Қайднома

Қидирув

Айбсиз айбдор – энди халоскор

Айбсиз айбдор – энди халоскор

  14.09.2019 03:53
  0
  570
Айбсиз айбдор – энди халоскор

«Реал»нинг уэльслик ҳужумчиси Гарет Бэйл Sky Sports нашрига берган интервьюсида бор аламини тўкиб солди, гўё. Оддий айтганда, «Қироллик клуби»дан кетиши кутилган, бироқ якунда қолган юлдуз футболчи аввалги мавсум кечинмаларига тўхталиш баробарида бўлажак фаолияти хусусида гапирди. Уэльс миллий жамоаси 6 сентябрь куни Евро-2020 саралаши доирасида Озарбайжон термасини айнан Гаретнинг голи эвазига енгди - 2:1. Ҳужумчи шу учрашув арафасида анъанавий матбуот анжуманида ҳам журналистларнинг бир қатор саволларига жавоб қайтарди.

 

Аввалги мавсум

- Тўғриси, ортда қолган мавсум барчамиз учун жуда оғир кечди: жамоа роса қийналди, жумладан, мен учун қаттиқ азобландим. Негадир «Айбсиз айбдор» мақоми бошқалардан кўра, менга кўпроқ «ёпиштирилди». Буни тушуниш қийин. Хуллас, ўтган мавсум воқеаларида адолат бузилди. Жамоада бахтиёр эканлигимни баралла айтишимга асос йўқ, ҳисоби. Лекин муҳими, яна ўйнай бошладим.

Умумий ҳолат

- Майдонга тушишим билан профессионалга айланаман: клубда ҳам, терма жамоада ҳам бор куч-маҳоратимни сарфлайман. Очиқ гапирадиган бўлсам, олдимизда ўз ечимини кутаётган бир талай тушунмовчиликлар бор. Барчасини ҳали клуб раҳбарияти билан обдон муҳокама қилиб олишимиз керак, менимча. Яъни имкон борича тезроқ қандайдир якуний тўхтамга келишимиз шарт. Акс ҳолда, хотиржам тўп суролмайман.

Айни спорт формаси

- Ҳозирги умумий ҳолатим яхши. Ҳар ҳолда, ёздагига қараганда, яхшироқ спорт формасидаман. 1 ҳафталик машғулотлардан кейин учрашувни сабрсизлик билан кутдим. Тўғри йўлга тушиб олишимиз учун ғалаба қозонишимиз шарт, буни уддалай оламиз, менимча.

Июнь ойи манзараси

- Йўқ, руҳий босим менга жиддий таъсир қилгани ҳақидаги фикрларга қўшилолмайман. Лекин ўйнаш умидида елиб-югуришинг ҳеч қандай наф бермаса ва 5-6 ҳафталаб майдонга тушмасанг, руҳан эзиласан, барибир. Қисқаси, бундай ҳолатда босимдан қутулишинг осон эмас, албатта.

Танқидлар бўрони

- Одатда танқидчиларга умуман эътибор қаратмайман. Чунки улар аксарият ҳолатда нима ҳақда гапиришаётганини тушунишмайди. Қайтараман, на газета ўқийман ва на интернет кавлайман. Умуман, кўпчилик асл вазиятдан хабардор эмас, бироқ танқид қилишга уста...

Мураккаб ёз

- Умуман олганда, ёз фаслини кўнгилдагидек ўтказдим - таътилда мароқли дам олдим. Шунингдек, мавсумолди тайёргарлик йиғинларида тиришқоқлик билан ишладим. Чунки менга тааллуқли яхши-ёмон гапларга қандайдир жавоб беришим керак эди. Юз берган воқеалар эса, жамоанинг ички иши. Аниқ жавоб олишни истайдиганлар яхшиси, «Реал» раҳбариятига мурожаат қилишсин.

Энг қийин давр

- Ҳа, бу галги ёз мен учун энг яхшиси бўлгани йўқ. Шунингдек, энг ёмон ёзни бошдан ўтказганим ҳақида гапиришим ҳам адолатдан эмас. Дейлик, «Тоттенхэм»ни Харри Реднапп бошқарган даврда нақ 1 йил майдонга тушмаганимни ҳали унутганим йўқ. Шундай экан, бундай вазиятда нима қилиш кераклигини яхши биламан: энг яхши йўл - бош кўтармай ишлаш ва тер тўкиш. Мана, тайёргарлик жараёнида кўнгилдагидек шуғулландим ва мавсумни яхши бошладим.

Футболга нисбатан иштиёқ

- Асосийси, ўйнаш иштиёқини ҳеч қачон йўқотган эмасман. Ахир профессионал спортчиман: майдонда тўп сурганим учун маош оламан. Парвоз ва пасайиш эса футбол учун оддий ҳолат. Ишлар юришмай қолганида, астойдил тер тўкиш талаб этилади. Бунинг уддасидан чиқсанг, мукофотини оласан, албатта.

Гольфга муҳаббат

- Ҳеч шубҳа йўқ - футбол мен учун 1-рақамли спорт тури. Гольф эса шунчаки, бўш вақтга мазмун олиб кириш воситаси, холос. Ҳаётда ҳар бир кишининг муайян хоббиси бор. Бироқ айримлар гольфга меҳримни назарда тутиб, негадир пашшадан фил ясашни хуш кўришади. Айтишим керакки, гольф ўйини кучли босимни енгиб ўтишимга ёрдам беради. Бошқа гап йўқ.

Уэльслик ҳужумчи клубдаги айни ҳолатидан унча хурсанд эмас: «Алам қиладиган томони, барча айбни менга ағдаришди. Ўтган мавсум бутун жамоа роса қийналгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳозир «Реал»да бахтлиманми? Тўғриси, бу борада дангал гапиролмайман. Муҳими, ўйнаяпман. Майдонга тушганимда, дарҳол профессионал футболчига айланаман ва боримни бераман. Менимча, тушунмовчилик ҳали узоқ давом этса керак. Барчасини «Реал» раҳбарияти билан ҳали ҳар томонлама муҳокама қилишимиз ва қандайдир якуний қарорга келишимиз шарт».

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz