа «Риу Аве» чемпионат турнир жадвалида 7-ўринга кўтарилди.

Коатес ўзи қандай футболчи? У чиндан ҳам, шундай ношудми? Йўқ, асло. Шунчаки, футболчи Примеронинг 4-турида фаолиятидаги энг омадсиз лаҳзаларга юз тутди. Ҳар ҳолда, Себастьян ҳеч қачон майдонда бу қадар ноқулай аҳволга тушмаганди. У унча қўпол ҳам эмас. Рақамларда айтсак, уругвайлик ҳимоячи 10 йиллик фаолияти давомида жами 67та сариқ ва 3та қизил карточка олган - бу орқа чизиқ марказида ҳаракатланадиган ўйинчи учун кўп саналмайди. Қолаверса, Коатеснинг ўйинчилик маҳорати шубҳадан холи. «Насьональ» (Уругвай) академиясида тарбияланган футболчи бир неча йил жонажон жамоасида тўп сурганидан кейин тўғри Англияга йўл олиб, «Ливерпуль» сафига қўшилди. У туманли ўлкада «Сандерленд» сафида ҳам кўриниш берди, 2017 йили эса «Спортинг» билан шартнома тузди. Футболчи шундан буён Португалия грандининг асосий таркибида барқарор тўп сурмоқда. Айтганча, 2011 йили Коатес Уругвайнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилди ва илк бора миллий жамоадан чақирув олди. Ҳимоячи ҳозирга қадар деярли барча йирик турнирларда Уругвай термаси билан бирга бўлди, яъни жамоада ўз ўрнига эга...

 

маълумот учун

Себастьян Нион КОАТЕС

Ёши: 28

Фуқаролиги: Уругвай, Испания

Амплуа бўйича: марказий ҳимоячи

Клуби: «Спортинг»

Бўйи: 196 см.

Вазни: 92 кг.

Фаолият йўли: «Насьональ» - 2009-2011; «Ливерпуль» - 2011-2015; «Сандерленд» - 2015-2017; «Спортинг» - 2017-...

Ютуқлари: Америка кубоги ғолиби (2011 йил); Англия Лига кубоги соҳиби (2012 йил); Португалия кубоги эгаси (2019 йил); Португалия Лига кубоги соҳиби (2018 ва 2019 йиллар); Уругвай чемпиони (2009, 2011 ва 2012 йиллар)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz